islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

«ҲИРЗУЛ АМОНИЙ ВА ВАЖҲУТ ТАҲОНИЙ ФИЙ ҚИРОАТ АС САБЪУЛ – МАСОНИЙ» асарининг ёзилиш услуби ва унга битилган шарҳлар

Бугунги кунда дунё мусулмонларини илмга чанқоқликлари ва турли илмларни эгаллаш учун сай-харакат қилаётганлари эътиборни ўзига жалб этмоқда. Улар Қуръони карим, Ҳадиси шариф, фиқҳ, тафсир, усулул фиқҳ, ислом тарихини ўрганиш йўлида жадал ҳаракат қилмоқдалар. Жумладан, мусулмон юртдошларимиз ҳам илм йўлида изланишлар олиб бормоқдалар. Юртимиз уламолари қаламига мансуб чоп этилаётган қатор китоблар юртдошларимизнинг илмга бўлган эҳтиёжларини қондиришга хизмат қилиб келмоқда. Дунёнинг турли ўлкаларида, жумладан Ватанимиз Ўзбекистонда ҳам турли фанлар қаторида Қироат илмига бўлган қизиқиш беқиёс. Қироат илмини ўрганишда қорилар устози, муттақинлар пешвоси бўлган Имом Шотибийнинг “Ҳирзул Амоний” асарлари муҳим манба саналади.

Имом Шотибий Қироат илми, ҳадиси шариф, тафсир илмларининг билимдони, шунингдек наҳв илмида ҳам таниқли олим бўлган. Имом Шотибий Қуръон илмлари имоми, Қуръон билан насиҳат қилувчи насиҳатгўй йўлбошчи бўлиши билан бирга, ҳадис ёд олишда ҳам нодир инсон бўлган.

Имом турли соҳаларда ижод қилганига қарамасдан, қироат илми соҳасига алоҳида эҳтиром ва эътибор билан қараган ва Қироат илмига доир “Ҳирзул Амоний ва Важҳут Таҳоний Фий Қироат Ас Сабъул – Масоний” номли бир минг бир юз етмиш уч мисрадан иборат қасида китобларини битганлари. Ушбу асар бизгача етиб келган бўлиб, ҳозирги кунда ҳам қироатларни ўрганишда муҳим манба сифатида фойдаланилмоқда.

Асар шеърий услубда ёзилган бўлиб, байтлардан иборат. Шундан кўриниб турибдики, олим ўзи Андалуслик (ҳозирги Испания) бўлишига қарамасдан, араб шеърият услуби “аруз”ни яхши билган. Асарнинг яна бир ўзига хос жиҳати шундаки, асардаги байтларнинг барчаси “Лом” ҳарфи билан тугайди. Шунинг учун ҳам асар илм аҳли орасида “Ломия” номи билан ҳам машҳур. Асар 78 бобдан иборат бўлиб, 1173 байтни ўз ичига олган. Асарнинг муқаддимасида муаллиф бошқа асарларда учрамайдиган услубни қўллаганини кўрамиз. Улар қироат имомлари ва ровийларининг исмларини номма ном санамаган, балки аввал қироат имомларига, сўнгра иккитадан ровийсига абжад ҳарфларини ёки калималарни рамз-белги сифатида қўйиб чиққан ва уларнинг ҳар бирига маҳорат билан нисбат берган.

Ушбу манзумани шориҳлар ўқувчиларга қулай бўлиши учун бобларга ажратиб, айримлари ички фаслларга ҳам бўлишган. Ҳар бир шориҳўз илм даражаси ва илмий ёндашувидан келиб чиқиб боб ва фаслларга ажратгани боис боб ва фаслларнинг номи ва сони бир-биридан фарқ қилади. Масалан, Имом Суютий ва Абдул Фаттоҳ Абдул Ғаний ал-Қози биринчи бобни кириш қисми ва рамзлар баёни сифатида 94 байт қилиб шарҳлаганлар. Муҳаммад Абдид Даим Хамис эса қуйидагича фасл ва бўлимларга ажратганлар:

  • Нозимнинг муқаддима ибтидоси;
  • Қуръони азимнинг баъзи сифатлари;
  • Қуръонга амал қилувчи қорининг сифатлари;
  • Қуръон қориси ва Қуръон аҳлининг ўрни;
  • Мусаннифнинг қори учун тавсиялари;
  • Қуръонни мутавотир нақл қилишга киришганларни дуо қилиш;
  • Қуръонни мутавотир нақл қилишда машҳур бўлган белгилар;
  • Етти қироат имомлари ва ровийларининг таржимаи ҳоллари;
  • Истелоҳлар ҳақидаги фасл;
  • Ҳукмлар турларининг баёни ҳақидаги фасл;
  • Қасидани номлаш ва унинг мадҳи ҳақидаги фасл;
  • Нидо (дуо) ва умид;
  • Қуръон сари ҳидоят топишларига сабаб бўлувчиларнинг ҳаққига дуо ва умид;

Имом Шотибийнинг “Ҳирзул Амоний ва Важҳут Таҳоний Фий Қироат Ас Сабъул-Масоний” асарларига жуда кўплаб шарҳлар битилган. Улардан, Абул-Ҳасан Илмуддин Али ибн Муҳаммад ибн Абдуссамад Ал-Ҳамадоний ас-Саховий (1159-1246) қаламига мансуб “Фатҳ ал-васид”, Муҳибуддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Ҳасан ал-Бағдодий аш-Шофеъий (1182-1246)нинг “Шарҳ аш-Шотибий”-1 , Рашидуддин Абу Юсуф ал-Мунтажаб (Ҳусайн) ибн Абдулизз ибн Яъқуб ал-Ҳамадоний (ваф.643/1246)нинг “Ад Дуррат ал Фарида” шарҳи, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн ал-Ҳасан ибн Муҳаммад Юсуф ал-Фаъсий ал-Муқиррий (1185-1258) ёзган шарҳ “Ал Лаолий ал-фарида”, Абу Шома кунияси билан машҳур бўлган олим – Абдурраҳмон Абу Шома ибн Исмоил ибн Иброҳим ал-Мақдисий ад-Димашқий аш-Шофеъий (1202-1267) қаламига мансуб шарҳ “Иброз ал Маоний”, Жамолиддин Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Малик ал-Жайёний ан-Наҳвий (1204-1274) битган шарҳ “Ҳавз ал Маоний”, Муҳаммад Шўла номи билан машҳур бўлган қироат олими Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Мавсилий ал-Ҳанбалий (1226-1258) ёзган шарҳ “Канз ал Маоний”-1, яна кўплаб уламолар томонидан ёзилган “Ал Муҳнад ал Қози”,“Шарҳ аш-Шотибий”-2“Кашф ар-Румуз”, “Канз ал Маоний”-2, “Ас-Суръа”, “Фароид ал-Маоний”, “Шарҳ аш-Шотибий”-3, “Шарҳ аш-Шотибий”-4, “Шарҳ аш-Шотибий”-5, “Шарҳ аш-Шотибий”-6, “Шарҳ аш-Шотибий”-7, “Ал-Иқд ан-Назид”, “Мубарриз ал-Маоний”, “Назм ад-Дур ал-Жило”, “Ал-Жавҳар ан-Назид”, “Танқиҳ ал-Усул”, “Сирож ал-Қори”, “Шарҳ аш Шотибий”-8, “Исбол ал-Кисо”, “Талҳис ал-Маоний”, “ал-Абқарий”, “Шарҳ аш Шотибий”-9, “Шарҳ аш Шотибий”-10, “Шарҳ аш Шотибий”-11,“Фатҳ ад-Доний”-1, “Фатҳ ад-Доний”-2, “Ал-Ғоят” номли шарҳлари битилган бўлиб, асарга булардан бошқа яна кўплаб шарҳлар битилган. У шарҳларнинг барчаси ўзига хос ва ўз услубига эга, шунингдек, уларда асарнинг бошқа шарҳларда учрамаган қирраларини очиб беришга эътибор қаратилган. Шундан ҳам кўриниб турибдики, ушбу асар қироат илмини ўрганишда беқиёс зарурий муҳим манба саналади.

Асарнинг фазилати, ўқувчига берилажак манфаати ҳақида турли ривоятлар, Имом Шотибийнинг ҳаётларини ҳикоя қилувчи қиссалар мавжуд. Улардан баъзиларини қуйида келтириб ўтамиз.

Имом Шотибий ҳақида бизга шундай ривоят етиб келган: “У: “Ким ушбу қасидамни ўқиса, албатта, Аллоҳ у билан манфаатлантиради. Чунки мен уни Аллоҳ таолонинг розилиги учунгина назмлаганман”, деган”.

Дарҳақиқат, унинг баракаси машриқу мағрибни қамраб олган. “Ломийя” нусхасининг устига битиб қўйилган қуйидаги матнни кўрганман: “Шотибийдан ривоят қилинишича, ким бу қасидани ёдласа, Жаннатга киради”. Ушбу ёзувни ўқиган қорилардан бири бу ҳақда сўраш учун унинг ҳузурига боради. У сўрамасидан туриб, у зотнинг кароматлари сабабли аён бўлган ҳолда: “Ҳа, ким ёдласа, Жаннатга киради, ҳатто ким вафот қилсаю, ушбу қасида уйида бўлса ҳам Жаннатга киради”, деган. Ким буни ёдласа, албатта фойда топган. Чунки назм қилувчи (Шотибий) қасидани тугатгач, китобни қўлида тутган ҳолда Каъбанинг атрофини ўн икки минг шавт (84000 марта) тавоф қилиб, уни ўқувчининг ҳаққига: “Эй, Еру Осмонни яратувчи, яширин ва ошкора ишларни билувчи, ушбу буюк Каъбанинг Парвардигори бўлган Аллоҳим! Буни ҳар бир ўқиган инсонга манфаатли қилгин”, дея дуо қилган. Ривоят қилинишича, Имом Шотибий қасидани тугатиб бўлгач, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни туш кўрганлар. Тушларида у зотнинг ҳузурларида туриб: “Эй Расулуллоҳ! Мана бу қасидани қаранг”, дея уни қўлларига тақдим қилганларида, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни муборак қўлларига олиб: “Бу муборакдир. Ким уни ёдласа, Жаннатга киради”, деганлар.

Имом Шотибий ушбу “Ҳирзул  Амоний ва Важҳут Таҳоний Фий Қироат Ас Сабъул – Масоний” асарларини чин ихлос билан, қалбларини Аллоҳ таолога қаттиқ боғланган ҳолда ёзганлари учун ҳам ушбу асар толиби илмлар ва китобхонларга манфаатли бўлиб келаётган бўлса ажаб эмас. Дарҳақиқат, олимнинг жуда кўплаб илмларни эгаллагани, унинг тақвоси ва ихлоси барчамизга ибрат. Олимнинг ҳаётини ўрганар эканмиз, унинг илмда ҳам тақвода ҳам пешқадам, олимларга, қориларга устоз, муттақинларга пешво эканини кўришимиз мумкин. Бизнинг юртимиздан ҳам Имом Шотибийдек буюк алломалар, дунёга устоз бўладиган буюк олиму, фозиллар, хусусан, қироат илми уламо ва устозлари етишиб чиқишини Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус
ислом билим юрти мударрисаси Г.Кенжабой

70080cookie-check«ҲИРЗУЛ АМОНИЙ ВА ВАЖҲУТ ТАҲОНИЙ ФИЙ ҚИРОАТ АС САБЪУЛ – МАСОНИЙ» асарининг ёзилиш услуби ва унга битилган шарҳлар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: