Бутун оламлар Робби Аллоҳ Таолога ҳамдлар бўлсин. Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳамда ул зотнинг аҳли байтлари ва саҳобаи киромларига салавоту саломлар бўлсин.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан кейин Набий бўлмаган Пайғамбарларнинг сўнгисидирлар ва буни барча мусулмонлар диннинг заруратидан деб билиб ижмоь қилишган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Албатта, менинг ва мендан олдинги анбиёларнинг мисоли худди бир уйни яхшилаб, чиройли қилиб қуриб, бир бурчагидан бир ғиштнинг ўрнини қолдириб қўйган кишига ўхшайди. Одамлар уни айланиб кўриб, қойил қолишади ва: “Мана шу ғишт ҳам ўрнига қўйилганда эди!” дейишади. Мен ўша ғиштман. Мен Набийларнинг хотимиман”, дедилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва улардан олдин ўтган Набийларнинг динга даъватлари орасида боғлиқлик шубҳасиз мавжуддир. Юқоридаги келтирган ҳадисимиз ҳам шунга далолат қилади.
Бунинг баёни шуки, ҳар бир ўтган Пайғамбарнинг иймонга даъвати икки асосга кўра воқеъ бўлгандир. Биринчиси ақида, иккинчиси эса шариат ва хулқ.
Ақийдага келадиган бўлсак, Одам алайҳиссалом пайғамбар этиб юборилганларидан токи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам юборилгунларига қадар унинг мазмунида фарқ бўлмагандир. Уларнинг асоси бир, яъни у Аллоҳнинг бирлигига ва унга лойиқ бўлмаган сифатлардан пок эканлигига иймондир. У Охират ва Ҳисоб куни, жаннат ва дўзахнинг борлигига иймондир. Ҳар бир ўтган Набийлар ўзларининг юборилган қавмларини шуларга иймон келтиришга буюрганлар ва улардан ҳар бири ўзларидан олдин ўтган Пайғамбарнинг сўзларини тасдиқловчи, ўзларидан кейин келган Пайғамбарнинг хушхабарини берувчи бўлганлар. Уларнинг барчаси ягона ҳақиқатни етказиш учун турли қавм ва халқларга юборилганлар. Бу ҳақиқат эса, Ягона Аллоҳ таолонинг динидир. Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида:
شَرَعَ لَكُمْ مِنَ الدِّينِ مَا وَصَّى بِهِ نُوحًا وَالَّذِي أَوْحَيْنَا إِلَيْكَ وَمَا وَصَّيْنَا بِهِ إِبْرَاهِيمَ وَمُوسَى وَعِيسَى أَنْ أَقِيمُوا الدِّينَ وَلَا تَتَفَرَّقُوا فِيه
Яъни: (Эй, имон келтирганлар! Аллоҳ) сизлар учун дин бўйича Нуҳга буюрган нарсани ва Биз сизга (Муҳаммадга) ваҳий қилган нарсани, (шунингдек) Биз Иброҳим, Мусо ва Исога буюрган нарсани – шариат қилди: “Динни барпо қилингиз ва унда фирқа-фирқага бўлинмангиз!”(Шуро, 13).
Ақида ишида ростгўй Пайғамбарларнинг даъватлари турлича бўлиши мумкин эмас эди. Чунки ақидани танитиш бу хабар беришдир. Хабар берилган нарса эса бири бошқасидан фарқ қилиши жоиз эмас. Шундай экан қандай қилиб бир Пайғамбар Аллоҳ учтадан биридир (Аллоҳ бу нарсадан пок) дейиши, бошқаси эса Аллоҳ таолонинг шериги йўқдир деб ҳар хил хабар бериши мумкин. Йўқ, Пайғамбарларнинг барчаси Аллоҳ таолодан етказган нарсаларида ростгўйдирлар.
Шариатга келадиган бўлсак, у шахс ва жамият ҳаётини тартибга солиш мақсадини ўз ичига олган ҳукмларни ўрнатишдир. Дарҳақиқат, бир Набийнинг шариатининг кўриниши ва миқдори бошқалариникидан фарқли бўлган. Бунинг сабаби шариат (иншо) буйруқ ва қайтариқ навидан, хабар бериш навидан эмас. Шариатнинг белгилаб берган амаллари замонларнинг ўтиши ва ривожланиши, қавм ва халқларнинг ўзгаришига кўра фарз қилингандир. Чунки, шариатнинг ғояси шуки, бандаларни дунё ва охиратлари учун тўғри бўладиган ишларга кўра воқеъ бўлишдир. Бу дегани, агар бир Пайғамбар қавм учун огоҳлантирувчи бўлиб келса, у олиб келган шариат шу қавмнинг ҳолатига кўра чегараланади.
Масалан, Мусо алайҳиссалом Бани Исроилга юборилган вақтларида уларга қаттиқроқ ҳукм қўлланилишини тақозо этарди. Аммо кейинроқ Исо алайҳиссалом юборилганларида енгилроқ ҳукм жорий бўлган. Қуръони каримда Исо алайҳиссаломнинг тилидан айтиладики:
وَمُصَدِّقًا لِمَا بَيْنَ يَدَيَّ مِنَ التَّوْرَاةِ وَلِأُحِلَّ لَكُمْ بَعْضَ الَّذِي حُرِّمَ عَلَيْكُمْ
Яъни: (Мен) ўзимдан олдинги (нозил этилган) Тавротни тасдиқлаш ва сизлар учун ҳаром қилинган айрим нарсаларни ҳалол қилиб бериш учун келдим (Оли Имрон, 50).
Дин – ҳақ ва у биттадир. Одам алайҳиссаломдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган Пайғамбарларнинг барчаси шу динга чақириб, инсонларни унга амал қилишга буюриб келдилар. Ҳа, бу Исломдир.
Дарҳақиқат, Иброҳим, Исмоил ва Яъқуб алайҳиссаломлар шу ҳақ дин ила юборилдилар. Аллоҳ таоло айтади:
وَمَنْ يَرْغَبُ عَنْ مِلَّةِ إِبْرَاهِيمَ إِلَّا مَنْ سَفِهَ نَفْسَهُ وَلَقَدِ اصْطَفَيْنَاهُ فِي الدُّنْيَا وَإِنَّهُ فِي الْآَخِرَةِ لَمِنَ الصَّالِحِينَ۞ إِذْ قَالَ لَهُ رَبُّهُ أَسْلِمْ قَالَ أَسْلَمْتُ لِرَبِّ الْعَالَمِينَ ۞وَوَصَّى بِهَا إِبْرَاهِيمُ بَنِيهِ وَيَعْقُوبُ يَا بَنِيَّ إِنَّ اللَّهَ اصْطَفَى لَكُمُ الدِّينَ فَلَا تَمُوتُنَّ إِلَّا وَأَنْتُمْ مُسْلِمُونَ
Яъни: Иброҳимнинг динидан фақат ўз қадрини билмайдиган кишиларгина юз ўгирадилар. Биз уни дунёда (пайғамбарлик учун) танлаб олдик ва у охиратда (ҳам), албатта, солиҳ (банда)лардан бўлур.
Эсланг, Робби унга: “Бўйин сун!” – деганида, у: “(Барча) оламларнинг Роббига бўйин сундим”, – деди.
Иброҳим ўз ўғилларига, шунингдек, (набираси) Яъқуб ҳам шу динни васият қилиб дедилар: “Ўғилларим, албатта, Аллоҳ сизлар учун шу динни танлади. Бас, мусулмонлик ҳолингиздагина дунёдан ўтингиз!” (Бақара, 130-132).
Мусо алайҳиссалом Бани Исроилга шу ҳақ дин ила юборилдилар. Аллоҳ Таоло Фиръавннинг сехри ҳақида:
قَالُوا إِنَّا إِلَى رَبِّنَا مُنْقَلِبُون ۞وَمَا تَنْقِمُ مِنَّا إِلَّا أَنْ آَمَنَّا بِآَيَاتِ رَبِّنَا لَمَّا جَاءَتْنَا رَبَّنَا أَفْرِغْ عَلَيْنَا صَبْرًا وَتَوَفَّنَا مُسْلِمِينَ
Яъни: (Улар) дедилар: “Биз (ўлсак), албатта, Раббимиз (ҳузури)га қайтувчимиз.
Сен фақатгина Раббимиз оятлари келганда, уларга имон келтирганимиз учунгина биздан ўч олмоқчисан. Эй, Роббимиз! Устимизга сабр (ёмғирини) ёғдир ва бизни мусулмонлик ҳолимизда вафот эттир!” (Аъроф, 125-126).
Ва бу дин билан Исо алайҳиссалом юборилдилар. Аллоҳ таоло айтади:
فَلَمَّا أَحَسَّ عِيسَى مِنْهُمُ الْكُفْرَ قَالَ مَنْ أَنْصَارِي إِلَى اللَّهِ قَالَ الْحَوَارِيُّونَ نَحْنُ أَنْصَارُ اللَّهِ آَمَنَّا بِاللَّهِ وَاشْهَدْ بِأَنَّا مُسْلِمُونَ
Яъни: Исо улардан куфрни сезгач, айтди: “Аллоҳ сари (боришимда) менга ёрдамчилар ким?” Ҳаворийлар айтдилар: “Биз Аллоҳ (динининг) ёрдамчиларимиз. Аллоҳга имон келтирдик ва Аллоҳга (бўйин сунувчи) мусулмон эканимизга (сен) гувоҳ бўлгин (эй, Исо)! (Оли Имрон, 52).
Шундай экан, Набийларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги дин-Ислом билан келдилар. Ва аҳли китоблар диннинг бир эканлигини ва Пайғамбарларнинг барчаси ўзларидан бошқа Пайғамбарни тасдиқлаб келганини биладилар. Набийларнинг олиб келган ақидалари юқорида айтганимиздек бир биридан фарқли эмас эди. Лекин улар бу тўғрисида ихтилоф қилишди, фирқаларга бўлинишди ва Набийлари айтган сўзларига қарши боришди. Аллоҳ таоло улар ҳақида айтганидек:
…وَمَا تَفَرَّقُوا إِلَّا مِنْ بَعْدِ مَا جَاءَهُمُ الْعِلْمُ بَغْيًا بَيْنَهُمْ
Яъни: “Улар фақат ўзларига илм келгандан кейингина, ўзаро адоват қилишиб тафриқага тушдилар”(Шуро, 14).
Барча Набийларга саловоту саломлар бўлсин.
Ҳаётларининг ҳар бир лаҳзаси биз учун ибрат бўлган ҳабибимиз ва шафоатчимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга мукаммал саловоту дурудлар бўлсин.
Рамазон Бутийнинг “Фиқҳус сийратун набаввия” китоби асосида
2-курс талабаси
У. Убайдуллаева