islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳанафий улуғлар наздида ҳадис илмлари қоидалари-3

(Муаллиф муқаддимаси давоми)

Китоб ёзилишига туртки бўлган сабаблар

Бу мавзуни танлашимга бир неча сабаблар бор. Улар қуйидагилар:

А) Ҳанафий мазҳаби бошқа мазҳабларга нисбатан ер юзида кенгроқ тарқалган мазҳаб бўлиб, фақиҳ уламолари ва фаръий масалалари кўп. Мазҳаб вужудга келиш жиҳатидан ҳам бошқаларидан олдинроқ. Жоҳил, нодон кимсалар бу мазҳабни фикрлар ва қиёслар устига қурилган, чуқур ўйлаб фикр юритгандан сўнг ўйлаб топилган қоида ва усулларга биноан барпо бўлган, деб айтади. Ҳанафий мазҳабининг суннатдан далилланишда ўзига хос услуби бор ва у муҳаддисларнинг услубидан фарқли. Фарқ бўлиши ҳеч қандай ҳайратланарли, инсонни таажубга солувчи ҳолат эмас. Балки бу йўл умматнинг саҳобалардан мерос қилиб олган йўлларидир. Ҳанафийларнинг ҳадислардан далил олиш бўйича ўрнатган қоидаларини ўрганиб чиққанимизда бизга шу нарса маълум бўлади. Чунки улар ўрнатиб кетган усуллар одилона бўлиб, унда ҳаддан ошиш ҳам, бепарволик ҳам йўқ. Шариат далилларидан ҳар бирини ўз ўрнига қўяди, Суннатнинг шаънини паслатмайди. Шунингдек, уни қатъий Қуръондан муқаддам ҳам қўймайди.

Ҳанафийларнинг ушбу усул-қоидалари турли хил китоблар ичида тарқоқ келган. Шу сабаб илм йўлини тутган толиби илмлар бу қоидаларни ўрганишлари бироз мушкилроқ. Демак, бу қоидаларни алоҳида тўплаб, китоб шаклида тартиблаб чиқишга эҳтиёж бор. Токи ҳанафийлар ҳукмларни ҳадисдан истинбот қилишларини қамраган усул қоидалари борлиги айримларга маълум бўлсин.

Б) Бир йил муқаддам Туркияга қилган саёҳатимда баъзи биродарларим мендан ҳанафийларнинг усули ҳадисга оид муҳим қоидаларини жамлаб бир китоб қилиб беришимни сўрашди. Енг шимариб, уларнинг орзу-истакларини амалга оширишга киришдим. Мана шу уларнинг талабига мос тартиблаб жамланган китобдир.

Тадқиқотчининг услуби

Бу китобни ёзиш учун қўллаган услубларим қуйидагилар:

Ҳанафий улуғларимизнинг йўлларини бироз тафсилот билан айтиб ўтдим. Чунки бу ўринда китобни ёзилишига асосий сабаб аслида шудир. Агар, бу масалада ихтилоф бўлса, кетидан муҳаддислар мазҳабини келтирдим. Сўнгра ўзимнинг таҳлилимга кўра ҳанафийлар наздида устун гап қай бири эканини ҳам келтириб ўтдим. Ва икки мазҳабни фикрларини солиштирдим. Охирида “Мустаҳкамлаш учун саволлар” сарлавҳаси остида бир рукн келтирдим, токи талаба мавзу доирасидаги илмларни яхшилаб ўзлаштириб олсин.

Китобнинг режаси

Ушбу рисолани ўнта бобга ажратишни маъқул кўрдим:

1-боб. Хабарлар тақсимоти.
2-боб. Ҳанафий мазҳабида оҳод хабарни ровийсига тегишли шартлар.
3-боб. Ривоят қилувчидаги қосирлик ва нуқсон сабаб санаддаги узулиш (мунқатеълик) қисмлари.
4-боб. Мақбул хабарнинг қисмлари: Саҳиҳ, ҳасан ва заиф ҳадислар.
5-боб. Оҳод хабар қиёсга зид бўлмаслиги.
6-боб. Санаддаги ички узилиш (мунқатеълик).
7-боб. Ташқи узилиш (мунқатеълик): мурсал ҳадис.
8-боб. Саҳоба ва уларга оид масалалар.
9-боб. Ўзаро қарама-қаршилик (таоруз) ва таржиҳ.
10-боб. Ҳадис қабул қилиб олиш йўллари.

Ташаккурнома

Шу ўринда улуғ устозларимга миннатдорчилик билдиришни муносиб деб билдим. Устозларим фазилатли шайх Неъматуллоҳ Аъзамий, фазилатли шайх саййид Аршад Маданий, фазилатли шайх Ҳабибурроҳман Аъзамий ҳафизаҳуллоҳлар. Уларнинг менга бераётган ёрдамлари, мени шижоатлантиришлари ва меҳрибончиликлари мен учун доимо далда бўлиб, китобни тугал қилишим учун катта куч бағишлади. Шу билан бирга улар бу китобни ёзиб битирганимдан сўнг қайта ўқиб текшириб беришди. Айниқса, меҳрибон устозим, раҳмдил шайхим аллома, муҳаддис, усулий, фақиҳ Баҳрул улум Неъматуллоҳ Аъзамий кўпроқ эътибор қаратдилар.

Аллоҳ таоло барчаларини дунё ва охиратда солиҳ бандаларини мукофотлдаганидек мукофотласин. Ундан бу китобни ёзишда қилган ҳатти-ҳаракатларимнинг самарасини мукаммал қилиб беришини илтижо қиламан. У Зотнинг Ўзидан рушди-ҳидоят ва тўғриликни илҳом қилишини умид қиламан. Ҳурматли ўқувчидан қаламни тойилишидан содир бўлган хатолардан кўз юмишларни сўраб қоламан. Чунки комиллик, бенуқсонлик инсоният ва бутун ер юзини яратувчи Зотнинг Ўзигагина хосдир.

Ҳурматли ўқувчи, ушбу китобда манфаат топсангиз, буни Аллоҳ таолодан деб билинг. Агар хатога дуч келсангиз каминанинг нуқсонига йўйинг. Зеро мен хатокор бандадирман. Набиййимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, у зотнинг саҳобалари ва аҳли оилаларига саловату саломлар бўлсин.

Ҳиндистондаги Дорул улум Девбанд Ислом жомиасининг ҳадис илмлари мутахассислигини тамомлаган Абдулмажид Жузжоний
Ҳижрий 1439 йил, 5 ой 12 сана

Таржимон: Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулҳодий Ғиёс

169020cookie-checkҲанафий улуғлар наздида ҳадис илмлари қоидалари-3

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: