islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Нақшбандия машойихлари(6) Шайх Абулҳасан Ҳарақоний (Қоддасаллоҳу сирруҳу)

Силсилаи Саодати Нақшбандиянинг олтинчи ҳалқасидир. Исми шарифи Али бин Жаъфардир. Кунияси Абул Ҳасандир.

Бастомдаги бир қишлоқда таваллуд топган. Абул Ҳасан Ҳарақоний ҳазратлари Боязид Бастoмийни маънода кўриб, иршодга мазҳар бўлганини эътироф этган.

***

Бир пайт Бaстoм шаҳрига чигирткалар ҳужум қилди. Бутун экинларни ва сабзавотларни еб қўйди. Халқ фарёд этиб, дуолар қилди, аммо чигиртка балосидан қутилолмади.

Халқнинг мусибатини кўрган Абул Ҳасан Ҳарақоний ҳазратлари томга чиқди. Ва тўрт тарафга назар солди. Ва… чигирткалар бир жойга тўпланиб, бирдан учиб кетдилар. Аср намози вақти келганда шаҳарда битта ҳам чигиртка қолмаган эди.

***

Султон Маҳмуд Ғазнавий бутун Осиёга ҳоким бўлган бир даврда Ҳарақон шаҳрига ҳам келган эди. У одамларини юбориб, Шайх Ҳарақоний ҳазратларини ёнига чақирди. Шайх ҳазратлари, узр сўраб, ёнига бормади. Буни эшитган Ғазнавий:

– Қани, юринглар, биз унинг ёнига борайлик, у сиз ўйлаган одамлардан эмас, деди ва ўз либосини Қози Аёзга кийдирди. Ўзи эса силоҳдор (муҳофиз) қиёфатида, унинг ёнида йўлга тушди.

Маҳмуд Ғазнавий Қози Аёзнинг ёнида Ҳарақоний ҳазратларининг уйига кирди ва салом берди. Ҳарақоний ҳазратлари унинг саломини олди. Аммо ўрнидан турмади. Шунда Маҳмуд Ғазнавий Абул Ҳасан Ҳарақонийга:

– Нега султон кирганда ўрнингдан турмайсан?  – деди.

Ҳарақоний ҳазратлари унга:

– Мадомики, сени олдинга чиқаришган экан, қани ёнимга келчи, – деди. Султон Маҳмуд шу саволни берди:

– Боязид Бастoмий қандай зот эди?

– Боязид шундай бир комил вали эдики, уни кўрганлар ҳидоятга қовушар эди, Аллоҳ таолонинг рози бўлгани кишилардан бўлар эди, – деб жавоб берди Ҳарақоний ҳазратлари.

– Абу Жаҳл, Абу Лаҳаб каби кимсалар фахри коинот Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи ва салламни қанча марта кўрдилар, аммо ҳидоятга эришолмадилар.

Боязидни кўрганлар қандай қилиб дарров ҳидоятга эришдилар, ажабо?  – деди Ғазнавий.

– Абу Жаҳл ва Абу Лаҳаб каби ахмоқлар Аллоҳ таолонинг Пайғамбарини инсонларнинг энг устуни ҳазрати Муҳаммад солаллоҳу алайҳи ва саллам сифатида кўрмадилар, балки Абу Толибнинг етими, Абдуллоҳнинг ўғли ўлароқ кўрдилар. Агар уни Абу Бакр Сиддиқ каби кўриб, Расулуллоҳ сифатида кўрсалар эди, куфрдан қутулиб, у  каби камолга эришардилар, – деб жавоб берди Ҳарақоний ҳазратлари.

Султон Маҳмудга жавоб ёқди.

– Менга насиҳат этинг, – деди у.

– Шу тўрт нарсага диққат қил: гуноҳлардан қоч, намозингни жамоат билан ўқи, жўмард бўл, Аллоҳ таолонинг яратганларига шафқатли бўл, – деди Ҳарақоний ҳазратлари.

– Менга дуо қилинг, – деди Ғазнавий.

– Эй Маҳмуд, оқибатинг хайрли бўлсин!  – деди Ҳарақоний ҳазратлари.

Султон Маҳмуд Шайх Ҳарақонийнинг олдига бир коса олтин қўйди. Бунга қаршилик қилди. Шайх Султон Ғазнавий олдига арпа унидан ёпилган бир нон қўйди. Султон нондан бир тишлам еди. Аммо луқмани ютолмади.

– Бир луқма нонни ютолмаяпсан, шу косадаги олтинларнинг ҳам томоғимизга тиқилишини истайсанми? Биз пул билан алоқамизни кесганмиз.

Буни бу ердан олингизлар, – деди Ҳарақоний ҳазратлари ва олтинларни олмади. Ғазнавий Ҳарақоний ҳазратларидан хотира учун бир нарса сўради. Шайх унга ўз ҳирқасини берди.

Султон Маҳмуд кетар экан, Ҳарақоний ҳазратлари ўрнидан турди. – Келганимда ўрнингдан турмаган эдинг, энди ўрнингдан тураяпсан, у ҳол нима эди, бу икром надир?  – деб сўради Султон.

– Бу ерга подшоҳлик ғурури ила келган эдинг. Энди эса дарвешлик ҳоли ичида қайтаяпсан. Дарвешлик давлатинг қуёши устида порлай бошлади. Аввал сен ғурур ичида бўлганингдан оёққа турмадим, энди дарвеш бўлганинг учун оёққа тураяпман, – деди Шайх.

***

“Ихлос ва риё нимадир?” деган саволга Ҳарақоний ҳазратлари:

 – Аллоҳ таоло учун қилинган ҳар нарса – ихлосдир. Халқ учун қилинган ҳар иш – риёдир, – деди.

Яна шундай деди:

– Неъматларнинг энг яхшиси – ишлаб топилганидир. Дўстларнинг энг яхшиси – Аллоҳ таолони хотирлаганидир. Қалбларнинг энг нурлиси – ичида мол-мулк севгиси бўлмаганидир.

Дунё орқасидан чопсанг, дунё сенинг подшоҳинг бўлади. Ундан юз ўгирсанг, сен унинг подшоҳисан.

Аллоҳ таоло сендан вақтидан олдин намоз ўқишингни истамагани каби, сен ҳам Ундан вақтидан олдин ризқ истама.

Аллоҳ таоло қаршисида шу уч нарсани сақлаш керак:

  1. Ҳақ билан бирга экан – сирни,
  2. Халқ билан бирга экан – тилни,
  3. Амал, иш қилар экан – тозаликни муҳофаза этиш лозим.

Илмдан энг кўп насиб олган – илмга амал қилгандир.

Энг фазилатли амал – сенга фарз қилинган амалдир.

Аллоҳ таоло қулига иймондан кейин тоза кўнгил ва тўғри сўз тилдан ҳам қийматлироқ, буюкроқ нарса бермагандир.

Кўп йиғланг, оз кулинг. Кўпроқ жим туринг, озроқ гапиринг. Оз еб, оз ухланг”.

Шайҳ Ҳарқоний ҳазратлари ҳижрий 419 ва ёки 425 йилида, Aшуро куни дунёдан кўз юмди. Аллоҳ таоло ундан рози бўлсин. Қабри Ҳарақон қишлоғида эканлиги тарихан собитдир.

Мир араб ўрта махус ислом билим юрти талабаси
Амин Курбанов

66320cookie-checkНақшбандия машойихлари(6) Шайх Абулҳасан Ҳарақоний (Қоддасаллоҳу сирруҳу)
1 та фикр мавжуд

Leave a Reply to Нақшбандия машойихлари. Шайх Абулҳасан Ҳарақоний (Қоддасаллоҳу сирруҳу) – Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi Cancel Reply