islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Сийратдан суратлар

Пайғамбаримизнинг улуғ хулқлари

Набий алайҳиссалом бандаларни жаҳолат зулматларидан ҳидоят нурига олиб чиқиш учун Аллоҳнинг инсониятга ато этган буюк неъмати, улуғ раҳматидирлар. Ул зотни Ер юзига юбориш орқали Аллоҳ таоло башарият жинсига бениҳоя улкан яхшилик қилди. Бу ҳақда “Оли Имрон” сурасининг 164-оятида шундай марҳамат қилинади: “Албатта Аллоҳ мўминларга буюк инъом қилди – уларга ўзларидан бўлган (яъни, одам жинсидан бўлган), уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган, уларни (разолатлардан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб ва Ҳикматни ўргатадиган Пайғамбарни юборди. Зеро, улар бундан илгари очиқ хато – залолатда эдилар”.

Бошқа бир ояти каримада эса Набий алайҳиссалом оламларга фақат раҳмат ўлароқ юборилганлиги айтилади. Набий алайҳиссалом ўзлари ҳақида “Мен (инсониятга) инъом этилган раҳматдирман!”, дер эдилар. Дарҳақиқат, Набий алайҳиссаломнинг юборилишлари инсониятнинг залолат ва гумроҳликдан тўғри йўлга келишига, жаҳаннам азобидан қутулишига сабаб бўладиган буюк имконият ва фурсатдир. Ул зот олиб келган илоҳий кўрсатмалар, набавий ўгитларга амал қилган кишилар дунёю охиратда бахту саодат топажаклар.

Ул зотнинг хулқу одобларидан ўрнак олиш, сийратларини ўрганиб, турмушга татбиқ қилишга дунёю охират саодатига сабабдир.

У зотнинг хулқлари ҳақида Аллоҳнинг ўзи: “Батаҳқиқ, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!”, дея марҳамат қилиб, Набий алайҳиссаломга гўзал тавсиф берган.

Оиша онамиз разияллоҳу анҳодан Пайғамбаримизнинг хулқлари ва одоблари ҳақида сўрашганда у киши шундай жавоб берганлар: “Ул зотнинг хулқлари Қуръон эди, у (яъни Қуръон) нимадан ғазабланса, ўша нарсадан ғазабланар, нимадан рози бўлса, ўша ишлардан рози ва хурсанд бўлардилар”.

Расулуллоҳ алайҳиссалом одамларнинг энг ростгўйи, ваъдасига энг вафолиси, энг мулойим табиатлиси, дўсту ҳамроҳ ва меҳмонига нисбатан энг карамлиси эдилар.

У киши ҳатто ўз чодиридаги (узатилмаган) бокира қиздан-да ҳаёлироқ ва уятчанроқ эдилар. Кўпинча нигоҳларини қуйи қилиб юрар, аксар назарлари тафаккурдан иборат бўларди.

Ул зот асло фаҳш сўзларни гапирувчи, қўпол сўзлагувчи ва лаънатлаб юрувчи инсон бўлмаганлар. Ёмонликка ёмонлик билан жавоб бермас, балки, кечириб кетардилар.

У кишидан кимдир бирор эҳтиёжини сўраса, албатта сўраганини берар, ёки (бунинг имкони бўлмаса) яхши сўз билан жавоб қайтарардилар.

У киши қўпол ва ғализ бўлмаганлар. Токи ҳақдан бошқасини гапирмас экан, ҳеч кимнинг сўзини бўлмасдилар. Бордию, ноҳақ сўзларни гапиришни бошласа, бундан наҳий қилган ҳолда ёхуд ўринларидан туриш билан унинг сўзини кесардилар.

Набий алайҳиссалом қўшнисини ҳимоя қилар, (унинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этар), меҳмонини иззат қилардилар. У кишининг бўш вақтлари зое ўтмасди. Ё Аллоҳ йўлида бирор иш билан банд бўлардилар ёхуд ҳаёт учун зарур ишда ўтарди вақтлари.
Пайғамбаримиз некбинликни хуш кўрардилар, бадбинликни ёқтирмасдилар. Агар икки ишдан бирини танлаш керак бўлиб қолса, модомики гуноҳ ишлардан бўлмаса, енгилини танлар эдилар. Бошига иш тушиб, ғамга ботганларга ёрдам беришни, мазлумларга мадад беришни яхши кўрардилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз асҳобларини яхши кўрар, улар билан маслаҳатлашар ва аҳволларидан хабар олиб турардилар. Касал бўлган кишини зиёрат қилар, кўринмай қолган одамни йўқлар, вафот этган киши ҳаққига дуо қилардилар.

Узр сўраган кишининг узрини қабул қилардилар. Ул зотнинг наздида ҳақ борасида кучли ҳам, кучсиз ҳам баробар эди. Сўзлаганларида шу қадар фасоҳат ва виқор билан, дона-дона сўзлар эдиларки, агар кимдир (у киши гапирар эканлар) сўзларини санаса, бемалол санаб оларди. У киши ҳам ҳазиллашар эдилар, бироқ фақат ҳақни сўзлардилар.

Кишиларнинг энг марҳаматлиси, дўст-ёрларига энг икром ва илтифотлиси эдилар. Мажлисда жой торайиб қолса, сурилиб жойни кенгайтирардилар. Учрашган одамларига биринчи бўлиб салом берардилар. Агар биров билан қўл бериб кўришсалар, то ўша одамни ўзи қўлини тортиб олмагунча ул Зот қўлларини тортмасдилар.

Набий алайҳиссалом одамларнинг энг камтар ва энг тавозеълиси эдилар. Агар бирор ерда ўтирган жамоага келиб қўшилсалар, охирги ўтирган одамни ёнига ўтирардилар (яъни одамларни жойидан қўзғатиб, тўрга интилмасдилар), ва бошқаларни ҳам шу ишни одат қилишга чақирардилар.

Шунингдек, у киши мажлисдаги барча ҳамроҳларининг (яхши муомаладан) ўз насибасини берардилар, ҳатто у зот билан ўлтирган одам “мендан бошқа ҳеч ким Пайғамбаримиз учун мендан кўра ҳурматлироқ ва суюмлироқ бўлмаса керак”, деб ўйларди.

Агар Пайғамбаримизнинг ҳузурига бирон киши келиб ўтирадиган бўлса, то ўша одамнинг ўзи турмагунча ўрниларидан турмас эдилар. Илло қайсидир зарур иш туфайли шошилиб қолсалар, ўша кишидан рухсат сўраб, кейин ўрниларидан турардилар.

Набий алайҳиссалом бирон кимсага унга ёқмайдиган, малол келадиган шаклда муомала қилмас эдилар, касалларни зиёрат қилар, мискинларни яхши кўрар, улар билан бирга ўтирар ва жанозаларида қатнашар эдилар.

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) камбағални камбағаллиги учун таҳқирламас, шунингдек бирор подшоҳдан унинг подшоҳлиги учунгина ҳайбат қилмас эдилар. Агар қандайдир неъмат берилса, гарчи арзимас ва оз миқдорда бўлса ҳам, уни улуғлаб, ошириб кўрсатардилар.

У зот ҳеч қачон овқатни ёмонламаганлар. Агар ёқса ер, ёқмаса емасдилар. Таомнинг аввалида Аллоҳнинг номини ёдга олар, сўнгида Унга ҳамд айтар ва ўнг қўллари билан еб-ичардилар.

Пайғамбаримиз хушбўйликларни, ёқимли ҳидли нарсаларни яхши кўрар, пиёз ва саримсоқ каби бадбўй нарсаларни ҳиди учун ёқтирмасдилар.

Набий алайҳиссалом риё ва сумъадан, амални одамларга кўз-кўз қилишдан узоқ эдилар. Ҳар бир амаллари холис Аллоҳ учун қилинарди.

Ул зот ҳаж қилдилар ва “Эй Аллоҳ, бу – риё ва сумъа аралашмаган ҳаждир, (уни қабул этгин)!”, дея дуо қилдилар (Мақдисий ривояти).

Набий алайҳиссалом кийим-кечак ва ўтиришда асҳобларидан ажралиб олмас эдилар. Улар орасига саҳройи араблар келар ва: “Қай бирингиз Муҳаммад бўласиз?”, дер эди.

Аллоҳ таолонинг охирги Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом ҳар жиҳатдан умматга намуна эдилар, у зотнинг хулқлари Қуръон эди. Сийрат китобларида, у зотдан ривоят қилинган ҳадиси шарифларда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг комил инсон бўлганлари васф этилади:

Жумладан, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) одамларнинг энг гўзали, одамларнинг энг сахийи, одамларнинг энг шижоатлиси эдилар” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) одамларнинг энг чиройлиси ва хулқи энг гўзали эдилар”, дейилади (Имом Бухорий ривояти, “Жомеъус-саҳиҳ”).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб, дедилар: “Мен аслида олийжаноб хулқларни камолига етказиш учун юборилганман” (имом Аҳмад, имом Бухорий ва Ҳоким ривоят қилишган).

Ҳадиси шарифлар билан яқиндан танишган ҳар бир киши Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг буюк кечиримлиликлари, одамларга ҳар қандай ҳолатда ҳам яхши муомалада бўлишлари, айниқса у зотнинг ҳатто бошқа дин ва таълимот вакилларига ҳам ўта бағрикенглик билан муносабатда бўлганларига ишонч ҳосил қилади.

Мужоҳиддан ривоят қилинади: “Абдуллоҳ ибн Амрнинг уйида қўй сўйилди. У келиб: “Яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадя қилдингизми? Яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадя қилдингизми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Жаброил менга қўшнининг ҳаққи ҳақида шу қадар кўп тавсия қилдики, ҳатто уни мерос оладиган қилса керак, деб ўйлаб қолдим”, деганларини эшитганман”, деди” (Имом Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган).

Абдурраҳмон ибн Абу Лайлодан ривоят қилинади: “Саҳл ибн Ҳунайф ва Қайс ибн Саъд розияллоҳу анҳумо Қодисия (кўчаларидан бири)да ўтиришган эди олдиларидан бир жаноза олиб ўтилди. Шунда улар ўринларидан турдилар. Уларга: “У ерлик аҳолидан”, (яъни, аҳли зиммадан), дейишди. Улар эса бунга жавобан: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларидан жаноза ўтганда ўринларидан турдилар. Шунда у зотга: “Бу – яҳудийнинг жанозаси”, дейилган эди, Набий алайҳиссалом: “У инсон эмасми?!” деганлар”, дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).

“Тиллар” кафедраси ўқитувчиси
Алишер Султонхўжаев

Манба

63680cookie-checkСийратдан суратлар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: