Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни набийларнинг имоми, расулларнинг хотами қилиб, бутун оламларга раҳмат ўлароқ юборди. Уларни бошқа пайғамбарлардан ажралиб турадиган сифатлар билан сифатлади. Каломи шарифда у зотнинг даражалари ва қадрларининг улуғлигига ишора қилувчи оятлар кўп. Қуйида улардан баъзиларини зикр қилиб ўтамиз:
1. Аллоҳ таоло барча пайғамбарлардан агар улар ҳаётлик вақтларида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам юборилса, улар у зотга иймон келтиришлари, эргашишлари ва ёрдам беришлари ҳақида аҳд олган эди:
“Эсланг (эй аҳли китоб), Аллоҳ барча пайғамбарлардан: “Мен сизларга қандай Китоб ва Ҳикмат бермайин, кейин сизларнинг пайғамбарлигингизни тасдиқ этувчи бир пайғамбар (яъни Муҳаммад алайҳиссалом) келгач, албатта унга иймон келтирурсиз ва ёрдам берурсиз”, деб аҳд-паймон олгач, уларга: “Мана шу аҳд-паймонимни иқрор бўлиб қабул қилдингизларми?” деди. У пайғамбарлар: “Иқрормиз”, деб жавоб қилишгач, Аллоҳ айтди: “Гувоҳ бўлингиз! Мен ҳам сизлар билан гувоҳ бўлгувчиларданман”. (Оли Имрон, 81-оят)
2. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг бандаларга қилган марҳаматидир. Чунки улар у зот орқали ҳидоят топдилар. Аллоҳ таоло пайғамбарларда мавжуд бўлган барча яхшиликларни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламда жамлади. Оли Имрон сурасининг 164-оятида шундай дейилади:
“Албатта Аллоҳ мўминларга ўзларидан бўлган (яъни одам жинсидан бўлган), уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган, (гуноҳларидан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб ва Ҳикматни ўргатадиган пайғамбарни юбориш билан яхшилик қилди. Зеро улар илгари очиқ хато — залолатда эдилар”.
3. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зикрларини азон, ташаҳҳуд, хутба каби баъзи ибодатларда юқори кўтарди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:
“Ва Биз сизнинг зикрингизни (яъни мартабангизни) баланд қилиб қўйдик”. (Шарҳ, 4-оят)
4. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларнинг аввалгиси, набийларнинг охиргисидир. Аллоҳ таоло айтади:
“Айтинг: (Эй Муҳаммад): “Албатта, намозим, ибодатларим, ҳаёту мамотим бутун оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ учундир”. (Анъом,162-оят)
“Муҳаммад сизлардан бирон кишининг отаси эмасдир, балки у Аллоҳнинг пайғамбари ва пайғамбарларнинг сўнггисидир. Аллоҳ барча нарсани билгувчи бўлган зотдир”. (Аҳзоб, 40-оят)
Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ бу борада айтадиларки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин набий йўқлигига бу оят далилдир. У зотдан сўнг набий йўқми, демак улардан кейин ҳеч қандай расул ҳам бўлмайди.
5. Аллоҳ таоло кўп оятларда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишни Ўзига итоат қилиш билан бирга келтирди:
“Айтинг: “Аллоҳ ва пайғамбарга итоат қилингиз!” Агар юз ўгирсалар, бас, албатта Аллоҳ (бундай) динсизларни севмас”. (Оли Имрон, 32-оят)
“Кимки пайғамбарга итоат этса, демак, Аллоҳга итоат этибди. Кимки юз ўгирса (бунинг сизга зарари йўқдир)”. (Нисо, 80-оят)
6. Расул алайҳиссаломга эргашиш Аллоҳнинг муҳаббатига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло айтади:
“Айтинг (эй Муҳаммад): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ (гуноҳларни) мағфират қилгувчи, меҳрибондир”. (Оли Имрон, 31-оят)
7. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлар орасида бўлишлари улар учун ҳалокатдан омонликдир. Бу ҳақда Анфол сурасининг 33-оятида Аллоҳ таоло шундай дейди:
“Модомики, сиз уларнинг ораларида экансиз, Аллоҳ уларни ҳаргиз азобламас ва улар мағфират сўраб турган ҳолларида ҳам Аллоҳ уларни азоблагувчи эмасдир!”
8. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликлари фақат бир қавмгагина хос эмас, балки бутун инсоният учун умумийдир. Аллоҳ таоло дейди:
“Оламлар (инсонлар ва жинлар)га огоҳлантирувчи бўлиши учун Ўз бандаси (Муҳаммад)га Фурқон (Қуръон)ни нозил этган зот баракотли (буюк)дир”. (Фурқон,1-оят)
9. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аввалги-ю кейинги барча гуноҳларини мағфират қилди. Фатҳ сурасининг 1-3-оятларида шундай дейилади:
“(Эй Муҳаммад), токи Аллоҳ сизнинг гуноҳингиздан илгари ўтган ва кейин кел(ади)ган нарсалар (барча гунохларингиз)ни мағфират қилиши учун ва сизга Ўз неъматини комил қилиб бериб, сизни Тўғри йўлга ҳидоят қилиши учун ҳамда Аллоҳ сизга қудратли Ёрдам бериши учун дарҳақиқат Биз сизга очиқ-равшан фатҳ-ғалаба ато этдик”.
10. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бошқа пайғамбарлар каби исми билан хитоб қилмади, балки у зотнинг набийлик ва расуллик сифатлари билан хитоб қилди.
11. Аллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари билан қасам ичди. Бу эса у зотдан бошқа пайғамбарларда бўлмаган:
“(Эй Муҳаммад), ҳаётингизга қасамки, улар ўз мастликларида тентираб юрган ҳолларида, (тўсатдан) тонг пайтида уларни даҳшатли қичқириқ тутди”. (Ҳижр,72-73-оятлар)
Аллоҳ таоло мўминларни Расулуллоҳни исмлари билан чақиришдан қайтарди. “Эй Муҳаммад” деб эмас, балки “эй Аллоҳнинг расули”, “эй Аллоҳнинг набийси” деб хитоб қилишни буюрди. Юқорида айтиб ўтилганидек, Аллоҳ таоло Қуръони каримда ҳам у зотга исмлари билан хитоб қилмаган. Аллоҳ Нур сурасининг 64-оятида марҳамат қилиб айтади:
“(Эй мўминлар), пайғамбарни чақиришни ўрталарингизда бир-бирларингизни чақириш каби қилмангизлар (яъни у зотни ҳурмат-эҳтиром билан “Эй Аллоҳнинг пайғамбари”, деб чақиринглар)”.
Бу оятнинг сабаби нузулида ибн Аббос розияллоҳу анхудан ривоят қилинадики, ўша пайтда пайғамбаримиз атрофидаги инсонлар “эй Муҳаммад”, “эй Абул Қосим” деб чақиришган. Юқоридаги оят нозил бўлгач, “Эй Аллоҳнинг расули”, ”эй Аллоҳнинг набийси” деб чақирадиган бўлишди. Аллоҳ таолонинг Қуръони каримда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қилган нидолари 4 қисмга бўлинади:
- Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг набийлик сифатларига қилинган нидо бўлиб, улар 13 та оятда келган. Булар Анфол, 64, 65, 70; Тавба, 73; Аҳзоб, 1, 8, 45, 50, 59; Мумтаҳана, 12; Талоқ, 1; Таҳрим, 1, 9 оятлар.
- Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг расуллик сифатларига қилинган нидо бўлиб, улар 2 та оятда келган. Булар Моида сурасининг 41 ва 67 оятлари.
- Юқорида санаб ўтилгандан бошқа сифатлар билан қилинган нидо бўлиб, улар ҳам 2 та оятда келган. Булар Муззаммил, 1; Муддассир, 1 оятлари.
- Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нидо эканлиги зикр қилингану, ўзи нидо бўлмаган оятлар. Булар Тоҳа, 1; Ёсин, 1 оятлари. Бу ҳақида муфассирлар турли фикрларни айтишган. Ибн Ҳанафия, Заҳҳок, Саид ибн Жубайр кабилар Ёсин ва Тоҳа Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари дейишган. Тўғри фикр шуки, Ёсин ва Тоҳа Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳеч қандай сифатини англатмайди, улар исм эмас, балки муқаттаот ҳарфларига киради. Чунки бу саҳиҳ, ҳасан, мурсал ҳадисларда ҳам, саҳобийларнинг сўзларида ҳам келмаган.
Шу билан бирга Аллоҳ таоло у зотга овозни пастлатиб, тавозуълик билан муомала қилишни амр қилди:
“Эй мўминлар, (токи қилган яхши) амалларингиз ўзларингиз сезмаган ҳолларингизда беҳуда-бефойда бўлиб қолмаслиги учун сизлар (пайғамбар билан сўзлашган пайтларингизда) овозларингизни пайғамбарнинг овозидан юқори кўтарманглар ва унга бир-бирларингизга очиқ (дағал сўз) қилгандек очиқ-дағал сўз қилманглар!
Албатта Аллоҳнинг пайғамбари ҳузурида овозларини паст қилган зотлар – ана ўшалар Аллоҳ дилларини тақво учун имтиҳон қилган (яъни тақво имтиҳонидан ўтган) зотлардир. Улар учун мағфират ва улуғ ажр-мукофот бордир”. (Ҳужурот, 2-3-оятлар)
Шундай экан, Аллоҳ таоло бизга неъмат қилиб берган, гўзал хулқ соҳибига итоат қилишни, у зотнинг амрларига хилоф қилувчилардан қилмаслигини Яратгандан сўраб қоламиз.
“(Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна-кулфат етиб қолишдан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар!” (Нур, 63-оят).
“Ақоид ва фиқхий фанлар” кафедраси ўқитувчиси
Зойирова Ҳафиза