islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳорун ар-Рашид шахсияти | 2-қисм

Ҳорун ар-Рашиднинг тўлиқ исми Ҳорун ибн Муҳаммад Маҳдий ибн Мансур бўлиб, бешинчи Аббосий халифа ҳисобланади. 149 ҳижрий йилда туғилган.

У амалдор ва раҳбарларнинг болалари билан ўсиб улғайди, отаси ва бобосидан таълим-тарбия олди. 165 ҳижрий йилда Ҳорун қариндоши Зубайда бинти Жаъфарга никоҳланади. 170 ҳижрий йил, Жума кечасида акаси Мусо вафот этади. Ўшанда Ҳорун ар-Рашид 22 ёшда эди.

Ҳорун ар-Рашид энг машҳур Аббосийлар халифаларидандир. У ҳақида Европа манбаларида, хусусан, Германия император Карл уни Арун, Япония ва Хитой ўлкаларида Алон деб атаганлар. Араб манбаларидаги асарларда у ҳақида тўқима маълумотлар аралаштириб юборилган. Тарихий фактларга тасаввуфий ҳикоялар бўрттирилган услубда қўшилиб кетган.

Айниқса “Минг бир кеча” китобида Ҳорун ҳашамат, айшга берилган, ичкиликка ружу қўйган киши сифатида зикр қилинади. Аслида у умри давомида 9 марта ҳаж қилган ва вафотига қадар ҳар кеча кўп намоз ўқир эди. У воизларнинг гапларига қулоқ солар, Аллоҳ таолодан қўрқиб йиғларди.

Бир қанча мамлакатлар унинг раҳбарлиги вақтида эгалланган, Ислом кенгайиб, давлат хавфсизлиги юқори кўтарилган. Фаровонлик, аҳолининг яшаш тарзи яхшиланган ва мамлакат гуллаб яшнаган.

Давлат раҳбари Ҳорун ўз ходимларини хуфя тарзда халқнинг шароитини билиш учун одамлар орасига эҳтиёткорлик билан юборарди. Баъзан ўзи ҳам, бозорларни айланиб, халқ йиғиладиган жой ва томошаларда яширин қатнашарди.

Суютий айтади: “Ҳорун ар-Рашид даври яхшилик ва фаровонлик даври бўлган. У давр ҳусни жамолда тўйлар ва байрамлар каби эди”.

Унинг даврида илм-фан, диний ва маданий ҳаёт, санъат ва мусиқа тараққий этди. Бағдодда афсонавий илмий марказ ва кутубхона ҳисобланмиш “Байтул ҳикма”ни ташкил қилди. Пойтахт Бағдод илм, маданият ва тижорат марказига айлантирилди.

Византияга қўлга киритилгач, у ерлардан кўплаб китоблар келтирди, таржима ишларини Юҳанно ибн Мисавайҳга топширди. “Байтул Ҳикма”да таржимонлар билан бирга нусха кўчирувчилар, хазиначилар, муқовачилар ва бошка хизматчилар ҳам фаолият олиб борган.

Ўрта асрларда зулматга чўмган Европа, айнан Ҳорун ар-Рашид бошлаб берган маърифатдан таъсирланиб уйқудан уйғонди.

Ҳорун камон отиш, жанг санъатини яхши ўзлаштирган эди. Муҳаммад ибн Али Хуросоний айтади: “Ҳорун ёшлигида от устида камондан ўқ отишни билар, шатранж ўйнаш бўйича Аббосий авлодлари ичида етакчи эди”.

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи

фанлари кафедраси катта ўқитувчиси

Пўлатхон Каттаев

428740cookie-checkҲорун ар-Рашид шахсияти | 2-қисм

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: