islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Аллоҳга бўлган муҳаббат белгиси

Мўмин-мусулмонлар бир-бирларига нисбатан меҳр-муҳаббатли бўлишлари лозим. Бу ҳақда Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларининг бирида шундай мархамат қилади: “Ҳақиқий мўмин бўлмагунингизча жаннатга кирмайсиз. Бир-бирингизга меҳр-муҳаббатли бўлмагунингизча ҳақиқий мўмин бўлмайсиз. Сизларга бир нарсани ўргатайми, унга амал қилсангиз бир-бирингизга муҳаббатли бўлардингиз? Ўрталарингизда ўзаро саломни ёйингизлар”- дедилар . Яна бир ҳадисда эса :“Бир-бирингизга ҳадиялар беринг, ўзаро муҳаббатингиз зиёда бўлади” , деганлар. Бу ҳадисларда мўминларнинг бир-бирига бўлган муҳаббатлари жаннатга киришларидаги асосий восита экани айтилмоқда. Бу хусусда Қуръони каримнинг “Ҳужурот” сурасининг 10-оятида: “Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар.” дейилган. Шунингдек зикр қилиб ўтганимиз ўзаро муҳаббат фақатгина мусулмонларнинг ўзларига хос, улар ўзларининг динларидан бошқа дин вакилларига нафрат ва адоватда бўлиши керак дегани эмас. Зеро, Қуръони каримда инсоният ўзи ҳаёт кечираётган бу дунёни обод қилишга, тинчлик ва адолат билан умр гузаронлик қилишга, инсонлар ўртасидаги муносабатни илиқ бўлишига, ўзаро муҳаббат ва ҳамжиҳатлик бўлишини тарғиб этувчи оятлар жуда кўп бўлиб, бунинг аксидан эса қайтариқлар бор. Зотан бу кўрсатмалар замирида жуда кўп ҳикматлар мужассам. Аввало бутун борлиқни, барча махлуқотни Аллоҳ яратган. Биз кўриб турган ҳар бир нарсани, наботот, жамодот, паррандаю дарранда, Еру осмондаги барча барчасини яратувчиси, ҳақиқий эгаси ва уларнинг тарбиячиси бу Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодир.

Дунёда 6 миллиарддан кўпроқ инсон бўлиб уларнинг дини ва ирқидан қатъий назар ҳаммаси ҳам Аллоҳнинг бандаларидир, гарчи уларнинг айримлари буни (яъни Аллоҳга банда эканини) тан олмасалар ҳам ёки билмасалар ёхуд унутган бўлсалар ҳам. Мусулмон буни ҳеч қачон унутмаслиги, рўпарасида турган инсон ким бўлишидан қатъий назар уни Аллоҳ яратганлигини ва у Аллоҳнинг мулки эканини унутмаслиги зарур.

Бир воқеа хотирамда жуда мустаҳкам ўрнашган. Тўртта дўстдан учтаси ақли ожиз бир йигитнинг гаплари ва қилиқларини кўриб унинг устидан кула бошлади ва ҳатто масхара қилишга ўтди. Шунда буларни кузатиб турган тўртинчиси дўстларини койиб: “Сизлар санъатни устидан кулаяпсизларми ёки Санъаткорни устиданми?” деди. Яъни бу билан сизлар гўё йигитнинг ақлини ожизлигидан кулаётгандексизлар аммо, уни Ўз ҳикмати билан шундай қилиб яратган Аллоҳ субҳанаҳу ва таъолонинг устидан кулаяпсизлар-ку, демоқчи бўлди. Ниҳоятда теран фикр ва ўз ўрнида берилган бу танбеҳ ҳар сафар шу каби воқеъаларни гувоҳи бўлганимда хотирамда қайта-қайта акс этаверади. Ҳақиқатдан ҳам ақли ноқисни кўриб, киши ўзига берилган комил ақл учун Яратганга ҳамд айтиш ўрнига, ақлсиз устидан кулиш-энг катта ақлсизлик эмасми?!

Ривоятларнинг бирида шундай ҳикоя қилинади: Аллоҳнинг буюк пайғамбарларидан бирлари бўлган Нуҳ алайҳис саломга тўфон воқеасидан кейин Аллоҳ тамонидан бир буйруқ бўлади. Унга биноан Нуҳ алайҳис салом ҳар куни лой қориб бир қанча кўза ясайди ва уларни оловда пиширади. Бу иш кўп йиллар такрорланиб кўзалар сони жуда кўпайиб кетади. Кунларнинг бирида: “Қўлингизга ҳассангизни олингда ўзингиз ясаган кўзаларни ҳаммасини уриб синдиринг” деган илоҳий фармон бўлибди. Буюк пайғамбар бу илоҳий фармонни эътирозсиз бажарган бўлсада, неча йиллик меҳнату машшаққатига ич-ичидан ачиниб кетибди. Шунда Аллоҳ у зотга: “Сизнинг дуонгиз билан дунёдаги барча инсониятни сувга ғарқ этиб ҳалок қилдим. Улар кофир бўлган бўлсалар ҳам Мен яратган бандаларим эди.”, деб хитоб қилди. Бу ривоят қанчалик ҳақиқат эканини билмайман. Лекин бу ривоят замиридаги ҳақиқат бизнинг юқордаги фикримиз хулосасига мувофиқ келади.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таъолонинг яратган нарсаларига ҳурмат назари билан қараш айнан Аллоҳнинг ўзига бўлган муҳаббат белгисидир.

Ё.Бухарбаев,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

“Чаноқ” жоме масжиди имом хатиби

113820cookie-checkАллоҳга бўлган муҳаббат белгиси

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: