islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Сочга тегишли шаръий ҳукмлар

Муқаддас динимизда инсон ҳаётида керак бўладиган барча нарсалар ҳақида батафсил кўрсатмалар берилган. Жумладан, инсоннинг ўз тана аъзоларига қандай муносабатда бўлиши ҳам батафсил баён қилинган. Шу маънода инсон сочига тааллуқли бўлган кўплаб кўрсатмалар келган. Ҳадиси шарифда сочи бор инсонлар уни парвариш қилишлари лозимлиги буюрилган. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай хабар берилган:

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ مَنْ كَانَ لَهُ شَعْرٌ فَلْيُكْرِمْهُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُد

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг сочи бўлса, унга эҳтиром кўрсатсин”, – дедилар”. Имом Абу Довуд ривоят қилган.

Шунинг учун сочи бор инсонлар уни ювиб-тараб парваришлаб юришлари лозим бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочларини тарашни яхши кўрганлари ва баъзида Оиша розияллоҳу анҳо у зотнинг сочларини тараб қўйишлари ривоят қилинган.

Соч қандай таралади?

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ишларни ўнг томондан бошлашни яхши кўрганлар ва инсонларни ҳам шунга тарғиб қилганлар. Жумладан, соч тарашда ҳам у зот ўнг томондан бошлаганлар.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا  قَالَتْ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُحِبُّ التَّيَمُّنَ مَا اسْتَطَاعَ فِي شَأْنِهِ كُلِّهِ فِي طُهُورِهِ وَتَرَجُّلِهِ وَتَنَعُّلِهِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам барча ишларида: покланишларида ҳам, соч тарашларида ҳам, оёқ кийим кийишларида ҳам, қодир бўлганича ўнг томондан бошлашни яхши кўрар эдилар”. Имом Бухорий ривоят қилган.

Шунинг учун сочни тарашда ўнг томондан бошлаб тараш мустаҳаб  бўлади. Сочни вақти-вақтида тараб туриш суннат бўлади. Аммо ҳаддан зиёд кўп тараш макруҳ бўлади.  Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай хабар берилган:

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ الْمُغَفَّلِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ : نَهَى رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم   

عَنْ التَّرَجُّلِ إلَّا غِبًّا      

رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إلَّا ابْنَ مَاجَه

Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам соч тарашдан қайтардилар, фақатгина вақти-вақти билан бўлса (рухсат бердилар). Ибн Можадан ташқари бешови ривоят қилишган.

Ҳадисдаги “вақти-вақти билан” дея таржима қилинган “ғиббан” сўзини баъзи уламолар “кун ора тараш” деб тушунтирганлар. Шунинг учун мазкур меъёрни сақлаш соч тараш одобига риоя қилиш бўлади.

Инсон сочи покми?

Инсон сочи пок ҳисобланади. Яъни тирик инсоннинг сочи ҳам, вафот этган инсоннинг сочи ҳам, бошда турганда ҳам, кесиб олинганда ҳам соч пок ҳисобланади. Инсон сочи пок деганда уни ишлатиш мумкин, деган маънода эмас, балки кийимга ё бирор аъзога тегса, уни нопок қилмайди деган маънода тушунилади. Масалан, биров кесилган сочни кўммоқчи бўлиб, ё бошқа бирор сабаб билан чўнтагига солган бўлса-ю, кейин шу ҳолатда намоз ўқиган бўлса, пок кийимда намоз ўқиган бўлади.

Сочнинг поклигига уламолар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олинган муборак сочларини Абу Талҳа розияллоҳу анҳуга узатганлари ва у зотнинг уларни одамларга бўлиб берганларини далил қилиб келтирганлар.

Сочни сотиш мумкинми?

Уламолар инсон сочини сотиш ёки ундан бошқа бирор мақсадда фойдаланиш ҳаромдир, деганлар. Чунки Қуръони каримда одам болалари азизу мукаррам қилиб қўйилгани хабар берилган:

  وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آدَمَ

 “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик”[1].

Ушбу оятдаги азизу мукаррамликдан уларнинг табиий хилқатлари мукаррам қилингани тушунилади. Шунга кўра, сочми, тирноқми инсон аъзоларининг бирортасини сотиш Аллоҳ азиз қилган нарсани хорлаш бўлиб қолади.  Шунинг учун сочни сотиш асло мумкин эмас. Балки, кесилган ва таралганда тушган сочларни кўмиш лозим бўлади.

Соч улаш мумкинми?

Ҳадиси шарифда соч улашнинг жоиз эмаслиги ҳақида шундай хабар берилган:

 عَنْ أَسْمَاءَ بِنْتِ أَبِى بَكْرٍ قَالَتْ جَاءَتِ امْرَأَةٌ إِلَى النَّبِىِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فَقَالَتْ يَا رَسُولَ اللَّهِ إِنَّ لِى ابْنَةً عُرَيِّسًا أَصَابَتْهَا حَصْبَةٌ فَتَمَرَّقَ شَعْرُهَا أَفَأَصِلُهُ فَقَالَ لَعَنَ اللَّهُ الْوَاصِلَةَ وَالْمُسْتَوْصِلَةَ. رَوَاهُ مُسْلِمُ

Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига бир аёл келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, менинг унаштириб қўйилган қизим бор. У қизамиқ касалига чалиниб сочлари тўкилиб кетди. (Унга бировнинг сочини) уласам бўладими?” – деди. Шунда у зот: “ (Соч) уловчини ҳам, уни улатувчини ҳам Аллоҳ лаънатлаган”, – дедилар”. Имом Муслим ривоят қилган.

Шунга кўра, уламолар бировнинг сочини ўзгага улаш мутлақо мумкин эмас, деганлар. Чунки шариатда инсон сочига эҳтиром кўрсатиш буюрилган. Аммо соч уловчи бошқа бир инсоннинг сочини эмас, балки покиза нарсадан таёрланган сунъий соч улатса-чи? Бу масала аёлнинг турмушга чиққан ё чиқмаганига кўра иккига бўлинади:

А. Шофеъий мазҳабига кўра агар аёл турмушга чиқмаган бўлса, сунъий соч улаши мумкин бўлмайди. Чунки бундай қилиш ўзгани алдашдир. Битта ривоятда эса макруҳ бўлади, дейилган.

Б. Турмушга чиққан аёлнинг покиза нарсадан тайёрланган сунъий соч улаши ҳақида уч хил ривоят келган:

1. Агар эрининг рухсати билан улаган бўлса, жоиз. Рухсатисиз улаш жоиз эмас;

2. Мутлақо жоиз эмас;

3. Жоиз.

Ушбу учинчи ривоят бизнинг Ҳанафий мазҳабимизнинг тутган йўли ҳисобланади.

Сунъий соч кийиб олган инсон қандай таҳорат қилади?

Сунъий сочга масҳ тортиш жоиз эмас. Чунки унга масҳ тортиш бош кийимга масҳ тортиш каби бўлади. Шунинг учун сунъий соч кийганлар таҳорат ва ғуслда уни, албатта, ечишлари лозим бўлади.

Сочни бўяш мумкинми?

Сочни қора рангдан бошқасига бўяш шаръан жоиз ҳисобланади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай хабар берилган:

عَنْ جابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ  قَالَ : أُتِيَ بِأَبِي قُحَافَةَ والِدِ أَبي بَكْرٍ الصِّدِّيقِ رضي الله عنهما ، يَومَ فَتْحِ مَكَّةَ وَرَأسُهُ وَلِحْيَتُهُ كَالثَّغَامَةِ بَيَاضاً . فَقَالَ رَسُولُ اللهِ  صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  : « غَيِّرُوا هَذَا وَاجْتَنِبُوا السَّوَادَ » . رَوَاهُ مُسْلِمٌ .

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Макка фатҳи куни Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг отаси Абу Қуҳофа олиб келинди. Унинг боши ва соқоли оқ гулли ўсимлик каби оппоқ эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Буни ўзгартиринглар ва қорадан сақланинглар”, – дедилар”. Имом Муслим ривоят қилган.

Уламолар ушбу ҳадисни соч ва соқолни қора рангга бўяш мумкин эмаслигига далил қилиб келтирганлар. Чунки соч ва соқолнинг қора бўлиши ёшликка далолат қилади. Шунга асосан, агар ёши ўтган қари инсон сочини ё соқолини қорага бўяб олса, ўзини ёш қилиб кўрсатиб, ўзгаларнинг “кўзини бўяётган” бўлиб қолади. Шунинг учун бундай “кўзбўямачилик”дан сақланиш лозим бўлади.

Аммо қорадан бошқа рангга бўяш жоиз ҳисобланади. Бунга уламолар қуйидаги ҳадисни далил қилиб келтирганлар:

عَنْ أَبِي رَمْثَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَخْضِبُ بِالْحِنَّاءِ وَالْكَتَمِ وَكَانَ شَعْرُهُ يَبْلُغُ كَتِفَيْهِ أَوْ مَنْكِبَيْهِ . رَوَاهُ أَحْمَدُ .

Абу Ромса розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам (сочларини) хина ва катам (ўсимлиги ) билан бўярдилар ва у зотнинг сочлари китфларига ёки икки елкаларига етарди”. Имом Имом Аҳмад ривоят қилган.

Бундан билинадики, сочни хина сингари нарсалар билан қора рангдан бошқа рангга бўяш суннат ҳисобланади.

Бўялган аъзолар билан таҳорат қилиш масаласи?

Таҳорат деганда шариат тайин қилган аъзоларни  сув билан поклаш тушунилади. Шунга кўра, таҳорат қилувчи аввало сув етказиш лозим бўлган аъзоларини турли лак, ё шам, ёки хамир каби сув етишидан тўсадиган нарсалардан тозалаши лозим бўлади. Агар хина каби сув ўтказадиган нарсалар билан соч бўялган бўлса, бу бўяш таҳорат ва ғуслга монелик қила олмайди.  Шунинг учун  мазкур нарсалар билан соч бўяш Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ наздларида мутлақо жоиз ҳисобланади.

Агар бирор муслима аёл тирноғига сув ўтказмайдиган буёқ сурган бўлса, то мазкур буёқни кетказиб, унинг тагини ювмагунича таҳорат ҳам, ғусл ҳам дуруст бўлмайди. Аммо юзи ёки лабини бирор ёпишқоқ бўлмаган буёқ билан бўяса, худди қўл ва оёқларига хина қўйгани сингари бунда таҳорат қилиш жоиз бўлади. Чунки мазкур нарсалар ўзидан сув ўтказгани учун таҳоратга моне бўлолмайди.

Қўл ва оёқ кафтларига хина қўйиш таҳоратга моне бўлмайди. Чунки хина каби нарсалар ювиб ташлангандан сўнг терида фақат унинг ранги қолади. Рангнинг ўзи эса терига сув етишига тўсиқ бўлмайди. Шунинг учун ҳам хина ё заъфарон каби нарсалар таҳорат ё ғуслнинг тўғри бўлишига монелик қилолмайди.  Шунингдек, ҳайз кўрган ва жунуб аёл ҳам қўлларини хинага бўяши мумкин ҳисобланади.

Тошкент Ислом институти ўқитувчиси

Абдулқодир Абдур Раҳим

47240cookie-checkСочга тегишли шаръий ҳукмлар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: