Олима, муҳаддиса, фақиҳа Уммул Киром Карима бинт Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Хотам ал-Марвазийя Марви Шаҳжон шаҳрида таваллуд топди. Илм олиш мақсадида Маккаи Мукаррамага кўчиб борди. У Марв вилоятидан бўлган Кушмайҳаний исмли кекса олимдан Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ”ини ўргангани, Марвазиянинг устози ўз нусхасини машҳур муҳаддис Имом Бухорий “Саҳиҳ” ининг аслидан кўчириб олгани ҳақида маълумот келтирилган. Форсийнинг ўзи ҳам бу асарни Карима Марвазия билан бирга ўргангани ҳақида айтади.
Имом Заҳабий ўз китобида Карима Марвазиянинг отаси билан Кушмихондан (ҳозирги Туркманистон ҳудуди) Қуддусга ва Маккага бориб қайтганини зикр этади. У кишидан ўз даврининг буюк алломалари сабоқ олган ва “Саҳиҳ ал-Бухорий”нинг энг юқори ва олий санад занжири ҳам у кишига бориб тугайди. У “Саҳиҳ ал-Бухорий” китобини ривоят қилиш ва етказиш билан машҳур бўлган ҳамда “ал-Бухорий” китобидан талим берган биринчи аёл эди. Шу сабаб унинг исми у китобни ровийлари қаторига кирди ва ҳижрий В асрнинг муҳаддисларидан бирига айланди. У илм, идрок, ақл ва зийракликнинг юксак даражасига эришдики, энг яхши олимлар ундан илм олиш учун унинг ҳузурига боришар эди ва Маккаи Мукаррамада у учун кенгаш тузилиб, унда ҳар бир илмнинг кучли олимлари жамланар эди. У киши ҳадис айтишни жуда яхши кўрар ва бу борасида ҳеч ким эриша олмайдиган даражага етган эди. Карима ҳадис илми билан бир қаторда фиқҳ илмини ҳам машҳур фақиҳ уламоларидан ўрганди. Мисол учун Зоҳир ибн Аҳмад Сараҳсий, Абдуллоҳ ибн Юсуф Асбаҳоний каби фуқаҳолар Кариманинг устозлари бўлишган.
Карима Марвазия узоқ умр кўрган, аниқроғи тўлиқ бир аср яшаб, юз ёшга етган. Ҳижрий 363-йилда таваллуд топиб, ҳижрий 463-йили вафот этган., аммо турмуш қурмаган, бутун умрини илм-у маърифатда ўтказган. Шу сабабдан тарихчилар уни “Уммул Киром” яъни “Саховатлилар онаси” деб аташар эди. Карима араб ва форс тилини мукаммал билган. У киши ҳижрий 463-йилда вафот қилган. Бу ҳақида имом Ибн Нуқта: “У киши юз ёшга етиб вафот қилди” деганлар.
Имом Бухорийнинг «ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» асарини ривоят қилган Карима бинт Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳотам Марвазия (раҳматуллоҳи алайҳ) машҳур олима ва иқтидорли аёл сифатида танилган. Ҳаётини ислом илмлари ривожига, хусусан, ҳадис илмларини ўрганишга бағишлаб, “Саҳиҳи Бухорий” ровияси сифатида тарихда ном қолдирган. Олима илм талаби учун сафар қилиб, муҳаддисларга эргашган ҳолда Хуросон, Бағдодда бўлади. У отаси билан илмий сафар қилиб, Хуросоннинг энг машҳур ва бош шаҳарларидан Марвдан Байтул Мақдисга боради. Мазкур шаҳарда “Саҳиҳи Бухорий” ровийси бўлган Фирабрийдан ривоят қилувчи катта ровийларидан бири Абу Ҳайсам Кушмиҳайнийдан ҳадис эшитади. Шу боис, Карима Марвазиядан Имом Бухорийгача бўлган санад икки ровий занжирини ташкил этади. Сўнгра отаси уни Маккадаги Ҳарамга олиб боради ва қизини Каъбатуллоҳга қўшни бўлиб, шогирд, муаллима ва мураббия сифатида етилишига сабабчи бўлади.
Карима Марвазия Хуросоннинг фақиҳи, қори ва муҳаддисларининг шайхи бўлмиш Абу Али Сарахсийдан ҳадис ва фиқҳ илмларини ўрганади. Шунингдек, Дамашқ мусниди, шофеъий фақиҳ Абулқосим Али ибн Муҳаммад Масисий Димашқийда ҳам сабоқ олади. Имом, солиҳ муҳаддис Абдуллоҳ ибн Юсуф ибн Бамувайҳ Асбаҳонийдан ҳадис ривоят қилади.
Карима Марвазия ўз замонасининг аҳли илмидан сабоқ олиш иштиёқида буюк муҳаддис ва фақиҳ уламолар тўпланадиган Макка шаҳрида ҳаж мавсуми келиш фурсатини кутади. Марвазиянинг таржимайи ҳоли ҳақида манбаларда турли маълумотлар келтирилади. Хусусан, тарих китобларида Умму Киромнинг илми, ёдлаши, пешволиги ва зуҳди ҳақида эътирофлар баён этилган. Агиографик китобларда унинг муҳаддиса, фозила, пишиқ, фаҳм ва забт эгаси бўлганлиги, исноди олий экани, солиҳа, обида, салафлар йўлига кўра хайрни лозим тутганлиги қайд этилган. Ибн Аҳдал уни ҳофизлардан санаган бўлса, бошқа манбаларда: “Солиҳа Карима бинт Аҳмад Марвазия Маккада (Аллоҳ уни асрасин)”, деб келтирилган.
Абу Бакр ибн Мансур Самъоний: “Отамнинг, яъни Абу Музаффар ибн Самъоний Каримани эслаб: “Инсон Каримага ўхшашини кўрганми?” деб, ровиянинг қадри ва илмини улуғлаганини айтади. Ҳофиз ибн Жавзий ҳижрий 463-йили ҳадисларида Каримани тавсифлаб: “У олима, солиҳа эди”, деб келтирган. Имом Заҳабий ўзининг “Сияр”ида Каримани: “Шайха, олима, муснида Уммул киром… Аллоҳнинг ҳарами қўшниси… хайр ва ибодатгўйлик билан бирга фаҳми ва маърифати бор”, деб васфини келтирган. Суфадий эса: “Уммулкиром Макка қўшниси, ёзувчи, фозила, олима эди, китобини забт қилар эди”, деган. Ҳофиз Ибн Касир “ал-Бидоя ва-н-ниҳоя”да Каримани зикр қилиб: “У олима, солиҳа эди. Саҳиҳу Бухорийни Кушмиҳайнийдан эшитган. Каримага имомлар “Саҳиҳ”ни ўқиб ўтказганлар”, деб таъкидлаган. Бу таърифлар Карима Марвазия илмда етган даражасига очиқ далолат қилади.
Марвазиянинг эгаллаган юксак илмий мавқеи ва Каъбатуллоҳни қароргоҳ тутгани боис ҳаж мавсумида дунёнинг турли минтақалари ва кўплаб юртлардан улуғлар, ҳофизлар ва талабалар келишарди ва ҳадисларни ўқиб ўтказиш, ундан ривоят қилиш, ундан илмий фойдаларни олиш, унга шогирд тушиш рағбатини билдиришар эди. Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Али Ҳамадонийдан қилинган ривоятда “Олтмиш учинчи йил ҳаж қилдим. Йўлда бизга Кариманинг вафот этгани хабари келди. Унга етиша олмадим”. Бу гапдан бу муҳаддисанинг шуҳрати уфқларга қадар ёйилгани, турли ўлкалардан илм аҳлини у томон интилганини англаш мумкин.
Карима Марвазиядан илм олиб, ислом илмлари ривожига ҳисса қўшган қуйидаги уламолар етишиб чиққан:
1. Имом Абу Бакр Аҳмад ибн Алий Хатиб Бағдодий.
2. Абу Музаффар Мансур ибн Муҳаммад ибн Абулжаббор Самъоний.
У Карима Марвазиядан Маккада ҳадис эшитган ва ундан ривоят қилган.
3. Ҳумайдий Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абу Наср Фатуҳ. У
муҳаддислар шайхи, зоҳирий фақиҳ, икки “Саҳиҳ”ни жамлаган олимлардан.
4. Макканинг муфтийси ва муҳаддиси Абу Абдуллоҳ Ҳусайн ибн Али ибн
Ҳусайн Табарий, у Каримадан “Саҳиҳи Бухорий”ни ривоят қилган.
5. Имом Ҳофиз, муфийд муснид, Куфа муҳаддиси Абулғаноим Убай Нарсий.
6. Абу Толиб Ҳусайн ибн Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан Зайнабий,
ҳанафий уламоларидан. Ҳаж қилганида Карима Марвазиядан “Саҳиҳ”ни
эшитган ва ривояти билан бошқалардан ажралиб турган.
7. Дамашқнинг хатиби ва шайхи Абулқосим Али ибн Иброҳим ибн Аббос
Алавий. У “Саҳиҳи Бухорий”ни ривоят қилишга Карима Марвазиядан ижоза
олган.
Карима Марвазия томонидан ривоят қилинган “Саҳиҳи Бухорий”нинг нусхаси олий санади билан эътироф этилади. Мазкур иснод орқали келган ривоятлар тўплами “Кариманинг нусхаси” ёки “Саҳиҳдаги Кариманинг ривояти”, деб машҳур бўлди. Шориҳлар ўз асарларида унинг нусхасини “Саҳиҳи Бухорий”нинг энг муҳим нафис ва суяниладиган нусхаси, деб ҳисоблайдилар. Шу жумладан, Ҳофиз Ибн Ҳажар “Фатҳул Борий” асарида бу фикрларни тасдиқлайди.
Абу Бакр Бағдодий Маккага ҳижрий 445-йил Зулҳижжада ҳожи бўлиб кирганида (Заҳабийнинг айтишича) ва олий санадга рағбат қилиб Уммул Киромдан Имом Бухорийнинг саҳиҳ ҳадислари тўплами ривоятини тинглаб, нусхасини олишни мақсад қилади. Чунки бу даврда “Саҳиҳи Бухорий”нинг олий санади, яъни ровийлар силсиласининг энг қисқа занжири Каримага етган эди. Карима Марвазия “Саҳиҳ”ни аввалги ҳадисидан бошлаб то китобнинг охиригача ўзига ўқиб ўтказмагунича, нусхасини нусхасига муқобала қилмагунича рози бўлмасди. Шу сабаб унга эшиттириш ва уни Каримадан ўқиб ўтказиши учун беш кун диққат билан тинглайди. Олима “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ лил-Бухорий”дан узоқ йиллар давомида дарс берган. Одамлар муҳаддисанинг ҳузурига машриқ-у мағрибдан, якка ва гуруҳ бўлиб келишар эди. Карима уларга парда ортидан ҳадис мажлисларини ташкил этарди. Ровийлар Карима Марвазиядан “Саҳиҳ”ни ўқиб ўтказишиб, санади олий бўлгани сабаб асарга ижоза олишарди. Карима умрининг охирига қадар “Саҳиҳ”дан дарс берди ва тарихда Имом Бухорий асаридан Маккаи Мукаррамада дарс берган илк аёл бўлди. Унинг забти, муқобала ва муоразада жиддияти ва қатъийлиги зарбул масал бўлди. Аллоҳ Таоло олимани раҳматига олган бўлсин.
ТИИ 403-гуруҳ талабаси Жўраева Мадина