Қуръон ўқувчиларни одамлар эъзозлаб, “қори ака” деб чақирадилар, давранинг тўридан жой берадилар. Одамларнинг Қуръонга муҳаббатлари баланд бўлганидан қорини қаттиқ ҳурмат қиладилар.
Ўзини одамларга кўз-кўз қилиш, улардан мақтов эшитиш пайида бўлиш риёдир. Риё ҳар қандай амални ҳабата қилади: риёкор машаққат чекиб ишлаган ажр-савобларидан айрилади. Бу ҳам етмаганидек, хўжакўрсинга амал қиладиган кимса қиёмат куни оғир аҳволда қолади. Хусусан, Қуръон ўқиётган инсон ниятини холис қилмаса, оқибати яхши бўлмайди. Мана бу ривоятда риёкор қорилар охиратда қай кўйга тушишлари ўта таъсирчан ифодаланган.
Сулаймон ибн Ясор ривоят қилади: “Одамлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу атрофидан тарқалишди.
Шомлик Нотил исмли киши (ёки Шом аҳлининг раҳбари) унга: “Эй шайх, бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганинг бир ҳадисни айтиб бер”, деди. У: “Ҳа, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни энг биринчи ҳукми чиқадиган одам шаҳид кишидир. У олиб келинади. Аллоҳ унга неъматларини танитади. (Шаҳид неъматларни) эътироф этади. Кейин (Аллоҳ): “Булар билан нима қилдинг?” деб сўрайди. У: “Сенинг йўлингда шаҳид бўлгунимча жанг қилдим!” дейди. (Аллоҳ): “Ёлғон айтдинг! Балки сен (одамлар) “довюрак”, дейишлари учун жанг қилдинг. Шундай дейилди ҳам”, деб айтади. Кейин амр қилинади, (“шаҳид”) юзи билан судраб олиб борилади, жаҳаннамга улоқтирилади. (Қиёмат куни энг аввал ҳукми чиқадиган кишилардан яна бири) илм ўрганган, уни бошқаларга ўргатган, Қуръон ўқиган кишидир. У олиб келинади. Аллоҳ унга неъматларини танитади. У танийди. Кейин (Аллоҳ): “Булар билан нима қилдинг?” деб сўрайди. У: “Сенинг йўлингда илм ўргандим, бошқаларга таълим бердим, Қуръон ўқидим!” дейди.
Аллоҳ: “Ёлғон айтдинг! Балки сен “олим”, деб айтишлари учун илм ўргандинг, “қори” дейишлари учунгина Қуръон ўқидинг. Шундай дейилди ҳам”, дейди. Сўнгра амр қилинади, (“қори”) юзтубан ҳолатда судраб олиб борилади, жаҳаннамга улоқтирилади. (Қиёмат куни энг аввал ҳукми чиқадиган кишилардан яна бири) энг аввал ҳукми чиқадиган кишилардан яна бири) Аллоҳ томонидан ризқи кенг қилиб қўйилган, турли хил моллардан берилган кишидир. У олиб келинади. Аллоҳ унга неъматларини танитади. У танийди: “Сўнг: “Булар билан нима қилдинг?” деб сўрайди. У: “Сен инфоқ қилишни яхши кўрадиган биронта ҳам йўлни қондирмай эҳсон қилдим!” дейди. Аллоҳ: “Ёлғон айтдинг! Балки сен (одамлар) “сахий”, дейишлари учун қилдинг.Шундай дейилди ҳам”, дейди. Кейин амр қилинади, (“қўли очиқ” одам) юзтубан ҳолда судраб борилади, жаҳаннамга ташланади”, деганларини эшитганман”, дея ҳадисни айтиб берди”.
Эътибор берайлик бу ерда кофир ёки мушриклар эмас, “Аллоҳга ишонаман”, “Мусулмонман”, дейдиган бандалар ҳақида сўз кетмоқда..
Айрим саҳобалар бу ҳадисни эшитиб қаттиқ таъсирланганларидан беҳуш бўлиб қолишган экан. Масалан, ҳадис ровийси Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Шуфай Асбаҳийга мана шу ривоятни айтиб бераётиб тўрт марта (!) ҳушидан кетиб қолган. Кейин кўз ёш тўкиб ривоятни бир бошидан сўзлаб берган.
Шуфай Асбаҳий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан эшитган ҳадисни Муовияга айтганида уям қаттиқ йиғлаб ҳушидан кетиб қолган экан.
Мазкур ҳадисда энг кўп риё қилинадиган уч хил амал ҳақида сўз бормоқда. Булар:
1. Шаҳидлик.
2. Олимлик.
3. Сахийлик.
Уччаласи ҳам одамлар кўз ўнгида бажарилади. Бу ишни қилганлар эл назарига тушади, катта обрў-эътибор қозонади. Аммо баъзилар мана шундай мақтовларга учиб, асосий мақсадни унутиб қўяди. Ниятлари холис бўлмагани учун уларнинг саъй-ҳаракати ўзларининг зиёнига ишлайди.
Қуръон ўқиш қанчалик савобли экани маълум. Шунинг учун мусулмонлар бунга алоҳида эътибор билан қарайдилар. Қуръон ўқувчиларни эъзозлаб, “Қори ака”, деб чақирадилар, давранинг тўридан жой берадилар. Одамларнинг Қуръонга муҳаббатлари баланд бўлганидан қорини қаттиқ ҳурмат қиладилар.
Аслида Қуръон ўқишдан, илм ўрганишдан мақсад одамлар ҳурматини қозониш ёки мол-дунё орттириш эмас, Аллоҳ розилигини топишдир. Кимда-ким тиловат орқасидан эл назарига тушиш, одамлар эътиборини қозониш пайида бўлса, қилган амаллари бесамар кетади. Аллоҳ риёкор қорига ҳеч қандай савоб бермайди. Тўғри, риёкор қори таҳсинга сазовор бўлади, одамлар: “Қуръонни зўр ўқиркан”, “Қироати чиройлиякан”, деб уни мақтайди. Бироқ ихлоссиз қорининг охиратдаги аҳволи яхши бўлмайди.
У ҳисоб қилинмай туриб жаҳаннамга улоқтирилади. Аллоҳ шундай қилишни буюради.
Ваҳоланки, Қуръон қорини шафоат қилиши, унга жаннатда баланд мартабалар берилиши, ота-онаси бошига нурли тож кийдирилиши керак эди. Илмига амал қилган қори оила аъзоларидан айримларини шафоат қилиши кутилганди. Лекин ундай бўлмади. Аксинча, унинг ўзи ёрдамга муҳтож бўлиб турибди. Нега? Чунки нияти холис эмасди, ихлоси йўқ эди. Қироати билан эл оғзига тушиш, одамлардан мақтов эшитиш пайида бўлди. Оқибатда мана шундай қўйга тушиб турибди!.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини риёдан қайтариб: “Умматим ичидаги мунофиқларнинг кўпи қорилардир”, деганлар.
Қуръон ҳар бир мусулмон ҳаётида муҳим ўрин тутади. Намозда ҳам, намоздан ташқарида ҳам Қуръон ўқилади. Қуръон ўқувчи ҳамманинг назарида бўлади. Айни вақтда энг кўп риё Қуръон тиловати билан қилинади. Шунинг учун бўлса керак, уммати муҳаммадия ичида энг кўп мунофиқлар риёкор қорилар экани айтилмоқда.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Жуббул ҳазандан Аллоҳ паноҳ (бериш)ини сўранглар! – дедилар.
– Ё Расулуллоҳ, жуббул ҳазан нима? – деб сўрашди одамлар.
– (Жуббул ҳазан) жаҳаннамдаги бир водий. Жаҳаннам(нинг ўзи) бир кунда юз марта ундан паноҳ сўрайди.
– Ё Расулуллоҳ, унга кимлар киради?
– Риёкор қорилар.
Арабча “жуббул ҳазан” сўзи “хафалик қудуғи” маъносини англатади.
Жаҳаннамда жуббул ҳазан деган қудуқ бор экан.
Жаҳаннамнинг ўзи бир кунда юз марта ана ўша қудуқдан паноҳ сўраркан. Жуббул ҳазанга хўжакўрсинга Қуръон ўқийдиганлар, мақтовга ўч риёкор қорилар кирар экан.
Аллоҳ таоло бизни ихлос неъмати билан сийласин, Ўзининг розилиги учун амал қиладиган бандалар қаторига қўшсин!
Зиёуддин Раҳимнинг
“Қуръон – қалблар шифоси” китобидан