islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Фрейдизм ва дин (З.Фрейднинг диний-психологик қарашлари)

Диннинг пайдо бўлиш сабаблари ва моҳияти тўғрисидаги масалалар З. Фрейдни доимо қизиқтириб келган. У ўзининг бир қанча китобларида, масалан, “Тотем ва табу”, “Мусо ва монотеизм”, “Бир иллюзиянинг келажаги” асарларида дин масаласини кўтаради ҳамда бу масалага материалистик ва атеистик нуқтаи назардан туриб ёндашади.

З.Фрейднинг диний қарашлари соф атеистик заминга қурилган. Унинг ўзи бу ҳақда шундай деган эди:”Агар мен дин масаласидаги қарашларимни бундан анча илгари, масалан инкивизиция даврларида айтганимда эди, инкивизиторлар мени тириклай гулханга ташлаган бўлар эдилар”.Чунки унинг диний қарашларида илоҳиёт масаласига материалистик нуқтаи назардан туриб ёндашилган. Унинг диний қарашларини учта даврга бўлиб ўрганиш мумкин. Фрейд ҳар бир даврда динга нисбатан турли хил қарашларни баён этади.

Биринчи даврда Фрейд томонидан дин болада отанинг ўрнига Худо тасаввурининг пайдо бўлиши сифатида талқин қилинади. Эмишки, бола учун ота чексиз куч-қудрат рамзи ҳисобланади. Бола каттара борар экан, отасининг ҳам камчиликларга эга эканлигини, унинг ҳам имконияти чекланган эканлигини, ожиз бир инсон эканлигини англаб боради. Шунда болада мукаммал, ҳар нарсага қодир, отасининг камчиликлари кузатилмайдиган зотга нисбатан эҳтиёж пайдо бўлади. Бу эҳтиёж болада Ота Худо образини яратади ва энди у ўшангга эътиқод қилади.

Иккинчи даврда Фрейд динни сублимация сифатида тушунтиришга ҳаракат қилади. Диндаги ибодат, тавба-тазарру, дуолар аслида сублимация эмиш, яъни инсон дин ёрдамида ва тасаввурда пайдо бўлган Худо образининг ёрдам беришига ишонган ҳолда ўзидаги асабий ҳолатдан қутилар эмиш.

Фрейд ўзининг “Бир иллюзия келажаги” асарида динни миядан кетмайдиган ҳолатларнинг (навязчивые состояния) жамоавий неврози деб тушунтиради. Бу ҳолатни тиббиётда шундай тушунтиришади: миядан кетмайдиган неврозда беморда ўта сержаҳиллик, ўта чарчаганлик, ҳаддан ошиқ уйқусизлик, иш қобилиятининг сусайиши ҳолатлари кузатилади. Касалликнинг миясида ўрнашиб қолган ҳолатлар уч хил кўринишда бўлади: а) фикрлар кўринишида: беморнинг миясига бирорта фикр келади-ю, умуман ундан қутила олмайди (Одамнинг миясида Худо образи туриб қолади ва у муттасил ҳолда фақат шу ҳақда ўйлайди, четдан келадиган турли туман фикрларни ҳам фақат мана шу образ призмасидан ўтказади); б) ҳаракатлар кўринишида: бемор маълум бир ҳаракатни тўхтовсиз амалга ошираверади (мас., бетўхтов қўлини ювади, сочини кесади ва ҳ. Одам қандайдир стереотип ва маънисиз ҳаракатларни мажбуран такрорлайди. Ибодатлар ва турли хил ритуаллар шулар жумласига киради); в) ваҳима кўринишида: бемор доимо қандайдир ваҳима билан яшайди (мас., уни ўлдириб қўядигандек бўлаверади. Ёки одам Худонинг олдида қачондир ҳисоб-китоб қилиниши ваҳимаси билан яшайди). Фрейднинг фикрига кўра, дин – бу инсоннинг миясида кетмайдиган бўлиб қотиб қолган фикр кўринишидаги невроздир[1].

Психоаналитикнинг  таъсири натижасида бемордаги кўплаб симптомлар йўқолади, у изтироблардан фориғлашади. Бу айнан психоаналитикнинг таъсири ёки врачга бўлган ишончнинг таъсири ёки беморнинг ўз-ўзига бўлган таъсирининг натижасими билиш қийин.

С.Жимбинов: “Психоанализ – ярим бадиий, ярим илмий таълимот. Шахснинг асоси ҳисобланган илк болалик, унитилган кечинмалар ва аламлар, ушалмаган орзулар – буларнинг ичида қанчалар шеърият ва донишмандлик бўлиши мумкин эди! Бироқ Фрейднинг қовоқ уйган материализми ва хира атеизми унинг мифологиясини бузуқ ва чўлоқ қилиб қўйди”[2].

С.Жимбинов:”Диндор одамнинг ибодати, тавба-тазарруси ва дуолари психоаналитик шахсини мутлақо кераксиз, ҳаттозарарли қилиб қўяди. Бироқ XX асрнинг худосизлашган дунёсида врач-психоаналитик ўзига ишониб руҳонийнинг ҳеч бўлмаганда бир бўлак вазифасини ўз зиммасига олди. Психоанализ – тавба-тазаррунинг атеистик пародиясидир”[3].

Психоанализ инсоннинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатадиган, нафснинг истакларига, майлларига қарши борадиган ҳар қандай нарсани, жумладан маданиятни, динни инкор қилади. Маданият ва дин инсон майлларига тўсиқ бўлиб, унинг қондирилиш йўлларига тўғон уради ва инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатади, деган ғоя илгари сурилади.

Ид аслида инсоннинг нафси, унинг ичидаги бир борлиқ, унинг ички “Мен”идир. Нафс масаласи Шарқда, хусусан ислом таълимотида Фрейддан минг йиллар олдин кўтарилган ва ўзининг энг мукаммал ечимини топган. Бу соҳада айниқса тасаввуф вакиллари жонбозлик кўрсатганлар. Улар нафсдан воз кечиб бўлмаслигини англаганларидан кейин уни тарбиялаш йўлини тутдилар. Нафснинг энг қуйи даражаси “нафси аммора” бўлса, уни тарбиялаб, босқичма босқич юксалтириб “нафси комила”  даражасига етказиш механизмини ишлаб чиқишган. Улар нафақат назарий жиҳатдан ишлаб чиқишганлар, балки ўзларининг ҳаётларида синаб кўришганлар. Фрейд айтган нафс “нафси аммора” бўлиб, унинг истакларини қондириш зарурлиги мазкур таълимотнинг асосида ётади.

Нафси аммора психоаналитик концепциядаги шахс структурасининг Id, Ego ва Super Ego компонентларидан  Idга ўхшайди. Маълумки, Id шахс структураси компонентларининг  бири бўлиб, у биологик жиҳатдан аниқланган шахснинг барча фаолиятининг энергия манбаи ҳисобланади. “Онгнинг бошқа соҳалари Id дан келиб чиққан ҳолда ривожланишига қарамасдан ўз-ўзича Id содда, примитив ва ташкиллашмаган. “Тафаккурнинг мантиқий қонунларини Id га қўллаб бўлмайди” (Фрейд). … Id ҳаётий тажриба остида ўзгармайди, чунки у ташқи муҳит билан контактга киришмайди”[4].

А.Азизқулов ўзининг “Хожагон тариқати ва психоаналитика (тарбия масаласига компаративистик ёндашув)” мақоласида тасаввуф таълимоти билан психоанализни қиёсий таҳлил қилади, яъни компаративистик ёндашувни амалга оширган. Маълумки, психоанализда инсон руҳияти ақлий-рационал ва онгсиз-иррационал кўринишларда фаолият кўрсатади. Бу таълимот психоанализгача мавжуд эди, бироқ кейинчалик З.Фрейд  мазкур таълимотни ривожлантира тариб, уни учта қатламга бўлиб ташлади: “У” (“Id”), “Мен” (“Ego”) ва “Олий Мен” (“Super Ego”). Фрейднинг фикрича, “У” онгсиз-иррационал жараёнлар маконидир. “Мен” эса рационал, мантиқий тафаккур фаолияти қатлами  ҳисобланиб, “бу қатлам руҳиятнинг қуйи онг остида кечадиган норационалликни, ноонглилик билан боғлиқ бўлган ҳирсиётни ҳам назорат қилади, жамиятдаги ахлоқий меъёрлар билан мутаносиблигини таъминлайди”[5]. Муаллиф шундай деб ёзади-ю, бироқ бироздан сўнг ўз фикрига мутлақо тескари бўлган фикрни илгари суради. У “У” қатлами тўғрисида ёза туриб, шундай дейди:”инсонда бирор бир онгли ижтимоий фаолият давомида ҳирсиётга бўлган майлни бартараф этиб ҳам, тарбиялаб ҳам бўлмайди”. Бир томондан, “Мен” ҳирсиётни назорат қилади, дейди, иккинчи томондан, онг остини тарбиялаб бўлмайди, деган фикрни илгари суради.  Қай бири тўғри? Қолаверса, муаллиф инсон руҳиятининг “Олий Мен” қатламини муаллиф “шахсни жамиятда, ижтимоий муносабатларда идеал хусусиятларини намоён этадиган “виждон цензурасидир”[6] деб баҳолайди. Аслида “Олий Мен” фақатгина “виждон цензураси” билан чегараланмайди. Унга маданият, умуминсоний қадриятлар, турли туман табулар ва ҳ. лар киради. Бундан ташқари, муаллиф виждон цензураси ҳақида ёзар экан, шундай деб таъкидлайди:”Инсонни комиллик даражасига интилиши руҳиятнинг ана шу қатламида содир бўлар экан”[7]. Бу фикр билан келишиб бўлмайди. Чунки инсоннинг комиллик даражасига интилиши фақатгина виждон цензурасига боғлиқ эмас. Умуман комиллик жуда кўплаб омиллардан ташқари инсоннинг динга нисбатан муносабатига ҳам боғлиқ ҳолда кечади. Чунки дин ҳам “Олий Мен”нинг тузулмасига киради.  Бироқ З.Фрейднинг динга муносабати атеистик бўлганлиги боис, унинг инсоннинг комилликка интилишидаги ролини худди маданиятга ўхшаб салбий деб баҳолаган. Шу нуқтаи назардан қараганда виждон цензураси билан комиллик ўртасидаги алоқа зўрма зўраки ўрнатилганлиги аён бўлмоқда. Тасаввуфдаги комилликни инсоннинг динга бўлган муносабати белгилаб беради.

“Нафс” сўзининг нимани англатишлиги борасида таниқли тилшунос олим А.Рустамовнинг билдирган фикрларига эътиборимизни қаратамиз:”Ҳозирги оддий сўзлашувда “нафс сўзи баъзан ҳайвонга, асосан инсонга нисбатан қўлланади ва “нафс” деганда кишининг ўзининг жисмоний талабларини қондиришга бўлган  интилиши тушунилади”[8].

Нажмиддин Кубро ўзининг “Кўнглим кўзи билан кўрганларим” номли рисоласида “нафс”га рамзий таъриф беради: “Билингким, Аллоҳ таоло нафсни бор нарсаларнинг энг ёмони қилиб яратди. У эса ҳамиша сен билан бўлиб, сенинг уловингдир. Сен унга муҳтожсан. У уйингдаги матолар устида туриб, уларга кўз тикиб турган ўғрига ўхшайди. У шайтоннинг дўсти, барча ёмонликларнинг турар жойидир. Унинг кўп ёмон сифатлари бор: ёмонликни яхши кўриб, яхшиликни ёмон кўради, шариат ва ақлга қарши туриб, истаклар ва ҳаваслар билан келишади. Сен уни тоат ва ибодатга чақирасан. Лекин у осийликка қараб юради”[9].

 Абу Ҳомид Ғаззолий шундай деб ёзади:”…Ғазаб ва шаҳватни мўътадил даражада сақлаш шу даражада бўлиши керакки, на ғазаб, на шаҳват ақлдан ғолиб келмасин, уни бўйсиндириб қўймасин. Балки, ақл ғазаб ва шаҳватни ўз ҳаддида ушлаб турсин. Хулқни ўзгартириш дегани аслида шу. Кўп ҳолларда инсон шаҳватга бўйин эгади, ақл ўз идорасини унга топширади. Натижада шаҳват қутириб, бузуқликларга бошлайди”[10]

Бугунги кунда ғарб (ҳатто баъзи шарқ) психологлари томонидан тасаввуф таълимотини З.Фрейднинг психоанализи билан боғлашга уриниш кузатилаяпти. Бу ҳам психологиянинг муҳим муаммоларидан бири ҳисобланади. Радий Фиш шундай деб ёзади:”Ғайришуурий  ҳодисаларни ўрганишда ҳиссий ҳаёт негизларидан бири бўлмиш шаҳвониятга ҳам суянувчи ҳозирги замон психоаналитикларига ўхшаб, сўфий шайхлар шариатда раҳнамо ақл бўлса, тариқатда раҳнамо муҳаббатдир, деб қарашарди. Сўфийлар ҳақиқатни  – маҳбуб, маъшуқа, ўзларини ошиқ деб аташларини эсласак, уларнинг ҳиссиётининг маънавиятга ўтишга имкон берувчи психофизиологик ҳодиса – сублимациядан нақадар самарали истифода этганликлари маълум бўлади”[11].

Юқоридаги фикрлардан  тўртта хулоса беришимиз мумкин. Биринчидан, тасаввуф деб аталган ва минглаб йиллар давомида шаклланган психологик таълимот билан З.Фрейднинг шахсий кузатишлари маҳсули ҳисобланган концепциясини қиёслаш мантиқан тўғри эмас, деб ҳисоблаймиз. Чунки тасаввуф таълимоти таянган субъектив тажриба билан психоанализдаги тажриба бир-бирига мутлақо мос тушмайди. Иккинчидан, психоанализ асосида Фрейднинг даҳриёна қарашлари ётади. Тасаввуф асосида эса бунинг акси – тавҳид ётади, яъни бу таълимот тавҳид асосида қурилганлиги сабабли ҳам қутбнинг бошқа тарафида туради. Учинчидан, Фрейд шаҳвониятни тасаввуфдаги нафси аммора даражасида ўрганади ва ундан заррача ҳам чиқиб кетмайди. Тасаввуфда назарда тутилган муҳаббат илоҳий характерда бўлиб, конкрет бир шахсга эмас, балки Аллоҳга йўналтирилган. Бу нафси комила босқичидаги нафс хусусияти ҳисобланади. Тўртинчидан, илоҳий муҳаббатни сублимация деб таърифлаш, ишқнинг бу кўринишига, маълум маънода, ҳақорат деб ҳисобласа бўлади.

Шарқ психологиясининг асосчилари аввалом бор тасаввуф аҳли, сўфийлар эди. Ҳатто айтиш мумкинки, ҳар бир авлиё ўзига хос психолог, психотерапевт, психоконсультант, психоаналитик эди. Улар чиқарадиган хулосалар, улар фойдаланадиган муолажа усуллари, улар берадиган маслаҳатлар, улар қиладиган руҳий таҳлиллар руҳ билан психика, руҳ билан тана, психика билан тана ўртасидаги уч ёқлама муносабатларни инобатга олиш нуқтаи назаридан амалга оширилар эди. Ғарб психологиясининг камчилиги руҳнинг инсон психологиясидаги ва физиологиясидаги ўрнини кўра билмаслигидадир. Доктор Томас Х.Элмор бу ҳақда шундай деб ёзади:”Ғарб психологияси тана, эго ва маданият билан чегараланиш тенденциясига эга”[12].

   Р.Фрейджер ва Дж.Фейдимен Шарқ ва Ғарбда яратилган шахс назарияларини қиёслаган ҳолда шундай хулоса чиқаришади:”Бу системалар (шахснинг шарқона назариялари – Х.А.) ҳақиқатдан ҳам кўплаб шахснинг ғарбона назарияларидан қадриятларга ва ахлоқий масалаларга қизиқишнинг ошиши ва маълум маънавий-руҳий нормалар билан мос ҳолда ҳаёт кечириш мақсадга мувофиқ эканлигига эътиборни қаратиши билан фарқланади”[13].

Шу ўринда нафс ва тасаввуф тўғрисидаги фикрларимизни мухтасар қиламиз. Фақат айтмоқчи эдикки, Фрейд Шарқнинг буюк психологлари – тасаввуф аҳли асарлари билан таниш бўлганида балки ўзининг таълимотини бошқачароқ қурган бўлармиди.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

  1. Абу Ҳомид Ғаззолий. Риёзатун-нафс (Нафс тарбияси), (араб тилидан таржима). Таржима ва сўзбоши муаллифи филология фанлари номзоди Рашид Зоҳид. – Т.: “Мовароуннаҳр”, 2006. 80 б.
  2. Азизқулов А. Хожагон тариқати ва психоаналитика (тарбия масаласига компаративистик ёндашув). // “Ориф Деггароний Марказий Осиё тасаввуф таълимотининг буюк валийси” мавзусидаги республика илмий-назарий конференция материаллари. 2007 йил 29 май. – Навоий: 2007. – 140 бет.
  3. Зигмунд  Фрейд .  Я и  Оно.  –  М.: МПО “МЕТТЭМ ”, 1990 ,  –  С .54.
  4. Нажмиддин Кубро. Кўнглим кўзи билан кўрганларим. /Жузжоний Абдулҳаким Шаърий. Тасаввуф ва инсон. – Т.:”Адолат”, 2001. -78-96 бетлар.
  5. Рустамов А. Сўз гавҳари. Биринчи дафтар. – Т.: “Хазина”, 1995. – 43 б.
  6. Сумерки богов/ Сос. И общ. Ред.А.А.Яковлева: Перевод. – М.: Политиздат, 1990. -398 с.
  7. Томас Х.Элмор. Суфизм и психология. – М., СПб. “ДИЛЯ”, 2005. – 254 с.
  8. Фиш Радий. Жалолиддин Румий: тарихий биографик роман. – Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1986. -282 б.
  9. Фрейджер Р., Фейдимен Д. Большая книга психологии. Теории, упражнения, эксперименты / Роберт Фрейджер, Джеймс Фейдимен/ Пер. с  англ. – СПб.: Прайм-ЕВРОЗНАК, 2008. – 704 с.

[1] Сумерки богов/ Сос. И общ. Ред.А.А.Яковлева: Перевод. – М.: Политиздат, 1990. -398 с.
[2]  Зигмунд  Фрейд .  Я и  Оно.  –  М.: МПО “МЕТТЭМ ”, 1990,  –  С . 54 . – 6 – бет.
[3] Ўша  асар ,  7 – бет.
[4] Фрейджер Р., Фейдимен Д. Большая книга психологии. Теории, упражнения, эксперименты / Роберт Фрейджер, Джеймс  Фейдимен/ Пер. с  англ. – СПб.: Прайм-ЕВРОЗНАК, 2008. – 704 с. – 36-бет.
[5]Азизқулов А. Хожагон тариқати ва психоаналитика (тарбия масаласига компаративистик ёндашув). // “Ориф Деггароний Марказий Осиё тасаввуф таълимотининг буюк валийси” мавзусидаги республика илмий-назарий конференция материаллари. 2007 йил 29 май. – Навоий: 2007. – 140 бет. – 75-бет.
[6] Ўша асар, 75-бет.
[7] Ўша асар, 75-бет.
[8] Рустамов А. Сўз гавҳари. Биринчи дафтар. – Т.: “Хазина”, 1995. – 43 б.- 16-бет.
[9] Нажмиддин Кубро. Кўнглим кўзи билан кўрганларим. /Жузжоний Абдулҳаким Шаърий. Тасаввуф ва инсон. – Т.:”Адолат”, 2001. -78-96 бетлар.
[10] Абу Ҳомид Ғаззолий. Риёзатун-нафс (Нафс тарбияси), (араб тилидан таржима). Таржима ва сўзбоши муаллифи филология фанлари номзоди Рашид Зоҳид. – Т.: “Мовароуннаҳр”, 2006. 80 б.-26-бет.
[11] Фиш Радий. Жалолиддин Румий: тарихий биографик роман. – Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1986. -282 б. – 146-бет.
[12] Томас Х.Элмор. Суфизм и психология. – М., СПб. “ДИЛЯ”, 2005. – 254 с.
[13] Фрейджер Р., Фейдимен Д. Большая книга психологии. Теории, упражнения, эксперименты / Роберт Фрейджер, Джеймс  Фейдимен/ Пер. с  англ. – СПб.: Прайм-ЕВРОЗНАК, 2008. – 704 с. – 107-бет.

Психология  фанлари номзоди, доцент,
ОЎМТВ ҳузуридаги Бош илмий-методик маркази бўлим бошлиғи,
ТИИ “Ижтимоий фанлар” кафедраси ўқитувчиси
Хўжагелди Алимов

66390cookie-checkФрейдизм ва дин (З.Фрейднинг диний-психологик қарашлари)
1 та фикр мавжуд
  1. […] Э.Фромм ўзининг “Психоанализ ва дин” деган китобида шундай деб ёзади: “Фрейд диннинг иллюзия эканлигини исботи билан чегараланмайди. У динни хавфли, деб айтади. Чунки дин аҳмоқона инсоний қоидаларни ёритади.  Дин ўз тарихи давомида улар билан боғлиқ бўлади; тағин одамларни иллюзияга ишонишга ўргатади ва танқидий тафаккурга тақиқни жорий эта туриб, дин ақлий қобилиятларнинг қашшоқлашуви учун жавобгардир. …Фрейднинг учинчи эътирози шундаки, дин ахлоқ учун ўта ғазабланадиган асосдир. Агар ахлоқий нормаларнинг тўғрилиги илоҳий амр билан белгиланадиган бўлса, унда ахлоқнинг келажаги ўзининг мавжудлиги бўйича Худога эътиқод қилишга боғлиқ бўлиб қолади. Чунки, Фрейд бўйича, диний эътиқод йўқолиш чегарасида турибди. Дин билан ахлоқ иттифоқининг давом этиши бизнинг ахлоқий қадриятларимизнинг ҳалокатига олиб боради. Дин, Фрейд бўйича, айнан идеаллар ва қадриятларга хавф солади”. […]

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: