islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Аллоҳнинг шундай бандалари борки…

ДОКТОР МУҲАММАД РОТИБ НОБУЛСИЙДАН БИР ҲАДИС ШАРҲИ

(Фазилатли Шайх, Доктор Муҳаммад Ротиб Наблусийнинг 08. 01. 1998- йили, “Жомеул Аҳмадий“ номли масжидида ҳаётий мисоллар ила ажойиб ва гўзал шарҳланган ҳадис дарсини эътиборингизга қисқача ҳавола қиламиз):

Оламлар Роббиси Аллоҳга ҳамд бўлсин, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду саломларимиз бўлсин.

Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳнинг шундай бандалари борки, уларни одамларнинг эҳтиёжларига хослаб қўйган. Одамлар (шахсий) эҳтиёжларини қондириш учун уларнинг ҳузурларига талпинадилар. Ана ўшалар, Қиёмат куни Аллоҳнинг азобида омонда бўлувчилардир!“, деганлар. (Ибн Аббосга бир мавқуф ривоятда: “Одамлар (шахсий) эҳтиёжларини қондириш ва ўз(қалб)ларига сурур истаб“) уларнинг ҳузурларига талпинадилар. Ана ўшалар, Қиёмат куни Аллоҳнинг азобида омонда бўлувчилардир!“, деганлар (Табароний ривояти).

Шунга яқин маъноли бошқа бир ҳадисда бундай дейилган:

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: ”Аллоҳнинг шундай қавм(банда)лари борки, уларни бандаларнинг манфаатлари (ўз қўлидаги неъматларни одамларга манфаат етказиш йўлида сарфлашлари) учун неъматларга хослаган (айнан уларга бошқалардан кўра кўпроқ неъмат: бой-бадавлатлик, кенг имкониятлар берган)дир. Улар у(неъматлар)ни (одамлар манфаати учун) сарфлар эканлар, Аллоҳ у(неъматлар)ни уларнинг қўлида турғизур. Қачонки уни (одамлар манфаати йўлида сарфлашни) ман қилар эканлар, у(неъматлари)ни улардан тортиб олур ва бошқаларга ўтказур! (Ибн Абу Дунё ривояти).

Шарҳ:

Аллоҳ бир бандани яхши кўрса, унга одамларнинг эҳтиёжини туширур. Сиз Аллоҳ суядиган инсонларданмисиз ёки У ёқтирмайдиганларданми эканингизни билиб олишингиз мумкин. Одамлар эҳтиёжларини қондириш умидида эшигингизни кўп тақиллатса, ҳамманинг шу маънода кўзлаган одами бўлсангиз, улар сизда яхшиликни кўрсалар, орзу-умидларини сиз туфайли амалга ошади деб ишонишса, сиздан туҳфа ва ҳадялар кутишса, демак, Сиз Аллоҳ суйган бандалар қаторидасиз!..

Аммо одамлар сиздан юз ўгирсалар, атрофингиздан қочсалар, сиздан бир яхшилик чиқишидан ноумид бўлсалар, сиз ҳисоботларидан тушириб юборган бўлсалар, сизни барча мол-дунё ва лаззатларингиз ила тарк этсалар, билинки, сиз Аллоҳ азза ва жалла суймайдиган инсонлардан экансиз. Бу инсон бошқалар учун ўзини фидо қилади, буниси бошқаларни ўзига қул қилиш билан овора! Иккисининг орасида жуда ҳам катта фарқ бор.

Пайғамбарлар бор-будларини одамларга бериб, ўзларига ҳеч нарса қолдирмаганлар-у, бироқ Аллоҳнинг розилигини олганлар! Муштумзўр кимсалар ҳамма нарсани ўзлариники қилишга уриниб, бировга бирор нарса берган эмаслар. Одамлар ўзи у ёки бу каби бўладилар.

Менинг кўп айтадиган бир гапим бор: Пайғамбарлар ўз комилликлари ила қалбларга эга бўлганлар. Муштумзўрлар қувватлари ила бўйинларга эга бўла олганлар холос. Сиз хоҳланг, пайғамбарга, хоҳланг, муштумзўрга тобе-эргашувчи бўлинг! Муштумзўрга эргашсангиз, ўз манфаатларингизни амалга ошириш учун куч-қувватингизни сарфлайсиз. Пайғамбар йўлини тутсангиз, қалблар сизга талпиниши учун пайғамбар сизга буюрган камолот йўлларини ҳаётингизга татбиқ қиласиз…

“Аллоҳнинг шундай бандалари борки, уларни одамларнинг эҳтиёжларига хослаб қўйган…”

Бир йигит ҳақида эшитиб қолдим. У ширинлик, озиқ-овқат цехи очган экан. Шунчалик харидорлари кўп эканки, шу соҳада биринчи рақамли устоз даражасига деярли, чиқиб улгурибди. Хўп, яхши. Одамларнинг уни маҳсулотига бунчалик қизиқишининг сири нимада? Бу харидоргир товарнинг нима сирли жойи бор экан? Бунча катта даромад кўришнинг сири нимада?

У йигитнинг отаси бор экан. Отасининг ҳам алоҳида тижорат растаси бўлиб, унда ўғли ишлаб чиқарадиган ширинликларни сотар экан. Йигит отасининг бу растасига тақдим қиладиган барча товарни ҳисоблаб ўтирмай, отасига: “Бу товарни сотинг ва пулини ўзингизга олаверинг“, дер экан. У ака-ука, опа-сингилларига ҳам беҳисоб ҳадя ва моддий ёрдамлар берар экан. Яқинларига ҳам шу даражада сила-и раҳм қилиб, хайр-эҳсонлар берар эканки, киримининг ярмидан кўпини атрофидагиларга бериб юборар экан. Бир сафар уни койиб: “Сени тушуниб бўлмаяпти, ҳаддан зиёд кўп хайр-эҳсон қиляпсан. Бироз ўзингни ўнглаб, у ёқ-бу ёғинга қараб, ҳисобли иш қил. Бас, етар энди шунча қилганинг. Ҳар бир нарсанинг ҳам меъёри бор”, дебди баъзилар. Шунда у: “Агар мен бу хайр-эҳсонлардан қўлимни тортиб, тўхталсам, Аллоҳ бу имкониятни, мол-давлатни мендан бошқага ўтказиб қўяди. Йўқ, қўйинг, шу имконият ва бойликлар ўзимда қолсин, мен яна муҳтожларга бераверай”, деб жавоб берган экан… Ана, бунинг сири қаерда эканини кўрдингизми?

Билиб олинг:

Ҳаёт йўлида берсангиз, Аллоҳ ҳам сизга берур, инфоқ-эҳсон қилсангиз, Аллоҳ ҳам сизга инфоқ қилур, ён-атрофингиздагиларга инфоқ қилсангиз, Аллоҳ бошқаларнинг ризқини ҳам сизнинг қўлингизга бериб(сизни уларга тақсимлаб берувчи қилиб) қўюр, аммо бахиллик қилсангиз, уни сиздан олиб, бошқага берур!..

Бу фикрни теранроқ тушунишга ёрдам берувчи яна бир ҳаётий мисол:

Дамашқлик бир бой-бадавлат, донги кетган оила: уйи гўё санъат асари… ички, ташқи ҳовли… ер ости қават-подвал, ўрта этаж-биринчи, юқори қават-иккинчи этаж… шу уйда бир лимон дарахти бор экан. У ҳар мавсумда тўрт юз-беш юз атрофида мева берар экан. Маҳалладаги ҳамма шу хонадонга келиб: “Бир дона лимон беринг“, деб сўраверар, уй бекаси яхши аёл, ҳамиша уларга лимон бераверар, бирор кишини қуруқ қўл билан қайтармас экан. У табаррук ёшли очиққўл хотин бир кун вафот этиб, келини уйнинг ёлғиз бекаси бўлиб қолибди. У лимон сўраб чиққан биринчи одамгаёқ: “Бизда лимон йўқ“, деган жавобни берибди… кўп ўтмай ҳалиги лимон қуриб қолибди!..

Бу воқеа, берсангиз, Аллоҳ ҳам сизга беришига, ман қилсангиз, сиздан ҳам ман қилишига, ёрдам қўлини чўзсангиз, сизга ҳам ёрдам берувчи зот бор экани, ҳеч кимга ёрдам бермасангиз, сизга ҳам бирорта одам ҳаргиз ёрдам бермаслиги, раҳм қилсангиз, сизга раҳм қилувчи борлиги, раҳм қилмасангиз,сизга ҳам ҳеч ким ёрдам бермаслигига ёрқин мисолдир!..

Мен бир ажнабий журналда уч оғиз сўздан иборат бир мақола ўқиган эдим. Шу сўз ёзилгану, саҳифанинг қолган қисми бўл қолдирилган:

“Бахтли бўлишни истасанг, бошқаларни бахтли қилгин!..“

Дарҳақиқат, азиз биродарлар!

Мол-дунё ҳам бир кун ёқмай қолади. Еб-ичишдан ҳам зерикилади. Хотиндан ҳам малолланиб қолинади. Сафар-у-меҳмонхона ҳам жонга тегади. Ҳар хил тантана ва маросимлардан ҳам охири юрак безиб кетади. Лекин ҳеч қачон яхши ишдан зерикиш, чарчаш бўлмайди. Одамларнинг хизматини қилувчилар энг бахтли инсонлардир! Қўлида давлат борида муҳтожларга берувчилар ҳақиқий бахтиёр кишилардир!

Қўлингиздан атаганингизни ола туриб: “Бу одамнинг бир кунлик кирими бир миллион, икки миллион бўлса – ҳар давлатда ўз пул бирлигида бир кунда шунча пул топувчилар бор – кечки овқатда нима ер экан?“ – дейдиганлар бор. Озгина гўшт ейди-да… кирим чек-чегарасиз бўлса-да, еб-ичиш ҳам, барча неъматлар ҳам чеклангандир. Қорин бироз егуликка тўяди…

– Ўғлим, қаерга кетяпсан?
– Отамнинг руҳи учун маст бўлгунча тўйиб ичгани…

Отаси унга юз миллионлаб пуллар қолдирган. Ярамас-фосиқ ўғил отасининг руҳи учун спиртли ичимликка бўкиб, маст бўлишга кетмоқда. Ўзи нодонлар мол-дунёни тўплайдилар-у, Аллоҳ йўлида хайр-эҳсон қилмаслар. Дунёдан ўтишгач, зурриётлари улар қолдирган мол-давлатларини маъсияту-гуноҳ ишларга сарфлайдилар, улар эса қабрларида ўша Аллоҳ йўлида сарфлашдан қочиб, болаларига қолдирган мол-мулклари азобини тортадилар! Болалари эса ўша пуллар эвазига беармон ўйнаб кулиб, ҳузур-ҳаловатдалар!..

Шунинг учун тириклик чоғингизда инфоқ-эҳсон қилган бир тангангиз, ўлганингиздан сўнг инфоқ қилинадиган минг тангадан афзал ва яхшироқ!…

(Доктор Муҳаммад Ротиб Наблусий ҳафизаҳуллоҳнинг шарҳларини қисқартмаси шу жойда ниҳоясига етди).

Таржимон: “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири

Баҳодир Баҳромжон ўғли

60290cookie-checkАллоҳнинг шундай бандалари борки…
1 та фикр мавжуд
  1. Абдулкодир

    Одамлани эхтиежи Нима хидоят,сиротдан утиш,сояда туриш,китобни унг томондан олиш…бровлани бахтли килиш,бахт Нима жаннатга тушиш,Аллохни розилигини топпиш…илтимос хадисларни тулик тушунтирайлик булар ахлисунна валжмоа олимлари…бу шахсий фкрим хато булсин узур .Роббим мени кечир диний илмим йук булатуриб махмадоналик кидим…

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: