islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Буюк муҳаддис Ибн Абдулбар

Моликий мазҳабининг буюк муҳаддисларидан бири, хофиз, фақиҳ Ибн Абдулбар  роҳматуллоҳи алайҳнинг тўлиқ исмлари Юсуф ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн  Абдулбар ан-Намари (ан-Нумайри) ал-Андалусий ал-Куртубий ал-Маликий бўлиб, ҳижрий 368чи, милодий 978-йилда Андалусиянинг Куртуба (ҳозирги Кардова) шаҳрида ўзининг илми ва тақвоси билан машҳур бўлган оилада таваллуд топганлар.

Оталари Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Қуртуба шаҳрининг машҳур фақиҳларидан эдилар. Оталари Ибн Абдулбарнинг ёшликларида вафот этиб кетганлиги туфайли оталаридан дарс ола олмайдилар. Бироқ, етимлик у зотни ўз вақтининг буюк уламоларидан дарс олиб улуғ имом бўлиб етишишларига тўсқинлик қила олмади. Ўша даврда Андалусияда моликий мазҳаби кенг тарқалгани учун ёшликларидан ушбу мазҳаб фиқҳини ўрганишга катта эътибор қилдилар. Баъзи манбаларда аввал зоҳирий мазҳабида бўлганлар, кейинроқ имом Молик мазҳабига ўтганлар деб ҳам айтилади.

Имом Ибн Абдулбар Андалусиянинг турли шаҳарларига сафар қилиб замонанинг 60дан зиёд буюк олимлари ҳузурида илм олдилар.

Заҳабий Сиярда У кишининг машҳур устозлари қаторида қуйидагиларни келтиради:

  • Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Алжуҳаний;
  • Абу Умар Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Алжасур;
  • Абу Умар Аҳмад ибн Абдуллоҳ Албожий;
  • Абул Валид ибн Фарозий (ҳадис илмини ўрганиб, имом Моликнинг Муваттосини шу кишининг ҳузурларида ўқиганлар);
  • Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Алмуъмин (Сунани Абу Довуд, Муснади Аҳмад ибн Ҳанбалдан дарс олганлар).

Ва бошқа кўплаб олимлардан илм ўрганиб, ҳадис илмида хофизлик даражасига етишдилар, рижол илми, қироатлар ва фиқҳий ихтилофлар борасида улкан илм соҳибига айландилар ва мисли кўрилмаган асарлар ёздилар, кўплаб шогирдлар етиштирдилар.

Заҳабий Сиярда Ибн Абдулбарнинг шогирдлари қаторида қуйидагиларни келтиради:

  • Муҳаммад ибн Ҳазм (Зоҳирий мазҳабининг буюк олимларидан ва мағрибнинг энг машҳур муҳаддисларидандир);
  • Абул Аббос Далҳос Аддалоилий;
  • Абу Муҳаммад ибн Абу Қуҳофа;
  • Хофиз Абу Али Ғасоний;
  • Хофиз Абу Абдуллоҳ Ҳумайдий.

Машҳур асарлари:

  • “Аттамҳид лима фил Муватто минал маъаний вал асанид” Имом Молик муваттоларининг шарҳи (Ибн Ҳазм“ҳадислар фиқҳида бирор ўхшаши бўлмаган китоб” деб айтганлар);
  • “Алистийъаб фий маърифатил асҳаб” Саҳобалар ҳақидаги дастлабки китоблардан бири;
  • “Жомеъу баянил улум ва фазлиҳи ва мимма йанбағи фий риваятиҳи ва ҳамлиҳи” Илмнинг фазилати ва илм аҳлининг одоблари ҳақидаги китоб;
  • “Аддурар фий ихтисорил мағозий вассияр”;
  • “Ашшаваҳид фий исбати хобарил вахид”;
  • “Алкофий фил фиқҳи ала мазҳаби аҳлил мадина” Имом Молик  фиқҳларидаги масалаларни жамлаган мухтасар асар.

Ва бошқа, илмнинг турли соҳаларига оид ўнлаб асарлар битганлар.

Уламоларнинг у зот ҳақларидаги гаплари:

  • Имом Заҳабий: мағрибнинг хофизи, аллома, шайхулислом деганлар;
  • Абул Валид Божий: Андалусда ҳадис соҳасида Ибн Абдулбардек бошқаси бўлмаган. Мағрибнинг энг буюк хофизи деганлар. Ўша даврда Андалусия илм энг ривожланган минтақалардан бўлганини эътиборга олсак, бу жуда катта эътироф;
  • Абул Қосим ибн Башкавул: замонасининг имоми, ўз даврининг энг улуғи деганлар;
  • Қози Иёз: замонасидаги энг машҳур муҳаддис.

Музаффар ибн Афхас даврида Ашбуна (Лиссабон) шаҳрида қози бўлиб ишлаганлар. Ибн Абдулбар 463- ҳижрий, 1070- милодий йилда 95 ёшларида Андалусиядаги Хатифа ёки Шатива шаҳрида вафот этганлар. Аллоҳ У кишини раҳматига олсин.

Тошкент Ислом институти талабаси

Умарходжаев Мурод

48560cookie-checkБуюк муҳаддис Ибн Абдулбар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: