islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ҚУРЪОНИ КАРИМ ИЛОҲИЙ ШИФОДИР

Инсон шундай мавжудотки, унинг моҳияти жасад ва руҳдан иборат бўлади. Жасад ҳам руҳ ҳам ўз навбатида ўзи муҳтож бўлган озуқани талаб қилади. Шунинг учун ҳам инсон гоҳида жисмоний, гоҳида эса руҳоний ҳасталикларга дучор бўлади.

Барча соҳалар қатори тиббиёт соҳаси ҳам ривож топган бугунги асримизда ҳар иккала кўринишдаги касалликлар учун шифо муолажалари мавжуд. Шунга қарамай баъзи ҳолатларда тиббиёт ўзининг ожизлигини изҳор қилиб, имконсиз қолган вазиятларни ҳам гувоҳи бўлганмиз.

Ислом таълимотида касаллик борки, унинг давоси ҳам мавжуд. Зеро, Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

مَا أَنْزَلَ اللهُ دَاءً إِلَّا أَنْزَلَ لَهُ شِفَاءً

“Аллоҳ касалликни фақат шифоси билан нозил қилди”, деб хабар берганлар.
Дарҳақиқат, баъзида шифокорлар ҳам даволашнинг имкони йўқ дея қайтарган касалликлардан тузалиб, соғ-саломат яшаб кетган кишиларни ҳам кўрамиз, эшитамиз. Демак ушбу хасталикнинг давоси мавжуд, фақат биз билмаймиз холос, деган хулосага келишдан бошқа илож йўқ.

Ислом инсон ҳаётининг барча жабҳаларида ўзининг тўғри ва аниқ ечимини тақдим қилгани каби тиб соҳасида ҳам энг мукаммал ва тўғри дастурдир. Зеро, Қуръони карим ва суннатдан бандаларнинг касалликлардан қандай даволаниш кераклигини таълим олиш билан бирга оятларни тиловат қилиш ва набавий дуоларни зикр этиш ила шифо топиш ҳам мумкин.

Қуръони Каримнинг шифо бўлиши ҳақида шундай дейилган:

قُلْ هُوَ لِلَّذِينَ آَمَنُوا هُدًى وَشِفَاءٌ

Айтинг: (Ушбу Қуръон) имон келтирган зотлар учун ҳидоят ва  шифодир.

Имом Қуртубий ушбу оят тафсирида: “Аллоҳ таоло Қуръони Каримни тўғри йўлга бошловчи, ҳар қандай шак-шубҳаларга ва оғриқларга даво эканини билдирган”, деганлар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан шудай ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васллам:

عَلَيْكُمْ بِالشِّفَاءَيْنِ: العَسَل وَ الْقُرْآن

“Ўзларингизга икки шифо – асал  ва Қуръонни лозим тутинглар”, деб марҳамат қилдилар.

Ушбу оят ва ҳадисдан маълум бўладики, бемор кишининг Қуръони карим оятларини тиловат қилиши ёки бошқа кишининг оятларни тиловат қилиб касал биродарига дам солиши ундаги касталикларга шифо бўлар экан. Мазкур амал Пайғамбаримиздан суннат, саҳобалар ва барча азиз авлиё-уламолар тутган йўлдир.

Урва (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади Оиша (розияллоҳу анҳо): “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) касал бўлганларида “муовазатайн”ни ўқиб, ўзларига (дам солиб) туфлардилар. Оғриқлари кучайганда мен ўқиб, унинг баракасидан умид қилиб, қўлларини силардим” деганлар.

Бундан ташқари Пайғамбаримиз касал бўлган саҳобаларни зиёрат қилиб келар, дуолар қилиб ўнг қўлларига дам солиб силардилар. Натижада саҳобалар шифо топардилар ва Расулуллоҳдан ўрганганлари ила бошқа биродарлари касал бўлганларида дам солиб даволаб қўярдилар.

Лекин шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ислом дори-дармон ёки тиббий муолажалар воситасида даволанишни инкор қилмайди. Балки, мазкур йўсинда ҳам даволанишга буюради.

Мўътадил йўл шуки, ҳар доим шифо Аллоҳдан эканлигини ҳис қилган ҳолатда, Унинг муборак каломидан, Пайғамбарининг шарафли суннатидан, шу билан бирга Аллоҳ ҳалол санаган бошқа воситалар орқали даволаниш мақсадга мувофиқдир.

 4-курс талабаси
Махсумов Мақсуд

85080cookie-checkҚУРЪОНИ КАРИМ ИЛОҲИЙ ШИФОДИР

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: