Ўрта Осиёга ислом дини билан бирга кириб келган араб ёзувидан олдин ҳам мазкур минтақаларда ёзувлар мавжуд бўлиб, ундан тўлиғича фойдаланиб келинар эди. “Бу ёзувлар ўз системасига кўра, асосан, фонографик – ҳарф-товуш ёзувидан иборат бўлган.”[1] Қадимги туркий битикларда Биринчи ва Иккинчи турк хоқонликлари даврида (VI-VIII юз йилликлар) яшаган туркий халклар “кўк турклар»[2] деб аталиб, улар қўллаган ёзувни “кўк турк алифбоси” деб аталган. Шунингдек, “қадимги Хоразм ёзуви”, “Суғд ёзуви”, “Парфиона ёзуви”, “Моний ёзуви”, “браҳма ёзуви”, “сурёний ёзуви”, “уйғур ёзуви”. Бу ёзувда ёзадиган хаттотларга Амир Темур ҳам алоҳида эътибор қаратган.
Темурийлар давригача ҳам Ўрта Осиёда хат ва китобат соҳасида жуда йирик ислоҳатлар, ривожланишлар бўлиб ўтди. Жумладан, Ўрта Осиёга ислом дини билан бирга араб ҳарфларига асосланган маҳаллий халқ учун янги бир хат тури ҳам бирга кириб келди. Ислом цивилизациясининг олтин асри деб эътироф этилган 9-10 асрда жуда кўп илмий-адабий асарлар айнан араб тилида битилди. Хусусан, ислом дини вакиллари илмга, хусусан ёзув таълимига жуда катта эътибор қаратганки, ҳатто ёзувни ёш авлодга ўргатиш учун жуда йирик иқтисодий фойдаларни жалб қилган.
Суғд аталмиш диёр дастлаб халифа Муовия ибн Абу Суфён даврида қўмондон Саъйид ибн Усмон[3] томонидан 674 милодий йили (ҳижрий 55 йил) фатҳ этилган бўлса, Умавий халифа Валид ибн Абдулмаликнинг қўмондонларидан бир бўлган Қутайба ибн Муслим[4] 705 йил (87-ҳижрий) икки дарё Сайхун ҳамда Жайхун оралиғида жойлашган ерларни фатҳ этди ва бу жараён милодий 715 йилга қадар вақт давом этди. Мазкур ҳудудлар Моварауннаҳр деб аталди ва илм фан айнан мана шу юрт фарзандлари томонидан янги босқичга олиб чиқилди, ҳатто у даврни олтин аср деб аталди. Бухоро, Самарқанд, Кеш, Термиз каби шаҳарлардан ёш толиби илмлар Мадина, Куфа, Боғдод каби ўша даврнинг энг йирик илм марказларига йўл олдилар ва юртларига қайтиб келиб, минглаб шогирдлар етиштирдилар.
Ислом дини тарқалган халқларнинг умумий тили араб тили бўлиб қолди. Бухоро, Самарқанд шаҳарлари, Хоразм ўлкасидан араб тили ва адабиёти билан жиддий шуғулланадиганлар сони жуда кўп эди. Шунинг учун ҳам барча асарлар араб тилида ёзилди. Исмоил бин Аҳмад бин Асад бин Сомон (892-907 милодий) даврида Бухоро ва Самарқандда илм маърифат, хат ва китобат санъати алоҳида босқичга кўтарилди. Ислом оламида тиб илмига доир энг биринчи асар ҳам Шайхур раис Ибн Сино тарафидан ёзилди. Энг буюк икки китоби “Шифо” ва “Тиб қонунлари” асари бутун дунёда, жумладан, Оврупада жуда машҳур бўлиб кетди[5] (1-расмга қаранг). Самонийлар даврида сопол идишларга ҳуснихат билан ёзиш саноатида илгарилаб кетди, Самарқандда қоғоз[6] саноати бу ўлканинг иқтисодий гуллаганини ёрқин далилидир.
Самонийлардан кейин ҳукумат саҳнасига Ғазнавийлар давлати асосчилари бўлмиш Носириддин Сабук Текин (ҳижрий 387 йил вафот этган) ва унинг тўнғич ўғли Амир Маҳмуд Ғазнавий (388-421 ҳижрий; 998-1030 милодий) чиқди[7]. Султон Маҳмуд атрофига шунчалик кўп ёзувчилар, санъаткорлар ва олимларни тўплаб, бутун қитъада юксак обрўга эга бўлди. Хусусан, хаттотлик ўзининг янги даврини бошлади. Бу даврда хаттотларнинг маҳорати, асарлари асосан катта меъморий обидалар, иншоотлар, масжид ва миноралар, мадраса ҳамда хонақоҳлар пештоқларидаги ёзувларда сақланиб қолди. Бу даврда Моварауннаҳрда Кўфий хати сезиларли даражада ривожланди. Жумаладан, Кўфий хатининг ҳарфлари ихчамланди, ҳарф устига нуқталар, ҳаракатлар қўйила бошлади. Ғазнавийлар даврида қоғозга кўфий хатда мусҳаф ёзилган бўлиб, бунинг аҳамияти шундаки, мазкур давргача мусҳафлар терига ёки ёғочга ёзилган бўлса, бу мусҳаф тўлиқ ҳолда энг сифатли қоғозга битилганидир. 1177 милодий йилда Абу Бакр Абдуллоҳ Ғазнавий томонидан нусхаланган Сулс хатида ёзилган мусҳаф бугунги кунда Истанбулдаги Тўпқопи музейида сақланиб келади. Ғазнавийлар даврида бронзадан ишланган идишларга кўфий хатида нақш қилиб туширилган бўлиб, Истанбул музейларида сақланиб келади.
Аммо, Мовароуннаҳр халқи бошига келган энг катта офат Чингизхон бошчилигидаги мўғиллар босқини экани ҳеч кимга сир эмас. Мўғилларнинг қирғини пайтида улар томонидан зарар етказилмаган бирор соҳа қолмади. Жумладан хаттотлар, котибларнинг неча асрлаб қилган меҳнатлари самараси бўлган миллионлаб қўлёзмалар, кутубхоналарнинг кулини кўкка совурдилар. Натижада жуда катта ҳажмда асл манбалар буткул йўқ бўлиб кетдики, ўша бўшлиқ ҳанузгача билиниб келади.
Амир Темур (1336-1405) 1370 йилда Моварауннаҳр тахтига чиқиб, Самарқанд шаҳрини мамлакат пойтахти этиб белгилаганидан кейин илм-фаннинг риёзиёт, ҳандаса, меъморчилик, фалакиёт, адабиёт, тарих, мусиқа каби соҳалари равнақига катта эътибор бериб, соҳиби ҳунарлар, тарихчилар, файласуфлар, шунингдек, илм-фан, идора ва бошқа ишларда истеъдодли бўлган барча кишилар билан суҳбатлашиш учун кўпинча тахтдан тушиб, уларнинг ёнига келар, мазкур соҳаларга ғамхўрлик қилишга асосий эътиборини берарди[8]. Натижада илм-фан, санъат, саноат, меморчилик, ҳунармандчилик қатори хаттотлик ва китобат санъати тараққиётнинг янги босқичига чиқди. Мана шу даврда яна юзлаб моҳир уста, ихтирочи хаттотлар етишиб чиқдилар. Амир Темурнинг энг яқин хаттотларидан бири Бадриддин Маҳмуд бин Абдулазиз ўз асрининг иқтидорли мусаввири ҳам эди. (Дўст Муҳаммаднинг «Хаттотлар ва мусаввирлар ҳақида рисола»си (1544 йил): Бу асар темурийлар даври санъаткорлари ҳақидаги энг муҳим манбалардан биридир. Унда Бадриддин Маҳмуднинг маҳорати ва унинг Амир Темур саройидаги ўрни ҳақида сўз боради. Қози Аҳмаднинг «Гулситони ҳунар» асари: Хаттотлар тарихига бағишланган бу китобда ҳам Бадриддин Маҳмуд ибн Абдулазиз тилга олинган ва унинг тасвирий санъатдаги ўрни қайд этилган. Бадриддин Маҳмуд ибн Абдулазиз томонидан кўчирилган ва безатилган қўлёзмалар унинг шахсиятига энг катта далилдир. Энг машҳурларидан бири:
«Куллияти Табризий«: Бу қўлёзма Бадриддин Маҳмуд томонидан 14-аср охири ва 15-аср бошларида кўчирилган. Бу асар хаттотлик ва миниатюра санъатининг нодир намунаси ҳисобланиб, ҳозирда хориждаги йирик кутубхоналарда (масалан, Туркиянинг Тўпқопи саройи кутубхонасида) сақланади.) У Самарқандда асос солган бадиий услуб кейинчалик Шоҳрух Мирзо ва Бойсунғур Мирзо даврида Ҳиротда гуллаган машҳур Ҳирот миниатюра мактаби усталари учун асос бўлган. Катта эҳтимол билан Самарқанд ҳаттотлик мактабининг ўзига хос анъаналарининг асосчиларидан бири ҳам Бадриддин Маҳмуд бин Абдулазиздир.
Темурийлар барча фан турларининг ривожига бир хил эътибор берар эдилар. Амир Темурнинг набиралари бўлмиш Иброҳим ва Бойсунқур мирзолар ўз даврининг энг машҳур хаттотларидан эдилар. Темурнинг ўғли Шоҳрухмирзо кибор олим, мусаввир, моҳир хаттот эди. Амир Темур даврида фақатгина Самарқанд эмас балки, барча йирик шаҳарларда, жумладан, Ҳирот, Бухоро шаҳарларида ҳам илм-фан, хусусан хаттотлик-китобат жуда ривожланди. Буни ўша даврларда қад кўтарган маҳобатли бинолар, мадрасалар, масжидлар пештоқларига, гумбазлар остиларига битилган дурдона битиклар, кўфий ва сулс қаламларининг жозибасини кузатиш мумкин. Гўри амир, Улуғбек мадрасаси, Регистон майдони, Шоҳизинда мажмуаларидаги хаттотлик намуналарига назар солсангиз ўша давр хаттотларининг маҳоратига тан берасиз. Темурийлар даврида араб хати асосидаги китобат ва хаттотлик жуда юқори чўққига чиққанини алоҳида таъкидлаш лозим[9].
Ўрта Осиё хаттотлик санъати тараққиёти тарихига бир назар солсак, VII–X асрларда Араб халифалигининг марказий шаҳарлари – Макка, Куфа ва Басрада яратилиб, кейинчалик халифаликнинг бошқа ҳудудларига тарқалган хат турларидан фойдаланган ҳолда Мовароуннаҳр хаттотлик мактаби вужудга келганини билиб оламиз. Аҳмад ибн Умар Ашъас Абу Бакр Самарқандий (XI аср), Аҳмад Табибшоҳ Мовароуннаҳрий (вафоти 1215 йил), Али Банокатий (XIII аср), Жамшид Шоший (XIV аср) каби хаттотлар ушбу мактаб вакиллари сифатида донг таратганлар[10].
“XIV–XV асрларда илм-фан, маданият ва санъатнинг барча соҳаларида бўлгани каби хаттотлик санъатида ҳам мисли кўрилмаган юксалиш кузатилди. Шу даврдан бошлаб Ўрта Осиёнинг турли минтақаларида бир неча хаттотлик мактаблари пайдо бўлди. XV асрда Темурийлар сулоласи ҳукмдорларининг қўллаб-қувватлашлари билан вужудга келган Ҳирот хаттотлик мактаби Султонали Машҳадий (1437–1520), Дарвеш Муҳаммад Тақий Ҳиравий (XV асрнинг биринчи ярми), Абдулжамил Котиб (вафоти 1505/1506 йил) каби вакиллари билан элга танилган. Абдулқодир Муродов “Ўрта Осиё хаттотлик санъати тарихи” асарида мазкур мактабнинг 35 нафар йирик хаттотлари ҳақида сўз юритган.
Ўрта Осиёда, айниқса Мовароуннаҳрда аввал маълум хат турларига катта эътибор қаратилган, шу билан бирга маълум бир юрт учун қулай бўлган маҳаллий хат турлари вужудга кела бошлади. Улар тезлик билан ўзининг мустақил ва ўзига хос кўринишини топади. Бундай хат туридан настаълиқ (ёки хатт-ут-таълиқ) бўлиб, у форс мамлакатлари ва Афғонистонда кенг тарқалди. Шу сабабли уни форсий хати деб ҳам атайдилар. Бу хат чўзиқларнинг кўплиги ва ўзига хос оғма шакли билан ажралиб туради. Мазкур ёзув ҳарфлари юқоридан чапга қияроқ ҳолда ёзиларди.
Темурийлар даври хаттотлари томонидан ихтиро қилинган хат турлари ҳам мавжуд. Улар қуйидагилардир:
- Настаълиқ хати. Бу хат XIV асрда ижод этилган. “Настаълиқнинг асли “насхи таълиқ” бўлиб, енгиллик учун “настаълиқ” деб аталган. Бу ёзувдан расмий ва шахсий ёзишмалар, ҳужжатларда фойдаланилган. Асосчиси “Қиблат ул-куттоб” (“Котибларнинг пешвоси”) унвони билан улуғланган хаттот Хожа Мир Али Табризий (1330-1405) бўлиб, настаълиқ хатига хос бир йўл билан олти турли хат асосида алоҳида хат ихтиро қилган хаттотдир. Кўплаб шогирдлар тайёрлаган. Унинг шогирдларидан бири – Мавлоно Жаъфар, Шоҳруҳ Мирзо (1404-1447) замонида хушхатликда ном чиқарган, иккинчиси Мир Абдулҳай бўлиб темурийзода Абу Саид Мирзо (1424-1469 й.)) замонида яшаб, китобат санъатида, иншо ва таҳрирда тенгги йўқ котиб бўлган.”[11] “Мир Али Табризий настаълиқ хатининг қонун-қоидалари баён этилган рисола яратган бўлиб, унда настаълиқ хатининг илк назарий таҳлилларидан бири шеърий шаклдаги асарлар бўлиб, улар орасида Мир Имод “Адаб ал-машқ” асари алоҳида аҳамиятга эга.[12] Мир Али Табризий томонидан кўчирган қўлёзмалар, жумладан, Кирмонийнинг “Хумой ва Ҳумоюн”, “Камолнома”, “Равзат ал-анвар” достонлари (1396 йилда кўчирилган, ҳозирда Британия музейида сақланади), Саъдийнинг “Куллиёт”и, “Бўстон” асари (1377), Низомий ва Деҳлавийнинг “Хамса” достонлари (Эрон миллий кутубхонасида) ва қитъалар (1 донаси Санкт-Петербургдаги Россия миллий кутубхонасида) бизгача етиб келган.”[13] Тўғри, Мир Али Табризий Эрон ҳудудида яшаган бўлсада, у яшаган даврда ҳудудлар яхлитлиги, бугунги кундаги биз билган чегаралар мавжуд эмас эди. Қолаверса Мир Али Табризийнинг шогирдлари барча илм марказларига тарқалиб кетди ва устозларининг ишини илм аҳли, хусусан, хаттотлар орасида ёйилишига сабаб бўлди. Настаълиқ хатининг мавқеъи, обрўси шу даражада эдики, бу хат турини моҳирона ўзлаштирган давлат арбоблари ҳам талайгина. Бунга темурийзодалар Шоҳруҳ Мирзо (1404-1447), Бадиуззамон ибн Ҳусайн Байқаро (1458-1514)ни мисол қилиш мумкин.
Айнан настаълиқ хатини “хатларнинг келинчаги” деб аталишига сабаб бўлган маҳоратли хаттот, ихтирочилик истеъдоди юксак котиб Мир Имод ал-Ҳасаний Қазвиний (1554 йилда Қазвинда туғилган) — хаттотлик санъати тарихидаги энг машҳур ва мукаммал хаттотлардан бири ҳисобланади. Мир Имод настаълиқ хат турида у «устодул-кулл» (барча устозларнинг устоди) даражасига чиққан. Илк сабоқни Иссо Рангкор ва Малик Дейламийдан олган. Сўнгра билимини ошириш мақсадида Табризга бориб, (юқорида зикр ўтган) машҳур устоз Муҳаммад Ҳусайн Табризий қўлида таълим олди. Мир Имод хатнинг ҳарфлари ўртасидаги мувозанат, тенглик ва нафосатни ўзлаштириб, Настаълиқ хатини мукаммал даражага етказган ва шу боис бу хатни “хатларнинг келинчаги” (عروس الخطوط) даражасига олиб чиққан.
Темурийзода хаттотларидан яна бири Заҳириддин Муҳаммад Бобур бўлиб, кўпинчи бу зот ёдга олинса кўз олдимизда нафақат буюк саркарда ва давлат арбоби, балки нозиктаъб шоир ва қомусий олим гавдаланади. Унинг илмий мероси ичида алоҳида ўрин тутган, аммо асрлар давомида кўпчилик учун сирли бўлиб келган хазиналардан бири — «Хатти Бобурий» бўлиб, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ихтиро қилган хат тури ҳисобланади. «Хатти Бобурий» кўплаб тадқиқотчилар эътиборини тортиб келган. Шарқшунослардан А.Бевериж, С.Азимжонова, Собир Муҳаммад, М.Ҳеравий, Али Алпарслон, Г.Маоний ва бошқалар «Хатти Бобурий» тўғрисида ўз фикрларини билдирганлар. Жумладан филолог олим Ўктам Султонов ўз тадқиқотларида ушбу алифбонинг моҳиятини янги қирраларини очиб берган.
XVI асрда туркий тиллар ривожланиши янги босқичга чиққан эди. Ўша даврда қўлланилган араб ёзуви туркий тилнинг товуш тизимини, хусусан, унли товушларни тўлиқ ифодалай олмасди. Бобур Мирзо мана шу бўшлиқни тўлдириш, ёзувни соддалаштириш ва халқ учун тушунарли қилиш мақсадида 1504 йили 20 ёшида Қобулда янги алифбо — «Хатти Бобурий»ни ёхуд хатти шоҳий деб аталувчи ёзув турини ихтиро қилди. Ўктам Султонов таъкидлаганидек, бу шунчаки ҳарфлар йиғиндиси эмас, балки туркий тилнинг ички имкониятларини юзага чиқаришга қаратилган илк жиддий тил ислоҳоти эди.
Бу ёзув ўнгдан чапга қараб ёзилади. У бошқа ёзув тизимлари билан боғлиқ эмасдек туюлса-да, мавжуд намуналар унинг араб абжад тизимининг махфий коди (шифри) бўлиши мумкинлигини кўрсатади (1-расмга қаранг).
Бу хатнинг бошқа бир номи “Сиғноқий” бўлиб, бу тўғрисида Бобур шундай деган:
Турклар хати насибинг бўлмаса Бобур нетонг,
Бобурий хати эмасдур хафти сиғноқийдур.
Бу хат араб алифбоси асосида тузилган бўлиб 29 ҳарфдан иборатдир. Аммо баъзи жиҳатлари билан араб алифбосидан ажралиб туради. Араб алифбоси ҳамда хатти Бобурий ўртасидаги фарқ қуйидагилардир:
- Бутунлай ўзгарган ҳарфлар (“коф”, “ нун”, “вов”, “фо”, “син”, “шин”.)
- Жиҳати ўзгарган ҳарфлар (бо”, “жим”, “хо”, “то”, “зо”..)
- Жузъий ўзгарган ҳарфлар “мим”, “ҳа”, “дол”, “айн”…)
- Ўзгармаган ҳарфлар (“алиф”, “йо”, сўз ўртасидаги “бо”…) ва бошқалар (эъробий яъний ҳаракатлар).
Ҳазрати Бобур бу хатни тузиш орқали араб алифбосини соддалаштириш йўлидан боради. Шу мақсадда уни туркий тилнинг талаффуз меъёрларига мослаштиришга ҳаракат қилади.
Хатти бобурий тўғрисидаги маълумотларни «Бобурнома» асарида Мирзо Бобур уч марта тилга олади:
- 910 ҳижрий (1504 м.) да Қобулни эгаллаганда Хатти бобурийни ихтиро қилгани;
- 911 ҳижрий (1505 м.) да Мурғобда Хуросон ҳокими Козӣ Ихтиёр билан Хатти бобурий тўғрисида суҳбатлашгани;
- 935 ҳижрий (1528 м.) да Аграда яратилган «Хумоюннома», «Комрон», «Ҳиндол» ва бошқа шеърлар қўлёзмаларида Хатти бобурийда битилган шеърлар ва номалар борлиги тўғрисида маълумотлар келтирилган.
Шунингдек, Ҳиндистонда Акбаршоҳ даври (1556–1605) муаллифлари Хожа Низомиддин Аҳмад, Абдулқодир Бадаюний ва бошқаларнинг асарларида ҳам бу маълумотлар учрайди. Жумладан, Бадаюний бундай ёзади: «Муҳаммад Бобур (Бобур)нинг ихтиро қилган Хатти бобурий, бу хатда Мусҳаф битиб Макка Муаззамага юборилган».
С. Азимжонова эса Бобурнинг Қуръон кўчириш билан шуғулланганини, бу иш билан Аградан кетганидан сўнг ҳам машғул бўлганини қайд этади.
Айрим манбаларда ҳам Хатти бобурийнинг нусха ёзилган асарлари тилга олинади. Жумладан, «Мунтахаб ут-таворих» асари муаллифи Абдулқодир Бадаюний Хатти бобурийда ёзилган Мусҳафни эслатади.
Тоҳир ибн Қосимнинг 1645 йил атрофларида Балх ҳокими Нодир Муҳаммадхон (1640–1651) топшириғи билан битилган «Ажойиб ут-табоқот» асарида ҳам Хатти бобурий ҳақида маълумотлар келтирилган. Муаллиф билағон ҳолда бу асарда келтирган тўққизта яширин ёзув ичида Хатти бобурийнинг 28 ҳарфдан иборат алифбосини ҳам киритади, ваҳоланки Хатти бобурий ҳеч қандай яширин ёзув эмас эди.
Хатти Бобурий билан Бобур мусҳаф ёзган бу мусҳаф “Мусҳафи Бобурий” деб аталади. Унинг қўлёзма асари ҳозирги кунда Эроннинг Машҳад шаҳридаги Ҳазрати Имом Ризо зиёратгоҳига тегишли “Остони қудси Ризовий” кутубхонасида сақланади. Бу қўлёзма эронлик олим Гўлчини Маъони томонидан ўрганилиб, хатти Бобурийда ёзилганлигини эълон қилган (Султонов Ў. Хатти Бобурий // Мозийдан садо. 2003. № 3-4. – Б. 90-92).
Бобур кўчирган «Мусҳаф»га қайтадиган бўлсак, адабиётшунос Назрулло Расулзода ўзининг 1993 йилда Эрон Ислом Жумҳуриятининг Машҳад шаҳрига қилган илмий сафарида Имом Али Ризо мақбарасидаги қўлёзмалар сақланадиган кутубхонада «Хатти Бобурий»да кўчирилган «Мусҳаф»ни кўрганини айтиб, матбуотда бир неча бор мақолалар берган. Тўғри, ушбу «Мусҳаф»да «Ҳиндистонда Мўғулия подшоҳи Заҳириддин Муҳаммад Бобур ихтиро қилган хат билан кўчирилган Мусҳаф» деган ёзувни ўқиймиз. Н.Расулзода шу маълумотга асосланиб, «Мусҳаф»ни «Хатти Бобурий»да кўчирилган, деб ҳисоблайди. (Султонов Ў. Хатти Бобурий // Мозийдан садо. 2003. № 3-4. – Б. 90-92).
“Бобур халқаро фонди” 2004 йили Эрон давлатида бўлиб, “Мусҳафи Бобурий”нинг фото нусхасини юртимизга олиб келишга муваффақ бўлишди. Ҳозирда бу фотонусха Андижондаги “Бобур ва Жаҳон маданияти” музейида сақланмоқда.[2]
Бобур Ҳиндистонда эканида аёнлар, фарзандларига бу хат билан мактублар ёзган. Маълум доирада мазкур ёзув турида ёза оладиган, ўқийдиганлар сони талайгина бўлган. Аммо бир нарсани унутмаслик зарур, хат-ёзувлар ўртасида ҳам табий рақобат мавжуд. Бу эса ёзувнинг содда ёки мураккаблиги, нозиклиги, нафосати, ўқиш ва ёзишдаги қулайлик, аниқлик каби параметрларга боғлиқ. Ёзув ривожи кўпинча эҳтиёжларга боғлиқ бўлади. Шу каби мураккаб жараёнда “Хатти Бобурий” тўлиқ муваффақиятга эришмаган бўлсада, она тилида мавжуд товушлар имкониятларини тўлиқ ифода этиш учун ҳарфларни ихтиро қилиш ва унга эришиш асрга тенг кашфиёт эканига шубҳа йўқ. Ҳазрати Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг жуда катта истеъдод ва иқтибор соҳиби экани, тил ва ёзувга бўлган юксак ҳурмати улуғ таҳсинларга лойиқ. Бу жараённи чуқур тафаккур ва мулоҳаза қилган киши нақадар буюк иш амалга оширилганини тушуниб етади. Шунинг учун ҳам Бобур ҳазратлари ҳам буюк хат ихтирочилари бўлмиш Абу Али ибн Муқла (ваф.338/950 й.), Шайх Жамолиддин Ёқут Жазоирий (277–397/891–1007 й.й.) , Ибн Баввоб (ваф.мил.1022 й.), Хожа Мир Али Табризий (1330-1405), Мир Убайд Бухорийлар (1600 й.й) билан ёнма-ён зикр қилинади. Албатта бунинг ўзи ҳам жуда катта шарафдир.
Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, юртимиз тарихига назар солсак, ҳар бир ҳукмдор ўз даврида хаттотлик ва китобатга худди иқтисод ва ҳарбий соҳалар билан бир қаторда алоҳида эътибор билан қарагани, бу соҳа нақадар муҳимлигини англатади. Ҳукмдор сомонийлар, ғазнавийлар, темурийлар, шайбонийлар, аштархонийлар, манғитлар, Қўқон ва Хоразм хонлари даврида хаттотлик ривожига давлат раҳбарлари тарафидан эътибор қаратилган.
Мазкур анъаналар бугунги кунда ҳам давом этаётгани, хоссатан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қошида Хаттотлик мактабини ташкил этилиши ҳам аслида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг ташаббуси ва таклифи билан экани фикримизнинг ёрқин далилидир.

Бу асар Ибн Синонинг «Тиб қонунлари» асарининг Иврит (яҳудий) тилидаги таржимасидир. У 1279 йилда Италияда Натан ха Меати исмли яҳудий таржимон томонидан ўгирилган. Китобга уйғониш даври итальян рассомлари томонидан 10 дан ортиқ миниатюралар ишланган.
Ёқуб БУХАРБАЕВ,
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти “Тиллар” кафедраси катта ўқитувчиси, Алишер Навоий номидаги Тошкент Давлат ўзбек тили ва адабиёти университети мустақил тадқиқотчиси
[1] Иброҳим Йўлдошев. Ўзбек китобат санъати ва терминологияси. –Тошкент. 2018. – С.50.
[2] Суйима Ғаниева, Қосимжон Содиқов. Ёзув тарихи ва китобат санъати (ўқув қўлланма). Тошкент. ТошДШИ. 2013 й. – С.7.
[3] Саъид 3-халифа бўлмиш буюк саҳобий Усмон ибн Аффоннинг ўғли эди.
[4] Қутайба ибн Муслим мийлодий 710 – йилда Хуросон ва Маворауннаҳр (ҳозирги Ўрта Осиё) чегарасини ҳатлаган бўлса, 715 – йилда то Қашқаргача етиб бориб, Буюк Хитой императорига элчи жўнатишга улгурган. Қутайба ибн Муслим милодий 715 йили Фарғонада вафот этган, ҳозирги Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманига дафн қилинган. https://e-tarix.uz/shaxslar/hukumdorlar/1083-qutayba-ibn-muslim.html
[5] Иврит (яҳудий) тилидаги бу асар Ибн Синонинг «Тиб қонунлари» таржимасидир. У 1279 йилда Италияда Натан ха Меати исмли яҳудий таржимон томонидан ўгирилган. Китобга уйғониш даври итальян рассомлари томонидан 10 дан ортиқ миниатюралар ишланган. Қўлёзма бугунги кунда Ер юзидаги энг кўҳна ОТМ – Болонья университети кутубхонасида сақланади. Қизиғи, бу ерда мусулмон олимларининг иврит тилига таржима қилинган бошқа кўплаб асарлари мавжуд. Демак, бу халқнинг илмий жиҳатдан юксалишида, бугунгидек марраларни эгаллашида мусулмон олимларининг асарлари муҳим роль ўйнаган.
[6] Қоғоз- сўзи хитойча лафз бўлиб, варақ маъносида ишлатилган, деган қараш мавжуд.
[7] Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ислом тарихи. –ТОШКЕНТ. Ҳилол-Нашр. 2017. – Ж. II. – С. 199-200
[8] https://e-tarix.uz/shaxslar/446-amir-temur.html
[9] Қаранг: Tarih al-xat al-arabī ‘abr al-usur al-muta’aqiba. 3-jild. Doktor Abdul Aziz Hamid Solih.Dar Al-Kotob Al-Ilmiyah.Bayrut. S-464. 2017. Livan. -S 128.
[10] Ғафуржон Раззоқов. “Ислом нури” газетас. 2019 йил, 7-сони; https://hidoyat.uz/5674
[11] Абдулғафур Раззоқ Бухорий. Шарқ хаттотлик ва миниатюра санъатидан намуналар (VII-XXI асрлар мусанниф бисотидан). Тошкент. Ўзбекистон. 2011. Б. 139
[12] Shahkolahi, F. (2018). The study of Mir Ali Tabrizi’s Orthography, Based on the version of Khusraw u Shirin by Nizami (Protected in Freer Gallery 808 A.H / 1406 A.D). Bagh-e Nazar, 15(61), 71–82. https://doi.org/10.22034/bagh.2018.64260
[13] Абдулғафур Раззоқ Бухорий. Хаттотлик санъати тарихидан. Мақола. buxoronoma.uz.






