Ҳозирги даврда ислом дини, маданияти ва тарихини тадқиқ этиш муҳим назарий ва амалий аҳамият касб этади. Чунки кўпқутбли олам, глобаллашув ва универсаллашув шароитида дунё давлатлари халқаро муносабатлар тизимида ўзига муносиб ўрин эгаллашга интилмоқда. Бу интилишлар турли сиёсий кучлар, айниқса, ривожланган мамлакатлар томонидан янги мустақил давлатларни ўз таъсир доираларида тутиб туриш, узоқ тарихига эга диний омилдан фойдаланиб, геосиёсий мақсадларини амалга ошириш йўлидаги ошкора ва пинҳона ҳаракатларида намоён бўлмоқда. Шу боис мавзу замонавий геостратегик жараёнларда диний омил билан шартланган тенденциялар кучайиб бораётганини эътиборда тутиб, ислом дини манбалари ва пайғамбар замони – илк ислом даврига оид тинчлик, сулҳпарварлик, бағрикенглик тамойилларини тадқиқ этиш зарурати билан боғлиқ. Халқаро ҳужжатларда таъкидланганидек, “Бағрикенглик бўлмаса, тинчлик бўлмайди, тинчликсиз эса тараққиёт ва демократия бўлмайди” .
Мазкур мавзунинг яна муҳим жиҳатлари қуйидагилар билан белгиланади:
биринчидан, собиқ совет тузуми даврида материалистик ва атеистик тенденциялар асосида олиб борилган тадқиқотларда ислом билан боғлиқ тарихий ҳақиқатлар сунъий равишда бузиб талқин қилинди. Шу маънода тарихий адолатни тиклаш, тарихни холисона ўрганиш давр талабидир;
иккинчидан, айни пайтда Ўзбекистон ва бутун дунё жамияти учун таҳдид солаётган “экстремизм”, “терроризм” ғояларига ҳамда диний-сиёсий партияларга қарши курашиш муаммоси етилгани бу борада комплекс тарзда тадқиқот олиб боришга бўлган талабни кучайтирмоқда.
учинчидан, ислом дини илк даврданоқ тинчлик ва диний бағрикенглик ғояларини илгари сурганини чуқур ўрганиш мақсадга мувофиқдир. Чунки “дин одамзодни ҳеч қачон ёмон йўлга бошламайди. Дин бу дунёнинг ўткинчи эканини, охиратни эслатиб туради, одам боласини хушёр бўлишга, ҳаром йўллардан узоқ юришга, яхши бўлишга, яхши из қолдиришга ундаб туради”;
тўртинчидан, ҳозирги кунда Қуръон ва ҳадислардаги уруш, жиҳод тўғрисидаги кўрсатмаларни жангарилик руҳида талқин қилиш, исломий дунёқараш ва урф-одатларни бузиб кўрсатиш ҳамда ислом динини терроризм, экстремизм билан асоссиз боғлаш исломофобия ривожига таъсир қилаётган омиллардандир. Оятларни илмий таҳлил қилиш тинчлик ва бағрикенглик масалаларини янада чуқурроқ ўрганишга имкон яратади ҳамда ислом динининг бу борадаги мавқеини тўғри англаб етишга ёрдам беради. Аслида “Қуръонни яхши билган киши бу илоҳий китобда инсонпарварлик, тинчлик, осойишталик ва бошқа динларга муроса билан қараш тарғиб қилинишини жуда яхши билади”;
бешинчидан, бағрикенглик давлатларнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий тараққиётида алоҳида аҳамиятга эгалиги билан бу соҳаларга ижобий таъсир кўрсатади, ўзаро қизғин халқаро муносабатлар даврида давлатчилик тизимида динийлик ва дунёвийлик тамойилларининг ўзаро мувозанати муаммоси амалий ечимни талаб қилади.
Исломнинг келиб чиқиши хусусида мусулмон манбаларида у илоҳий ҳодиса, инсонларни тўғри йўлга солиш учун юборилган охирги таълимот деб талқин этилади. Қуръонда бу ҳақда: “Айтинг: Аллоҳга, бизга нозил қилинган нарсага, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва авлодларига нозил қилинган нарсаларга ҳамда Мусо, Исо ва барча пайғамбарларга Парвардигори томонидан ато этилган нарсаларга имон келтирдик. Улардан бирортасини ажратиб қўймаймиз ва биз Унга бўйинсинувчилармиз” . Аллоҳ расул (элчи) этиб Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни танлади ва ўзининг каломи – Қуръонни унга нозил қилди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам дастлаб ўз ҳамшаҳарларини, сўнг барча арабларни кўплаб қабила худоларига сиғинишдан воз кечиш ва ягона Худо – Аллоҳга эътиқод қилиш, солиҳ ҳаёт кечириш, у дунёда жаннатга тушиш учун бу дунёда эзгу ишлар қилишга чақирди. Қуръонга кўра араблар ва яҳудийларнинг умумий бобокалони Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳга биринчи бўлиб имон келтирган зотдир, демак, Ислом батамом янги эътиқод эмас, балки, Иброҳим алайҳиссаломнинг қайта тикланган дини (миллат Иброҳим ҳаниф) бўлиб чиқади.
Муҳаммад алайҳиссалом Мадинага ҳижрат қилгандан сўнг яҳудийларга аҳли китоблар бўлганлари учун ҳурмат билан қарар, уларнинг диний маросимларида иштирок этарди. Лекин яҳудийлар янги пайғамбар уларнинг қавмидан чиқмагач, Тавротда у ҳақида келган маълумотларни ўзгартириб, унинг пайғамбарлигини ёлғонга чиқариб, душманлик қила бошладилар. Пайғамбар алайҳиссалом эса “(Эй, мўминлар!) Сизлар аҳли китоблар билан фақат энг чиройли услубда мунозара қилингиз, илло уларнинг орасидаги зулм (тажовуз) қилганлар бундан мустаснодирлар. Шунингдек, айтингиз: “Бизлар ўзимизга нозил қилинган (Қуръон)га ҳам, сизларга нозил қилинган (Таврот ва Инжил)га ҳам имон келтирганмиз. Бизларнинг илоҳимиз ва сизларнинг илоҳингиз бирдир ва бизлар Унгагина (имон ва итоат билан) бўйинсинувчимиз” оятига амал қилган ҳолда уларга ёмонлик қилмай, яхши муомалада бўлди ва улар билан битим тузишга қарор қилди.
Тадқиқотчи А.Мюллер: “Муҳаммад яҳудийлар Мадинанинг асосий қисмини ташкил этгани ва ваҳий ҳақида тасаввурга эга эканликлари учун улардан умид қиларди. Яҳудийлар уни пайғамбар сифатида тан олмадилар, лекин қарши ҳам чиқмадилар. Шундай пайтда Муҳаммад яҳудийлар билан битим тузиш, ислом динини қабул қилмасалар ҳам, улар билан муайян муносабатда бўлиш лозимлигини англади” – дейди. Мадинанинг турли дин вакиллари билан битим тузиш пайғамбар алайҳиссаломнинг Мадинадаги мавқеини мустаҳкамлаш учун зарур бўлиб, биринчи навбатда, ўзаро низоларнинг олдини олиш, янги тузиладиган давлат хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлашда алоҳида аҳамиятга молик эди.
Айтиш мумкинки, Муҳаммад пайғамбар алайҳиссалом бошчилигидаги мусулмонларнинг аҳли китоблар ва ҳатто мушрикларга нисбатан муомала-муносабатлари диний бағрикенглик тамойилларига асосланган. Яҳудийлар билан тузилган битимда виждон эркинлиги масаласига алоҳида эътибор берилиши бунинг ёрқин далилидир. Зеро, Қуръонда ҳам: “Агар Роббингиз хоҳласа эди, Ер (юзи)даги барча кишилар ёппасига имон келтирган бўлур эдилар. Бас, Сиз одамларни мўмин бўлишларига мажбур қиласизми?!” ; “Агар Аллоҳ одамларнинг баъзиларини баъзилари билан даф этиб турмас экан, албатта, Аллоҳ номи зикр қилинадиган (роҳибларда) узлатгоҳлар, (насронийларда) бутхоналар, (яҳудийларда) ибодатхоналар ва (мусулмонларда) масжидлар вайрон қилинган бўлур эди” дейилган. Душманлар билан бўлиб ўтган жангларда мусулмонлар биринчи бўлиб жанг бошламаганлар. Шунингдек, пайғамбар алайҳиссалом амрига бўйсиниб, аёллар, ёш болалар, қариялар ва ногиронларни ўлдирмаганлар.
Бағрикенглик тамойиллари илк ислом давридаги Ҳудайбия сулҳи, Макка фатҳи, “Баён бароа” воқеалари билан мувозий равишда ривожланиб, такомилига етди ва кейинги даврлар ижтимоий-иқтисодий тараққиёти унинг негизига қурилди. Шу сабабли миллат ўз олдига буюк мақсадлар қўяётган бир пайтда, мамлакат ўтмиши, бугуни ва келажагини бирлаштирган кўприк – миллий ва диний қадриятлар асосидаги миллий тафаккурни шакллантириш тарихий заруриятдир.
Эркин фуқаролик жамияти барпо этаётган мустақил Ўзбекистонда соғлом авлодни шакллантириш жараёнининг диний ва дунёвий тамойиллар уйғунлиги шароитида кечиши ижобий самара беради. Бу икки усулнинг объекти бир – инсон ҳаёти бўлиб, динлардаги, хусусан, исломдаги умуминсоний ғоялар даражасига кўтарилган сулҳпарварлик тамойиллари аслида дунёвий тараққиётга хизмат қилади.
Дунёнинг геосиёсий, ижтимоий-иқтисодий, ахборот-коммуникация соҳасидаги мураккаб мафкуравий жараёнларни ҳар томонлама илмий-амалий таҳлил қилиш ва баҳолашда “фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя” билан курашиш талаби тобора ортмоқда. Бунда исломнинг бағрикенглик тамойиллари алоҳида аҳамият касб этади.
“Ижтимоий фанлар” кафедраси профессори Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов