islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳадислар таржимасига тааллуқли айрим фикрлар

Аллоҳга беҳад ва беадад ҳамду санолар бўлсинки, сўнги вақтларда юртимиз мусулмонларининг маънавий-маърифий ҳаётида кўплаб ижобий ўзгаришлар юз бермоқда. Халқимиз маънавий эҳтиёжини қондирадиган ва ёшларимизни эзгулик сари йўналтирадиган турли-туман диний-маърифий нашрларнинг сони ҳам кундан-кунга ортиб бормоқда. Албатта бунда давлатимиз раҳбариятининг ниҳоятда халқчил ва ҳақчил сиёсатини ҳам эътироф этишимиз лозим. Зеро, ҳақиқатан ҳам муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида халқимизнинг диний ва руҳий эҳтиёжини қондиришга йўналтирилган жуда катта ишлар дунё юзини кўрмоқдаки, уларга кўз юмиш адолатдан эмас. Жумладан, кетма-кет қад кўтараётган масжидлар, янги мадрасалар, Ислом тамаддуни маркази, Ислом академияси, ҳадис мактаблари, араб тили ва Қуръон курслари яна бошқа кўплаб хайрли ишлар бунга мисол бўла олади. Фурсатдан фойдаланиб, Аллоҳ таолодан давлатимиз раҳбариятининг олиб бораётган мазкур ишларида куч-қувват ва муваффақият ёр бўлишини сўраб қоламиз.

Агар бевосита, баҳсимиз мавзусига қайтадиган бўлсак, айтиш жоизки, диний-ижтимоий руҳдаги китобларнинг мағзини ояти карималар, ҳадиси шарифлар шунингдек, саҳобаю тобеинлар ва уларга эргашган солиҳ ўтмишларимиздан нақл қилинган ибратли сўз ва амаллар ташкил этади.

Мазкур диний адабиётларни ёзиш асносида ояти карималар билан бир қаторда ҳадиси шарифларни таржима қилишга ҳам тўғри келади. Қуръони карим оятларининг таржимаси борасида мурожаат қилишимиз мумкин бўлган ўзбек тилидаги бир нечта қўлланмаларимиз бор. Аммо, ҳадиси шарифлар таржимасида кўпчилик шахсий имкониятларига таянади. Кўпинча, ҳадисларга берилган таржималарда юзакилик, умумийлик ва нодақиқлик кўзга ташланади. Натижада таржима матнда ирода қилинган маънодан у ёки бу миқдорда четга чиқа бошлайди, гарчи, умумий йўналиш хато бўлмаса ҳам. Ваҳоланки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларининг таржимасига  ўта синчковлик, диққат-эътибор, шошилмаслик, тадаббур ва тафаккур билан ёндашиш талаб этилади. Қуйида, бандаи ожизнинг ҳадиси шарифларни таржима қилишда қўл келиши мумкин айрим кичик тавсиялари баён этилади:

1. Ҳадиси шарифларни таржима қилишда энг зарур ва бирламчи аҳамиятга эга бўлган нарса араб тилини яхши билиш, бу тилнинг руҳиятини тушуниш, маънода балоғий ўзгаришлар ясайдиган услублар ва мазкур тилнинг бошқа хусусиятларидан хабардор бўлишдан иборатдир. Бусиз иложи йўқ. Бу даражага чиқа олмаган одам ҳадиси шарифдаги барибир қайсидир латиф маънони, қайсидир нозик бироқ, асосий йўналишни кўздан қочиради.

2. Ҳадисларга шарҳ сифатида битилган машҳур китобларга кўп-кўп назар солган бўлиш. Бу нарса ҳадисларни тўғри тушунишга, тушунарсизроқ ва иштибоҳлироқ бўлган ўринлардаги асл маънони билиб олишга ёрдам беради. Шунингдек, ҳадис ва фиқҳ илмига оид бўлган махсус сўзлар ва истилоҳларнинг асл ишлатилиш майдонидан хабардор бўлишда жуда қўл келади.

3. Юқорида ҳадиси шарифларни таржима қилишда араб тилини яхши билиш муҳимлиги айтилди. Лекин, бунинг ўзи кифоя эмас. Чунки, бу – ҳадисларни таржима қила олишнинг шартларидан бири холос. Бинобарин, бунинг ўзи билан иш битиб қолмайди. Балки, ҳар сафар бирор ҳадисни таржима қилишдан аввал унинг шарҳларига кўз югуртириш, камида тўртта-бешта машҳур ва мўътамад асарлардаги шарҳи билан танишиш лозим. Мисол учун, Мулло Али Қорининг “Мирқотул мафотийҳ”и, Бадруддин Айнийнинг “Умдатул қорий”си, Нававийнинг “ал-Минҳож шарҳу саҳиҳи Муслим ибнил Ҳажжож” асари, Ибн Ҳажар Асқалонийнинг “Фатҳул Борий”, Анваршоҳ Кашмирийнинг “Файзул Борий”, Шаббир Аҳмад Усмонийнинг “Фатҳул Мулҳим”и, Муҳаммад Абдураҳмон Муборакфурийнинг “Туҳфатул Аҳвазий”, Суютийнинг “Ҳошиятус Суютий алаа сунанин Насоий”, Синдийнинг “Ҳошиятус Синдий алаа Сунани Ибни Можа” ва АбдурРоуф Муновийнинг “Файзул Қадийр” асарлари каби машҳур шуруҳотларга мурожаат қилиш фойдадан холи эмас. Чунки, шарҳларда ҳадиси шарифлардаги ҳар бир сўз ва элементларнинг мазмун-моҳияти, келиб чиқиши (этимологияси) ва бошқа жиҳатлари муолажа қилинади. Умумий маъно берилади ва фиқҳий далолатларига ҳам тўхталиб ўтилади. Юқорида зикр этилган китобларнинг баъзилари ҳанафий мазҳабидаги олимлар, бошқалари фиқҳий мазҳаби бошқа бўлган олимлар томонидан битилган. Аммо, ўта машҳур бўлиб кетганлиги ва ҳадиси шариф маъноларини билишда муҳим аҳамиятга эга эканлиги боис аҳли илмлар томонидан мурожаат этилаверади. Лекин, фиқҳий хулоса чиқаришда шошилмаслик керак бўлади. Чунки, шореҳлар кўпинча, гарчи аслида бирорта фиқҳий мазҳабга эргашувчи бўлсаларда ҳадис шарҳида ўзига хос йўл тутадилар. Масалан, “Туҳфатул Аҳвазий шарҳу жомеи-т-Термизий” китобининг соҳиби гарчи ҳанафий олим бўлсада, аммо, мазкур асарини таълиф этишда аҳли ҳадислар йўлидан юриб, ҳадислардан фиқҳий хулосалар чиқаришда мазҳабни асос қилиб олмаган. Шу боис, шарҳ китобларига мурожаат қилинар экан, шу жиҳатларини ҳисобга олиш ўта муҳим. Бу масалада адашиб қолмасликни истаган одам юқоридаги китоблардан Али Қорининг “Мирқотул мафотийҳ”и, Бадруддин Айнийнинг “Умдатул қорий”си, Кашмирийнинг “Файзул Борий”си, Шаббир Аҳмад Усмонийнинг “Фатҳул Мулҳим”и билан кифояланиши мақсадга мувофиқ.

Муҳаммад Абдурроуф Муновийнинг Суютийнинг “ал-жомеу-с-сағир” китобига шарҳ сифатида ёзган ниҳоятда мукаммал ва мутаввал “файзул Қодийр шарҳул жомеис сағир мин аҳодийсил Башийрин Назир” номли асари ҳадислар шарҳида битилган жуда бебаҳо асарлардан бири ҳисобланади. Муновий ҳам, Суютий ҳам шофеий мазҳабидаги олимлардан. Аммо, уларнинг асарларидан неча асрлардан бери барча мазҳаб вакиллари фойдаланиб келади. Чунки, улар мўътадил, таассубдан йироқ, ўзгаларга тоқатли, шунингдек, тасаввуфдан насибаси бор ва эътиқоди соғлом бўлган олимлардандирлар.

Муновийнинг юқорида тилга олинган асари шуниси билан эътиборга моликдирки, у ҳадиси шарифларда ишлатилган лафзларга астрофлича тўхталади, ҳадис матнини наҳвий жиҳатдан таҳлил қилади ва ҳадисларни ҳадислар билан, шунингдек ҳадисларни оятлар ила шарҳ ва тафсир қилади. Ҳадиси шарифлардаги латоифлар, ҳикматлар, ибратлар, чуқур маънолар ва мукошафаларга ҳам ишоралар қилади.

4. Ҳадиси шарифларни ўзбек тилига таржима қилувчи киши юқоридаги тавсияларга амал қилиш билан бир қаторда ўз она тилиси бўлмиш ўзбек тилини ҳам яхши билиши мақсадга мувофиқ. Шунда у ўзбекзабон ўқувчига оламлар Сарварининг сўзларини имкон қадар ўзидек қилиб етказа олади. Акс ҳолда ўзи билмаган ва сезмаган тарафидан ҳолда ҳадислар маъносига нуқсон етказади.

5. Ҳадиси шарифлар таржимаси билан шуғулланаётган кишининг қулоғи остида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “кимки, менинг номимдан қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдаги жойини эгаллайверсин!” (Абу Довуд ва имом Аҳмад ривоятлари) деган ҳадислари мудом жаранглаб турмоғи лозим. Зеро, бу ҳадисдаги ваид гарчи, биринчи галда Набий алайҳиссалом номларидан атайин ёлғон тўқийдиганларга тегишли бўлсада, доим эътиборсизлик билан ҳадис мазмунини бузиб юборувчи, ровийларга умуман эътибор бермайдиган кишиларга ҳам бир учи тааллуқли ҳисобланади. Яъни, мазкур ҳадис мазмунидан юқоридаги эътиборсизликларнинг ножоизлиги ҳам келиб чиқади.

“Тиллар” кафедраси ўқитувчиси
Алишер Султонхўжаев

Манба

63540cookie-checkҲадислар таржимасига тааллуқли айрим фикрлар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: