islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси ва ўрта махсус билим юртларига британиялик олимлар ташрифлари ва уларнинг таассуротлари (интервью)

Жорий йилнинг 19 апрель куни Тошкент ислом институтига бутун дунё олимлари эътироф этган шайхлардан бири Муҳаммад Тақий Усмоний ташриф буюриб, у зот билан давра суҳбати бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу давра суҳбатига Англия ва Туркиядан ҳам меҳмонлар ташриф буюрган эди. Англиялик меҳмонлардан бири – муфтий Тақий Усмонийнинг шогирди муфтий Муҳаммад ибн Одам Кавсарий шу куни кечки пайт Тошкент ислом институтига қайта ташриф буюриш истаги борлигини изҳор қилди. Шу муносабат институт раҳбарияти маслаҳатига кўра, 20 апрель куни катта танаффус вақтида учрашув белгиланди. Белгиланган вақтда Англиянинг Лестер шаҳрида истиқомат қилувчи муфтий Муҳаммад ибн Одам Кавсарий, доктор Абдураҳмон Юсуфлар ташриф буюрдилар ва маъҳад устоз-талабалари иштирокида илмий суҳбат бўлиб ўтди.
“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси мудири меҳмонларни бу ташриф билан табриклаб, меҳмонлар билан устозларни ўзаро таништирди ва Британиядаги ислом институт ва университетлар фаолияти ҳамда уларнинг ўқув дастурлари, дарслик китоблар ҳақида сўраб давра суҳбатини очиб берди. Сўнг Раззоқов Яҳё домла, Жўрабоев Ҳабибуллоҳ домла баъзи фиқҳий масалаларни сўрадилар.

Талабалар меҳмонлардан араб ва инглиз тилларида ўзини қизиқтирган  саволларини сўраб олдилар. Муҳаммад ибн Одам Кавсарий Тошкент ислом институти ҳамда Бухоро Мир Араб олий мадрасаси, Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти ва бошқа мадрасалар талабаларининг илмий савияси ўзи ўйлагандан чандон зиёда эканини таъкидладилар.
“Бу юртнинг устоз-талабалари ўзлари кўп нарсани билсалар ҳам, камтарлик қилиб, ўзларидан бошқа олимларни устун қўйишар экан. Лекин уларнинг араб ва инглиз тилида бемалол савол беришлари, саволларининг савияси ўз илмий салоҳиятларини намоён қилмоқда. Ўзбекистонга сафарим олдидан бу юртни ҳам сафар қилган баъзи давлатлардек тасаввур қилган эдим. Келгач эса, бу юртнинг шаҳарлари обод, кўчалари покиза, одамлари меҳмондўст ва камтарин-тавозеъли эканини кўриб, фикрим мутлақо ўзгарди”, деган маънода сўзлади муфтий Кавсарий суҳбати асносида.

Доктор Абдурраҳмон Юсуф докторлик диссертациясини буюк аллома бобомиз – Фақиҳ Абу Лайс Самарқандийнинг “Навозил” китоби бўйича ёқлаган экан. У китобдаги баъзи туркий сўзларни тушуна олмаганини айтиб, устозлардан туркий сўзлар маъносини сўраб олдилар.

Тадбир сўнгида “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири Б.Азамов меҳмонлардан интервю олди:

Б.Азамов: Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ, азиз меҳмонлар. Биз сизларнинг юртимизга ташрифингиздан беҳад хурсанд бўлдик. Сизлар етти кундан бери Ўзбекистонда саёҳат қилиб юрибсизлар, Бухоро, Самарқанд, Термиз шаҳарларига бордингиз. Икки кундан бери Тошкентнинг турли диққатга сазовор жойларини зиёрат қилиб турибсизлар. Сизларнинг институтимиз ҳамда юртимиз ҳақидаги таасуротларингиз бизни қизиқтиради, шу ҳақда тўхталиб ўтсангизлар. Марҳамат!

Муҳаммад ибн Одам Кавсарий: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Биз ҳам Ўзбекистонга ташриф буюрганимиздан хурсандмиз. Бунинг учун Аллоҳ таолога ҳамд айтамиз. Бу бизнинг биринчи ташрифимиз. Биз бу мамлакат жуда тоза ва покиза эканини кўрдик. Бу покизалик ташқи кўринишда ҳам,  инсонларнинг ботинида ҳам, уларнинг ихлосларида ва қалбларида ҳам кўриниб турибди. Самарқанд, Бухоро ва Термизда ҳам – мана шундай – ҳам зоҳирий, ҳам ботиний покликга шоҳид бўлдик. Икки кундан бери биз Тошкентдамиз. Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин! Кеча бу ерда Имом Бухорий маъҳадида жума намозини шайхимиз Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ билан бирга ўқидик. Бугун яна бир марта бу ерга келдик. Чунки бу ерда жуда ажойиб бир ифорни топдик. Мен яна ўша ифордан кўпроқ баҳра олиш  учун яна бу ерга келишга қарор қилдим. Биз бу ердаги устозлар, мударрислар, шайхлар ва талабаларда жуда кўп хислатлар бор эканлигини кўрдик. Бу ерда ўқитиладиган фанлар ва китоблар билан танишдик. Кеча билдикки, бу ерда беш юзга яқин талаба таҳсил олар экан, аёллар бўлими, Қуръон ёдлаш кафедраси мавжуд экан. Буларнинг барчасини Совет тузумидан кейин кўришимиз бу жуда яхши ва бунинг учун Аллоҳ таолога ҳамд айтамиз! Шунингдек, буларнинг барчаси давлат раҳбарининг бошчилигида олиб борилаётгани, давлат шундай йўл очиб бераётгани, мана шундай маъҳадлар фаолият юритаётгани, буларнинг барчаси учун Аллоҳ таолога ҳамд ва шукрлар бўлсин! Буларнинг барчаси келажакда бу юртда мусулмонлар, ислом ва илм учун яхши бўлади, иншааллоҳ! Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин!

Б.Азамов: Сизларга раҳмат! Биз ҳам сизларнинг иккинчи бор бу ерга қайтиб келмоқчи экангизни эшитиб, жуда ҳурсанд бўлдик. Биз сизларни маъҳадимизга яна ташриф буюришингизни кутиб қоламиз! Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Тадбир сўнгида “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири Б.Азамов ва Фахриддин Маманосиров томонидан меҳмонларга Тошкент ислом институти номидан совғалар топширилди.

76960cookie-checkТошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси ва ўрта махсус билим юртларига британиялик олимлар ташрифлари ва уларнинг таассуротлари (интервью)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: