Ҳар бир мўмин Маккадаги Масжидул Ҳаромда ибодат қилар экан, Каъбани кўриб ҳайратланади, завқланади. Аммо, биз Каъба ёпинчиғи – кисвада нималар ёзилганини биламизми, уларнинг маъносини-чи?
Ушбу мақолада ёзувлардан баъзилари, хусусан, кисванинг Шом (Рукнул Шомий) билан Яман бурчаги (Рукнул Яманий) орасидаги ёзувларни келтиришга ҳаракат қиламиз.
Бу ёзувлар тилла суви юргизилган иплардан тўқилган бўлиб, Қуръон оятларидан иборатдир.
Энг юқори чизиқлар орасидаги оятлар “басмала” билан бошланган:
بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَٰنِ الرَّحِيمِ.
“Меҳрибон ва Раҳимли Аллоҳ номи билан”
Сўнгра Ҳаж сурасининг тўрт ояти ёзилган:
ذۡ بَوَّأۡنَا لِإِبۡرَٰهِيمَ مَكَانَ ٱلۡبَيۡتِ أَن لَّا تُشۡرِكۡ بِي شَيۡـٔٗا وَطَهِّرۡ بَيۡتِيَ لِلطَّآئِفِينَ وَٱلۡقَآئِمِينَ وَٱلرُّكَّعِ ٱلسُّجُودِ
26. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), эсланг, Биз Иброҳимга Байтуллоҳнинг ўрнини белгилаб бериб: «Сен Менга бирон нарсани шерик қилмагин ва Менинг Байтим — Уйимни тавоф қилгувчилар қиём, рукуъ, сажда қилгувчилар учун пок тутгин!”, дедик.
26 – о я т и з о ҳ и. Ушбу оятдаги «Байтуллоҳнинг ўрнини» шундай тушунмоқ лозим: Одам алайҳиссалом жаннатдан Ерга тушганларида Аллоҳ таолонинг амри билан биринчи бино қилган уйлари Байтуллоҳ бўлган экан. Лекин Нуҳ пайғамбар замонларида бўлган тўфон балосида Аллоҳ таолонинг фармони билан фаришталар у уйни еттинчи осмонга олиб чиқиб кетган экан. Ҳадиси шарифда айтилишича, ўша даврдан буён самодаги Байтуллоҳни ҳар куни етмиш минг фаришта тавоф қилар, аммо Аллоҳнинг лашкари бўлмиш фаришталарнинг саноғи шу қадар беадад эканки, ҳанузгача бир фаришта икки марта тавоф қилишга улгурмаган экан. Ана ўша самога олиб чиқиб кетилган Байтуллоҳнинг ўрнини Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга билдириб, ўша жойга барча мусулмонлар учун қибла бўлган Байтуллоҳ бино қилишни буюрган.
وَأَذِّن فِي ٱلنَّاسِ بِٱلۡحَجِّ يَأۡتُوكَ رِجَالٗا وَعَلَىٰ كُلِّ ضَامِرٖ يَأۡتِينَ مِن كُلِّ فَجٍّ عَمِيقٖ
27. Ва одамлар орасида юриб уларни ҳажга чақиргин, улар сенга, яъни, сенинг даъватингга жавобан яёв ҳолларида ва йироқ йўллардан келадиган ориқ-ҳолдан тойган туялар устида келурлар.
لِّيَشۡهَدُواْ مَنَٰفِعَ لَهُمۡ وَيَذۡكُرُواْ ٱسۡمَ ٱللَّهِ فِيٓ أَيَّامٖ مَّعۡلُومَٰتٍ عَلَىٰ مَا رَزَقَهُم مِّنۢ بَهِيمَةِ ٱلۡأَنۡعَٰمِۖ فَكُلُواْ مِنۡهَا وَأَطۡعِمُواْ ٱلۡبَآئِسَ ٱلۡفَقِيرَ
28. Улар ўзлари учун бўлган диний ва дунёвий манфаатларга шоҳид бўлиш учун ва маълум кунларда, яъни, Қурбон ҳайити кунларида Аллоҳ уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини қурбонлик учун сўйиш устида Аллоҳ номини зикр қилиш учун келурлар. Бас, ундан ўзларингиз ҳам еяверинглар, бечора камбағалларга ҳам едиринглар.
ثُمَّ لۡيَقۡضُواْ تَفَثَهُمۡ وَلۡيُوفُواْ نُذُورَهُمۡ وَلۡيَطَّوَّفُواْ بِٱلۡبَيۡتِ ٱلۡعَتِيقِ
29. Сўнгра, қурбонлик қилганларидан кейин улар кирларини кетказсинлар, яъни, эҳромдан чиқиб, сочларини олдириб, тоза либосларини кийсинлар, назрларини, яъни зиммаларидаги ҳаж мажбуриятларини тўла адо қилсинлар ва «Эски Уй»ни тавоф қилсинлар!
Иккинчи қатордаги чизиқлар орасида яна иккита ёзув мавжуд. Ўнг томондаги ёзув “басмала” билан бошланган:
بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَٰنِ الرَّحِيمِ.
“Меҳрибон ва Раҳимли Аллоҳ номи билан”
Сўнгра Аҳзоб сурасининг 47-ояти берилган:
وَبَشِّرِ ٱلۡمُؤۡمِنِينَ بِأَنَّ لَهُم مِّنَ ٱللَّهِ فَضۡلٗا كَبِيرٗا
47. Мўминларга хушхабар берингки, шак-шубҳасиз, улар учун Аллоҳ томонидан катта фазлу марҳамат бордир.
Чап томондаги ёзув қуйидаги “Аллоҳ таоло айтади” сўзлари билан бошланади.
قال الله تعالى
Нисо сурасининг 110-ояти:
وَمَن يَعۡمَلۡ سُوٓءًا أَوۡ يَظۡلِمۡ نَفۡسَهُۥ ثُمَّ يَسۡتَغۡفِرِ ٱللَّهَ يَجِدِ ٱللَّهَ غَفُورٗا رَّحِيمٗا
110. Ким бирон-бир ёмон иш қилса ёки ўз жонига жабр қилса, сўнгра Аллоҳдан мағфират сўраса, Аллоҳни мағфират қилгувчи ва меҳрибон эканини топар-кўрар.
Юқоридаги оятлар кисванинг Шом ва Яман бурчаги орасида ёзилган бўлиб, ёпинчиқнинг қолган уч томонида ҳам Қуръон оятлари битилган.
“Ижтимоий фанлар” кафедраси ўқитувчиси Т.Азимов
Оятлар таржима ва изоҳи Шайх Алоуддин Мансурга тегишли.
Xarom bo’lmaydi haram bo’lsa kerak
Sizlar qaysi aql bilan xarom deb yozyapsiz to’g’rilab qo’ying ey farosat sizlar ☹️
Ассалому алайкум. Ўзбек алифбосида Масжидул Ҳаром ёзилади. Бошқа эътиборли сайтлар ҳам Ҳаром шаклида ёзган. Мана, кириб кўринг: https://islom.uz/maqola/11995 , https://minor.uz/nima-uchun-masjidul-harom-dejiladi-shajx-abdulaziz-mansur/
Эътибор учун ташаккур!