islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳасад ҳақида

Обрўли инсонни обрўсиз, бахтли инсонни бахтсиз, соғлом инсонни ҳам жисмонан ва ҳам маънан касал бўлишига сабаб бўлувчи маззаматланган иш бу ҳасаддир. Халқимиз ҳасадгўйга нисбатан кўпроқ “кўра олмайдиган киши” деб, айтишади. Ҳасад бу: кишини ўзида бўлмаган нарсасини ўзгада ҳам бўлмаслигини хоҳлаши ёки нега унда бор-у, менда йўқ қабилида фикрлашдир.

Кунларнинг бирида бир ҳасадчи подшога арз қилиб, подшоҳим қўшнимнинг сигири бор менда эса йўқ, ахир бу адолатсизлик эмасми дебди. Шунда подшоҳ унга бир сигир беринглар деб буюрибди. Ҳасадчи йўқ подшоҳим ахир қўшнимнинг сигирга қараб, унинг сутини соғиб берадиган болалари бор, менда эса ундай фарзанд йўқ дебди. Подшо адолат истаб унга сигир билан хизматкор берсам адолат қилган бўламанми, деб сўраса. Ҳасадгўй йўқ, деб жавоб қилибди. Подшоҳ ҳайрон бўлиб унда нима қилишимни истайсан деса. Яхшиси унинг молини олиб қўйсангиз мен тинчийман деб, жавоб қилган экан.

Ҳасад инсон жисмини ва ақлини еб битирадиган нафсий касалликдир. Ҳеч бир замонда ҳасад кишига яхшилик келтирмаган ва келтирмайди ҳам. Бунга тарих ёрқин мисолдир.

Қуръондаги Юсуф алайҳиссаломнинг қиссаларини бир эсланг! Ахир у зотнинг оталарининг кўзлари йиғидан кўр бўлиб қолишларига ва бир неча йил фарзандларидан жудо бўлишига нима сабаб бўлди? Юсуф алайҳиссалом акаларининг ҳасади эмасми?

Одам алайҳиссаломнинг ўғиллари Қобил ва Хобилнинг қиссасичи. Унда уларнинг бирининг эҳсони қабул бўлиб, иккинчилариники қабул бўлмаганида ҳасад қилиб, ўлдириб қўйганларичи. Бу жиноятга нима сабаб бўлди, ҳасад эмасми?

Фаришталарга илм берган, олим бўлган шайтоннинг Аллоҳ таоло даргоҳидан лаънатланган холда қувилишига нима сабаб бўлганини бир эсланг! Шайтон мен оловдан яралганман инсон эса тупроқдан яралган бўлса, нима учун мен унга сажда қилишим керак экан дея, Аллоҳнинг Одамга сажда қил деган буйруғига итоат қилмаслигига унинг ҳасади, кибри сабаб бўлмадими?

Шунинг учун ҳам Исломда ҳасад қилиш ҳаром дейилган. Бунга ушбу ҳадисни далил қилинади: Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Бир-бирингизга ғазаб ва ҳасад қилманг ҳамда бир-бирингиздан юз ўгирманг. Балки Аллоҳ таолонинг бир-бирига биродар бандалари бўлинглар. Ҳеч бир мусулмонга биродари билан уч кундан ортиқ ҳижрон қилиши ҳалол бўлмайди”. Муслим ривояти.

Бошқа бир ҳадисда эса: “Бандада иймон ва ҳасад иккиси жам бўлмайди”, дейилган.

Фақатгина исломда икки ишда ҳасад қилиш мумкин дейилади. Унинг номи ҳасад дейилса-да аслида бу арабларда “ғибто” яъни ҳавас деганидир. Бунга ушбу ҳадис далилдир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Икки ишда ҳасад йўқ. Аллоҳ таоло бир бандасига мол-дунё берса-ю, у банда тўғри йўлда ишлатса ва Аллоҳ таоло бир бандасига ҳикмат берса-ю, у банда ана шу ҳикмат ила ҳукм чиқарса ва уни ўргатса”. Муттафақун алайҳ

Демак, бир банда бой-бадавлат бўлиб, топган дунёсини Аллоҳ ризолиги йўлида сарфласа, уни кўрган бошқа бир киши қани энди менда ҳам шундай дунё бўлса эди, мен ҳам саховатли бўлар эдим деб фикр қилса, ёки бўлмасам, бир банда олим бўлиб, ўрганган илми билан инсонларнинг муаммоларини ҳал қилиб ва илмини ўзгаларга ҳам тарқатаётганини бошқа бир киши кўриб, қани эди менда ҳам шундай илм бўлганида мен ҳам илм тарқатар эдим, инсонларнинг муаммоларини ҳал қилиб берар эдим деб, фикр қилса, бу ҳасад эмас аксинча ҳавас саналар экан.

Аллоҳ таоло барчамизни бундай қабиҳ феълдан йироқ қилсин.

“Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси,

“Кулол-Қўрғон” жомеъ масжиди имом хатиби

Яҳё Абдурахманов

59920cookie-checkҲасад ҳақида

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: