islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

СУННАТ ҚИЛИЧИ ВА УММАТ ЛИСОНИ-ИМОМ АБУ БАКР БОҚИЛЛОНИЙ РАҲИМАҲУЛЛОҲ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Ислом тарихига назар солган киши, унинг талотум кечмиши оралаб бу кунларимизга қадар зимистонларни чароғон этиб турган лак-лак зиё соҳибларини кўриши мумкин.
Уларнинг зиёлари кўкдаги қуёш нуридан кўра ҳароратлироқ, тундаги бадр ой ҳайбатидан кўра шарафлироқ, заколари хориқа, фатонатлари муҳташам, маноқиблари залворлидир.
Буюк шахсиятларни таниш, келажак авлод учун уларни танитиш миллат қадрининг юксалишига туртки, уммат кимлардан ўрнак олиши лозимлигини белгилаб берувчи маёқдир.
Агар конлардан тиллолар чиқмаганида эди, инсонлар ҳаётларини таҳликага қўйиб, тоғларни титкилашмасди. Тиллонинг қадрини билмаган киши учун эса тошни ҳам тилло нархига сотиб юбориши мумкин.
Шунинг учун аслдан сохтани ажратиб қўйиш ўта муҳим вазифадир.
Зотан зар қадрини заргар, гул ифорига булбул етар.Асл исми Қозий Абу Бакр Муҳаммад ибн Тийб ибн Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Қосим ибн Боқиллоний бўлиб, уч юз ўттиз саккизинчи ҳижрий санада Басрада дунёга келди. (Милодий тўққиз юз эллигинчи санага тўғри келади).
Кейин Боғдодга кўчиб келиб, шу ерда яшаб қолди.
Хатиб Боғдодий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Унинг сафарда ҳам, муқимда ҳам ҳар кечалик вирди йигирма тарвиҳа намоз бўларди. Бу намозни ўқиб бўлгач ўттиз беш варақ нарса ёзарди. Тонг отгач эса ёзганларини баъзи шогирдларига бериб ўқитар ва айрим иловаларни киритарди».
Ибн Асокир раҳимаҳуллоҳ «Табйин кизбил муфтарий»да бу зотни мақтаб айтади: «Калом илмида одамларнинг энг маърифатлиси, хотирада энг яхшиси, тили ўта равон, иборалари жуда саҳиҳ ва ифода қилиш қобилияти ниҳоятда юксак эди».
Имом Заҳабий раҳимаҳуллоҳ «Сияр»да айтади: «Имом, аллома, мутакаллимларнинг нодири, усулийларнинг пешвоси Қозий Абу Бакр Муҳаммад ибн Тийб ибн Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Қосим Басрий Боғдодий ибн Боқиллоний бир қанча таснифотлар соҳибидир. Унинг фаҳми ва закоси зарбулмасал бўлган».
Қозий Иёз раҳимаҳуллоҳ «Табақотул Моликийя»да: «У (Боқиллоний) «Суннат қиличи ва уммат лисони» дея лақабланган, аҳли ҳадис тилида гапирадиган, Абул Ҳасан Ашъарий роҳимаҳуллоҳнинг йўлидаги зот бўлиб ўз вақтида Моликийларнинг риёсати у кишида якун топганди. Басра жомеъсида жуда катта илмий халқаси мавжуд эди», деган.
Имом Заҳабий роҳимаҳуллоҳ бу зотнинг Имом Ашъарий мазҳабига кучли таъсири бўлганини алоҳида таъкидлаган ва: «Калом илмини Ашъарийнинг соҳибларидан олган, мўътазила, рофиза ва мушаббаҳаларга қарши ҳудди қилич каби эди», дея таърифлаган.
Алий ибн Муҳаммад айтади: «Абу Бакр Боқиллоний уламолар орасидаги хилоф масалаларнинг барчасини ёддан ёзарди. Ҳар қандай уламо мухолифларнинг китобларига мурожаат қилишга эҳтиёж сезади. Аммо Боқиллоний буларнинг барчасини ёддан ёзарди ва зеҳнига суяниб хилофий масалаларнинг баёнида бирорта китобга мурожаат қилмасди».
Абул Фараж раҳимаҳуллоҳ айтади: «Абу Бакр Хоразмийнинг шундай деяётганини эшитдим: «Боғдоднинг ҳамма мусаннифлари ўз таснифотларида уламоларнинг китобларидан кўчирарди. Аммо Боқиллоний эса маълумотларни ёддан ёзарди. Унинг кўкси барча инсонларнинг илмини сиғдира олганди».
Боқиллоний раҳимаҳуллоҳ Боғдодда ҳадис илмини Абу Бакр ибн Молик, Абу Муҳаммад ибн Мосий ва Аҳмад Ҳусайн ибн Алий Найсобурийлар каби алломалардан олди. Аллоҳ уларни раҳмат қилган бўлсин!
Калом илмини эса Имом Ашъарий раҳимаҳуллоҳнинг соҳиби Ибн Мужоҳид Тоий раҳимаҳуллоҳдан ўрганди.
Ўз даврида Боқиллоний жуда кўп илмий мунозаралар, жонли баҳсларда иштирок ҳам этарди. Боғдод амири у кишини Румга насоролар билан баҳс учун жўнатади. Ийсо алайҳис салом Аллоҳнинг ўғли, Марям эса Унинг хотини дейдиган масиҳийлар билан айнан шу мавзуда баҳс қилгани боради. Рум подшоҳи насоро роҳибларини йиғиб, Боғдоддан мусулмонларнинг жуда кучли олими келаётганини, у билан баҳс қилиш лозимлигини айтиб, саройда очиқ баҳс ташкил қилади.

 

Боқиллоний саройга кириб, барча билан самимий саломлашади ва роҳибларнинг пешвоси папанинг ҳузурига келиб: «Папа жаноблари, аҳли аёлларингиз, фарзанд-зурриёдларингиз яхши юришибдими?!» дейди. Орага ноқулай сукунат чўкади. Мусулмонларнинг энг ишонган олими наҳотки папанинг оиласи бўлмаслигини билмаса?!
Папа мийиғида истеҳзо билан кулиб: «Биз дунё ишларидан юз ўгирганмиз. Фарзанд боқиш, оила қуришдан ўзимизни пок тутамиз!» дейди. Боқиллоний раҳимаҳуллоҳ айнан шу жавобни кутиб турганди ва папага қараб: «Сиз бир банда бўла туриб оила қуриш ва фарзанд кўриш ишларидан ўзингизни пок тутар экансиз, нима сабабдан Аллоҳ таолога фарзанд нисбат берасиз?! Ахир Аллоҳ таоло сиздан кўра анча пок зот-ку!» дея “ўқ”ни мўлжалга уради. Шу билан баҳс ниҳоясига етади.
Имом Боқиллоний роҳимаҳуллоҳ турли соҳаларда бир қанча асарлар тасниф қилган. У зотнинг асосий мавзулари раддиялар бўлиб, уларни хаворижлар, жаҳмийлар, рофизалар ва карромиялар каби бидъат аҳлларига қарши ёзган.
1. Кайфиятул истишҳод фир радди ъала аҳлил жуҳди вал ъинод;
2. Ал усулул кабир фил фиқҳ;
3. Маноқибул аимма;
4. Алмилал ван ниҳал;
5. Ҳидоятул мустаршидийн;
6. Нақдзун нақдз;
7. Ал фарқу байнал мўъжизотин набиййин ва каромотис солиҳин;
8. Ал интисор;
9. Ат тақриб вал иршод;
10. Дақоиқул калом;
11. Ал касб;
12. Эъжозул Қуръон… ва ҳоказо…
Боқиллоний раҳимаҳуллоҳ ақидада ашъарий бўлган. «Ал Инсоф»да у зот ўз ақидавий қарашларини баён қилар экан Аллоҳ таолога макон исбот қилиш, жиҳатлар нисбат бериш тўғри эмаслигини алоҳида айтиб ўтади.
У кишига: «Аллоҳ қаерда?» дея савол берилганида шундай жавоб беради: «Қаерда?» деган савол маконни ифода қилади. Аллоҳ эса маконга сиғдириладиган Зот эмас. У Зотни чегаралаш жоиз эмас…»
Бошқа ўринда яна ўз ақидавий қарашларига истишҳод келтириб айтади: «Жаъфар ибн Муҳаммад Содиқ алайҳис салом айтади: «Ким Аллоҳ таолони бир нарса ичида ёки бир нарсадан ташкил топган ёҳуд бир нарсанинг устида деса батаҳқиқ мушрик бўлибди. Чунки агар бирор нарсанинг устида деса, Аллоҳ таолони нимадир кўтариб турган деган бўлади. Ёки бирор нарсанинг ичида деса У Зот таолони чегаралаб қўйган бўлади ва ёки бирор нарсадан ташкил топган дейса у Зотни махлуқ деган бўлади. Аллоҳ таоло бундай нуқсонлардан покдир!»
Бу улуғ алломанинг вафоти ҳақида «Вафийёт»нинг соҳиби шундай ёзади: «Мазкур Қозий Абу Бакр Боқиллоний шанба куни кечга яқин вафот топди. Ҳижрий тўрт юз учинчи йили, Зулқаъдага етти кун қолганда, душанба куни ҳовлисига дафн қилинди. Аллоҳ у зотни Ўз раҳматига олган бўлсин! Жанозасини ўғли Ҳасан ўқиди…»
Ибн Асокир раҳимаҳуллоҳ айтади: «Кейинроқ марҳумнинг муборак жасади Имом Молик розияллоҳу анҳунинг қабри олдига кўчирилди. Мақбараси устига шундай сўзлар ёзиб қўйилди: «Бу Қозий Имом Саъийд уммат фахри, миллат лисони ва суннат қиличи, дин устуни, Ислом носири Абу Бакр Муҳаммад ибн Тийб Басрийнинг қабридир. Аллоҳ у зотнинг руҳуни тақдис этсин, Ўз Набийси саллаллоҳу алайҳи васалламга йўлиқтирсин!»
Жанозаси куни Шайх Абул Фазл Тамимий раҳимаҳуллоҳ яқин биродарлари билан келиб, ўзининг шогирдларига жанозада тўпланган одамлар орасида юриб баланд овозда: «Бу инсон суннат ва диннинг ёрдамчиси, бу инсон мусулмонларнинг имоми, бу инсон шариатни мухолифларнинг ҳужумидан қўриган, бу инсон мулҳидларга қарши етмиш минг варақ раддия ёзган», деб жар солишни буюрди.
Жанозадан сўнг уч кунгача шогирдлари билан ҳеч қаерга кетмай бу зотнинг азасини тутади. Кейин эса ҳар жума куни унинг қабрини зиёрат қиладиган бўлди.
Аллоҳ таоло улуғларимизни Ўз раҳматига олган бўлсин!
Биз ғарибларни ҳам уларнинг файзидан Ўзи насибадор қилсин!
Омин!
Омин!
Омин!
Аброр Мухтор Алий
67530cookie-checkСУННАТ ҚИЛИЧИ ВА УММАТ ЛИСОНИ-ИМОМ АБУ БАКР БОҚИЛЛОНИЙ РАҲИМАҲУЛЛОҲ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: