islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ширинсўзлик бахт омили

Ҳар доим ширинсўзлик, гўзал муомала кишини бахтли бўлиш омили бўлиб келган. Бу каби сифатлар нафақат эри-хотин, ота-бола, она-бола, қўни-қўшни, қариндош-уруғ ва оға-ини ўртасида балки, жамиятдаги ижтимоий ва маънавий ишларнинг барчасида ўз самарасини беради. Чунки сўзда сеҳр бўлади. Бир сўз ёки гап билан инсон кўнглини вайрон ё хурсанд қилиш мумкин.

Ҳаётда шундай ишлар борки уни пул билан ҳам амалга ошириб бўлмайди. Мисол қилиб айтадиган бўлсак, агар бой бадавлат бир инсон бемор бўлиб ётган бўлса, қандай дори ичса ҳам дардига малҳам бўлмаётган бўлса, айтинг-чи уни мол-дунёси ёрдам берадими? Шундай вақтда беморнинг дўстларидан бири келиб, унга ширинсўзлик билан кайфиятини кўтарадиган, келажак учун умид бағишлайдиган сўзларни, гапларни айтса, беморда ўзига нисбатан ишонч, дардига даво борлигига инонч пайдо бўлади. Бунга нима сабаб? Албатта ширинсўзлик ва гўзал муомала. Ҳатто бобомиз Ибн Сино ҳам ўз китобларида ҳар қандай беморни даволашда учта муҳим ишни амалга ошириш кераклигини таъкидлаб, энг аввало ширинсўзлик ва гўзал муомала деганлар.

Бу гўзал ахлоқий сифат бугунги кунда муҳим иш бўлиб қолганки, айниқса эри-хотин орасида. Тасаввур қилинг. Агар сиз толиб, кайфиятингиз бузилиб, ишдан келганингизда аёлингиз барча ишини ташлаб, табассум қилган ҳолда ассалому алайкум, дадаси чарчамасдан яхши келдингизми? ва қўлингиздаги нарсаларни олиб, тез кийимларингизни алмаштириб олинг, овқат тайёр, жуда чарчаб кетган бўлсангиз керак, бизга у керак, бу керак дея сизни қийнаб юбордик, ҳечқиси йўқ бир оз дам олсангиз чарчоқларингиз чиқиб кетади деб, кутиб олса аниқки сиз ўша кунги барча йўлиққан асаббузарлик ва қийинчиликларни эсдан чиқариб юборасиз ва кайфиятингиз чоғ бўлади. Демак, кайфиятингиз чоғ ва хурсанд бўлишингизга аёлингизни ширин сўзлари-ю гўзал муомаласи сабаб.

Шу ўринда тан олиб айтишимиз керакки, ширинсўзлик деганда фақатгина аёлга тегишли бўлган иш деб, ўйлаймиз ва аёлимиздан талаб қиламиз. Бу оила қўрғонидаги хато фикр бўлиб, ширинсўзлик нафақат аёлда балки эркакда ҳам бўлиши зарур. Сиз эрталаб ишга чиқиб кун давомида истаган таомларингизни еб, дўстларингиз даврасида зерикмасдан ўтказасиз. Аёлингиз-чи? Уй ишлари, кир ювиш, уйни сарамжон қилиш, болалар инжиқликларига чидаш ва сиз келишинигизга сиз хохлайдиган  қилиб, уйдаги бор масаллиқлардан овқат тайёрлаши керак. Ана шу ишларни бажариб, жуда чарчаб турган бир маҳалда сиз кириб келиб, салом бериб, қани яхши ўтирибсизларми, уйлар сарамжон-сариштаку. Қани онаси қорним оч, тайёрлаган таомингни олиб кел. Бирга овқатланамиз ва овқатидан еб, гарчанд сиз айтгандай бўлмаса ҳам бай-бай жуда ҳам ширин чиқибди десангиз олам гулистон аёлингиз ҳам сизнинг бу гапларингиздан шу кунги барча чарчоқлари эсдан чиқиб,  ҳудди рўзғор ишларини энди бошлагандай кучга кириб, кайфияти кўтарилади. Билинки бу кайфият кўтарилишига сизнинг  ширинсўзлигингиз сабаб бўлади. У ҳам инсон, у ҳам ўзига яхши муомала қилинишини ва эътибор берилишини хоҳлайди.

Ўйлаб кўрадиган бўлсак, бу иш на эрга ва на аёлга қийин иш эмас. Ҳаётда амалга оширса бўлди.

Азизларим халқимизда шундай бир мақол бор: “Яхши гап билан илон инидан чиқар, ёмон гап билан пичоқ қинидан чиқар” дейилади. Келинг ота-онамиз, ака-укамиз, опа-синглимиз, қўни-қўшнимиз, қариндош-уруғимиз, фарзандларимиз ва аҳли аёлимизга нисбатан ширинсўз бўлишни унитмайлик. Шунда улар ҳам бизга нисбатан ширинсўз бўлади.

“Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси,

“Кулол-Қўрғон” жомеъ масжиди имом хатиби

Яҳё Абдурахманов

60190cookie-checkШиринсўзлик бахт омили

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: