islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ЕР ЮЗИДА ФИРЪАВН ВА ШАЙТОНДАН ЁМОНРОҚ КИМСАНИ БИЛАСИЗМИ?

Оламда яратилган жонзотлар ичида энг мукаррами инсондир. Ҳар бир инсоннинг ўзи бир олам. Шу билан бирга ҳар бир инсон комилликка эришиш учун доимий ҳаракатда бўлмоғи лозим. Зеро ислом таълимоти кишини бутун умр яхшликка интилиб яшаши кераклигига тарғиб қилади.

Инсон аъзолари касалликка учрагани каби унинг ботини ҳам қалбий касалликларга дучор бўлиб туради. Инсоннинг тани ҳам қалби ҳам соғлом бўлсагина у хотиржамликка эришади. Бунинг учун эса ботиний ва зоҳирий касалликларга даво излаши лозим. Ислом таълимоти инсоннинг қалбий иллатларини даволашга жиддий эътибор беради. Шундай ботиний иллатлардан бири ҳасад бўлиб, у ўзининг эгаси бўлган ҳасадчи учун ҳам, уни атрофидагилар ва у яшаётган жамият учун ҳам жиддий муаммолар келтиради.

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ривоят қиладилар: “Ибн Уяйна[1] айтадилар: “Осмонда Аллоҳга осий ҳолда қилинган гуноҳларнинг энг биринчиси ҳасаддир. Яъни Иблис Одам алайҳиссаломга ҳасад қилиб, Аллоҳга итоатсизлик қилди. Ерда Аллоҳга осий ҳолда қилинган гуноҳларнинг энг биринчиси ҳам ҳасаддир. Яъни Одам алайҳиссаломнинг ўғилларидан бири Қобил ҳасад қилиб ўз укаси Ҳобилни ўлдириб қўйди.”

Демак инсонлар ўртасида адоватни пайдо қиладиган омилларнинг биринчиси ҳасад экан. Ҳасад ўзи нима? Ҳасад бу – неъмат берилган кишидан ўша неъматни кетишини хоҳлаш, уни кўролмасликдир.

Қуръони каримдаги “Эсланг, (эй, Муҳаммад!) Биз фаришталарга: “Одамга сажда қилингиз!» – деб буюришимиз билан улар сажда қилдилар. Фақат Иблис бош тортиб, такаббурлик қилди ва кофирлардан бўлди.”[2] оятининг тафсирида буюк тобеин Қатода (розияллоҳу анҳу) шундай дейдилар: «Аллоҳ таолонинг Одам алайҳиссалломга ато этган иззат икромини кўрган Аллоҳнинг душмани Иблис, ҳасад қилиб: “Мен оловдан яратилганман, бу эса лойдан яратилган» деди. Кибр сабаб гуноҳкор бўлди. Иблис такаббурлик қилиб Одамга сажда қилишдан бош тортди”.

Бундан кўриниб турибдики ҳасадчи ўзи ҳасад қилаётган одамдан ўзини ортиқроқ, яхшироқ деб билади ва такаббурлик қилиб, уни менсимайди.

“Тафсири Розий” китобида ривоят қилинишича Шайтон келиб Фиръавннинг эшигини таққиллатти. Фиръавн “Ким бу?” – деди. Шайтон: “Сен илоҳман деб даъво қиласан-у, мени танимаяпсанми?” – деди. Шайтон ичкарига киргач, Фиръавн унга қараб: “Ер юзида мен билан сендан-да ёмонроқ бирор кимсани биласанми?”– деб сўради (яъни Фиръавн ўзини нақадар катта гуноҳ қилганини эътироф этмоқда). Шайтон: “Ҳа, биламан. У – ҳасадчидир. Чунки шу ҳасад туфайли мен шу кўйга тушганман” – деб жавоб берди.

Ҳакимлар айтадилар: “Ҳасадчи ўзига уч турли зарарни келтиради. Биринчиси гуноҳ орттириб олади. Чунки ҳасад қилиш ҳаромдир. Иккинчиси Аллоҳга нисбатан ўта беодоблик қилган бўлади. Зеро ҳасаднинг ҳақиқати шуки, ҳасадчи бошқаларга берилаётган Аллоҳнинг инъомларини ёмон кўради ва Аллоҳнинг хоҳишига эътироз билдиради. Учинчиси, ҳасади сабаб ғам ва қайғусини кўплигидан қалби алам тортади[3]”.

Ҳукамолар айтадилар: Ҳасадчи беш кўринишда Парвардигорига қаршилик қилади. Биринчиси, ўзидан бошқада кўринган неъматларнинг ҳаммасига нафрат билан қарайди. Иккинчиси, у Аллоҳнинг тақсимотидан аччиқланган, норози бўлади. Гўё у “Нимага бундай тақсимот қилдинг?” дегандек бўлади. Учинчиси, Аллоҳнинг ишига мухолифлик қилган бўлади. Яъни Аллоҳ ўз фазлини хоҳлаганига ато қилаверади. У бўлса Аллоҳнинг фазлига бахиллик қилган бўлади. Тўртинчи, Аллоҳнинг дўстларини ёрдамсиз қолдиради ёки улардан неъмат кетишини хоҳлайди. Бешинчиси, Аллоҳнинг душмани иблисга ёрдам берган бўлади.

Муовия розияллоҳу анҳу: “Барча инсонларни рози қилишга қодирман-у фақат ҳасадчинигина рози қилишдан ожизман. Чунки улар неъмат завол топсагина рози бўладилар”.

Ҳасад жуда хатарли иллат бўлани учун ҳам Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“(Эй, Муҳаммад!) Айтинг: «Паноҳ тилаб илтижо қилурман тонг Парвардигорига, яратган нарсалари ёвузлигидан, зулматга чўмган тун ёвузлигидан, тугунчаларга дам солувчи аёллар ёвузлигидан ҳамда ҳасадчининг ҳасади ёвузлигидан”[4]. (“Фалақ” сураси)

“Фалақ” сурасининг “Ҳасадчининг ҳасади ёвузлигидан (Парвардигор билан паноҳ тилайман)” оятининг тафсирида Ҳусайн ибн Фазл раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Аллоҳ таоло ушбу суранинг оятларида барча ёмонликларни зикр қилиб, ҳасадни энг охирида, ҳаммасидан пастда келтирди. Токи ҳасад энг паст унсур (феъл атвор, табиат) эканини одамлар билсин учун. Уламолар мана шу оятлардан баъзи ҳукмларни олиб шундай деганлар: “Инсонлар ўзларига етган неъматларни айрим ҳолларда, хусусан ҳасадчиларнинг ҳасади ва душманнинг адовати хавфи бўлганда яширишлари жоиз бўлади ” – деганлар.

Суфён Саврий айтдилар: “Маҳориб ибн Дасар айтдилар: “Қўшниларим ҳасадчи эмасдилар. Лекин шундай бўлишига қарамасдан, улардан ҳасад зоҳир бўлиб қолмасин деган хавф билан янги либос кийишни тарк қилганман” – дедилар”.

Бугунги кунда айрим инсонларни ҳеч кераксиз ўринларда, айнан бошқаларни ҳасадини келтириш учун ҳам ўзларининг нималаринидир кўз-кўз қилаётганига ёки шу каби ҳатти ҳаракатларига гувоҳ бўламиз.

Ислом таълимоти эса ҳеч кимга ҳасад қилмаслик баробарида ҳасадга сабаб бўладиган нарса ва ҳолатлардан эҳтиёт бўлишни, ҳасадчининг ҳасадидан паноҳ тилашни ўргатади. Бунга денгиздан томчи сингари юқорида биз келтирган мисоллар далил бўлади.

Ҳасад қилиб эмас ҳавас қилиб яшайлик азизлар!

Ёқуб БУХАРБАЕВ,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси,

Тошкент вилояти “Чаноқ” жоме масжиди имом хатиби.

[1] Муҳаммад Суфян ибн Уаййна ал-Ҳилолий – Маккалик ҳадисшунос олим, 725 йилда Ироқ Куфада туғилган, 815 йил милодий санада Маккада вафот этган.

[2] Бақар сураси 34-оят. Абдулазиз Мансур.Қуръони карим маънолар таржима ва тафсири -Тошкент. 2009.

[3] Ал-баҳрул мадид фи тафсирил Қуръанил мажид. Абул Аббос Аҳмад бин Муҳаммад ибн Ажийба

[4] Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маънолар таржима ва тафсири – Тошкент. 2009.

113790cookie-checkЕР ЮЗИДА ФИРЪАВН ВА ШАЙТОНДАН ЁМОНРОҚ КИМСАНИ БИЛАСИЗМИ?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: