islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ўтинчи (40-ҳадис)

Қадим замонларда бир камбағал ўтинчи бор эди. У тоғлардан шох-шабба териб, елкасида кўтариб шаҳарга олиб келиб сотарди. Шу касбидан тушган чақалар билан ҳаёт кечирарди. У ўзининг бу тирикчилигини чарчоқдан нолимай бажарарди, лекин худди ўзи сингари ўтинчилик билан кун кечирадиган қўшниси ўтинларни эшагига юклаб олиб келишига хотиржам қараб туролмасди.

Бир куни у замонасининг валий зотларидан бирининг ҳузурига бориб ўзининг оғир қисматидан шикоят қилди:

«Менинг белим ўтин ташиганимдан яра бўлиб кетган. Мен умрим бўйи дам олиш нималигини билмаганман. Илтимос, Аллоҳга дуо қилиб аҳволимни айтиб беринг. Ўтин ташишим учун менга эшак инъом қилсин».

Ҳалиги авлиё зот дуо қилиб ўтинчи учун эшак инъом қилишини Аллоҳдан сўради. Шунда унга ғоибдан шундай нидо бўлди:

«У банда ҳасадгўйлик касалига дучор бўлган. Бу дардидан халос бўлмагунча хотиржамлик топа олмайди. Энг аввало, у бошқаларга ҳасад қилишдан қутилиши керак. Бу кишининг қўшнисини эшаги касал бўлиб қолган. Унга айт, қўшнисининг эшаги тузалиб кетиши учун дуо қилсин. Шунда ўзининг ҳам эшаги бўлади».

Авлиё бу сўзларини ўтинчига етказганда, унинг ҳасади олдингидан ҳам кучайиб:

«Мен қўшнимнинг эшаги тузалиши учун дуо қилолмайман. Мен ўз шароитимдан розиман. Ўзимга Аллоҳдан эшак ҳам сўрамайман. Мен учун қўшнимнинг эшаги тузалмаса бас» – деди.

Дарҳақиқат, ҳасадгўйлик – касалликдир. У касалликка чалинган кимса бахтли бўлолмайди. Камбағал ўтинчини белида ўтин ташишдан кўра «ҳасад» аталмиш касаллик ҳолдан тўйдириб, хотиржамлигини кетказган.

Бу ҳақиқатни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам жуда яхши тушунтириб берганлар:

«إِيَّاكُمْ وَالْحَسَدَ فَإِنَّ الْحَسَدَ يَأْكُلُ الْحَسَنَاتِ كَمَا تَأْكُلُ النَّارُ الْحَطَبَ»

«Ҳасадгўй бўлманглар. Чунки олов ўтинни ёндириб тугатгани сингари ҳасад ҳам яхши амалларни еб битиради». (Имо Абу Довуд ривоят қилган)

Рус тилидан Охунжон Аҳмад ва
Муаттар Абдулқаюм таржимаси

145990cookie-checkЎтинчи (40-ҳадис)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: