Ватандошимиз, фақиҳлар султони Бурҳониддин Марғилоний раҳматуллоҳи алайҳ қаламларига мансуб “Ҳидоя” асари бир неча юз йиллардан буён бутун ислом оламида фиқҳ илмидаги энг мўътабар манбалардан бўлиб келмоқда. Ушбу асарни Араб ва Ҳинд диёрларидаги дорилфунунларда ҳанафий мазҳаби фиқҳини ўрганишда энг кўп мурожаат этиладиган манба десак, муболаға қилмаган бўламиз. Хусусан, ушбу китоб диёримиздаги олий диний таълим муассасаларида фиқҳ фанидан асосий дарслик бўлса, ўрта-махсус диний таълим даргоҳларида “Ҳидоя” асосида ёзилган “Виқоя” китобининг мухтасар (қисқартма) шакли дарслик сифатида фойдаланилади.
Бурҳониддин Марғилоний ҳазратлари ушбу китобда бир қанча ўзига хос ибора ва истилоҳлардан фойдаланганларки, уларни яхши билиб олиш китобни янада теранроқ англашга ёрдам беради. Шуни эътиборга олган ҳолда, Абдулҳай Лакнавийнинг “Ҳидоя” асарига ёзган шарҳлари муқаддимасида келган маълумотларни таржима қилиб, толиби илмлар эътиборига ҳавола этишни лозим топдик.
- Муаллиф (قال رضي الله عنه) десалар, ўзларини назарда тутаётган бўладилар. (Абдулҳақ Деҳлавий “Мидрожун нубувва” да шундай деганлар).
Абу Сауд эса шундай дейдилар: “Ҳидоя”нинг соҳиби агар ўзларининг тасарруфларини зикр қилсалар, (قال العبد الضعيف عفي عنه)деб айтганлар, лекин баъзи шогирдлари у киши вафотларидан кейин бу иборани (قال رضي الله عنه)га ўзгартирганлар. Ўзларини биринчи шахсда келтирмаганларининг сабаби манманлик бўлиб қолишидан эҳтиёт бўлиш учун бўлиб, бу барча улуғ фақиҳларимиз ва муҳаддисларимиз одати ҳисобланади”.
2. Ўзлари мухтор деб билган мазҳабнинг далилини охирги бўлиб келтирадилар. (Иноя, Ниҳоя)
Мусаннифнинг одатлари шуки, у киши бир масала бўйича уламоларнинг турли қавлларини нақл қилишда аксар ҳолатларда кучлисини биринчи келтирсаларда, уларнинг далилларини зикр қилишда кучли қавлнинг далилини бошқа қавлларнинг ҳам далилларига жавоб бўлиши учун энг охирида келтирадилар.
3. Муаллиф (مشايخنا) десалар, Бухоро ва Самарқандлик Мовароуннаҳр олимларини назарда тутаётган бўладилар.(Иноя)
“Вақфун наҳр”да Аллома Қосимдан ривоят қилинишича, китобдаги бу иборадан Имом Абу Ҳанифани кўрмаган уламолар назарда тутилган.
5. Муаллиф китобда “бизнинг диёрда” деб ишлатган ибораларидан Мовароуннаҳр шаҳарларини назарда тутганлар.
6. Юқорида зикр қилиб ўтган оятни эслатганларида (ما تلونا)иборасини қўллаган бўлсалар, юқорида келтирилган ақлий далилга (ما ذكرنا) ва (ما بينا)иборалари билан ишора қилганлар. Юқорида келтириб ўтган ҳадисларига ишора қилиш учун (ما روينا)ни ишлатганлар (Натоижул афкор). Нодир ҳолатлардагина, ҳадисга ҳам (لما ذكرنا)иборасини ишлатганлар. (Фатҳул қодийр)
Баъзи ҳолатларда эса (لما بينا) ибораси билан Қуръонга ҳам, ҳадисга ҳам, ақлий далилга ҳам ишора қилишлари мумкин (Кифоя). “Мифтаҳус саодат” китобида айтилишича: (لما ذكرنا) иборасини барча далилларга нисбатан умумий қилиб ишлатганлар.
Саҳобийнинг гапини (الأثر)деб ифодалаган бўлсалар, гоҳо хабар билан асар ўртасини фарқламай, (ما روينا) ни ҳар иккисига ҳам ишлатганлар. (Мифтаҳус саодат)
6. Кўп ҳолларда, икки фойдани ифодалаш учун наснинг иллатини масаланинг аслига алоҳида мустақил ақлий далил сифатида келтирадилар. (Натоижул афкор)
7. Ақлий далилни (الفقه)деб ифодалайдилар. Айтадиларки, (الفقه فيه كذا). (Мифтаҳус саодат)
8. Мусанниф баъзан ақлий далил кетидан яна бир ақлий далил келтирадиларки, бу билан лиммий далилга ишора қилган бўладилар. “Натоижул афкор”да: “Мусаннифнинг одатлари шуки, у киши айтилган масалага далил келтиргандан кейин (وهذا لأن…) деб ифодалайдилар, бундан мақсадлари инний далилдан кейин лиммий далилни ҳам келтиришдир. (“Лиммий далил” ва “инний далил”, булар мантиқ истилоҳлари бўлиб, иллат орқали маълулга далил келтирилса, лиммий далил, маълул орқали иллатга далил келтирилса, инний далил дейилади. Таржимон).
9. Муаллиф (الأصل)деганда, Имом Муҳаммаднинг “Мабсут” китобларини назарда тутган бўладилар.
10. (المختصر) деганда, Имом Қудурийнинг “Мухтасар”ларини кўзда тутган бўладилар, шунингдек (الكتاب)дан ҳам шуни ирода қилган бўладилар, лекин баъзан, (الكتاب) дан“Жомеъ ус-сағир”ни ҳам назарда тутганлар.
11. Муаллиф (قال)калимасини масалани “Қудурий”дан ёки “Жомеъ ус сағир”дан, баъзан “Бидоятул мубтадий” дан нақл қилганларида келтирадилар. (Ғоятул баён). Лекин, баъзан бунга хилоф ҳам қилганлар, масалан, иқрор китобининг аввалида (قال) дан кейин келтирган масалалари “Жомеъ ус сағир”дан эмас, балки “Мабсут”дан нақл қилинган.
12. (هذا الحديث محمول على المعنى الفلاني) деган сўзларидан мақсад, ҳадисни бу маънога ҳамл қилганлар ҳадис олимлари эканлигини ифодалашдир. Агар(نحمله)иборасини ишлатсалар, демак ҳадисни бу маънога йўйган муаллифнинг ўзлари, муҳаддис олимлар эмас. (Мифтаҳус саодат)
13. Иборадаги маъно очиқ-ойдин бўлгани учун (أما)нинг жавобида (فا)ни келтирмайдилар. (Мифтаҳус саодат). Мен (Абдулҳай Лакнавий) “Ҳидоя”нинг кўплаб қўлёзма ва босма нусҳаларини ўрганганимда, ҳар доим ҳам бу ҳолатни топмадим. Баъзан жавобда (فا)ни зикр қилганлар, баъзан эса йўқ.
14. Муаллиф (عند فلان) десалар, бу билан ўша фалончининг мазҳабини ифодалайдилар, агар (عن فلان)иборасини ишлатсалар, бу ўша кишидан келган ривоятлардан бири эканини ифодалайди. (Мифтаҳус саодат)
Айний “Ҳидоя”нинг шарҳида шундай дейдилар: “(عن)калимаси “Зоҳир ур-ривоя”дан бошқа ривоятларга нисбатан ишлатилади”. Ибн Ҳумом: “(عند)калимаси ўша фалончининг мазҳабини ифодалаш учун ишлатилади”, дейдилар.
15. Муаллиф васлия (إن)нинг вовини тушириб кетадилар. Лекин, мен (Абдулҳай Лакнавий) саҳиҳ нусҳаларда буни ҳар доим ҳам учратмадим.
16. Агар “Жомеъ ус сағир” нинг иборалари билан “Қудурий”нинг иборалари ўртасида номувофиқликка дуч келсалар, “Жомеъ ус сағир”да бундай келган деб айтиб кетадилар. (Мифтаҳус саодат)
17. (قالوا) иборасини уламолар ўртасида ихтилофли бўлган масалаларда келтирадилар. (Масалан, мудаббарнинг нархи соф қул (қин)нинг учдан икки қийматидир деб, сўнгра (على ما قالوا)иборасини ишлатганлар, бу борада барча якдил фикрда эмаслигини билдириш учун. Таржимон)
18. Муаллиф баъзан эҳтимолий (тақдирий) саволларга ҳам жавоб бериб кетадилар. Аммо кўп ўринларда саволни ҳам, унга жавоб бераётганларини айтиб ўтмайдилар.
19. Муаллиф баъазан, келтирилган масаладан кейин унга ўхшаш бошқа бир масалани келтириб ўтадилар. Сўнгра уларга ишора қилмоқчи бўлсалар, кейин келтирилган масалага (ذلك) ёки (تلك)билан ишора қилсалар, аввалги маслага(هذا)ёки (هذه)билан ишора қиладилар.
20. Муаллиф агар (والتخريج كذا)иборасини ишлатсалар, ўзларининг тахрижларини ирода қилаётган бўладилар, бошқанинг тахрижини эса ўзига нисбат берадилар.
3-курс талабаси
Мурод Умарходжаев