islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Қуръони каримни тeз ва осон ёдлашда замонавий инновацион ёндашувлар (2-қисм)

Агар биз бир кунда, узлуксиз эмас, балки орада дам олиб, умумий беш соат ажратсак, ярим пора (ўн – 10саҳифа) ёдлашга имкониятимиз бўлади. Қўшимча яна ярим соат ажратиб, олдин ёдлаган пораларимиздан ҳар куни бир пора ўқишни одат қилсак, ёдланган поралар ёддан кўтарилиб кетмаслигини таъминлайди.

Худди шу тарзда давом этсак, икки ойда Қуръонни тўлиқ ёд олишга эришамиз иншаАллоҳ (Қуръонни бундай тез фурсатда ёд олиш институтимизнинг бир нечта талабалари мисолида кузатилган).

Иккинчи марта такроран ёдлашда, ҳар куни бир порани белгилаб олиб, ҳар бир саҳифани беш марта мусҳафга қараб ва беш марта ёддан ўқилади. Сўнгида порани тўлиқ жамлаб уч марта ўқилади. Бунга тахминан олти-етти (6-7) соат вақт сарфланади.

Устозга топшираётганда ҳар сафар биринчи порадан бошлаб топшираверади, то ўн пора бўлгунга қадар. Кейин, ўн пора бўлганда, худди шу тарзда, аммо бу сафар ўнинчи порадан такрорни бошлайди, то биринчи порага етгунча (яъни тескари томонга қараб юрилади). Ҳар ўн порани алоҳида, шу услубда такрорланади. Ўттиз порани тугатишга яна икки ой вақт сарфланади.

Учинчи такрорда эса, худди шу жараённи ҳар куни икки порадан давом эттирилади. Ҳар бир саҳифа уч марта қараб ва уч марта ёддан, кейин порани жамлаб бир марта қараб ва бир марта ёддан ўқилади (жами 6-7 соат). Ҳар ўн пора бўлганда, тескари томондан бошлаб ҳам шу шаклда қайтариб қўйилади. Ўттиз порани тугатишга бир ой вақт сарфланади.

Тўртинчи такрорда, ушбу жараён тўрт порадан давом этади. Ҳар бир саҳифа бир марта қараб ва бир марта ёддан ўқилади. Порани жамлаб бир марта ўқилади (жами-7 соат). Ҳар ўн пора бўлганда, тескари томондан бошлаб ҳам шу шаклда қайтариб қўйилади. Ўттиз пора учун жами ўн беш – йигирма (15-20) кун керак бўлади.

Бешинчи такрорда, беш порадан (бир марта қараб ва бир марта ёддан такрорлаб топширилади), жами олти кун давом этади. Ҳар ўн пора бўлганда, тескари томондан бошлаб ҳам шу шаклда қайтариб қўйилади. Бошидан ҳисобланса барчаси бўлиб олти ой сарфланади.

Олтинчи такрорда, бир кунда ўн порани, биринчи порадан бошлаб ўнинчи порагача мусҳафга қараб бир марта ўқилади, иккинчи мартасида ёддан топширилади. Эртасига эса худди шу шаклда, аммо ўнинчи порадан бошлаб, сўнг тўққизинчи, саккизинчи, ва ҳоказо то биринчи порагача, тескари тарафдан бошлаб ёддан топширилади. Бу – пораларнинг рақамларини яхши эслаб қолиш учун жуда фойдали. Ҳар ўн порани худди шу тарзда такрорланади. Ўттиз пора учун олти кун вақт сарфланади.

Еттинчи такрорда, худди олтинчи такрордаги каби жараён ўн беш порадан такрорланади. Ўттиз пора учун жами тўрт кун вақт кетади.

Охирги – саккизинчи такрорда, бир кун мобайнида фақат Қуръонга қараб ўттиз порани тўлиқ хатм қилади. Кейин, орада бир кунлик танаффус қилиб, мияга дам берилади ва учинчи куни Қуръони каримни бир ўтиришда тўлиқ ёддан ўқиб топширилади. Яна бир кун танаффус қилинади. Сўнгра Қуръонга қараб иккинчи бор тўлиқ хатм қилинади. Сўнгра яна бир кун дам олиб, кейин Қуръони каримни бир ўтиришда тўлиқ ёддан, фақат бу сафар ўттизинчи порадан бошлаб биринчи порагача тартиб билан ёддан топширилади. Бу жараён учун бир ҳафта вақт сарфланади.

Умумий ҳисобланса, олти ярим ой ичида Қуръони каримни комил ёд олиш имкони бўлади (иншаАллоҳ).

Маълумот ўрнида, ушбу услуб – Саудия Арабистони, Туркия, Малайзия, Мавритания, Тунис, Жазоир Қуръон мадрасаларида фойдаланилаётган бир қанча услублар жамланмасидан тузилди.

4-курс талабаси
Йўлдошбек қори Нуриддинов

68930cookie-checkҚуръони каримни тeз ва осон ёдлашда замонавий инновацион ёндашувлар (2-қисм)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: