Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни Ўз ҳузури олийга сайр қилдирган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога беҳисоб ҳамду саноларимиз бўлсин! Илоҳий ҳузурда ҳам Аллоҳ таолодан ўз умматига раҳм қилишини сўраган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловоту саломларимиз бўлсин!
Меърож – Ислом оламидаги энг муҳим, машҳур ва ғайритабиий ҳодисалардан биридир. Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таоло бандаларининг ичидан Пайғамбарларини танлаб олди ва уларга ўзига хос мўжизаларни берди. Улар ичидан энг улуғ – улул азм Пайғамбарларини ҳам хослаб олди ва уларни “улул азм Пайғамбарлар”, деб хос ном билан номлади, юксак даражотлар ва ўзига хос янада буюкроқ мўжизаларини берди. Сўнра эса улул азм Пайғамбарлари ичидан ҳам хослаб энг суюкли бандаси, ҳабиби, энг улуғ Пайғамбари этиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни хослаб олди. Ва Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даражотларига хос, энг буюк мўжизаларини берди. Улардан бири эса Меърож ҳодисаси эди.
Меърож ҳодисаси содир бўлиш даври Ислом оламининг энг оғир ва таҳликали даврига тўғри келди. Шу билан бирга у давр Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига янада оғирроқ кечаётган вақтлар эди. Чунки бир томонда Исломнинг қийин даври, ҳар томондан хавф-хатарлар, азиятлар тинмай ёғилиб турган бўлса, бошқа томондан эса энг суюкли аёллари Хадижа онамиз ва бор имконияти билан Исломнинг таянчи бўлиб турган амакилари Абу Толиб вафот этган вақт эди. Ҳақиқатан ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ич-ичларидан эзилган эдилар. Чунки оддий инсон бирданига икки энг яқин кишиларини йўқотса қанча ғамга тушиб қолади. Энди Пайғамбар ўлароқ елкада Аллоҳ таолониг динининг юкини кўтариш билан бирга инсонийлик ғам-ташвишларини ҳам кўтариб юриш жудаям мушкул эди. Барча нарсадан хабардор Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таоло Ўз Ҳабибини ҳеч ҳам ёлғиз қўймаслигини бир белгиси ўлароқ, Ўзининг ҳузури олийига таклиф қилди… Шубҳасизки, бундай таклиф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўнгилларини жудаям шод қилган эди. Зотан, у маконларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа ҳеч ким чиқмаган эди.
Аллоҳ таоло Пайгамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни Ўз ҳузури олийига таклиф қилди. Бирма-бир осмонлардан кўтариб, олиб чиқди. Осмонлардан кўтариб бориб, ўзларидан олдин ўтган ва тақдири ҳам ўхшаш бўлган Пайғамбарлар билан учраштирди. Ҳар бирлари билан сўзлашдилар. Бирлари билан озроқ, бирлари билан эса кўпроқ. Махфий эмаски, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у Пайғамбарларни кўрганларида уларнинг бошидан ўтганларини хотирлаганлар. Шунча қийинчиликка гўзал сабр қилиш натижасида эса улар улуғ даражотларда ўтиргандилар. Бу эса “Агар сиз ҳам сабр қилсангиз, Эй Муаммад, сизга ҳам шундай олий мукофотларни бераман” маъносидаги Аллоҳ таолонинг белгиси эди.
Сўнг эса янада юқорига кўтарилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Байтул Маъмур, Сидратул Мунтаҳо, унинг остидан оқиб чиқайтган анҳорларни Жаброил алайҳи саломнинг ҳамкорлигида кўрдилар. Ўзларига ато қилинган ҳавзи Кавсарни, шунингдек жаннат, дўзахни кўрдилар. Ундан кейин эса ҳеч ким, ҳатто Жаброил алайҳи салом ҳам кўрмаган Аллоҳ таолонинг ҳузурига кирдилар. Мана буларнинг барчаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кўнгиллари кўтариш, ғам-ғуссаларини аритиш учун Аллоҳ таоло ато қилган улкан неъмати – Меърож ҳодисаси эди.
Меърож ҳодисаси ҳақида уламолар, мазҳаблар, ҳатто оқимларнинг орасида ҳам ихтилоф бўлмаган. Чунки бу ҳодиса инсон онги кўтарадиган ҳодиса эмас эди. Шунингдек бу ҳодисанинг бирор кишининг дунёвий манфаатларига ҳам даҳли йўқ эди. Бирор инсон бу ҳодиса ҳақида фикр билдира олмас эди, рад қилиш учун эса ё уни кўрган ёки олдин у ҳақида бирор кимдан эшитган бўлиши керак эди. Бироқ, Исро ҳодисасида эса ҳар хил фикрлар, ҳатто қатъий инкор қилишлар ҳам бўлди. Мушриклар унга ишонишмади, қаттиқ инкор қилиб туриб олишди, яна иймони ҳали комил бўла олмаган мусулмонлар ҳам инкор қилишди ва диндан чиқишди. Чунки Байтул Мақдис билан Масжидул Ҳаром ўртасидаги йўлни кўрган ва босиб ўтганлар бор эди. Масжидул Ақсони яхши биладиганлар бор эди. Мана шунинг учун ҳам бу борада ихтилофлар вужудга келди. Исрода асли содир бўлганлиги борасида ихтилофлар бўлди, Меърожда эса ундай эмас, содир бўлганлиги борасида ихтилофлар бўлди…
Давоми кейинги мақолаларда..
Тошкент Ислом институти талабаси
Нажмиддинов Бахтиёр