islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Арбун (байбоши, заклад)га оид шаръий ҳукмлар

Арбун ёки урбан (ўзбек тилида “байбоши”, “закалат”, рус тилида “заклад”. Таржимон)га “Лисонул араб” луғатида шундай таъриф берилган: “Ҳаридор бир товарни[1] сотиб олиб, сотувчига  маълум миқдорда пул беради, шундай шарт биланки, агар ҳаридор савдони юргазиб, амалга оширса, бу пул товарга берилиши керак бўлган баҳонинг бир қисми сифатида эътиборга олинади, агар ҳаридор айниб қолса, берилган пул сотувчида қолаверади, ҳаридор уни қайтариб олмайди”[2]. Бу сўз ушбу кўринишдаги келишувнинг номидир. Баъзан эса, “арбун” сўзи мазкур савдо турида сотувчига бериладиган пул маблағига нисбатан ҳам ишлатилади.

Ибн Қудома айтадилар: “Савдодаги арбун бу – ҳаридор товарни сотиб олиб, агар товарни олса, баҳодан ҳисобланиши, агар олмаса, сотувчига қолавериши шарти билан сотувчига қанчадир дирҳам беришидир”[3].

Юқоридаги таърифлардан кўриниб турибдики, арбун асосида тузилган келишув бу – савдо ақди (шартномаси) бўлиб, ҳаридорга хиёри шартни собит қилади, агар савдони амалга оширса, арбун маблағи товар учун берилиши керак бўлган баҳонинг бир қисми сифатида ҳисобга олинади, агар ҳаридор савдони бузса, арбун сифатида берилган маблағ сотувчида қолаверади. Демак, бу ҳаридорнинг фойдасига бўлган хиёри шарт турларидан бири бўлиб, бу хиёри эвазига савдони бузган пайтда маълум пул бериши керак бўлади, сотувчида эса, савдони бузишга ҳеч қандай ихтиёр йўқ. Бу савдо турини жоиз деганлар хиёри шартни маълум муддат билан чекламаганлар, демак муддатни таъйин қилиш савдолашувчиларнинг ўзаро келишувига боғлиқдир.

Уламолар арбуннинг жоизлигида ихтилоф қилганлар:

Ҳанафийлар, Шофеъийлар, Моликийлар ва Ҳанбалийлардан Абул Хаттоб уни жоиз эмас дейишган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ва Ҳасан Басрий роҳматуллоҳи алайҳидан ҳам арбундан қайтарганлари ривоят қилинган[4].

Имом Аҳмад роҳматуллоҳи алайҳ арбунни жоиз деганлар. Арбуннинг жоизлиги Умар ва Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан, шунингдек Мужоҳид, Ибн Сийрин, Нофеъ ибн Абдулҳорис ва Зайд ибн Аслам роҳимаҳумуллоҳ каби тобеинлардан ривоят қилинган.

Жоиз эмас деганларнинг далиллари: Имом Молик “Муватто”да бир сиқа (ишончли) ровийдан, у Амр ибн Шуайбдан, у отасидан, у эса бобосидан ривоят қилади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам арбун савдосидан қайтардилар”[5].

Шунингдек, бу савдо –  ғарар (хавф-хатари юқори) бўлган савдо турларидан бири ҳисобланиб, ҳаридор товарни сотиб олмаган тақдирда унинг арбун учун берган пули  ҳеч қандай эвазсиз зоеъ бўлади.

Арбунни жоиз деганларнинг далиллари: Абдурраззоқ “Мусаннаф”да Зайд ибн Асламдан ривоят қилади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан арбун ҳақида сўралганда уни ҳалол дедилар[6].

Ибн Қудома айтадилар: Имом Аҳмад унинг жоизлигига Нофеъ ибн Абдулҳорисдан ривоят қилинган ушбу воқеани далил қилганлар: “Нофеъ ибн Абдулҳорис Умар розияллоҳу анҳу қамоқхона қуришлари учун Савфон ибн Умайядан ҳовли сотиб олдилар, агар Умар рози бўлсалар, савдо амалга оширилади, агар рози бўлмасалар, Сафвонга шунча, шунча пул”. Асрам Имом Аҳмаддан: “Буни жоиз деб биласизми?” деб сўраганларида, Имом Аҳмад: “Мен нима ҳам дейишим мумкин, ахир бу Умар розияллоҳу анҳуку!” деганлар ҳамда арбундан наҳий қилинган ҳадисни заиф деб эътибор қилганлар. Бу қиссани Асрам ўз исноди билан ривоят қилган[7].

Арбундан наҳий қилинган ҳадисни Имом Аҳмад заиф деганлар, чунки Имом Молик санадда ўз шайхларининг исмини зикр қилмаганлар, унинг кимлигиҳақида уламолар ихтилоф қилишган. Байҳақийнинг ривоятида: Ҳубайб ибн Абу Ҳубайб Моликдан, у киши айтадилар: “Абдуллоҳ ибн Омир Асламий Амр ибн Шуайбдан ривоят қилди”[8]. Бу ривоятга кўра Имом Молик ҳадисни Абдуллоҳ ибн Омир Асламийдан эшитганлар, уни эса аксар муҳаддислар заиф ровий дейишган[9].

Ибн Можанинг ривоятида Ҳубайб ибн Абу Ҳубайб  Абдуллоҳ ибн Омир Асламийдан  тўғридан-тўғри, Имом Моликнинг воситасисиз ривоят қилади. Ҳубайб эса матрук ровий бўлиб, уни ёлғончи дейишган. Ибн Абдулбар бу ҳадисда Имом Моликнинг шайхи Абдуллоҳ ибн Лаҳиъа[10] эканлигини айтадилар, Абдуллоҳ ибн Лаҳиъа эса заифлиги билан машҳурдир.

Зайд ибн Асламнинг арбуннинг жоизлигига далолат қилувчи ҳадисига келсак, у ҳам заифдир, чунки унинг санадида Иброҳим ибн Абу Яҳё бўлиб, у аксар муҳаддислар наздида заифдир, фақатгина Имом Шофеъий уни ишончли деб билганлар[11].

Нофеъ ибн Абдулҳорис қиссасига келсак, Имом Бухорий уни таълиқ[12] ҳолда келтириб, айтадилар: “Нофеъ ибн Абдулҳорис Маккада қамоқхона учун Сафвон ибн Умайядан ҳовли сотиб олди. Шундай шарт биланки, агар Умар рози бўлсалар, савдо Умарники, агар У киши рози бўлмасалар, Сафвонга тўрт юз динор”.

Абдурраззоқ Суфён Саврийнинг йўллари билан қилган мавсул ривоятда шундай келади: Нофеъ ибн Абдулҳорис Сафвон ибн Умайядан қамоқхона учун уч мингга ҳовли сотиб олди, агар Умар рози бўлсалар, савдо у кишиники, агар рози бўлмасалар, Сафвонга тўрт юз дирҳам. Шунда Умар у ҳовлини сотиб олдилар. Ибн Журайж йўлидан келтирган ривоятда ҳовлининг баҳоси тўрт минг динор дейилади[13].

Байҳақийнинг ривоятида: Нофеъ ибн Абдулҳорис Умар ибн Ҳаттоб қамоқхона қурдириши учун Сафвон ибн Умайядан ҳовлисини тўрт юзга сотиб олди,  агар Умар рози бўлсалар ҳовлини оладилар, агар Умарга ёқмаса Сафвонга тўрт юз. Суфён ибн Уяйна: “Ҳозирги кундаги Маккадаги қамоқхона ўша жой” деганлар[14].

Арбунга руҳсат бермаганлар ушбу қиссага турли томондан жавоб берганлар. Ибн Мунаййир айтадилар: “Нофеъ Сафвонга шарт қилган тўрт юз динор пул ҳовлининг баҳоси эди, арбун эмас. Савдода савдо молининг баҳоси агар у бошқа биров учун сотиб олаётганини айтган бўлса ҳам сотиб олувчининг зиммасида бўлади.Чунки, ақдни тузаётган айнан унинг ўзидир. Ҳадисдаги маъно шуки, Нофеъ ерни Умар учун сотиб олган ва агар у рози бўлса, савдо уники, агар рози бўлмаса, ҳовли Нофеънинг ўзига қолади”.

Бу жавоб Бухорийнинг таълиқидаги ривоятга кўра тўғри чиқиши мумкин, чунки у ерда баҳо алоҳида зикр қилинмай, балки Сафвонга тўрт юз динор бўлишигина айтилган. Шунингдек, Байҳақийнинг ривоятига асосан ҳам тўғри чиқиши мумкин, чунки у ерда иккала ўринда тўрт юз зикр қилинган. Ибн Ҳазмнинг “Сафвон ибн Умайядан қамоқхона учун тўрт мингга ҳовли сотиб олди, агар Умар рози бўлмаса, Сафвонга тўрт юз динордир”[15] деб ривоят қилган мана бу ривоятига келсак, жоиз эмас дейдиганлар уни: “Ақдда ҳовлининг баҳоси тўрт минг дирҳам бўлиб, у Нофеънинг зиммасига юкланган тўрт юз динорга тенгдир” деб таъвил қилганлар.

Ҳофиз ибн Ҳажар бу қиссага шундай жавоб берганлар: “Сафвонга ваъда қилинган ушбу тўрт юз динор – то Умардан жавоб келгунча ўтган муддатда Нофеънинг ердан фойдаланиб турганининг ҳақидир”. Лекин бу жавоб заифдир, чунки Умардан жавоб етиб келишига кетадиган  озгина муддатда ердан фойдаланишнинг ҳақи тўрт юз динор бўлиши ҳақиқатдан анча узоқ.

Юқоридаги ривоятлардан кўринадики, ушбу қисса нақл қилинган турли ривоятлар ўртасида савдо молининг баҳосини таъйин қилишда ҳам, Сафвонга шарт қилинган миқдор борасида ҳам ўзаро зиддиятлар бор. Шунингдек, бу қисса турли эҳтимолларни ҳам ифодалайди. Бизнингча, Имом Аҳмадга ушбу қисса тўрт юзлик арбундан бошқа эҳтимолларни ифодаламайдиган ҳолда етиб келган ёки у зот бу ривоятларни бошқа ривоятлардан кўра рожиҳроқ деб билганлар. Шунинг учун ҳам: “Мен нима ҳам дейишим мумкин, ахир бу Умар розияллоҳу анҳуку!” деганлар.

Умумий олганда, масала ижтиҳодий масаладир.  Аксар фақиҳлар уни жоиз санамаганлари ва Нофеънинг қиссасида турли эҳтимолларнинг мавжудлиги туфайли, арбунни ножоиз дейиш эҳтиётроқдир, лекин фақиҳларнинг ихтилофлари бу каби таомулга эҳтиёж тушган пайтларда енгилликни  келтириб чиқаради, айниқса раҳбарларнинг фармонида ўз ифодасини топса, чунки қозининг ҳукми хилофни кўтариб юборади. Яна Аллоҳ билувчироқ.

Ислом фиқҳи академияси 1414 ҳижрий санада Брунейда бўлиб ўтган VIII-йиллик йиғилишида Имом Аҳмаднинг фикрларига асосан бу савдони жоиз деган қарорни чиқарган бўлиб, ундан жумладан қуйидагилар айтилади:

  1. Арбун савдоси деганда – ҳаридор товарни сотиб олиб, сотувчига маълум миқдорда бул бериши, агар товарни олса, бу маблағ берилиши керак бўлган баҳонинг бир қисми бўлиши, агар савдони бузса, ушбу маблағ сотувчига қолиши назарда тутилади.
  2. Бу борада ижара ҳам савдо ҳукмида бўлади, чунки у манфаатлар(хизмат ёки фойдаланиш ҳуқуқи кабилар)ни сотишдир. Савдо ақди пайтида икки бадалдан бирини олиш лозим бўлган салам савдоси ҳамда иккала бадални мажлисда қўлга киритиш лозим бўлган саррофлик ва рибавий моллар савдосида арбун амалиёти жоиз эмас.Шунингдек, келажакда савдо қилишга ўзаро ваъдалашувда ҳам арбун олиш жоиз эмас, лекин ушбу ваъдалашув натижасида амалга ошираладиган савдо жараёнининг ўзида арбун олиш жоиз.
  3. Ҳаридорга танлаш имконияти бериладиган муддат таъйин қилиб қўйилсагина арбун савдоси жоиз бўлади. Агар савдо амалга оширилса, арбун маблағи товарга берилиши керак бўлган баҳонинг бир қисми сифатида ҳисобга олинади, агар олувчи айниб қолса, бу маблағ сотувчига қолади[16].

Арбунни жоиз эмас дейдиган ҳанафий, шофеъий ва моликийлардан иборат жумҳур уламоларнинг наздида эса арбун маблағи ҳар қандай ҳолатда товар баҳосининг бир қисми бўлади ва ҳаридорда хиёри шарт бўлади, агар товарни олса, қолган пулни бериши керак, агар хиёри шартдан фойдаланиб савдони бузса, сотувчи арбунга олган маблағни олувчига қайтариши лозим.

Муҳаммад Тақий Усмоний, “Фиқҳул буйуъ” (Савдолар фиқҳи)
113- 119 бетлар.

Таржимон: 3-курс талабаси
Умарходжаев Мурод

[1]Араб тилидаги “мабиъ” сўзининг  ўзбекчада “товар”дан бошқа муқобилини топа олмадим, “маҳсулот” доим ҳам тўғри келавермайди, чунки сотилаётган нарса кўчмас мулк ёки ҳайвон бўлса, унга нисбатан “маҳсулот” сўзини ишлатиб бўлмайди. (Таржимон)
[2]“Лисонул араб”, 1:592
[3] Ибн Қудома. “Алмуғний”, 4:289
[4] “Ҳошияту Дасуқий”, 3:63, “Ҳошияту Зарқоний ала мухтасари  Холил”, 3:83, “Алмажмуъ шарҳул муҳаззаб”, 9:268
[5]“Муватто” да “савдолар”лар бобининг бошида, Сунани Абу Довуд 3359 (Маъолимус сунан 5:142), Ибн Можа 2192, Сунани Байҳақий 5:342.
[6]“Эълоус сунан”, 14:174
[7]Ибн Қудома, “Алмуғний” 4:289
[8]“Сунани Байҳақий” 5:342
[9]“Таҳзибут таҳзиб” 5:275
[10]“Авжазул масолик” 11:45
[11]“Таҳзибут таҳзиб” 1:161
[12]“Ҳарамда ҳибс қилиш” боби
[13]“Мусаннафи Абдурраззоқ” 5:148, 9213-ҳадис
[14]“Сунанул Кубро” 6:34
[15]“Муҳалло” 8:171
[16]Ислом фиқҳи академиясининг 8-журнали 1:791

71860cookie-checkАрбун (байбоши, заклад)га оид шаръий ҳукмлар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: