islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Лаънат айтиш мумкин(ми)?!

Мўминлар барча намуна бўладигандек гўзал хулқли, тили ва қўли билан бошқаларга озор етказмайдиган олижаноб кишилардир. Бундай сифатларга эга инсонлар лаънатдан тилларини сақлашлари лозим. Лаънатлаш комил мўминнинг сифатларидан эмас.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мусулмонни сўкиш фосиқлик, ўлдириш эса куфрдир”.

Икки “Саҳиҳ” ҳадисда ҳам Собит ибн Заҳҳокдан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мўминни лаънатлаш уни ўлдириш билан баробардир”.

Абу Дардодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Лаънатловчилар қиёмат кунида шафоатчи ҳам, гувоҳ ҳам бўлмайдилар” (Муслим ривояти).

Имом Муслим ривоят қилган бошқа бир ҳадисда: “Сиддиқ киши лаънатловчи бўлиши дуруст эмас”, дейилган.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мўмин таъна қилувчи, лаънат айтувчи, ахлоқсиз ва беҳаё сўзловчи бўлмайди” (Термизий ривояти).

Шунга кўра, мусулмон киши ўзининг биродарларини лаънатлаши мумкин эмас.

إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ فَأَصْلِحُوا بَيْنَ أَخَوَيْكُمْ ۚ وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ

“Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, раҳм қилинсангиз”.

Гуноҳ ишлардан тийилмайдиган кимса бўлса ҳам, айнан “фалончи”, дея лаънатланмайди. Балки гўзал усулда хатолари тушунтирилади, йўл-йўриқ, маслаҳатлар берилади. Лаънатланган киши шу лаънатга лойиқ бўлмаса, айтувчининг ўзига лаънат қайтиши борасида қаттиқ огоҳлантиришлар келган.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Агар банда бирон нарсани лаънатласа, лаънат осмонга кўтарилади. Бироқ осмон эшиклари унинг қаршисида ёпилади. Сўнг ерга қайтади. Бироқ унинг қаршисида ер эшиклари ҳам ёпилади. Кейин ўнгга-сўлга юради. Агар бирон қўнимгоҳ топмаса, ва лаънатланган киши муносиб бўлса, унга қайтади. Муносиб бўлмаса, айтган одамга қайтади” (Абу Довуд ривояти).

Афзал сўзга кўра, муайян инсонни лаънатлаш жоиз эмас. Кофир ҳолида вафот этгани аниқ бўлган Абу Лаҳаб, Абу Жаҳл, Фиръавн, Ҳомон кабиларни лаънатлашга рухсат берилган. Аммо ҳали тирик бўлиб, гуноҳ ишлар қилаётган ёки куфрда яшаётганлар номини айтиб, лаънатлаш жоиз эмас. Чунки уларнинг гуноҳ ишлари аниқ бўлса ҳам умрининг охири қандай якун топиши бирор кимсага маълум эмас. Кофирга келсак, тавба қилиб, иймонга келиши мумкин.

Ҳанафий, Шофеий ва Ҳанбалий мазҳабларига кўра, куфрда бўлганларни ҳаётлик чоғида лаънатлаш мумкин эмас. У вафот этмагунча ҳолати ҳеч кимга ойдин бўлмайди. Аллоҳ таоло ҳам лаънатни кофир бўлиб, дунёни тарк этишга боғлаб қўйди.

إِنَّ الَّذِينَ كَفَرُوا وَمَاتُوا وَهُمْ كُفَّارٌ أُولَٰئِكَ عَلَيْهِمْ لَعْنَةُ اللَّهِ وَالْمَلَائِكَةِ وَالنَّاسِ أَجْمَعِينَ

“Албатта, куфр келтирган ва кофирлик ҳолида ўлганларга–ана ўшаларга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва одамларнинг–барчанинг лаънати бўлгай”.

Бироқ қораланган сифат эгаларини лаънатлаш жоиз. Масалан, “Аллоҳ золимларни лаънатласин”, “Аллоҳ кофирларни лаънатласин”, дейиш мумкин.

Аллоҳ таоло айтади: “Огоҳ бўлингизким, бундай золимларга Аллоҳнинг лаънати бўлур” (Ҳуд сураси, 18).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рибо еювчини, едирувчини, котибини ва гувоҳларини лаънатлаганлар” (Муслим ривояти).

Умумий тарзда лаънат айтиш жоиз бўлса ҳам, бу нарса тилни лаънатга одатлантириб қўйиш эҳтимоли бор. Шу сабабли уни айтмаслик афзал амаллардан саналади. Чунки лаънатнинг асл моҳияти Аллоҳ раҳматининг четланиш ва куфрда вафот этганларни дуоибад қилишдир. Мўмин эса бошқаларни куфрда вафот этишини тилаши жоиз эмас. Чунки кофирнинг куфрида қолишига рози бўлиш ва буни Аллоҳдан сўраш куфр ҳисобланади. Мусулмонлар бошқаларга ҳам яхшиликлар келишини ва ҳамманинг иймонда вафот этишини хоҳлайди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам туясини лаънатлаган аёлни туясидан маҳрум қилиш билан жазолаганлар.

Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу  алайҳи васаллам сафарда эдилар. Бир вақт ансорий аёллардан бири аччиқланиб, миниб келаётган туясини лаънатлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни эшитдиларда: “Устидаги нарсаларни олиб, ўзини қўйиб юборинглар. Зеро, у лаънатлангандир”, дедилар. Ўша туя одамлар орасида юрганию, унга ҳеч ким тегмаганини мен ҳозир ҳам кўриб тургандекман” (Муслим ривояти).

Баъзи ўринларда лаънат жоиз бўлса ҳам, уларнинг ҳаққига дуо қилиш энг афзал амаллардан саналади. Зеро, мусулмон киши тилини доимо яхши сўзларга одатлантириб, ёмонларидан четланиши ахлоқининг олийлигига далолат қилади.

“Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси
Исломхон Убайдуллаев

64490cookie-checkЛаънат айтиш мумкин(ми)?!

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: