Уламоларимиз Қуръони карим қироати одоби ҳақидаги барча далилларни ва мулоҳазаларни ўрганиб чиққанларидан кейин хулоса қилиб, бу одобларни қуйидагича тартибга соладилар:
- Қуръони каримни қироат қилувчи одобли бўлиши керак.
- Қуръони каримни қироат қилувчи таҳоратли бўлиши лозим.
- Қуръони каримни қироат қилувчи чўкка тушиб, тавозуъ билан ўтириши керак.
- Қуръони каримни қироат қилувчи чордана қуриб, ёнбошлаб ёки мутакаббир сифатда ўтирмаслиги керак.
- Қуръони каримни қироат қилувчи учун энг афзал ҳолат тик турган ҳолида намозда ва масжидда ўқимоқликдир.
- Қуръони каримни қироат қилувчи ўзининг муҳим ишларини ташламаслиги керак. Ишдан бўшаганда қироат қилади.
- Қуръони каримни қироат қилувчи учун қироат кўпайиб баданига зарар етказадиган бўлмаслиги керак.
- Қуръони каримни қироат қилувчи ўта шошилиб тартил ва тажвидни бузмаслиги керак. Тиловатдан вақтни қизғаниб ёки бошқа сабаблар билан шошилиб ўқимаслик.
- Қуръони каримни қироат қилувчи оддий киши бўлса, ҳар куни бир порадан ўқиб, бир ойда бир марта хатм қилиб туриши керак.
- Қуръони каримни қироат қилувчи қироатни кўп қилмоқчи бўлса, уч кундан кам бўлмаслиги керак.
- Қуръони каримни қироат қилувчи хатм қилганидан кейин Аллоҳ таолога дуо қилиши марғубдир.
- Қуръони каримни қироат қилувчи имкони борича тиловатни чиройли қилишга ҳаракат қилмоғи мустаҳабдир.
- Қуръони каримни қироат қилувчи қироатни ичида қилмоғи мустаҳабдир. Бу ўзига эшитиладиган қироатдир.
- Қуръони каримни қироат қилувчи баъзи мақсадлар учун овозини баланд қилиб қироат қилса ҳам жоиз.
- Қуръони каримни қироат қилувчининг мусҳафи бўлса, ўша мусҳаф қаровсиз қолмаслиги учун ҳар куни маълум оятларни бўлса ҳам унга қараб ўқиб турмоғи лозим.
- Қуръони каримни қироат қилувчи доимо ўзи ўқиётган калом башарнинг эмас, Аллоҳ таолонинг каломи эканини ва У зотнинг улуғлигини ҳис қилиб турмоғи лозим.
- Тиловатга киришишдан олдин ақлни машғул қиладиган турли омиллардан зеҳнни холи қилиш.
- Ҳар гал тиловатга киришиш олдидан Аллоҳ таолодан уни осон этишини чин дилдан сўраш ва У Зотдан доимо ғайрат, куч-қувват ва имкониятлар сўраб дуою илтижода бўлиш. Зотан Аллоҳдан ўзга ҳеч кимдан қувват ва ёрдам йўқдир.
- Бу ўринда оддий матнни эмас, балки, буюк илоҳий китоб, лафзи ҳам, маъноси ҳам Аллоҳ томонидан бўлган, У Зотнинг қадим каломи бўлмиш Қуръони каримни, илоҳий ваҳийни ўқиётганини унутмаслик, бу ҳақиқатни доимо ҳис қилиб туриш.
- Бу йўлда тўғри ният билан қилинган ҳар бир ҳаракат ва машғулот ибодат ҳисобланишини доимо ёдда тутиш.
Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
Абдусамад Тожиддинов