Ақоид илмини ўрганишда ақида матнларини билиш ва уларни ўрганиш, ёдлаб олиш муҳим ҳисобланади.
Мотрудия таълимотига оид бир қанча матнлар бўлиб, уларнинг асосийлари қуйидагилардир:
I. “Фиқҳул акбар”
Имом Аъзам Абу Ҳанифа Нўмон ибн Собит роҳматуллоҳи алайҳнинг калом илмига тамал тошини қўйган “Фиқҳул акбар” китобларини у кишидан Абу Мутийъ ал-Божилий роҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилганлар. Кўп уламолар буни таъкидлайдилар. “Фиқҳул акбар” матни жуда кўп олимлар томонидан диққат билан ўрганилган. Унга кўплаб шарҳлар ёзилган. Улардан:
- Муҳиййиддин Муҳаммад ибн Баҳоуддин (ваф. ҳижрий 954) тасаввуф ва калом илмини жамлаб шарҳлаган, масалаларни тўлиқ баён этган, уларнинг моҳиятини яхши очиб берган ва уни “Ал-қовлул фасл” (Сўнгги сўз) деб номлаган.
- Мавло ибн Илёс ибн Иброҳим Сайнубий (ваф. Ҳижрий 891-йил Пруссияда) жуда фойдали шарҳ ёзган.
- Мавло Аҳмад ибн Муҳаммад Муғнийсовий. У киши шарҳнинг бошида:
“الحمد لله الذي هدانا إلى طريق السنة و الجماعة
деб бошлаб,
تم الشرح سنة 939 ه”
деб ниҳоясига етказганлар.
- “Фиқҳул акбар”ни Абул Бақо Аҳмадий 918/1506-йил Рамазон ойининг 23-кунида назмга солган ва уни “Иъқдул жавҳар назмун асри фиқҳил акбар” (Фиқҳул акбар насрининг назмий жавҳарлар маржони) деб номлаган.
- Иброҳим ибн Ҳассон Кирмиёний (ваф.1016/1608) ҳам уни шарҳлаб, назмий баён этган.
- Мулла Али Қори роҳматуллоҳи алайҳ бир мужаллад қилиб шарҳлаганлар. Уни “Мин аҳуровзил азҳар” (Гулзордан туҳфа) деб номлаганлар. У жуда катта ва кенг шарҳ. Ушбу китоб кўп марта нашр қилинган ва бир неча тилларга таржима қилинган.
- Шайх Акмалуддин ҳам уни шарҳлаган ва “Иршод” (Дастур) деб номлаган.
II. “Ақидатут таҳовийя”
Имом Аҳмад ибн Жаъфар Ҳанафий (ваф. 321/997) роҳматуллоҳи алайҳнинг “Ақидатут таҳовийя” номи билан машҳур бўлган китобларини ўзлари “Баянус суннати вал жамаа” (Суннат ва жамоат баёни) деб номлаганлар. Бу матн ҳам мотрудия мазҳаби машҳур матнларидан бўлиб, узоқ йиллар давомида калом илми толибларига ёдлатиб келинади. Унга ҳам кўплаб шарҳлар битилган, чуқур ўрганилган. Ана шу шарҳлардан:
- Сирожуддин Ҳибатуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маъло Туркистоний (ваф. ҳижрий 736) шарҳи.
- Нажмуддин Бекбарс ибн Ялнуқлож Туркий (ваф. Ҳижрий 652) катта мужалладли қилиб шарҳлаб, уни “Ан-нурул лаамиъ ва бурҳанус сатиъ” (Порлаб турган нур ва очиқ-ойдин далил) деб номлаганлар.
- Садруддин Али ибн Муҳаммад ибн Иъз Азлаъий Дамашқий Ҳанафий (ваф. ҳижрий 742) шарҳи.
- Маҳмуд ибн Аҳмад ибн Масъуд Қубвий (ваф. ҳижрий 770) жуда меёрида шарҳлаб, уни “ал-Қолаид фи шарҳил ақоид” деб номлаганлар.
- Мавло Кофий Ҳасан Баснавий (ваф. 1025/1617) жуда фойдали шарҳ ёзиб, уни “Нурул яқин фи усулид дин” (Усулуд дин илмида яқин нур) деб номлаганлар.
III. “Ақоидун насафий”
Шайх Нажмуддин Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад Насафий (ваф. ҳижрий 537) роҳматуллоҳи алайҳнинг “Ақоидун насафий” матни мўъжаз матн бўлиб, кўп уламолар унга жиддий эътибор қаратганлар. Унга бир қанча шарҳлар ёзилган. Улардан:
- Аллома Саъдуддин Масъуд ибн Умар Тафтазоний (ваф. ҳижрий 791) ушбу матнга шарҳ ёзиб, уни ҳижрий 768-йил Шаъбон ойида ёзиб тугаллаганлар.
- Рамазон ибн Муҳаммад (ваф. ҳижрий 979) бир мужалладли шарҳ ёзганлар. Бу шарҳ “Ҳошияту Рамазон афанди” (Рамазон афандининг ҳошияси) номи билан машҳур.
- Шайх Муҳаммад ибн Муҳаммад “ибн Ғорс Ҳанафий” номи билан машҳур (ваф. ҳижрий 932). У киши ҳам жуда фойдали шарҳ ёзиб, уни ҳижрий 887-йил Рамазон ойида ниҳоясига етказганлар.
Аллома Тафтазоний роҳматуллоҳи алайҳ шарҳидаги ҳадисларни Жалолиддин Суютий ҳамда Мулла Али ибн Муҳаммад Қори Маккийлар тахриж қилганлар.
IV. “Бадъул амолий”
Шайхул имом Сирожиддин Али ибн Усмон Ўший Фарғоний Ҳанафий (ваф. ҳижрий 575) роҳматуллоҳи алайҳ “Бадъул амолий” (Имлолар боши)нинг муаллифи бўлиб, бу матн 66 (72!)[1] байтдан иборатдир. У ҳижрий 569-йили ёзиб тугалланган[2]. Бу матннинг ҳам шарҳлари кўп бўлиб, улардан баъзилари қуйидагилардир:
- Муҳаммад ибн Абу Бакр Розий шарҳи. Ушбу шарҳ ҳижрий 751-йили ниҳояланган.
- Шайхул имом Иъззуддин Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Жамоа (ваф. ҳижрий 819) ҳам шарҳ ёзган.
- Мулла Али Қори роҳматуллоҳи алайҳ (ваф. 1014/1606) ҳам шарҳ ёзиб, уни “Зовъул маолий” деб номлаганлар.
“Бадъул амолий”нинг ўзбек тилидаги таржима ва шарҳлари
“Бадъул амолий” матнининг ҳозирги кунгача ўзбек тилида нашр қилинган таржима ва шарҳлари қуйидаги асарлардир:
- Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратларининг “Ақоид матнлари” китобида “Бадъул амолий” матни сўзма-сўз таржима қилинган[3].
- “Бадъул амолий” матни Ҳумайдий исмли мударрис томонидан татар тилига таржима қилиниб, 1908-йилда “Амолий таржимаси” номи билан Қозон шаҳрида чоп этилган[4].
- Муҳаммад Зоҳид Қутқу ибн Иброҳим Бурсавийнинг “Аҳли суннат вал жамоат ақоиди” китобида “Бадъул амолий” матни шарҳланган. Шарҳ Мулла Али Қорининг “Зовъул маолий” китоби асосида бўлган. Ушбу китобни таниқли шоир Мирзо Кенжабек ўзбек тилига ўгириб, 1999-йилда чоп эттирган. У “Бадъул амолий” матнини ўзбек тилида ҳам “Л” ҳарфи билан тугаллаб, ажойиб тарзда таржима қилган.
- Шайх Назруллоҳхон эшон Ғарибий томонидан “Бадъул амолий” матни шеърий тарзда шарҳланган. Ушбу асар “Қасидаи Амолий шарҳи ва тавҳид манзумаси” номи билан 2008-йилда чоп этилган[5].
V. “Саводул аъзам”
Абул Қосим Исъҳоқ ибн Муҳаммад Қозий Ҳанафий (у киши Ҳаким Самарқандий номи билан машҳур) роҳматуллоҳи алайҳнинг “Саводул аъзам” китоблари калом илмидаги латиф, мухтасар матндир. Унда олтмиш иккита масала жамланган. Ҳаким Самарқандий 342/1018-йили вафот етганлар[6].
4-курс талабаси
Муҳаммаджон Нуриддин
[1]Ўрганишлар натижасида унинг 72 байт экани аниқланди. Бошқа нусхаларда учрамайдиган ушбу байтлар Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти кутубхонасида мавжуд.
[2]Тамимий. Табақотул ҳанафийя.
[3]Ушбу китоб 2006-йилда нашр қилинган.
[4]Бу таржима эски ўзбек ёзувида битилган.
[5]Абдулқодир Абдур Раҳим. Эътиқод дурдоналари. –Тошкент: “Шарқ”, 2016. –Б 47.
[6]Илёс Қоблон. Мутунул ақоид. –Истанбул: “Муаллим нешрият”, 2017.- Б 14.