islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Тафсири Нобулсий: “Кавсар” сураси

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

1. (Эй, Муҳаммад!) Албатта, Биз Сизга Кавсарни ато этдик. 2. Бас, Раббингиз учун (беш вақт) намоз ўқинг ва (туя)сўйиб қурбонлик қилинг! 3. Албатта, ғанимингизнинг ўзи (барча яхшиликлардан) маҳрумдир.

1. “(Эй, Муҳаммад!) Албатта, Биз Сизга Кавсарни ато этдик” – ояти каримасидаги Аллоҳ таолога нисбатан кўплик шаклидаги “биз” сўзи ишлатилишидан Аллоҳ таолонинг барча гўзал исмлари назарда тутилади. Аллоҳ таолонинг барча гўзал исмлари эса У Зотнинг барча феълларида мужассамдир.

Қуръони Каримнинг қайси ўрнида “бердик”, “ато қилдик” деб Аллоҳ таоло томонидан айтилса, бу берилаётган нарса буюк нарса, кўп яхшилик, муҳим ишлар эканини билдиради. Бу ояти каримада ҳам Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломга: “Биз Сизга Кавсарни ато қилдик”, дея хитоб қилди. Демак, бу ато этиладиган “Кавсар” буюк нарса, кўп яхшилик экани маълум бўлади. Ояти каримада “Сизга” деб хитоб қилинаётган зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдир.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг орамизда эдилар. Тўсатдан у зотни мудроқ босди. Сўнг бошларини табассум қилиб кўтардилар. Биз: “Кулганингизнинг боиси нима?”, деб сўрадик. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ҳозиргина менга бир сура нозил бўлди, дея “Бисмиллаҳир роҳмани роҳийм”ни айтиб Кавсар сурасини бошидан охиригача ўқиб бердилар. Сўнгра: “Кавсар” нима эканини биласизларми?”, деб сўрадилар”. Биз: “Аллоҳ ва расули билувчи”, дедик. У зот шундай дедилар: “У Раббим менга ваъда қилган дарёдир. Унда кўп яхшиликлар бор. У қиёмат куни умматим сув ичгани келадиган ҳовуздир. Ундаги идишларнинг адади юлдузлар ададичадир. Ундан умматимнинг айримлари тўсилиб, ортга қайтарилади. Шунда мен: “Ё Раббим, у менинг умматим”, дейман. Шунда Аллоҳ таоло: “Сиздан кейин у нима ишлар қилганини билмайсиз”, дейди”[1].

Ояти каримадаги “Кавсар” сўзидан ҳадиси шарифда зикр қилинганидек, дарё, ҳовуз назарда тутилгандир. “Кавсар” сўзини бошқача тафсир қилганлар ҳам бор. Баъзи муфассирлар “Кавсар” сўзидан Аллоҳ таоло томонидан Пайғамбаримиз алайҳиссаломга берилган кўп яхшиликлар назарда тутилган, дейишади. Бу кўп яхшиликлардан нима ирода қилинганини айни бир нарсаларга чеклаб бўлмайди. Чунки У зот алайҳиссаломга жуда кўп яхшиликлар берилган. 1. Жумладан, нубувват (пайғамбарлик) берилган. Бундан кўра, афзали бўлмайди. Чунки пайғамбарларнинг барчалари башариятнинг энг танланганлари, энг яхшилари ҳисобланади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эса энг яхшиларнинг яхшиси, танланганларнинг афзалидирлар. Чунки У зот барча пайғамбарларнинг саййиди эдилар.

2. Пайғамбаримиз алайҳиссаломга нозил қилинган Қуръони Каримдир. 3. беш маҳал намоздир. 4. У зотнинг зикрлари (номлари, мартабалари) баланд қилинганидир. Батаҳқиқ, Аллоҳ таоло шаҳодат калимаси, азон, намоз ва бошқа кўплаб ибодатларда Ўзининг исми олдида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмларини зикр қилди.

5. Саҳобайи киромлардир. 6. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қалбларидаги нурдир. Бу нур У зотни фақат Аллоҳ таолога боғлайди. 7. ҳикматдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “У Ўзи хоҳлаган кишиларга ҳикмат беради. Кимга (мазкур) ҳикмат берилган бўлса, демак, унга кўп яхшилик берилибди. Бундан фақат оқил кишиларгина эслатма олурлар”(“Бақара” сураси, 269-оят).

Ҳикмат бу кўп яхшиликдир. Масалан, сиз бир уйда умрингизнинг охиригача етадиган хазина бор эканини билсангиз, шу ҳақда билишингиз хазинадан кўра қадрлироқ саналади. Чунки, хазинанинг борлигини шу билимингиз орқали билдингиз. Агар сизга Аллоҳ таоло томонидан ҳикмат ато қилинса, бу ҳикмат сизга Аллоҳ таолони таниш – барча нарсадан устун ва муҳимроқ эканини англатади. Зеро, Аллоҳ таолони танисангиз, барча нарсани таниган бўласиз. Лекин У Зотни танимасангиз, ҳеч нарсанинг асл моҳиятини англамайсиз. Яна бу ҳикмат сабабли сиз ким Аллоҳ ва Расулига итоат қилса, нажот топишини ва ким Аллоҳ ва Расулига осийлик қилса, очиқ-ойдин адашишини биласиз. Яна ер юзида муҳаббат қилинадиган ягона Зот Аллоҳ таоло, дунё ўткинчи, охират эса боқий эканини, дунёда яратилишдан мақсад нималигини ва бу дунёда охират учун захира тўплаб жаннат сари ҳаракат қилиш лозимлигини тушуниб етасиз.

 Ҳикмат ўзида жуда кўп яхшиликларни мужассам этгани учун ҳам Қуръони Каримнинг кўплаб оятларида Аллоҳ таоло Пайғамбарлари ва Расулларига ҳикмат ато қилганини таъкидлайди: “У (Аллоҳ) омилар (саводсиз кишилар)орасига ўзларидан бўлган, уларга (Унинг) оятларинитиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб (Қуръон) ва Ҳикмат(ҳадис)ни ўргатадиган (бир) пайғамбарни (Муҳаммадни) юборган зотдир. Ҳақиқатан, (улар пайғамбар келишидан)илгари аниқ залолатда эдилар” (“Жума” сураси, 2-оят).

“Қачонки, у вояга етиб,(қирқ ёшга)тўлгач, Биз унга ҳукм (пайғамбарлик) ва илм ато этдик. Биз эзгу иш қилувчиларни мана шундай мукофотлаймиз” (“Қасос” сураси, 14-оят).

“Вояга етгач, унга ҳукм (ҳакамлик) ва илм ато этдик. Чиройли иш қилувчиларни (Биз доимо) шу тарзда мукофотлаймиз” (“Юсуф” сураси, 22-оят).

“Бас, Биз уни Сулаймонга англатдик. Биз ҳар иккисига ҳикмат (пайғамбарлик) ва илм ато этдик. Тоғлар ва қушларни Довуд билан бирга тасбеҳ айтадиган қилиб бўйин сундириб қўйдик. Биз шундай қила олувчидирмиз” (“Анбиё” сураси, 79-оят).

Шундай экан, ўзида кўп яхшиликларни мужассам этган ҳикматга қандай эришиб бўлади? Илм мажлисларига қатнашиш инсонга ҳикматни таълим беради. Шунда сиз учун имтиҳон бўлган бу ҳаёт йўлларидан ишонч ва ақл кўзи ила босиб ўтасиз. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Айтинг: «Менинг йўлим – шу! Мен ва менга эргашганлар билиб – ишонч ила Аллоҳга даъват этамиз. (Ҳар қандай шерикдан) Аллоҳни пок деб биламан. (Зеро) мен мушриклардан эмасман» (“Юсуф” сураси, 108-оят).

Аллоҳ таоло қайси бандасига ҳикмат берса, унга барча нарсани, саодат, сиҳат-саломатлик, теран фикрлаш, кўп молу дунё, шон-шуҳрат, обрў-эътибор, солиҳа жуфт, кўзни қувонтирадиган фарзандлар ато қилади. Ҳатто инсонлар ҳикмат ато қилинган киши ҳақида: “Бу инсонга барча нарса ато қилинган, барча ютуқларни қўлга киритган”, деб ҳавас билан айтишади. Ҳикмат соҳиби ҳақида айтганларимиз – бу дунёда ато қилинадиган яхшиликлар бўлса, ундай инсонни охиратда ундан ҳам кўп ва буюк мукофотлар кутиб туради.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “У Ўзи хоҳлаган кишиларга ҳикмат беради. Кимга (мазкур) ҳикмат берилган бўлса, демак, унга кўп яхшилик берилибди. Бундан фақат оқил кишиларгина эслатма олурлар”(“Бақара” сураси, 269-оят).

Азиз китобхон! Барчамиз юқорида санаб ўтилган яхшиликларга эга бўлишни хоҳлаймиз. Шундай экан, бундай кўп яхшиликларга эришиш учун Аллоҳ таолодан барчамизга ҳикмат ато қилишини сўраб дуо қилмоғимиз лозим бўлади. Шуни ёдда сақлангки, буюк Зотнинг берадиган неъмати ҳам буюк бўлади.

Аллоҳ таоло бандасига ато қилган барча неъматлар, У Зотнинг фазли марҳаматидандир. Инсонга қанча неъматлар ато қилинган бўлмасин, бу неъматларни камолига етказадиган энг катта неъмат – иймон ва ҳидоятдир. Масалан, Аллоҳ таоло бир кишига энг катта неъмат бўлмиш ҳидоятни берган бўлса, буни бир (1) рақами билан ифодалаймиз. Худди шу кишига ҳидоят неъматига қўшиб, молу дунё берса, бу неъматни нол (0) рақами билан ифодалаймиз. Шунда иккиси қўшилганида ўн (10) рақамни ташкил қилади. Яна бу кишига уйланиш неъмати ато қилинса, бу неъматни ҳам нол (0) рақами билан ифодаласак, уччаласини қўшганимизда юз (100) рақами келиб чиқади. Яна Аллоҳ таоло у кишига  фарзандлар неъматини берса, уни ҳам нол (0) рақами билан ифодаласак, шунда тўрттала неъмат минг (1000) рақами келиб чиқади. Унга яна бир қанча неъматларни қўшсак бўлади ва уларнинг ҳар бирини нол (0) рақами билан ифодаласак, бу рақамлар сони ўнг минг (10000), юз минг (100000) бўлиб ортиб бораверади. Агар фаразан бу сонлардан ҳидоят неъматини ифодалаётган бир рақамини олиб қўйилса, фақатгина ноллар (00000)нинг ўзи қолади. Бу эса ҳеч нарсани ифодаламайди. Демак, инсонга ҳаётида қанча неъматлар берилган бўлмасин, агар унда энг катта неъмат бўлмиш ҳидоят неъмати берилмаган бўлса, аслида унга ҳеч қандай неъмат берилмаган ҳисобланади. Яратган барчаларимизни Ўз ҳидоятида бардавом қилсин!

Шуни таъкидлаш лозимки, Аллоҳ таоло инсонларга ато қилган яхшиликлар, ҳақиқатан неъмат бўлиши учун, унга ато қилинган бу яхишиликлар ўз эгасини – Аллоҳ таолонинг розилигига эришиши учун кўприк вазифасини бажармоғи лозим бўлади. Мисол учун, кимга Аллоҳ таоло молу давлат берган бўлса, бу молу дунёси билан Аллоҳ таолонинг розилигини топишга ҳаракат қилса, масалан, закотини берса, камбағаллар, етим-есирлар ва ночорларга сахийлик қилса, ўшандагина, бу неъматнинг шукри адо этилган бўлади.

Олдинги ўтган умматларга Аллоҳ таоло кўп яхишиликлар берган, бироқ улар бу яхшиликларни Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида сарфламаганлари, балки уларни Яратганга осий бўлишларига, туғёнга кетишларига сабаб бўлгани учун уларга берган яхшиликларини неъмат деб номламади. Яъни:

“25, 26. Улар қанчадан-қанча боғларни, чашмаларни, экинзорларни ва сўлим жойларни қолдириб (ғарқ бўлиб)кетдилар. 27. Яна (қанчадан-қанча)ўзлари баҳраманд бўлган яхшиликларни (қолдириб кетдилар). 28. Мана шундай. Биз у (яхшиликлар)ни бошқа қавмга мерос қилиб бердик. 29. Бас, уларга осмон ҳам, Ер ҳам (аза тутиб)«йиғлагани» йўқ ва уларга (тавба қилиш учун) муҳлат ҳам берилмади” (“Духон” сураси, 25-29-оятлар).

Бошқа ояти каримада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга берилган яхшиликларни неъмат деб айтган. Қуръони Каримда бундай марҳамат қилинади: “(Бу фатҳ) Сиз учун Аллоҳнинг олдинги ва кейинги гуноҳларингизни кечиши, Сизга Ўз неъматини мукаммал қилиб бериши, Сизни Тўғри йўлга ҳидоят қилиши, шунингдек, Аллоҳнинг Сизга кучли ёрдам бериши учундир” (“Фатҳ” сураси, 2-3-оятлар).

Демак, бизга берилган яхшиликларни неъматга айлантирмоғимиз лозим. Кейин неъматларнинг давомий бўлиши учун Аллоҳ таолога шукр қилишимиз керак бўлади. Биз қандай қилиб Яратган Раббимизга шукр қиламиз?

Шукр қилиш – тил ила У Зотга ҳамд айтиш, дил ила неъматлар эгаси Аллоҳ таоло эканини эътироф этиш ва бу неъматларни У Зотнинг йўлида тасарруф қилиш билан бўлади. Аллоҳ таолонинг барча неъматларига шукр қилишнинг энг катта кўриниши намозни адо этишдир.

Намоз Аллоҳ таоло билан боғланиш, У Зотга юзланиш, У Зот билан мулоқот қилиш, демакдир. Бу мақом энг буюк мақом саналади. Шундай экан, сиз Аллоҳ таоло билан боғланганингизда, У Зотга юзланганингизда фақат У Зотнинг розилигини қасд қилинг ва бу улуғ мақомда риё ва сумъани  аралаштириб қўйманг. Шуни унутмангки, намоздаги муҳим нарса, ундаги шаклий амаллар эмас, балки у орқали Аллоҳ таоло билан боғлана олишингиздир.

Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “(Беш вақт фарз қилинган) намозларни, хусусан ўрта намозни сақлангиз (ўз вақтида ўқингиз) ва (намозда) Аллоҳга бўйин сунган ҳолатда (камтарлик билан)турингиз!” (“Бақара” сураси, 238-оят).

Ояти каримадаги “намозни сақлаш” деганда, уларни ўз вақтида ўқишнинг ўзи назарда тутилмаган. Биз намоз ўқишни Аллоҳ таоло билан боғланиш, У Зот билан юзланиш деб айтдик. Шунга биноан ояти каримадаги “намозни сақланг” деган буйруқдан бир намоздан иккинчи намозгача бўлган вақт оралиғида гуноҳ ишларга қўл урмаслик ва шариъат тақозосига кўра ҳаёт кечириш билан намозни сақланг, деган маъно ҳам назарда тутилган. Шунда намозда Аллоҳ таоло билан юзланганингизда хижолат бўлиб қолмайсиз ва Унга ҳақиқий қўрқув ва сокинлик ила юзланасиз. Мана шундай қоим қилинган намоз ўз соҳибини бошқа солиҳ амалларни қилишга ундайди, фаҳш ва мункар ишлардан сақлайди. Ислом дини бамисоли бир бино бўлса, бино барпо бўлиши учун устунлари ва бошқа зарур қисмлари бўлиши керак. Намоз бу бинонинг устунларидан бири бўлса, бошқа солиҳ амаллар эса бинонинг қолган қисмлари ҳисобланади.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло намозни адо қилишдан ташқари бошқа солиҳ амалларга ҳам аҳамият бериб, уларни ҳам бажариш лозим эканига ишора қилиб “Кавсар” сурасининг кейинги оятида шундай марҳамат қилди: “Бас, Раббингиз учун (беш вақт) намоз ўқинг ва (туя) сўйиб қурбонлик қилинг!”

“Кавсар” сурасининг ушбу иккинчи оятида Аллоҳ таоло авваламбор намоз ўқишга ва унинг кетидан солиҳ амаллардан бири бўлмиш қурбонлик қилишга буюрмоқда. Бу ояти каримада Аллоҳ таоло юборган диннинг моҳияти акс этяпти. Чунки диннинг асл моҳияти Аллоҳ таоло билан боғланиш ва У Зот яратган махлуқотларга яхшилик қилишдан иборатдир. Инсон қиладиган барча амалда мана шу икки нарса топилсагина, у амал манфаатли ва самарали бўлади. Қайсики амал, бу икки нарса, яъни Аллоҳ таоло билан боғланиш ва У Зот яратган махлуқотларга яхшилик қилишдан холи бўлса, бундай амал фойдасиз бўлади ва муваффақиятсизликка учрайди. Масалан, баъзи инсонлар ҳаёти давомида Аллоҳ таоло яратган махлуқотларига яхшилик қилишади, бироқ диннинг асл моҳиятининг асосий қисми бўлган Аллоҳ таоло билан боғланмайди. На намоз ўқийди ва на Қуръон ўқийди. Яна баъзи инсонларда, аксинча бўлади. Яъни ташқи томондан қараганда, намоз ибодатини бажаради. Бироқ Аллоҳ таоло яратган махлуқотларига яхшилик қилмайди ва бошқа солиҳ амалларни қилишга парво этмайди. Шунинг учун ҳам бундай инсонларнинг қиладиган ишлари манфаатсиз бўлади ва охири муваффақиятсизлик билан якун топади.

Дунё ҳаёти бамисоли мадрасадир. Сиз эса бу мадрасанинг талабасисиз. Мадрасада ўқитиладиган дарсликлар кўп. Бу дарсликлар ичида энг эътибор қаратишингиз, ўрганиб, ҳаётингизда дастурил амал қилиб оладиганингиз  Қуръони Каримдир. Сиз мадрасага Аллоҳ таолони таниш, У Зотнинг буйруқ ва қайтариқларига амал қилиш, У Зотга яқинлаштирадиган амалларни бажариш ва ўзингиздаги хоҳиш-истакларингизни Аллоҳ таолонинг буйруғига мувофиқ қондириш учун келгансиз. Қачон Аллоҳ таолони танисангиз – У Зот билан боғлана оласиз, шукр қиласиз. Аллоҳ таоло яратган махлуқотларига яхшилик қиласиз. Ким дунё ҳаётида шундай ҳаёт кечирса, у Аллоҳ таолога йўлиққан кунда хурсанд бўлади ва ҳақиқий саодатни қўлга киритади. Мана шундай ҳаёт кечириш инсоннинг яратилишидан кўзланган асосий мақсаддир.

 Ояти каримадаги “Ванҳар” сўзининг энг машҳур тафсири – “(туя) сўйиб қурбонлик қилинг!” деганидир.

Баъзи муфассирлар эса: “Аллоҳ таоло бу ояти каримада “Ванҳар” дея бир солиҳ амални қилишга буюриб, ундан барча солиҳ амалларни назарда тутмоқда. Шунда оят: “Аллоҳ таолога беш вақт намоз ўқиб боғланинг ва солиҳ амаллар қилинг”, маъносида бўлади. “Солиҳ амаллар” дейилганида унинг барча кўринишлари, яъни кичкинаси ҳам, каттаси ҳам назарда тутилган.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломга мушриклар томонидан жуда кўп азиятлар етди. У зотни турли айблар билан айблашди, у зотга: “Сен сеҳргарсан, сен бузғунчисан, сен мажнунсан”, деган қанчадан қанча таъна тошлари отилди. Яна азиятлар устига машҳур Тоиф воқеаси ҳам қўшилди. Шунда Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тасалли бериш, қалбларини хотиржам қилиш мақсадида: “(Эй, Муҳаммад!) Албатта, Биз Сизга Кавсарни ато этдик”, яъни сизга кўплаб яхшиликларни ато қилдик, деди. Демак, бу сурадаги хитоблар сарвари коинот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хос бўлса ҳам, мўминларга учун ҳам насиба бордир. Ҳар бир мўмин банда қалбидаги иймонининг даражаси, тақвоси, зуҳди, қилган солиҳ амалларининг миқдорига қараб бу ояти каримадан насиба олади. Қачон инсон шариатга мувофиқ ҳаёт кечирса, солиҳ амалларни қилишда давомли бўлса, Раббиси билан ҳақиқий боғланса, у мўмин учун ҳам хушхабар бордир. “Кавсар” сурасидаги яхшиликлар у бандага ҳам тегишли бўлади. Шунда у банда Аллоҳ таолонинг наздида алоҳида бир эътиборга эга эканини ҳис этади. Ҳаётида хавф, нотинчлик, ҳар хил изтироблар бўлмайди, балки хотиржамлик лаззатини тотади. Ўзида маҳрумлик туйғусини умуман ҳис қилмагани учун бировларга гина-адоват ва ҳасад қилмайди.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг кўпгина ўринларида мўмин-мусулмон бандаларига кўп яхшиликлар, мукофотлар ато қилишининг хабарини берган. Бу яхшиликлар, мукофотлар мўмин инсонлар учун бамисоли кавсардир:

“Ахир, Биз гўзал ваъда (жаннат)ни ваъда қилган ва унга эришган киши, Биз дунё ҳаёти матосидан озгина фойдалантирган, сўнграқиёмат кунида (мангу азобга) ҳозир қилинувчи кимса каби бўлурми?!”(“Қасас” сураси, 61-оят).

“Албатта, тақводорлар (жаннатдаги)боғларда ва дарёлар узрадирлар. (Улар) қудратли подшоҳнинг (Аллоҳнинг) ҳузуридаги садоқат мақомида бўлурлар” (“Қамар” сураси, 54-55-оятлар).

“Кавсар” сурасининг охирги оятида Аллоҳ таоло шундай деди: “Албатта, ғанимингизнинг ўзи (барча яхшиликлардан) маҳрум”. Яъни сизга нафрат, ғазаб қилган ва сизни ёмон кўрганларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг раҳматидан маҳрумдирлар. Чунки, улар сизга ғазаб қилишлари билан Аллоҳ таолога ғазаб қилган бўлади. Сизни ёмон кўришлари билан Аллоҳ таолони ёмон кўрган бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг кўп ўринларида Расулига итоат қилишни Ўзига итоат қилиш, Расулини яхши кўришни Ўзини яхши кўриш, Расулини рози қилишни Ўзини рози қилиш эканини баён қилган. Демак, Расулуллоҳга итоат қилмаслик Аллоҳ таолога итоат қилмаслик, Расулуллоҳни ёмон кўриш Аллоҳ таолони ёмон кўриш, Расулуллоҳни норози қилиш Аллоҳ таолони норози қилиш ҳисобланади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Кимда-ким Пайғамбарга итоат этса, демак, у Аллоҳга итоат этибди” (“Нисо” сураси, 80-оят).

“Айтинг (эй, Муҳаммад!): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир» (“Оли Имрон” сураси, 31-оят).

“Улар (мунофиқлар) сизларни қониқтириш учун (Пайғамбарга азият етказмадик, деб) қасам ичадилар. Агар мўмин бўлсалар, (билиб қўйсинларки) қониқтиришларига Аллоҳ ва Расули лойиқроқдир” (“Тавба” сураси, 62-оят).

Аллоҳ таоло “Кавсар” сурасининг охирги оятида инсонларга илоҳий қоидани эслатмоқда: Кимки, Аллоҳ ва Расули, дин, пайғамбарларнинг меросхўрлари бўлмиш яхшиликка чақирувчиларга нафрат қилса, ғазаб қилса, ёмонлик қилса – Аллоҳ таолонинг раҳматидан,  барча яхшиликларидан маҳрум бўлгай, тарихда номи ёмонлар, хор бўлганлар қаторида муҳрланиб қолгай. Тарихнинг ўзи бунга энг адолатли ҳакам ва гувоҳдир. Аллоҳ ва Расулига душманлик қилган, қаршилик қилган Абу Лаҳаб, Абу Жаҳл каби “қаҳрамон”лар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ёлғонга чиқарганлар қани? Уларнинг оқибати нима бўлди? Барчалари тарихга ёмонотлиқ  бўлиб муҳрланди. Улар Аллоҳ таолонинг раҳматидан маҳрум бўлишди, яхшиликлардан қуруқ қолишди, номлари қиёматга қадар фақат ёмонлик билан эсланадиган бўлди. Қуръони Каримда бундай дейилади: “Албатта, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига мухолифлик қилганлар, айнан, ўшалар энг хор кимсалар ичида бўлурлар” (“Мужодала” сураси, 20-оят).

“Кавсар” сурасининг охирги оятини ҳар сафар ўқиганимда, баданим титраб кетади. Инсонлар қачон Исломга қаршилик қилса, гўёки оловга ёқилғини қуйгандай бўлади. Бу ҳолда олов янада ловуллаб, алангаси кучайгани каби Исломга қарши чиқилганида, унга душманлик қилинганида, Ислом янада ривожланади, кучайиб бораверади.

Ит ҳурар, карвон ўтар. Итларнинг вовуллаши булутларга зарар бермас. Чунки булутлар осмон уфқида. Шундай экан, итлар соатлаб ҳураверса, вовуллаверса ҳам булутлар тўхтаб қолмайди, юришда давом этаверади. Худди шунингдек, Исломга ҳам қиёматга қадар душманлик қилинаверади, уни кучсизлантиришга ҳаракатлар бўлаверади. Аллоҳ Ҳаким зот, У ҳақ динини қандай барқарор эттириш ҳам Унинг зиммасидадир. Бизларни мусулмон қилган Аллоҳ таолога ҳадсиз, ҳисобсиз ҳамдлар бўлсин!

Муҳаммад Ротиб Нобулсийнинг

“Тафсири Нобулсий” китоби 14-том, 30-жузъидан

Фаррух Абдулкарим, Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси  

Фойдаланилган қўшимча адабиёт: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Тафсири ҳилол” китоби; Шайх Абдулазиз Мансур ва шайх Алоуддин Мансур ҳазратларининг “Қуръони карим маънолар таржимаси” китоби.


[1] Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ўз “Саҳиҳ”ларида келтирганлар.

Манба: azon.uz

167530cookie-checkТафсири Нобулсий: “Кавсар” сураси

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: