islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Илмсиз фатво бериш

Илмсиз фатво бериш ҳаромдир. Чунки илмсиз фатво бериш Аллоҳ ва Унинг Расули номидан ёлғон гапиришдир. Илмсиз фатво бериш бошқаларни адаштиришдир. Инсонларни адаштириш, залолатга бошлаш эса катта гуноҳдир.

عن أبي هريرة رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: “من أفتى بغير علم كان إثمه على من أفتاه ومن أشار إلى أخيه بأمر يعلم أن الرشد في غيره فقد خانه“

 رواه أبو داود

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким илмсиз фатво берса, унинг гуноҳи фатво берган кишига бўлади. Ким ўз биродарига тўғри йўл бошқа томонда эканини билиб туриб, иккинчи бир йўлга ишора қилса, унга хиёнат қилибди»- дедилар.[1] Аъроф сурасининг 33-оятида Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

قُلۡ إِنَّمَا حَرَّمَ رَبِّيَ ٱلۡفَوَٰحِشَ مَا ظَهَرَ مِنۡهَا وَمَا بَطَنَ وَٱلۡإِثۡمَ وَٱلۡبَغۡيَ بِغَيۡرِ ٱلۡحَقِّ وَأَن تُشۡرِكُواْ بِٱللَّهِ مَا لَمۡ يُنَزِّلۡ بِهِۦ سُلۡطَٰنٗا وَأَن تَقُولُواْ عَلَى ٱللَّهِ مَا لَا تَعۡلَمُونَ

“Айтинг: «Роббим, албатта, фаҳш ишларнинг ошкораю пинҳонасини, гуноҳ (ишлар)ни, ноҳақ тажовузкорликни ва Аллоҳ ҳеч қандай  ҳужжат туширмаган нарса(лар)ни Унга шерик қилишингизни ҳамда Аллоҳнинг шаънига ўзингиз билмаган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилди»[2]

Ушбу оятда Аллоҳ таоло “Аллоҳнинг шаънига ўзингиз билмаган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилди” демоқда. Зеро,  муфтийлар Аллоҳ ва Унинг Расули номидан гапирувчи ўринбосарлар ҳисобланадилар. Шунинг учун муфтийликка муносиб бўлиш учун илм шарт қилиб қўйилган. Ҳадиси шарифда:

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, Аллоҳ илмни одамлардан бир суғуриш ила суғуриб олмайди. Лекин илмни уламоларнинг (жонини) қабз қилиш ила чангаллаб олади. Токи олим қолмаганда одамлар жоҳил бошлиқларни тутадилар. Бас, ўшалардан сўралади. Улар эса илмсиз равишда фатво берадилар. Шу билан ўзлари ҳам залолатга кетадилар, ўзгаларни ҳам залолатга кетказадилар” дедилар”.[3]

Ушбу ҳадисда “Улар эса илмсиз равишда фатво берадилар. Шу билан ўзлари ҳам залолатга кетадилар, ўзгаларни ҳам залолатга кетказадилар”,  деб илмсиз фатво беришни ўзини ҳам бошқаларни ҳам залолатга бошловчи инсон, демоқдалар. Шунинг учун муфтийликка муносиб бўлиш учун илм шарт қилиб қўйилган.

Фатво берувчи фатво аҳлидан бўлмагани учун яъни илмсиз бўлгани учун хато фатво берса ёки фатво аҳлидан бўлса ҳам ўзининг кучини сарфламаса, балки шошиб хато фатво берса, гуноҳкор бўлади. Шунинг учун илмсиз фатво берувчиларнинг сўзига қаралиши лозим. Ҳанафий мазҳабида можин муфтий, яъни инсонларга ботил ҳийлаларни ўргатадиган фатво берувчи, илмсиз табиб ва инқирозга йўлиққан карвонбошининг ҳаракат ва тасарруфи тўхтатилади.

4-курс талабаси
Сухроб Умаров

[1] Муҳаммад ибн Абдуллоҳ aл Хатиб aл Умарий Aт Тибризий. Mишкотул масобиҳ. – Байрут: Дарул иҳя аттуросил аробий. 2001. Илм китоби. – Б. 30

[2]. Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Тошкент: Тошкент ислом университети. 2009. Б. 154

[3] Муҳаммад ибн Исмоил Буҳорий. Жомеус саҳиҳ. – Байрут: Дорул илм.1986. – Б. 453

89650cookie-checkИлмсиз фатво бериш

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: