islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Фиқҳ илмига кўра рибо молларининг таснифи

Фиқҳий манбаларнинг катта қисмини муомала масалалари ташкил этади. Улар орасида савдо-сотиқ, ижара, орият, қарз олди-бердилари каби кўплаб молиявий муомалалар қатори рибо масаласига ҳам алоҳида ўрин ажратилган. Рибо у ҳақда узоқ даврлардан буён турли муносабат билдирилган муаммоли масалалардандир. Ушбу кичик мақолада рибо моллари ва уларнинг ислом ҳуқуқшунослигидаги таснифи масаласи ёритиб беришга ҳаракат қилинади.

Рибо – ҳеч қандай меҳнат қилмасдан, муҳтож кишининг эҳтиёжини қондирмасдан ва жамият манфаати учун ўз ҳиссасини қўшмасдан туриб бойлик тўплаш воситасидир. У кишилик жамиятининг энг қадимги даврларидаёқ озод кишиларни қулга, бойларни қашшоққа айлантириш қуроли сифатида қораланиб келган. Рибога қарши кураш ўша даврларда ҳам муҳим масалалардан ҳисобланган[1].  Юнонларда   қарздор қарзни узмаса, қарз берувчи уни қул қилиб, унга эгалик қилар, хоҳласа ўлдириши ҳам мумкин бўлган. Бунинг натижасида эса юнон жамиятида кескин курашлар келиб чиқар эди[2]. Фиръавнлар давридаги Мисрда рибо фойдаси 100% бўлган бўлса, Бобилда 240 %, ҳатто 450 % га етган эди[3].

Ўз навбатида подшоҳ ва ҳукмдорлар бундай ишларга қонун даражасида маълум чегаралар қўйишга мажбур бўлганлар. Чунки фуқаролар бирбирини қул қилиши, берган қарзидан ҳам кўп фойда олиб, қарздорни умр бўйи ўзи учун меҳнат қиладиган бўлиб қолиши ҳеч бир давлат тараққиётига хизмат қилмайди.   

 Рибо луғатда – умуман кўпайиш маъносини ифодалайди.

Истилоҳда, ҳанафий мазҳаби уламоларининг таърифлашича, рибо молни молга алмаштиришда бир тараф молининг эвазсиз ортиқча бўлишидир[5].

Рибони тушуниш учун, қайси нарсаларда рибо бўлиши, нималарга рибо моли сифатида қаралишини билиш зарур. Қуръони карим рибодан қайтарган, лекин қайси нарсалар рибо моли эканини баён қилмаган. Рибо молларини белгилаб берувчи асосий манба эса ҳадиси шарифдир. Убода ибн Сомит р.а. Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ривоят қилади: У зот айтдилар: “Тиллага тилла, кумушга кумуш, буғдойга буғдой, арпага арпа, хурмога хурмо, тузга туз ўхшашига-ўхшаш, қўлма-қўл (сотинглар). Қачон ушбу моллар бир хил бўлмаса, агар қўлма-қўл бўлса, хоҳласангизча сотаверинглар”[6].

Бу ердаги ўхшашлик сифатдаги эмас миқдордаги ўхшашликдир. Убода ибн Сомит ривоятларида айтдилар: “Унинг ёмбиси ҳам ўзи ҳам бирдир”[7] (яъни иккисини бир-бирга алмаштирганда миқдори тенг бўлиши лозим). Бу эса сифатда эмас, вазндаги ўхшашликка далолат қилади. Чунки ёмби айнга миқдорда баробар бўлади[8].

  Зоҳирийлар рибо молларини ҳадиси шарифда келган олти нарсага чегаралайдилар: тилла, кумуш, буғдой, арпа, хурмо, туз. Чунки улар қиёсни инкор қилганлари учун олти нарсада рибо бўлади, улардан бошқа нарсалар асл мубоҳлигича қолади, дейдилар[9].

  Лекин жумҳур фақиҳлар олти нарсага чегараланмай ҳукм таьсир қиладиган бошқа молларда ҳам баҳс юритадилар. Чунки ҳадисда рибо моллари олтитадир, дейилмаган, балки олти нарсадаги рибонинг ҳукми айтилган. Бу нарсаларни хослашнинг сабаби, ўша вақтларда кўп муомалалар шу нарсалар воситасида бўлгани учундир. Фақиҳлар эса яна қайси нарсаларда рибо бўлади-ю қайсилари мустасно эканини ўрганишади.

Ҳанафийларга кўра, (ҳанбалийлар мазҳабининг зоҳири ҳам шундай) рибо молларини аниқлашнинг 2 та қоидаси бор:

  1. Мол олтин ва кумуш каби вазний[10] ёки буғдой, арпа, хурмо ва туз каби кайлий[11] бўлиши керак. Бу миқдор ўлчовидир. Қанча миқдорда эканини эса  вазн ёки кайл йўли билан билиш мумкин.
  2. Рибо бўлиши учун алмаштириладиган молларда жинс бир бўлиши керак. Демак, ҳанафийлар ва ҳанбалийлардаги иллат[12] миқдор ва жинсиятдир.

   Шофиъийларда буғдой, арпа, хурмо ва туздаги иллат таомлик. Тилла ва кумушдаги иллат пуллик.

  Моликийларда тилла ва кумушдаги иллат пуллик, буғдой, арпа, хурмо ва туздаги иллат эса озуқалик ва сақлаб қўйиш мумкин бўлишидир.

  Юқоридаги сўзлардан кўринадики, ҳанафийларда миқдор билан жинсият иллат бўлса, шофиъийларда  таомлик ва пулликдир. Демак тўртала мазҳаб белгилаган иллат шу нарсаларда жамлашади ва иккала мазҳабнинг ўртасини солиштириш мумкин.

 Ҳанафийларда рибо кайлий ёки вазний ҳамма нарсада бўлади. Масалан:

Кайлий таом:  буғдой, арпа, хурмо, туз, гуруч, ловия ва мош.

Вазний таом:  гўшт, балиқ, сарёғ, шакар ва баъзи мевалар.

Таом бўлмаган кайлий: ҳина, охак ва гипс.

   Таом бўлмаган вазний: темир, қўрғошин, мис, жавоҳир ва маржон.

   Вазний пул: тилла ва кумуш.

Шофиъийларда эса рибо моли бўлишида кайл ва вазннинг аҳамияти йўқ. Балки егулик нарсаларнинг барчасига рибо моллари сифатида қаралади. Демак буғдой, арпа, хурмо, туз, гуруч, ловия ва мош каби кайлий ёки гўшт, балиқ, сарёғ, шакар ва баъзи мевалар каби вазний ёки  қовун-тарвуз, тухум каби таом, лекин кайлий ҳам эмас, вазний ҳам бўлмаган нарсаларда рибо бўлиши мумкин. Таомга  озуқа, нонхуруш, мева ёки дори сифатида истеъмол қилиш мумкин бўлган нарсалар киради. Тилла ва кумушда вазний бўлгани учун эмас, балки пул бўлгани сабабидан рибо бор. Темир, қўрғошин, мис, жавоҳир ва маржонларда пуллик лаёқати бўлмаган учун уларда рибо йўқ.[13]

Ҳанафийларнинг рибо молларидаги иллат миқдор ва жинсиятдир деганларига ҳужжат

Ҳанафийлар рибонинг иллати миқдор ва жинс эканига Расулуллоҳ (с.а.в) нинг الحنطة بالحنطة “Буғдойни буғдойга” деган сўзларини ҳужжат қиладилар. Унинг маъноси بيع الحنطة بالحنطة “Буғдойни буғдойга сотиш”. Буғдой исми бир дона уруғни ифодалагани учун олди-сотти жараёни  содир бўлмайди. Бир дона буғдой уруғи қийматга эга эмас ва ҳеч ким бир дона уруғни сотмайди. Демак маьлум бўладики, “буғдой” сўзи  зарурат юзасидан қийматга эга мол маьносида ишлатилган. Унинг қиймати эса насс тақозоси[14] ортидан собит бўлган кайл билан маълум бўлади. Яъни  الذهب الموزون بالذهب و الحنطة المكيلة بالحنطة “Тиллани тортилган тиллага, буғдойни ўлчанган буғдойга сотиш”, деган маънодадир. Насс тақозоси билан собит бўлган ҳукм далил билан собит бўлган ҳукм кабидир. Набий(с.а.в) “الحنطة بالحنطة مثلا بمثل”, “буғдойга буғдой, тенга тенг”, деган сўзлари савдо келишуви жоиз бўлиши учун тенгликнинг вожиблигини ифодалайди. Бу ўринда ҳукм – тенгликнинг вожиблигидир. Ушбу  ҳукм топилиши учун эса яроқли савдо моли бўлиши шарт. Уламолар иттифоқига кўра, бир сиқим буғдойга бир сиқим буғдой ва бир  дона олмага бир дона олма ўзаро тенглик ёки тенгсизликни  қабул қилмагани учун рибо моли ҳисобланмайди. Бунга далил Набий (с.а.в) рибонинг ҳукмини баён қила туриб, ундан қутулиш чорасини  ҳам қўшиб келтиришларидир. Яъни, айрибошланаётган молларнинг миқдори тенг ва қўлма-қўл  бўлса рибодан холи бўлади. Рибодан  қутилиб бўлмайдиган ўринда ҳукмни вожиб қиладиган ҳар қандай иллат ботилдир. Таомда шундай сифат бор. Масалан тарвуз ва қовунни саноқли нарса бўлгани  учун, уларнинг таом экани эътиборига кўра тенг айрибошлаш вожиб десак чорасиз мушкилот пайдо бўлади. Чунки уларни ўзаро тенглашнинг имкони йўқ. Бундан  кўриниб турибдики, таомлик рибонинг иллати эмас. Шунингдек, ушбу мисолга кўра таомлик “иллати” ўзининг барча фардларига бир хилда таъсир ўтказа олмайди. Балки, нассларда ворид бўлган буғдой, арпа, хурмо ва туздаги ҳукм тарвуз ва қовун кабиларда топилмайди. Таомдан мол воситасида кенг фойдаланилади, пулга ҳам катта эҳтиёж бор. Зарурат юзасидан ўлимтик гўштини тановул қилиш жоиз бўлганидек эҳтиёжнинг таъсирида ҳаромлик эмас, мубоҳлик асл бўлади. Демак таомлик ва пуллик катта эҳтиёжни талаб қилганлиги сабабидан ҳаромга иллат бўла олмайди.

Набий (с.а.в.) олти нарсани санаганларида бир-бирига “атф” йўли билан келтиришлари уларнинг ҳаммасида иллат бирлигини билдиради. Бу иллат – жинс ва миқдордир. Кайл ва вазн эса миқдорнинг турларидир. Агар нақд пуллардаги иллат пуллик, қолган тўрт нарсадаги иллат таомлик бўлганида эди уларни бир-бирига атф қилиш тўғри бўлмас эди. Чунки пуллик ва таомлак ўртасида ҳеч қандай муовфиқлик йўқдир.[15]

Шофиъийлар рибо молларидаги иллат таомлик ва пуллик деганларига ҳужжатлари

Шофиъийлар бу молларда савдо жоиз бўлиши учун шариатда икки зиёда нарса ـــ тенглик ва қўлма-қўллик шарт қилинди, бу икки шартнинг зиёда бўлишидан у нарса қандайдир аҳамиятли эканлиги маълум бўлади дейдилар. Мол-мулкнинг ҳаёти  пуллиги билан, тилла ва кумуш шунинг учун яратилгани сабабли улардаги аҳамият пулликдан бошқа нарса бўлиши мумкин эмас. Инсонларнинг ҳаёти таом билан доимий бўлгани учун қолган тўрт нарсадаги аҳамият таомликдир. Кўриниб турибдики икки шартга сабаб бўлган иллат таомлик ва пулликдир. Шунинг учун жинсиятни иллат эмас шарт қиламиз. Демак миқдорни иллат қилиш тўғри эмас. Масалан гипс инсон ва мол-давлатнинг ҳаётига таъллуқли жойи йўқ, балки биноларни безаш учун тайёрланади. Шунчалик арзимас нарса бўлсада кайлийдир. Набий (с.а.в.) рибонинг ҳукмини баён қилганларида ҳамма пулларни – тилло ва кумушни, таомларнинг ҳар навидан энг нафисларини зикр қилдилар. Буғдой инсоннинг, арпа ҳайвонларнинг энг  нафис таоми. Хурмо меваларнинг, туз эса маза берадиган нарсаларнинг энг нафисидир. Таомларнинг ҳаммасини айтиб ўтишнинг имконияти бўлмагани учун иллат таомлик эканини баён қилиш учун ҳар бир навдан энг олийлари саналган. Агар миқдор иллат дейилса у нарсалар қайта такрорланиб қолади. Чунки миқдор сифати тўрт нарсада ўзгармайди. Демак иллат таомлик ва пуллик экан таом бўлмаган нарсани таомга, пул бўлмаган нарсани пулга қиёслаб бўлмайди[16].

Кўриниб турибдики, мазҳаблар ўртасидаги ихтилоф аслда эмас, балки унинг бўлакларида бўлаяпти. Бунинг  сабаби рибонинг иллатига икки томондан ёндошиш бўлган. Бу ихтилоф рибонинг ҳаромлигига ҳеч қандай салбий таъсир ўтказмайди, ҳаром нарсани ҳалол, ҳалол нарсани ҳаром қила олмайди

Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси

ўқитувчиси Ҳошимов Ойбек

 

[1] Маҳмуд Ориф Ваҳба. Назариёт ал-фоида фи ал-фикр ал-иқтисодий.  // Ал-муслим ал-муосир. 23-сон. Байрут 1980. 88 бет.

[2]  Маҳмуд Ориф Ваҳба. Назариёт ал-фоида фи ал-фикр ал-қтисодий. // Ал-муслим ал-муосир.  23-сон. Байрут 1980. 96 бет.

[3] Қаранг:  Маҳмуд Ориф Ваҳба. Назариёт ал-фоида фи ал-фикр ал-иқтисодий.// Ал-муслим ал-муосир.  23-сон. Байрут 1980. 88 ва 90 бетлар.

[5]Доктор Ваҳба аз-Зуҳайлий. Ал-Фиқҳ ал-исломий ва адиллатуҳ. Дор ал-фикр. Дамашқ 2006. 5-жуз, 3698-бет

[6] Али ибн Умар ад-Дороқутний. Сунан ад-Дороқутний. Дор ал-кутуб ал-илмийя. Байрут, З-жуз 20-бет. (нашр йили кўрсатилмаган)

[7]  Абу Довуд Сулаймон ибн Ашъас ас-Сижистоний ал-Аздий.  Дор ал-маърифа Байрут 2001. 3-жуз 331-бет.

[8] Шамсиддин Сарахсий. Мабсут. Дор ал-маърифа. Байрут 1989. 12-жуз. 111-бет.

[9] Доктор Ваҳба аз-Зуҳайлий. Ал-Фиқҳ ал-исломий ва адиллатуҳ. Дор ал-фикр. Дамашқ 2006. 5-жуз 3724-бет.

[10]  Оғирлик ва қадимги танга пул ўлчов бирлиги.

[11] Ҳажм ўлчов бирлиги.

[12] Иллат – ҳукмни билдирувчи сифат.   Абдулваҳҳоб Халлоф. Усул  ал-фиқҳ. Адолат 1997. 74-бет.

[13]  Масодир ал-ҳаққи фил-фиқҳ ал-исломий. Доктор Абдуроззақ ас-Санҳурий. Дор  иҳяу ат-тирос ал-арабий. Байрут 1997.  3-жуз, 125-127-бет.

[14] Насс тақозоси  бирор лафз тақдир қилинсагина насснинг маъноси тўгри чиқадиган жумла. Абдулваҳҳоб Халлоф. Усул  ал-фиқҳ. Мовароуннаҳр 1999. 25-бет..

[15]  Масодир ал-ҳаққи фил-фиқҳ ал-исломий. Доктор Абдуроззақ ас-Санҳурий. Дор иҳяу ат-тирос ал-арабий. Байрут 1997.  3-жуз, 128-бет, Шамсиддин Сарахсий. Мабсут. Дор ал-маърифа. Байрут 1989. 12-жуз, 116-120-бетлар.

[16]  Масодир ал-ҳаққи фил-фиқҳ ал-исломий. Доктор Абдуроззақ ас-Санҳурий. Дор иҳяу ат-тирос ал-арабий. Байрут 1997.  3-жуз, 129-бет. Шамсиддин Сарахсий. Мабсут. Дор ал-маърифа. Байрут 1989. 12-жуз, 115-116-бетлар.

55380cookie-checkФиқҳ илмига кўра рибо молларининг таснифи

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: