islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Инглиз тилида ўқитиш усуллари

“Мамлакатимизда хорижий тилларни ўргатиш бўйича келажак учун мустаҳкам пойдевор бўладиган янги тизимни йўлга қўйиш вақти-соати келди. Биз рақобатдош давлат қуришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган эканмиз, бундан буён мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юрти битирувчилари камида 2 та чет тилини мукаммал билишлари шарт. Бу қатъий талаб ҳар бир таълим муассасаси раҳбари фаолиятининг асосий мезонига айланиши лозим.”- Шавкат Мирзиёев.

Бугунги таълим муассасаларида замонавий педагогик технологиялардан фойдаланган ҳолда ўқитишнинг илғор услубларини қўллаб, хорижий тилларига ўқитиш, шу тилларда эркин сўзлаша оладиган мутахассисларни тайёрлаш учун кенг имкониятлар яратилган. Одатда, ўқитувчи хорижий тилни ўргатиш, ўқитиш усулини ўзи танлайди. Ўқитишнинг мазмуни деярли ўзгармайди, аммо уни талабаларга етказиш усули ўзгариши мумкин. Ўқитишнинг бир нечта усуллари мавжуд. Дарс жараёнида қуйидаги ўқитиш усулларидан фойдаланиш мумкин.

Масалан:  Намойиш қилиш. Баҳс-мунозара. Савол-жавоблар. Бу усуллар талабалар билан мулоқот қилиш, шунингдек, қўйилган мақсадга йўналтирилган фикрларни ёритиш  шаклидир. Ўқитувчи муайян вазиятда дарс учун мос усулни танлаб олиши керак. Ўқитишнинг мос ва самарали усулини танлаш учун бир қанча омилларни ҳисобга олинади. Талабаларнинг сони, муайян вазият, усулни қўйилган мақсадга мос келиши. Агар бирорта матн муҳокама қилинса, талабаларни кичик гуруҳларга бўлиб, жамоада, гуруҳда баҳс-мунозара ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Бу усулда техник восита – аудио ёзувлардан фойдаланиш мумкин. Усулларни қўллаганда вақтни доимо ҳисобга олиш зарур. Ақлий ҳужум  усули; бу усул талабаларнинг фаол иштироки ва уларнинг билим савиялари даражасини намоён қилади.

Бу талабаларни ғоялар ўйлаб топишга ундайди, эркин мулоқотда бўлиш имконини беради ва натижада  фикрлар тўпланади. Ўқитувчи жараён мобайнида назоратчи вазифасини бажаради. Талабаларнинг ғоялари унчалик муваффақиятли бўлмаган ҳолатда ҳам, ўқитувчи уларни танқид қилиши мумкин эмас. Аксинча, талабаларнинг ижодий тафаккури рағбатлантириб борилиши керак. Дарс тез берилган жавобларни рағбатлантириш, уларни тўлдириш, талабаларни баҳолаш билан якунланади. Савол-жавоблар ва расмли ўйинлар (Баҳс-мунозара) усули дарсларни янада мазмунли ва қизиқарли ўтишга имкон беради. Талаба хато қилишдан қўрқмай, эркин ўз фикрини айта олиши керак. Бундай муҳит дарсда ҳосил қилиниши лозим. Ўйин орқали ўқитишнинг технологиясида талабанинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

1. кутиладиган жавоблар ва эътирозларни ўйлаш;

2. ўз билимига ишониш. Бу ўйиннинг аҳамияти шундаки, ўқитувчида талабаларни эркин ҳолда фаолият кўрсатаётган пайтда кузатиш имконияти бўлади. Натижада талабаларнинг фаоллиги, ижодий қобилиятлари, ишчанликлари, жамоада ўзини тутишлари ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлиш мумкин.

Талабалар бир нечта гуруҳларга бўлинадилар. Гуруҳларнинг ҳар бир аъзоси ўз вазифаларини аниқ билишлари керак. Ўйиннинг вақти чекланган бўлиши, у якунлангач ўйин натижалари таҳлил қилиниши лозим. Ўйин орқали ўқитиш технологиялари ҳам ўқув тарбиявий жараёнда талабаларнинг чуқур билим олишига кенг имкониятлар яратиб беради. Инглиз тилини ўргатишда талабаларни қизиқтириб ўқитиш ва билимларни тўлиқ ўзлаштиришларига эришиш замонавий педагогик технологияларнинг асосий мақсадларидан бири ҳисобланади. Инглиз тилини ўқитиш усулларидан яна бири – замонавий интерактив усулидир. Усул мазмунига кўра, дарсда янги грамматик мавзу эълон қилиниб, ўқитувчи уни турли йўллар, яъни доскага ҳар хил чизмалар чизиш, ҳаракатлар билан кўрсатиш, аввалги ўтилган мавзу билан таққослаш билан тушунтириши, мустаҳкамловчи саволлар билан талабаларни фикрлашга жалб этиши лозим.

Фонетик машғулотларда эса, асосан, аудиоматндаги қисқа суҳбатлар тингланиб, ушбу аудиоматндаги суҳбатга айнан мос бўлган, сўзлари тушириб қолдирилган қоғоздаги матн тўлдирилади. Талабаларга берилган матн билан аудиоматндаги суҳбат бир хил бўлади. Матнни ўта диққатлик билан тинглаб, янги ибораларни ёдда сақлаб қолгандагина, талаба шартни муваффақиятли бажариши мумкин. Бунда тинглаб тушуниш орқали оғзаки нутқ, кўникма ва малакалар шаклланиб боради. Тинглаб тушуниш ўқиш жараёни билан чамбарчас боғлиқдир. Тингловчи ўқиган сўзларини яхши эслаб қолади ва тинглаганида яхши тушунади. Тингловчиларга тинглаб-тушуниш усулларини ўргатиш ҳамда тинглаб тушуниш технологияси орқали  тамойиллар, қонун-қоида,  методлар, воситалар орқали ўргатиш амалга оширилади.

Ўқитиш жараёнида тинглаб тушуниш устида ишлаганда, кундалик ҳаётдаги янгиликлар, тили ўрганилаётган мамлакат халқлари ҳаёти, маданияти, дини, спорти,туризми, тарихи ҳақида матнларнинг бўлиши тингловчиларнинг тилга бўлган  қизиқишларини янада оширади. Ўқитувчи тинглаб- тушунишни ўргатаётганида, яъни тингловчи нотаниш  матн мазмундаги нутқни тинглаганида қуйидагиларга эътибор бериши керак: 1. баъзи сўзларни, гапларни, жумлаларни тушуниш;2. ҳамма далил-фикрларни тўлиқ тушуниш; 3. асосий далил-фикрларни  тушуниш; 4. танқидий тушуниш . Ўқитувчи  матнни тинглаб-тушуниш учун  танлаганида, тингловчиларнинг ёши, билим даражаси, ўзлаштиришларини ҳисобга олиши зарур. Бирорта нотаниш матн танланади. Матндаги нотаниш сўзлар, иборалар матн сарлавҳаси доскага ёзилади. Матн юзасидан савол-жавоблар ҳам ўтказилиши мумкин.

Талабаларнинг дарсга қизиқиши,фаол бўлиши, уни ўз вақтида тайёрлашига эришиши учун ўқитувчи интерфаол усуллардан кенг фойдаланиши лозим.Чет тилини пухта эгаллаш учун қанчалик қунт ва сабот керак бўлса, ўқитувчидан ҳам шунчалик катта маҳорат ҳамда фидоийлик талаб этилади. Дарсда хилма-хил интерактив методлардан ташқари тил бўйича ўтказиладиган тўгаракларда ҳам фаол қатнашишлари керак. Аслида тил ўрганиш талабанинг қобилиятини тоблайди, унинг имкониятларини кенгайтиради. Ёшликда олинган билим, бамисоли тошга ўйилган нақшга ўхшайди. Битта тил билган одам, битта одам бўлиб, иккита тил билган одам, иккита одам бўлиб деб ҳисобланади. Яъни тил билган, элни билади.Тилга эътибор, элга эътибор деб халқимиз бежиз айтмаган. Амаллар ниятга қараб бўлади.

Чет тилини тез ўрганиш йўллари:

  1. Кучли иштиёқ (мотивация);
  2. Ҳар кунлик машғулот;
  3. 4 та қобилият (ўқиш, эшитиш, ёзиш ва гапириш); Бу қобилиятларни ўзлаштириш учун грамматика, луғат бойлиги ва  тўғри талаффуз бўлиши шарт;
  4. Мунтазам равишда чет тилида бадиий китоблар ўқиб туриш;
  5. Чет тилида таълим-тарбияга оид фильмлар кўриб туриш;
  6. Ўрганган билимлари билан қолиб кетмаслик;
  7. Ўрганилаётган (ўрганилган) тилни амалда қўллаш;
  8. Жавобгарлик масъулияти;
  9. Вақтни қадрини билиш;

 “Тиллар“ кафедраси катта ўқитувчиси

Эрназаров Фахриддин

томонидан ушбу мақола ёзилди

426630cookie-checkИнглиз тилида ўқитиш усуллари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: