islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Олимни тарбиялаган она

Муслима, солиҳа аёллар фарзандларининг тақводор бўлиб вояга етиши учун улардан катта меҳнат, сабр-тоқат, Аллоҳга доимий илтижо этиш, шу билан бирга, аввало, ўзларининг Аллоҳга яқин бандалардан бўлишлари лозимлигини чуқур англаб етганлар. Улар ўз фарзандларини илм ва бошқа хайрли ишларда қўллаб-қувватлаганлар. Улар фарзандни Аллоҳдан бир омонат сифатида ўзларидан сўнг қоладиган садақаи жория деб ҳисоблаб, бугун Ислом тан оладиган, эътироф этадиган олим этиб тарбияладилар. Шоҳ Закариё ал-Кандаҳлавий роҳимаҳуллоҳ икки ёшида Қуръоннинг ярмини ёдлаб бўлишида онасининг доимий Қуръон ўқиб катта қилиши сабаб бўлган экан. Машҳур буюк имомлар ва олимларнинг солиҳлардан бўлишида оналарининг ўрни беқиёслигига тарихдан бир қанча воқеалар мавжуд.

Имом Молик роҳимаҳуллоҳнинг онаси Алия бинти Шарик ўқимишли, зукко аёллардан бўлган. Ўзининг кўп вақтини ва бор эътиборини ўғлининг таълим-тарбияси йўлида сарфлаган. Имом Молик илм олишни хоҳлаётганини айтганда онаси: «Кел, бу ерга, сенга олимлар кийимини кийдириб қўяман», деб ўғлига солиҳ кишиларнинг кийимидек чопон кийдириб, бошига салла ўраб қўяди. Сўнг «Рабиънинг олдига бор. Ундан илм ўрганишдан олдин одобини ўргангин», деб ўғлини кузатиб қўяди. Рабиъ ҳузуридаги дарслар Масжиди Набавийда бўлар эди. Олимдан илм олиш учун дунёнинг турли бурчакларидан талабалар келишар эди. Рабиъ Имом Моликнинг биринчи устози ва шайхи бўлган. Унинг қўлида таҳсил олиб имомлик даражасига етди ва ўзининг узоқ илм йўлини устозининг билимлари билан ёритди.

Суфён ибн Уяйна роҳимаҳуллоҳ тобеинлардан бўлиб, Имом Шофеъий роҳимаҳуллоҳнинг устози ҳисобланади. Имом Шофеъий роҳимаҳуллоҳ у зот ҳақида шундай дейди: «Агарда ибн Уяйна ва Молик бўлмаганида илм Ҳижоздан кўтарилган бўларди». Имом Суфённинг онаси ўғлида диний илмларга бўлган қизиқишини ва меҳр-муҳаббатини уйғотди. Ваки ибн Жарроҳ Имом Суфённинг шогирдларидан бўлиб, устозининг онаси ўғлига айтган қуйидаги сўзларни келтиради: «Ўғлим, илм талабида жидду жаҳд қил. Сенинг эҳтиёжларинг борасида ўзим ғамхўрлик қиламан. Бирорта ҳадисни ўрганар экансан, ўзингга назар сол: у сенинг хулқ-атворингда акс этяптими. Агар ундай эмаслигини сезсанг, билгинки, олган илминг сенинг зарарингга бўлибди. Унда ҳеч қандай фойда йўқдир».

Олим онасининг доимий назорати ва ёрдами билан 79 машҳур тобеинлардан илм ўрганган.

Шайхул ислом Авзоий роҳимаҳуллоҳ 80000 та саволга оғзаки жавоб берган зотдир. Эрта ёшлигидаёқ отасидан етим қолиб, онасининг тарбиясини олган. Онасининг сабоғи натижасида Ислом тан олган етук олим бўлиб етишди. Толиби илм учун тўрт нарса: отанинг нафақаси, онанинг парвариши, устознинг эътибори ва шогирднинг ҳаракати керак, деган ҳикмат бор. Имом Авзоийнинг онаси ота ўрнида унинг эҳтиёжларини қоплади. Она бўлиб, меҳру муҳаббатини аямади. Устоз бўлиб, ўғлини олим қилди, илмга бўлган саъй-ҳаракатларини доимий қўллаб-қувватлади. Ушбу солиҳа аёл ҳақида тарих китобларида шундай таъриф берилади: «Имом Авзоийнинг онаси ўғлини шундай тарбиялаб, илм берганки, ҳатто султон ҳам бундай таълим беролмасди».

Имом Исмоил ибн Иброҳим ибн Миқсом Басрий роҳимаҳуллоҳ. Имом ибн Улайя куняси билан донг таратган. Аксарият инсонлар ўз оталарининг исми билан куняланадилар. Аммо имом ўз онасининг исмини куня сифатида танлайди. Ибн Саъднинг хабар беришича: «У аёл ўқимишли, доно, ҳурматли ва нуфузли аёллардан бўлиб, илм ҳалқаларини ташкил қилган». Онанинг таълим-тарбияси билан ибн Улайя фиқҳ ва ҳадисдан етук аллома бўлиб танилади. Машҳур муҳаддис Абдулворис шундай дейди: «Онаси Исмоилни ҳузуримга олиб келганда Басрадаги энг ажойиб бола у эканини кўрдим. Онаси: «Бу менинг ўғлим, сиздан илм олиши учун сиз билан қолсин», деди». Ушбу аёлнинг Исмоил, Ҳаммод ва Муҳаммад исмли уч ўғли бўлган. Онасининг тарбияси билан барча фарзандлари замонасининг кўзга кўринган олимларига айланади.

Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳ ҳам жуда эрта етим қолган. Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ ҳикоя қилади: «Олти ёшимда онам мени тонг саҳарда уйғотиб, ўзи таҳорат олдирар эди. Таҳорат олиб бўлганимдан сўнг чиройли кийимларни кийдириб, қўлимдан етаклаб масжидга олиб келарди. Мени хонақоҳга киритиб, ўзи масжиднинг пана жойига ўтиб оларди. Бир оздан кейин муаззин келиб бомдод намозига азон айтарди».

Имом Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий роҳимаҳуллоҳ отасидан етим қолади. Заҳабий дейди: «Абу Абдуллоҳни онаси тарбия қилган».

Эрининг вафотидан кейин фарзандлари тарбиясига катта эътибор қаратди. Ўғли кўр бўлиб қолган пайтида кеча-ю кундуз Аллоҳга ёлвориб, кўзда ёшлари билан дуо қилди. Оқибатда табобат ханузгача давосини тополмай ожизлигини тан олиб турган дардга ихлоси ва тинимсиз дуоси билан даво топди.

Имом Бухорийнинг ёшлигидаёқ унинг олим бўлишини истаган. 11 ёшида 70 минг ҳадисни ёддан билган. Онаси ўғлининг таълим олиши учун Ҳижозда қолишига изн бериб, унга оқ фотиҳа берган. Илм аҳли орасида қўлма-қўл бўлиб кетган «Ат-тарих ул-кабир» асарини 18 ёшида ёзади. Ҳеч шубҳасиз, бундай даражага етишишда онанинг доимий кўмаги беқиёсдир.

Ислом тарихида олимни олим қилган бундай оналардан кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Таълим-тарбиянинг қийинчиликларига бардош бериб, олимларни етиштирган аёллар гўзал хулқли тақво эгалари эканига ёрқин намунадир. Ўзларининг холис хизматлари сабабидан Ислом умматига ўзларидан сўнг дуои хайр сўровчи садақаи жорияларни қолдириб кетган солиҳларнинг оналаридан Аллоҳ рози бўлсин!

ТИИ ходимаси
М.Ниёзалиева таржимаси

93070cookie-checkОлимни тарбиялаган она

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: