عن أبي هُريرة رضي الله عنهُ عن النبي صلى الله عليه و سلم قالَ: “أتاكُم أههْلُ اليمن، هُمْ أرقُّ أفئدةً و ألينُ قلوبًا، الإيمانُ يمانٍ، و الحكمةُ يمانيةٌ و الفخرُ و الخيلاءُ في أهلِ الإبلِ، و السكينةُ و الوقارُ في أهلِ الغنمِ“
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Сизларнинг олдингизга Яман аҳли келди. Улар кўнгиллари юмшоқ, қалблари мулойимдирлар. Иймон Ямандадир, ҳикмат яманликлардадир, фахр ва кибр туя эгаларида, сакинат ва виқор қўй эгаларидадир»
Ҳадиснинг шарҳи
Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассаламнинг олдиларига яманликлар келганларида уларни мақтадилар ва уларни юмшоқ қалблилик билан сифатладилар, бунинг сабаби Аллоҳнинг оятларидан кўп таъсирланганлари бўлгани учун, ҳақни маҳкам тутганлари учун ва унга амал қилганлари учун.
Туя эгаларини фахр ва кибр билан, қўй эгаларини эса сакинат ва виқор билан сифатлашининг сабаби инсонни ўраб турган муҳити ва касби унинг табиати ва иймонига таъсир кўрсатгани учундир.
Ҳадиси шарифдаги [أهل الإبلِ] (туя эгалари) сўзидан Робий ва Музор қабилалари назарда тутилган. [أهل الغنمِ] (қўй эгалари)дан Яман аҳли тушинилади. Бир қийлда Шомликлар дейилади.
Ушбу ҳадисдан билинадики, яман аҳли иймонни қабул қилишга шошилганлари учун ва чақириққа лаббай деб жавоб берганлари учун афзал фазилатлидирлар.
Барчага маълумки, қалбнинг юмшоқлиги мақталадиган сифатлардандир, демак мўмин киши атрофдагилар билан мулойим бўлиши керак. Аллоҳ таоло:
{ وَ لَوْ كُنْتَ فَظًّا غَلَيظَ الْقَلْبِ لَانْفَضُّوا مِنْ حَوْلِكَ }
деб марҳамат қилган. Яъни «Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар». (Оли Имрон, 159-оят)
Аллоҳ барчаларимизни қалби юмшоқлик, мулойимлик ва ҳикмат фазилати билан Ўз даргоҳида шарфали бандаларидан қилсин. Атрофимизни яхшилик ва яхшилар билан ўраб турсин.
3-курс талабаси
Эрқулов Халилуллоҳ