islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Фатовойи Таторхонийя” фатаво тўплами

Фаридуддин Олим ибн Аъло Ҳанафий роҳматуллоҳи алайҳи (ваф. 786/1384) ҳақида фиқҳ, усулул фиқҳ ва араб тилига оид китоблардан ва бошқа табақот китобларидан ҳаётларига тегишли етарлича маълумотлар йўқ. Котиб Чалабий[1] ва ундан нақл қилган бошқа манбаларда[2] баъзи маълумотлар учраса ҳам, ҳаёти ва асари ёзилган саналарга эътибор берадиган бўлсак, вафот этган санаси Абдулҳай Ҳасаний айтгани каби[3] 786 (1384) йилда эканлиги ҳақиқатга яқинроқдир.  “Кашфуз зунун”да  эса 286 санани 786 ўрнига янглишиб ёзиб қўйган бўлиши мумкин.

“Фатовойи Таторхонийя” тўплами Ферузшоҳ Туғлуқ даврида 777(1375-76) йилда унинг ташвиқоти билан битилган ва унинг амирларидан бири Таторхонга бағишланган. Азиз Аҳмад асарни Ферузшоҳнинг ҳалифаларидан Муҳаммад ибн Ферузнинг (Муҳаммад III) ҳукмдорлиги даврида (1390-1394) ёзилганини айтади.[4]Бу эса тарих жиҳатидан тўғри келмайди. Муаллифнинг асарига алоҳида ном қўймаганлиги айтилса-да, баъзи манбаларда унинг номи “Зод ас-сафар” ёки “Зод ал-мусофир” (Мусофир тўшаси) эканлиги айтилган.

“Фатовойи Таторхонийя”нинг номига нисбат берилган Таторхон, Ҳуросон ҳукмдорларидан бирининг ўғли бўлиб, отаси Ғиёсиддин Туғлуқ Ғозий I билан Мўлтон ва Дилапрурда бўлган жангда  енгилганидан кейин Туғлуқнинг аскарлари  тарафидан Султонга олиб келинади ва Султон унга “Татор Малик” деб исм қўйиб, саройида ўз ўғли каби тарбиялайди.  Султон Туғлуқ вафот этганида (725-1325) ёш Татор Малик, Муҳаммад Туғлуқ II даврида жасорати билан шуҳрат қозонган ва Ферузшоҳ Туғлуқ III ҳукмронлиги даврида Хон унвонини олган. Давлат амалдори ва қўмондони бўлиш билан бирга илмий ишларга ҳомийлик қилиши билан ҳам машҳур бўлган[5].

Асарга ниҳоятда тақводор инсон бўлган Ферузшоҳнинг эмас, қўмондонининг исми нисбат берилиши, турли фикрларнинг ўртага чиқишига сабаб бўлган.  Баъзи манбадларда Таторхоннинг ўзининг истаги ва ҳомийлиги остида ёзилгани учун унинг номи билан машҳур булгани айтилади.[6]

Абдулҳай Ҳасаний эса, Ферузшоҳ асарни унинг номи билан аталишини истаганида, муаллиф Таторхон билан қалин дўстлиги сабабли бу таклифни қабул қилмаганини айтади.[7] Бошқа тарафдан Муҳаммад Икромнинг “Фатовойи Таторхонийя” бир гуруҳ уламолар тарафидан тузилган[8] деган фикрини қувватлайдиган бирон манба ҳануз топилганича йўқ.

“Фатовойи Таторхонийя” қадимги ҳанафий фиқҳи китобларидаги услуб ҳамда Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асаридан намуна олинган ҳолда тузилган тўпламдир. Асарнинг бошида илмнинг аҳамияти ва фазийлатига тегишли бўлим ажратилган. Ундан кейин таҳоратдан фароизгача бўлган барча масалалар ҳақида сўз юритилади.

Турли кутубхоналарда бир нечта нусҳаси мавжуд бўлган.[9]  “Фатовойи Таторхонийя”нинг асосий манбаларини “Муҳит ал-Бурҳоний”, “Захират ал-Бурҳониййа”, “Фатовойи Қозихон”, “Фатовойи Заҳириййа” каби ҳанафий мазҳабининг ўша даврдаги машҳур фиқҳ китоблари ташкил қилади.

Муаллиф бундан ташқари фойдаланган бошқа манбаларни ҳам муқаддимасида зикр қилган.[10] Улар – “Жомеъул фатаво”, “Фатаво Абу Лайс”, “Ҳидоя” ва унинг шарҳлари, “Ҳизонатул фиқҳ”, “ал-Ҳужжа”, “ал-Хулоса”, “ал-Мухтор”, “ан-Насафийя”, “Наводиру Аби Сулаймон”, “ан-Навозил”, “Фароизус Сирожийя”, “Шарҳут Таҳовий”, “ат-Тавзийҳ”, “Фатавои Волволижийя”, “ал-Виқоя” каби ҳанафий мазҳабида мўътабар ҳисобланган асарлардир.

Муаллиф турли масалаларга тегишли ҳукмларни нақл қилганидан кейин бу масаланинг кимга оид эканлигини ва қайси китобдан олинганини аниқ баён қилиб, илмий омонатдорликка риоя қилган.

“Фатовойи Таторхонийя” ёзилиш услуби жиҳатидан “Фатавойи Ҳиндиййа”га ўхшаб кетади.

Муаллиф масалаларни такрорламаган бўлса ҳам, асарнинг ҳажми катталашиб кетган. Мисол учун Сулаймонийя кутубхонасидаги нусҳа[11] 4 жилд бўлиб, 2134 варақдан иборат.

Иброҳим ибн Муҳаммад Ҳалабий бу асарни қисқартирган ва унга “ал-Мунтаҳоб минал фатавот Таторхонийя”[12] деб ном қўйган.[13] Ушбу мухтасар асарнинг Шаҳид Али Пошо нусхаси ўрта бўйли 203 вароқдир. “Ибн Сафо Ҳожа”, деб танилган Аҳмад ибн Муҳаммад ҳам “Фатовойи Таторхонийя”дан саралаб тузилган тўплам яратган.[14]

“Фатовойи Таторхонийя”нинг биринчи ва охирги вароқлари

[1] Кашфуз зунун. 2/947
[2] Ҳадийятул Орифийн 1/435; Қаҳҳола, Мужамиъул муаллифийн 5/52да вафот этган санаси 286(899),  Сафо Ҳулусий эса 752(1351)
[3] Нузҳатул ҳавотир 2/65
[4] The Legacy of Islam, c. 133
[5] Шамсус Сирож Афиф, 3/367
[6] Кашфуз зунун, 1/268; Қаҳҳола, Мустадрок. с.315; 3/90
[7] Нузҳатул ҳавотир. 2/65
[8] Muslim Civilization in India. s. 103
[9] Масалан қаранг: Сулаймонийя кутубхонаси, Раийсул куттаб Мустафо Афанди, рқ. 412-415,416-419; Аёсофия, рқ. 1551-1561; Меҳмед Оға Жомеъ, рқ. 114-117; Шаҳид Али Пошо, рқ. 1033-1036; Султон, рқ. 227-236; Қайсарий Рашид Афанди кутубхонаси, рқ. 386/1-4
[10]. Сулаймонийя кутубхонаси, Раийсулкуттаб Мустафо Афанди, рқ. 416, вароқ  2а.
[11]. Сулаймонийя кутубхонаси, Раийсулкуттаб Мустафо Афанди, рқ. 416-419
[12]. ал-Фавоидул мунтаҳоба минал фатавот Таторхонийя
[13] Нусҳалари учун қаранг: Сулаймонийя кутубхонаси, Чалабий Абдуллоҳ Афанди рқ. 162; Иброҳим Пошо рқ. 730, 731; Асад Афанди, рқ.1008; Шаҳид Али Пошо рқ. 1081).
[14] Ҳанафий фиқҳи олимлари, с. 86.

“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси кабинет мудири
Шоҳмирзо Ибрагимов

61900cookie-check“Фатовойи Таторхонийя” фатаво тўплами

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: