islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Дин ишлари бўйича қўмита хотин-қизларга мурожаат йўллади

Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Э.Боситхонова ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари, Республика тарғибот гуруҳи раиси Д.Ғуломова Рамазон ҳайитини муносиб нишонлаш бўйича мамлакат хотин-қизларига Мурожаат йўллади.


Рамазон ҳайитингиз муборак бўлсин, азиз аёллар!

Қадрли опа-сингиллар, мунис онахонлар, лобар қизларимиз!

Мусулмон оламининг энг азиз байрами, кўнгилларимизга шукуҳ бағишлаб келган Рамазон ҳайити муборак бўлсин!

Бу гўзал байрам кунлари бутун дунёда ва жумладан бизнинг мамлакатимизда ҳам тожли вирус туфайли оғир ва мураккаб давр ҳукм сурмоқда. Бу оғир кунларда ўз сабр-тоқати, саховатпешалиги, инсонпарварлиги билан синовлардан муносиб ўтиб келаётган матонатли халқимизга чуқур таъзим қиламиз!

Азиз аёллар!

Гувоҳ бўлиб турибмизки, эпидемиологик вазият юмшагандек бўлса-да, бутун дунёда унинг такрорланиш тўлқини жуда катта хавф туғдирмоқда. Бу хавфни ҳар бир фуқаронинг қатъий тартиб ва интизомга риоя қилиши билангина бартараф этишимиз мумкинлигини олимлар ҳамда сиёсатчилар қайта-қайта такрорлашмоқда.

Биз ҳам улуғ айём кунлари ана шу эҳтиёткорлик ҳамда тартиб-интизомни фуқароларимиз, айниқса аёлларимиз ва қизларимиз ўзининг кундалик ҳаёт тарзига айлантириши нақадар муҳимлигини яна бир бор Сизга эслатмоқчимиз!

Қолаверса, мусулмон оламининг кўнгиллар интилувчи, дийдори ошиқтирувчи Маккаи мукаррамага зиёратлар, жума намозлари ва жамоат бўлиб ибодат қилишлар чегараланган бир пайтда, Рамазон ҳайити кунлари жуда кўп эзгу ҳаракатларимиз, хусусан:

марҳумларни ёд этиш, янги келинчаклар қўлидан Ҳайит чойини ичиш ва байрам билан қутлаш учун хонадонларга бориш каби қадриятларимизни карантин даврида амалга оширмасликка чақирамиз!

Ҳайит бу кўнгиллар озодалашган, жисмимиз рўза шарофати билан тозаланган кунларда нишонланадиган байрам. Келинг уни фарзандларимизга соғлом турмуш тарзини, илм олишни, жамиятдаги қоидаларга амал қилиб яшашни ўргатиш билан нишонлайлик!

Одам дийдори азиз, лекин ҳозирги кунларда бир-биримизни масофавий қутлайлик! Токи, инсон руҳини ва ўзини тарбиялаши учун қатъий тартиб-интизом муҳим эканини фарзандларимиз ва набираларимиз ҳам англасинлар!

Азиз аёллар! Лобарларимиз, дилбарларимиз! Кўнгиллар эркаси дилбанд қизларимиз!

Шукуҳли байрамнинг нурлари барча ташвишларимизни аритиб юборсин!

Яратгандан Сизга соғлик-саломатлик, боши омонлик тилаб қоламиз!

Элмира Боситхонова,

Маҳалла ва оилани

қўллаб-қувватлаш вазирининг

биринчи ўринбосари.

Дилбар Ғуломова,

Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари,

Республика тарғибот гуруҳи раиси

143050cookie-checkДин ишлари бўйича қўмита хотин-қизларга мурожаат йўллади

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: