Цивилизация тарихида “Ренессанс” деган тушунча бор. Асли французча бўлган бу сўзни русчага “Возрождение” деб таржима қиладилар. “Возрождение” тикланиш маъносига тўғри келади. Ўзбекчага эса бу “уйғониш” деб қабул қилинган.
Ренессанс — Возрождение Ғарбда инсоният тарихининг мумтоз даври ҳисобланиб келадиган қадим юнон, рим маданиятига — антик маданиятга нисбатан айтилган бўлиб, бутун бир даврни қамраб олади. Унинг чегарасини Шарқда ІХ-Х асрдан, Ғарбда XIV-XV асрдан белгилайдилар. Биринчи бор уйғониш атамаси (итальянча-французча “ренахиссанс”- уйғониш)ни италиялик ёзувчи Ж. Бокаччо Джотто ижодига қарата “У антик санъатни уйғотди” деб ишлатган эди.
Бутун бир даврни англатувчи тушунча сифатида санъат тарихчиси Ж. Вазари (1511-1574 й.) тарафидан унинг “Машҳур санъаткорлар ҳаётидан лавҳалар» номли китобида (1550) тилга олинган. Бу тушунча биринчи пайтда антик маданият анъаналарини Италияда “минг йиллик ёввойиликдан сўнг тикланишини англатиб, сўнгра илмий тадқиқотларда кенг ишлатила бошланди. Ва унинг бош хусусияти, мутахассислар фикрича, шаҳар маданиятининг гуркираб ўсиши, илм ва ижод эгаларига хос қомусийлик, гуманизмнинг ижтимоий-маънавий турмушнинг барча жабҳаларига кириб боришидир.
Ўзбекистоннинг давлат мустақиллигини қўлга киритиши туфайли халқимизнинг асрий орзуси ушалди, ўз тақдири ва келажагини ўзи яратадиган бўлди. Тарихан қисқа даврда жамиятимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида кескин бурилиш ясади. Мамлакатимизни модернизация қилиш, фаол демократик янгиланишларни амалга ошириш билан боғлиқ бир қатор ислоҳотлар ўтказилди. Жумладан, ана шу буюк ўзгаришларни асрлар давомида орзу қилган халқимизнинг кўҳна тарихига бўлган муносабати тубдан ўзгарди. Я.Бурхарт Уйғониш (Ренессанс)ни алоҳида типдаги маданият деб баҳолади.
Масалага қизиқиш ортиб, илмий изланишлар кўпая боргани сайин уйғониш тушунчаси, бу давр маданиятининг хронологик ва географик чегаралари, уни даврлаштиришга оид турлича фикрлар билдирила бошланди. Й.Хейзинг ўзининг «Ўрта асрчиликнинг куз фасли” асарида уйғониш даврини ўрта аср маданиятининг интиҳо даври деб ҳисобласа, бошқа олимлар янги давр маданиятининг бошланиши деб санайдилар.
Кўпчилик олимлар Европа уйғониш классик тарзда даврлаштириб у XIV-XVI асрларга хос деб билсалар, бошқалар бирмунча илгарироқ XІI аср — Каролинглар Ренессансидан бошлаб Испания, Италия шимолидаги мамлакатларда эса (Шимолий уйғониш) XVІI аср билан якунлайдилар.
Ғарб ренессанси Европада XIV-XVІ асрларда Оврўпада рўй берган янги иқтисодий жараён, яъни буржуа муносабатларининг вужудга келиши туфайли юзага келган маданий юксалиш, уйғониш давридир. Бу давр таълим жараёни жонланган, савдо, санъат, мусиқа, илм ва адабиёт гуллаб-яшнаган даврдир. Ғарб уйғониш даврида Оврўпа ҳаёти тубдан ўзгарди. Савдо алоқалари, ишлаб чиқариш ва тижоратнинг ривожланиши туфайли шаҳарлар жадал суръатларда юксалди. Пуллар зарб этила бошланди. Кичик давлатчалар ўрнига буюк давлатлар пайдо бўлди. Шаҳарларнинг сони ортиб бориши натижасида уста ва ва ҳунармандлар, савдогарлар ва банкирлар каби аҳоли қатламлари вужудга келди.
Жамият хаётида шаҳарлар ролининг кучайиши, яъни шаҳарнинг ижтимоий ишлаб чиқаришдаги аҳамиятининг ошиб бориши, савдо алоқаларининг авж олиши, ҳунармандчиликнинг тараққий этиши билан ҳисобчи, ҳуқуқшунос, муҳандислар, техниклар, ўқитувчилар, шифокорлар ва бошқа ўқимишли одамларга нисбатан талаб кучая борди.
Шундай қилиб, шаҳарларда ақлий меҳнат билан шуғулланувчи кишиларнинг алоҳида тоифаси интеллигенция пайдо бўлади. Шаҳарларда черков назоратидан ташқарида фаолият олиб борадиган фан ва санъат марказлари вужудга кела бошлади.
Янгича дунёқарашнинг шаклланиши ўз навбатида антик даврга мурожаат этишни тақозо қилди. XІ аср ўрталарида китоб чоп этишнинг ихтиро қилиниши антик давр меросини янгича талқинда бутун Оврўпа бўйлаб тарқалишида муҳим рол ўйнади.
Аммо Оврўпа уйғониш маданиятининг асосий ва муҳим хусусияти гуманизм эди. Бу давр маданиятида гуманистик (инсонпарвар), инсонни диққат марказига қуювчи ғоялар биринчи ўринга чиқади. Бу инсоннинг ижодий қобилиятларини, ақл-идроки, эркинлигини олий қадрият деб биладиган ижтимоий-фалсафий қарашдир.
Умумий тарихдан бизга маълум, милодий ІХ-XІIасрлар (баъзи манбаларда милодий VIII-XІІ асрлар) Шарқ уйғониши даври деб аталади.
Швейцариялик шарқшунос Адам Метс (Смит) ўзининг “Мусулманский ренессанс” асарида бу даврни мусулмон ренессанси деб номлаган, лекин буни баъзи ғарблик тарихчилар инкор этадилар ва уйғониш даври деб XVI асрда Оврўпада бошланган, аслида мусулмон уйғониш даврининг таъсири остида дунёга келган Ғарб ренессансини ҳақиқий ренессанс деб тан оладилар.
Лекин бугунги кунимизга келиб аксарият манбаларда Ғарб ренессанси инкор этилмагани ҳолда, тарихга холис баҳо берилиб, мусулмон ренессанси Ғарб уйғониши учун тамал тоши вазифасини бажарганини таъкидлаб ўтилади.
Мусулмон уйғониш даврига баъзи Ғарб тарихчилари олтин давр – “те голден аге” дея таъриф беришади, чунки бу давр илм-фан, технология ва мислсиз ихтиролар даври эди.
Тошкент ислом институти талабаси
Айбек Борамбаев