islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Талаба қизлар илк бор “Шарҳи Мулла”дан ижоза олдилар

Тошкент ислом институтида мўътабар китобларни Ислом таълимининг классик методларидан бири бўлган “хатми кутуб” асосида тўлиқ ўқиш йўлга қўйилган.

Ислом илмларини ўрганишга таянч бўлган араб тилига оид китоблар, жумладан халқ ичида “Шарҳи Мулла” номи билан машҳур бўлган китоб ҳам хатм қилиниб, талабаларга ижоза шаҳодатномаларини бериш анъанага айланган. Бу борада талаба қизлар ҳам фидойилик кўрсатиб, илм олиш йўлида шижоат билан китобларни ўқиб тугатмоқда.

Ибн Ҳожибнинг Кофия китоби матнига ёзилган шарҳлардан бири, Абдураҳмон Жомийнинг “Фавоиди зиёийя” асари, яъни “Шарҳи Мулла”ни Тиллар кафедраси мудири Улуғбек Ҳасанов устозлигида 3-курс талаба қизлари 2 йил мобайнида ўқиб хатм қилдилар.

“Декабрь – Араб тили ва Балоғат фанлари ойлиги” муносабати билан Тошкент ислом институтида “Шарҳи Мулла” хатмига бағишланган тадбир ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, ТИИ ректори, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Уйғун Ғафуров, проректорлар Соатмурод Примов, Жаҳонгир Рўзиев,  Тоҳир Эвадуллаев, кафедра мудири Улуғбек Ҳасанов, ўқитувчилар ва талабалар қатнашди.

Талаба қизларнинг “Шарҳи Мулла”ни ўқиб тугатиши муаллиф ушбу китобни ёзиб тугатган шанба кунига тўғри келгани эътиборлидир. Талаба О.Оҳунжонова китобнинг охирги саҳифалари матнини ўқиди, У.Ҳасанов таржима ва шарҳ қилди. Матн соҳиби Ибни Ҳожиб ҳамда шориҳ Абдураҳмон Жомий  ҳазратларининг руҳларига Қуръони карим хатм қилиниб, олимлар ҳаққига дуои хайрлар қилинди.

М.Муҳаммадсиддиқов ва Уйғун Ғафуров китобни тўлиқ ўқиб тугатган 16 нафар талабага ижоза соҳиби Улуғбек Ҳасанов томонидан тақдим қилинган ижоза шаҳодатномалари ва эсдалик совғаларини топширди.

Жамият, оила, фарзанд тарбияси ва илм олиш каби барча жабҳаларда фаоллик кўрсатаётган мана шундай талаба қизлар сафи янада кенгайиб, мутахассислик фанлари бўйича ижоза сертификатларига эга олималар юрт равнақи, илм-фани ривожи учун зарур эканлиги таъкидланди.

Ибн Ҳожиб роҳимаҳуллоҳ наҳв илми борасида “Кофия” асарини ёзишда аввалги китобларда учрамайдиган услубни қўлладилар. Мусанниф асарни битишда китобнинг кенг қамровли, аммо лафзлари мухтасар, қисқача бўлишига аҳамият қаратади. Натижада “Кофия” лафзлари содда, маъноси мукаммал, Имом Замахшарийнинг китобларида келган маълумотларни қамраб олган китоб сифатида вужудга келди. Ибн Ҳожиб роҳимаҳуллоҳ асарида Замахшарийнинг “Муфассал”идаги каби боб ва қисмларга ажратган.

“Шарҳи Мулла Жомий” асари “Кофия” шарҳлари орасида фойдали ва тартибли ёзилганлиги, мукаммаллиги жиҳатидан ажралиб туради. У бугунги кунгача талабалар орасида машҳурдир. Абдурраҳмон Жомий шарҳни ўғлига атаб ёзганлиги учун уни “Фавоиди зиёийя”, яъни “Зиёвуддинга фойдалар” деб атаган.

“Фавоиди зиёийя” асрлар давомида мадрасаларда дарслик сифатида ўқитилиб келинган. Талабаларнинг наҳв бўйича асосий қўлланмаларидан бири бўлган. Ислом оламининг бир қанча шаҳарларида нашр ҳам этилган.

ТИИ Матбуот хизмати

435080cookie-checkТалаба қизлар илк бор “Шарҳи Мулла”дан ижоза олдилар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: