islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳанафий улуғлар наздида ҳадис илмлари қоидалари-14

ИККИНЧИ БОБ

Ҳанафийлар наздида оҳод хабарнинг
ровийсига тегишли шартлар

Ҳадиси шарифга назар солган инсон унинг икки тарафи борлигини кўради. Бири, ровийнинг тарафи бўлиб, муҳаддислар наздида “санад” деб номланади. Иккинчиси, ривоят қилинган нарса тарафи бўлиб, у “матн” деб номланади. Барча усул уламолари ҳадис ҳужжатланиш вақтида қабул қилиниши ёки рад этилиши учун мана шу икки жиҳатга кучли эътибор қаратганлар. Лекин усулий мактабларда бир-биридан фарқланувчи услублари мавжуд. Мана шу фуқаҳоларнинг ихтилоф қилиши ва уларнинг фикри ҳар хил бўлишига асосий, очиқ омилдир. Шундай бўлсада, ҳужжатланиш тугал бўлиши учун ровий ва ривоятга тегишли зарурий шартлар бўлиши кераклигига ҳамма фақиҳлар иттифоқ қилганлар. Ушбу гапга ҳанафий уламоларининг усул олимлари юриб, ўз ҳужжатланишларини шуни устига қурганлар. Биз бу ишни шу қисмнинг кириш қисми ва тўртта бўлим ичида баён қилиб борамиз. Сўнг муҳаддисларнинг мазҳабларини ҳам келтирамиз.
Кириш
1. Ислом
2. Ақл
3. Зобт
4. Адолат
5. Муҳаддислар наздида оҳод хабарни қабул қилиш шартлари

Кириш

Ҳанафийлар ровийнинг хабари қабул қилиниши учун тўртта шарт қўйганлар: Ислом, ақл, зобт, адолат. Мана шу тўртта сифат муҳаддислар зикр қилган иккита сифат – заб ва адолатга киришиб кетади. Чунки зобт ақлсиз тасаввур қилинмайди. Шунингдек, адолат ҳам исломсиз ҳам қабул қилинмайди. Негаки адолат – динда мустақим бўлиш дея тафсир қилинади. Динда тўғри бўлиш эса исломсиз топилмайди. Лекин ҳанафий уламолар ақл ва зобтни ҳамда адолат ва исломни бошқа-бошқа деб билдилар. Сабаби, ақл зобтни лозим тутмайди (яъни, ақл бўлган жойда зобт бўлавермайди. Лекин зобт бўлган жойда ақл бўлади). Ислом ҳам адолатни лозим тутмайди (яъни, мусулмон дегани – адолатлик, дегани эмас. Аммо адолат бўлиши учун ислом керак). Шу сабабли зобтни ақлдан, адолатни исломдан ажратиб, ҳар бирини алоҳида шарт қилиб келтирдилар.

БИРИНЧИ БЎЛИМ: ИСЛОМ

Исломнинг шарт қилиниш сабаби

Ислом ёлғон шубҳасини кесиш учунгина шарт қилинади. Бу шарт хабар берувчи ҳолатининг ноқислиги, қосирлиги эътиборидан эмас. Балки, ровий бераётган хабарида ёлғонга далолат қилувчи нимадир борлиги эътиборидан шарт қилинади. Бунинг кўриниши шуки, чунки гап шариат аҳкомлари у билан собит бўлувчи хабарлар тўғрисида кетмоқда. Кофирлар динда бизга ноҳақдан адоватни юқори чегарасида душманлик қиладилар. Бу душманлик уларни динга ундан бўлмаган нарсани киргизиш билан шу дин аҳкомларини бузишга ҳаракат қилишгача ундайди. Демак, кофирнинг хабари рад этилиши, унинг айнан кофир бўлгани учун эмас. Балки, унинг бераётган хабарида ёлғон шубҳаси бўлиш эҳтимоли мавжудлиги маъноси туфайли (яъни, шунинг учун рад этилади. Исломни шарт қилиниш сабаби, ўша ёлғон шубҳасини кесиш учун бўлади. Ровий мусулмон бўлмаса, унинг ҳолати нуқсонли бўлади дегани эмас. Балки, ёлғон аралашиб қолиши мумкин. Мана шуни йўқотиш учун ислом шарт қилинади.)

Кофирнинг хабарини рад қилиниши ҳудди ота ўз фарзанди фойдасига гувоҳлик бериш ўрнида бўлади. Чунки бу гувоҳлик қабул қилинмайди. Сабаби, бунда ота боласига берган гувоҳлигида ёлғон эҳтимоли мавжуд. У ҳам бўлса отанинг болага бўлган меҳри ва табиатан унга мойиллигидир.

Ислом ривоятни адо этиш вақтида шар қилинади:

Ровий хабарининг қабул қилиниши учун исломнинг шартлиги у хабарни адо қилиш вақтида керак бўлади. Аммо бу хабарни қабул қилиб олишида ислом шарт эмас. Агар хабарни кофирлигида қабул қилиб, мусулмон бўлганидан кейин адо қилса, қабул қилинади.

Ислом икки тур бўлади:
Биринчиси: Зоҳир. Бу дегани, инсон мусулмонлар орасида туғилади. Уларни урф-одатларини кўриб, гувоҳи бўлиб, ибодатларида ҳозир бўлиб улғаяди. Мана шу зоҳирий исломдир.

Иккинчиси: Ботин. Инсон Аллоҳ таолони исм ва сифатларида келганидек тасдиқ этиб иқрор қилиши ҳамда фаришталарига, китобларига, Расулларига, ўлгандан кейин қайта тирилишга, қадарнинг яхшисию ёмонига ишониши ва Аллоҳнинг аҳкомлари-шариатини қабул қилиш билан ботиний исломни юзага чиқаради. Ривоятни қабул қилинишида шарт қилинган ислом, мана шу ботиний исломдир. Бу борада зоҳирий ислом билан кифояланилмайди .

Таржимон: Тошкент ислом институти ўқитувчиси А.Ғиёсов

174470cookie-checkҲанафий улуғлар наздида ҳадис илмлари қоидалари-14

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: