Ислом чақалоқнинг туғилиш чоғларига ҳам намунали эътибор қаратган. Фақат ахлоқий ё жисмоний томонига бир ёқлама ёндашиб, иккинчи жиҳатини назардан четда қолдирмаган. Насл соғлом, оила фаровон бўлиши учун бола туғилишидан аввал унинг келажагини қайғуриб, унга ҳам ахлоқий, ҳам жисмонан соғлом ота-она танлашга буюрган. Ҳаётнинг барча босқичларида унинг манфаатларини тўлиқ кафолатлаган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Бирор бир ота ўз фарзандига чиройли одобдан-да афзал бўлган бирорта совғани туҳфа қила олмас” – деган сўзлари ҳар бир боланинг ахлоқий комил инсон бўлишига тўла кафил бўлса, жисмоний комил инсон бўлиши гарови бўлган кўрсатмаларининнг мўжизакорлигини қуйида ўрганамиз:
Чақалоқ дунёга келган куни қилиниши жорий этилган ишлар: яқинларга хушхабар бериш, ота-онани табриклаш, гўдак ҳақига дуо қилиш, икки қулоғига азон ва иқома айтиш, танглайини кўтариш.
Танглай кўтариш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидир. Бу суннат – соғлом одамнинг оғзида хурмо ё бошқа ширинликни чайнаб, чайналган нарсани покиза бармоғига қўйиб, бармоғини чақалоқнинг оғзига киргизиб, ўша бармоғини ўнг ва чап томонга ҳаракатлантириб, ширинлик оғзига тўлиқ етиб боргунича унинг танглайини енгил ишқалаш билан амалга оширилади. Сувли, юмшоқ хурмонинг бир жузини шимиб, фойдаланиши учун гўдакни оғзига солиб қўйиш ҳам мумкин.
Хурмо топилмаса, ширинликдан фойдаланиш ҳам дуруст. Асал бошқа ширинликдан кўра яхшироқ. У ҳам бўлмаса, олов тегмаган – пиширилмаган – нарса билан қилса ҳам бўлади.
Суннатда танглай кўтариш мавзуси
Танглай кўтариш борасида кўп ҳадислар бор. Жумладан, Асмо бинт Абу Бакр Макка шаҳридан ўғли Абдуллоҳ ибн Зубайрга ҳомиладор ҳолда Мадинга келганларидаги ҳолатни баён қилиб, бундай деганлар: “Мен Маккадан ҳомилам тўққиз ойга тўлганда йўлга чиқдим. Мадинага келиб, Қубо қишлоғига тушдим ва Қубода кўзим ёриди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келдим. У зот чақалоқни қўйинларига олиб, хурмо олиб келишга буюрдилар, (олиб келингач), уни чайнадилар, сўнг (биринчи бўлиб) чақалоқнинг оғзига туфладилар. Унинг қорнига биринчи кирган нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак тупуклари бўлди. Сўнг хурмо билан унинг танглайини кўтардилар, сўнг унинг ҳақига барака тилаб, дуо қилдилар. У Ислом дини келгач, мусулмон оилалари орасида туғилган биринчи чақалоқ бўлди” .
Ҳамма жуда хурсанд бўлиб қувонди. Чунки уларга “Сизларни яҳудийлар сеҳрлаб қўйган. Энди сизларда туғилиш бўлмайди” – деб айтилган эди…
Танглай кўтаришнинг тиббий фойдалари
Доктор Муҳаммад Али ал-Бар – Тариқул-Ислом маркази, илмий мўжизаларни ўрганиш ҳайъат аъзоси – замонавий илм янги туғилган боланинг танаси соғлиги, яхши униб-ўсишига танглай кўтаришнинг кўп фойдалари бор эканини таъкидлади. У бу ҳақда қаноатлантирувчи илмий хулоса ва изоҳларни тақдим қилиб, бундай деган:
Танглай кўтариш борасида келган ҳадислар чақалоқнинг қорнига биринчи бўлиб кирувчи нарса хурмо ёки ширин озуқа бўлиши лозим эканига ҳамда унинг ҳаёти баракали бўлиши умидида бу амалиётни гўдакни фазилатли, солиҳ эркак ёки аёллар ҳузурига олиб борилиб, уларнинг қўлида амалга ошириш мустаҳаб эканига далолат қилади. Танглай кўтаришнинг ҳикматини замонавий илм ўн тўрт асрдан сўнг кашф этиб, топди. Яқин даврда барча гўдаклар, хусусан, янги туғилган, энди сутга кирган чақалоқларнинг ўлимига икки нарсадан бири сабаб бўлиши маълум бўлди:
1. Қондаги шакар (глюкоза) миқдорининг пастлаб кетиши;
2. Онадан янги туғилган чақалоқ совуқ об-ҳавога тўқнаш келганда, тана ҳарорат даражасининг пастлаб кетиши.
Чақалоқлар қон таркибидаги шакар (глюкоза) миқдори пастроқ бўлади. Унинг вазни қанча енгил бўлса, қон таркибидаги глюкоза нисбати янада пастроқ бўлади. Чала туғилган (вазни 2,5 кг дан кам) болаларда бу кўрсаткич жуда ҳам паст – кўп ҳолларда 100 мл/литр (100 гр) қондаги глюкоза миқдори 20 мг (2 гр) дан кам – бўлади. Бу миқдор нисбати вазни 2,5 кг дан ортиқ чақалоқларда бироз кўпроқ – 30 мг (3 гр) – бўлади.
Бу нисбат кўрсаткичи қон таркибидаги глюкоза миқдорининг кескин тушиб кетиши ҳисобланади. Бу баъзи хатарли ҳолларга олиб келиши мумкин:
1. Бола эмишни тарк қилиши;
2. Мушакларнинг бўшашуви;
3. Тез-тез нафас етишмаслиги, баданда кўкариш пайдо бўлиши;
4. Мушакларнинг титраб-қақшаб сиқилиши;
Шунингдек, бу ҳолат янада хатарли сурункали касалликларга олиб келиши ҳам мумкин:
1. Гўдакнинг ўсмай, ривожланмай қолиши;
2. Ақлий қолоқлиқ;
3. Мия фалажи;
4. Қулоқ ёки кўз ёхуд иккисининг ҳам шикастланиши;
5. Эпилепсия(тутқаноқ, қуёнчиқ)га дучор бўлиш.
Бунинг муолажаси осон – сувда эритилган шакар(глюкоза)ни чақалоқнинг оғзи ёки вена томири орқали юборилса кифоялигига қарамай, муолажа ўз вақтида бажарилмаса, натижа ўлим билан ҳам якунланиши мумкин. Бу танглай кўтариш бажарадиган бир ишдир.
Хулоса шуки, танглай кўтариш қондаги глюкоза танқислигидан сақловчи муолажадир. Чунки хурмо, асал ҳамда оловда пишмаган ширинликлар ўз таркибида кўп миқдорда шакар-глюкоза сақлайди. Уни оғизда чайнаб берилганда тупук ундаги шакарларни эритиб қўйиши эса, чақалоққа ундан фойда олишни осонлаштиради. Бу гўдакнинг ички органлари глюкоза ишлаб чиқариш тизимини фаол ишлашига кўмаклашади. Шунинг учун туғруқхоналар чақалоқларга – ҳали онаси эмизишидан – илгари, туғилиши билан глюкоза эритмасини беришга одатланган. Ана, сизга, Набавий суннатда айтилган танглай кўтариш ҳикмати!
Илмий ўрганишлар шуни таъкидлаганки, танглай кўтаришнинг қуйидаги манфаатлари ҳам бор:
– оғиз мушакларини бақувват қилади;
– тилнинг танглай, икки жағ ила фаол ҳаракатига сабаб бўлади;
– гўдакни кўкракни оғизга олишга тайёрлайди;
– гўдак сутни ичига кучли тарзда тортишига ёрдамлашади;
– ҳазм системасига қон айланиш фаоллигини таъминлайди;
– ютиш ва эмиш аъзоларини табиий ҳаракатга келтиради;
– танглай кўтариш асносида гўдак ҳалқумининг юқори шифти прессланишининг оғизга табиий шакл бериш ҳамда гўдак гапиришни бошлаётганда ҳарфларни ўз ўрнидан чиқариши, тўғри талаффуз қилишга катта ижобий таъсир қилади!
Танглай кўтаришда ўқиладиган дуо
Ёши улуғ буюк олим устозларнинг иккиларидан танглай кўтаришда қуйидаги дуони ўқиганларига ўзим гувоҳ бўлганман:
حَصَّنتُكَ بِالحَيِّ الٌقيُّومِ الَّذِي لَا يَمُوتُ وَدَفَعتٌ عَنكَ السُّوءَ بِلاَ حَولَ وَلاَ قُوَّةَ إلاَّ بِاللَّهِ
Маъноси: Сени ҳаргиз ўлмайдиган Ҳай ва Қайюм зотнинг паноҳи ила ҳимояладим. Ва Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ калимаси ила сендан ёмонлик ва зарарни даф этдим.
“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири
Баҳодир БАҲРОМЖОН ўғли