islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

 “Сунани Термизий” асарининг мавзулари ва таркиби

Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳ ҳадис тўпламларини жоме шаклида ёзганлар, лекин уламолар бу тўплам фиқҳий тартибда берилганини эътиборга олиб сунан шаклидаги тўпламлар қаторига қўшадилар.

Имом Термизийнинг китобларида қуйидаги: «Таҳорат, намоз, рўза, закот, ҳажж, жаноза, никоҳ, эмизиш, талоқ, байлар, аҳком-қазо, диялар, ҳадлар, сайд-ов, қурбонлик, назр ва қасамлар, жиҳод, либос, таом, ашриба-ичкилик, яхшилик ва силаи раҳм, тибб, фароиз, васият, валоят ва ҳиба, қадар, фитан, тушлар, шаҳодат, зуҳд, жаннат васфи, жаҳаннам васфи, иймон, илм, изн сўраш, одоб, амсол, Қуръони карим фазилати, қироатлар, тафсир, дуолар, маноқиб, илаллар» мавзулар мужассамдир.

Китоб аҳком ва бошқа тур ҳадисларни ичига олган бўлиб, тўпламнинг ярми аҳкомдан иборат, қолгани бошқа мавзуларга тегишлидир. Имом Термизий одоб, мавъиза мавзуларига ҳамда тафсир ва маноқиб бўлимларга алоҳида эътибор қаратган бўлиб, бошқа бирор тўпламда бу мавзуларга бундай ёндашилмаган.

Юқирда баён қилинган боблар остига қўшимча яна турли боблар киритилган бўлиб, ҳар бир боб Имом Термизий назарда тутган ҳадисларнинг ҳукм ва масаласини ўз ичига олади. Бу каби боб номларини уламолар «Тарожум» деб атайдилар. Ўзбек тилига боб унвони ёки мавзуси деб таржима қилсак мақсаддан йироқ бўлмайди. Имом Термизий китобларида тарожумни икки қисмга ажратганлар:

  1. Умумий таржама. Бу турдаги тарожумларда бир қанча масалалар қамраб олиниб, ўша умумий мавзу остида кўп бобчалар йиғилгандир. Масалан: «Намоз масалалари» каби одатда Абу Исо Термизий «Боб» сўзини кўплик шаклда қўллаб, “Расулуллоҳдан ривоят қилинган Таҳорат боблари” дейдилар. Ёки “Расулуллоҳдан ривоят қилинган Намоз боблари” ва ҳакозо дейдилар.
  2. Хос таржама. Хос таржамада Имом Абу Исо Термизий муайян мавзунин танлаб оладиларда, шу мавзуга тегишли бир ёки бир қанча ҳадисларни келтирадилар. Бу хос мавзуни «боб» деб бир шаклда ишлатадилар. Масалан, “Намознинг калити таҳорат мавзусида келган боб” деб номлайдилар.[1]

Имом Абу Исо Термизий ҳазратларининг бу тўпламларига бир неча номлар берилган:

  1. Саҳиҳи Термизий. Суютийнинг нақл қилишича бу қараш Имом Хатиб Бағдодийга тегишлидир.[2]
  2. Ал-Жоме ас-Саҳиҳ. Имом Ҳокимнинг қараши.[3]

Бу икки номни беришда мажозга суянилган, чунки бу тўплам фақат саҳиҳ ҳадислардан иборат эмас, унда заиф ҳам саҳиҳ мавжуддир.[4]

  1. Ал-Жоме ал-Кабир. Имом Қаттоний «Ар-Рисалатул мустатрифа» китобида шундай номлаган. Лекин бу ном кам учрайди.
  2. Сунан. Китобнинг энг машҳур номи шудир. Айнан бошқа сунанлардан ажратиш учун «Сунани Термизий» дея муаллифга нисбат қилинади. Юқорида нега, сунан дейилганига тўхталиб ўтдик.[5]
  3. Жоме. Бу ном ҳам кўп истеъмолда бўлиб машҳурдир. Сунан каби «Жомеут Термизий» деб нисбат қилинади.

Жалолиддин Саматов

[1] Нуруддин Итр, Ал-Имом ат-Термизий вал мувозанату байна жамиъиҳи вас саҳиҳайн. Дорул Басоир – Қоҳира. 2012.Б.– 64.

[2]Имом Суютий. Тадрибур ровий. Дору ибн ал-Жавзий. – Қоҳира, 2009. – Б.95.

[3] «Тадрибур ровий». Имом Суютий. Дору ибн ал-Жавзий – Қоҳира.: 2009 йил. –Б.95.

[4] Нуруддин Итр. Манҳажун нақд фи улумил ҳадис. Дорул фикр. – Димашқ. 1971. –Б.64.

[5]Анваршоҳ Кашмирий. Ал-Урфуш Шазий ала Жамиъит Термизий. Иҳяут туросул илмий – Байрут, 2004. – Б 5.

434040cookie-check “Сунани Термизий” асарининг мавзулари ва таркиби

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: