islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Ат-Тамҳид фи баёнит тавҳид” асарида тавба ва паноҳ сўрашнинг баёни

Аҳли сунна вал-жамоа айтади: “Банда содир этган гуноҳидан тавба қилса, қабул қилинади. Хоҳ гуноҳларни эсласин, хоҳ унутган бўлсин, бунинг фарқи йўқ. Садақа қилиш, дуо қилиш ва паноҳ сўраш дунёда фойда беради”. Баъзи инсонлар ҳар бир гуноҳдан тавба қилиш шарт, модомики гуноҳларини эслай олмаса, тавбаси саҳиҳ бўлмайди, дейди. Баъзилар тавбаси тўғри бўлиши учун барча гуноҳлардан тавба қилиш шарт, дейди.

Мўътазилийлар тавба қилишни Аллоҳ таолога имон келтириш, дейди. Чунки уларнинг наздида катта гуноҳлардан тавба қилиш шарт. Банда катта гуноҳ қилиш туфайли имондан чиқади. Бас унинг тавбаси Аллоҳ таолога имон келтириш бўлади. Улар  айтадилар: “Дуо ва садақа қилиш ҳамда паноҳ сўраш дунёда фойда бермайди. Чунки дуо ва садақа қилиш яхшилик тўғрисида бўлса, яхшилик Аллоҳ таолонинг қазоси билан бўлади. Агар банданинг сўраган (яхшилиги)  Аллоҳ таолонинг қазосига мувофиқ келса, сўраса ҳам, сўрамаса ҳам унга етади. Агар қазосига мувофиқ келмаса, дуодан фойда йўқ, бу нарса қазони ўзгартирмайди. Агар дуо қилиш ва паноҳ сўраш ёмонлик хусусида бўлса, бу (ёмонлик) Аллоҳ таолодан эмас, балки барчаси бандадандир. Банда бу жиҳатдан қодир. Бас жидди-жаҳд қилиш ҳам ва хатога йўл қўйиш ҳам бандадан бўлади”.

Мўътазилийлар наздида тирикларнинг ўликлар ҳақига қилган дуоси ва садақаларидан фойда йўқ. Улар бу хусусда айтади: “Чунки ҳар бир нафс ўзи қилган иши билан гаровланган . Аллоҳ таоло “Бас, уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот учун яшириб қўйилган кўзлар қувончини (охират неъматларини) ҳеч ким билмас”, деди (Сажда сураси 17-оят).

Агар маййит ҳақига тирикнинг қилган дуоси ва садақаси фойда берса, маййит ўзининг эмас, балки бошқанинг амали туфайли мукофотланувчига айланади”. Шунингдек, улар “Ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳил-алиййил-азим (фақат Аллоҳ таолонинг сақлаши билангина гуноҳдан сақланиш ва кўмаги билангина Аллоҳ таолонинг тоатига қувват бўлади)” сўзини инкор қилиб айтади: “Бу одамлар тилига шайтон келтирган сўзи”. Уларнинг бу  сўзи куфрдир.

Абу Ҳанифанинг раҳимаҳуллоҳ ҳузурида Зуфар раҳимаҳуллоҳ қадарийликка мойил экани зикр қилинди, бир сафар у киши масжидга кирганида “Ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳ”, деди. Бунинг ортидан Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ “Аллоҳу акбар, ҳақиқатда у қадарийликдан узоқлашди”,  деди.

Хоҳ эслай олсин, хоҳ эслай олмасин, тавба барча гуноҳларга кифоя қилишда аҳли сунна вал-жамоанинг ҳужжати “…Барчангиз Аллоҳга тавба қилинг, эй мўминлар! Шояд, (шунда) нажот топсангиз  (Нур сураси 31-оят),

“Эй имон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилингиз, шоядки, Раббингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб, остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритса!…” (Таҳрим сураси 7-оятларида) оятларида (гуноҳларни эслай олиши ёки олмасликни) ажратилмаган.

 “…сўнгра Унга тавба қилинг,..” (Ҳуд сураси  61-оят),

(У) гуноҳни мағфират қилувчи, тавбани қабул этувчи…” оятларида мутлақ тавба қилишга буюрди, барча гуноҳларни эслаб, тавба қилишни шарт қилмади.

Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: “ الندم توبة Надомат қилиш – тавбадир” (Аҳмад ибн Ҳанбал ва Ибн Можа ривояти). Мазкур ҳадисда ҳам гуноҳларни эслаш ёки эслай олмаслик ораси ажратилмади.

Дуо ва садақа қилиш дунёда фойда беради. Бунга далил Пайғамбарнинг алайҳиссалом қуйидаги ҳадислари   ’’الدعاء يردُّ البلاء والصدقة تطفئ غضب الربِّ’’ “Дуо балони қайтаради ва садақа Парвардигорнинг ғазабини сўндиради”, “Агар беллари эгилиб қолган қариялар, сут эмадиган ёш гўдаклар ва ўтлаб юрган чорва ҳайвонлари бўлмаганида, осмондан азоб ёғар эди”.

Тирикларнинг ўликлар ҳақига қилган дуолари ва садақалари фойда беради. Бунга далил Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадиси:

إن العالم والمتعلّم إذا مرَّا على قرية فإن الله تعالى يرفع العذاب عن مقبرة تلك القرية أربعين يوما

“Олим ва илм ўрганувчи  қачон бир қишлоқдан ўтса, Аллоҳ таоло шу қишлоқ қабристонидан қирқ кун азобни кўтаради”. Пайғамбар алайҳиссалом хурмонинг иккита ҳўл новдасини икки қабр устига суқиб қўйиб, айтдилар: “Аллоҳ таоло икки новда қуригунича мана шу икки қабрдан азобни кўтаради”  (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Абу Шакур Солимий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Аллоҳга қасам, ҳақиқатда мен Пайғамбар алайҳиссаломни тушимда кўрдим, ҳолбуки У зот жаннатда эдилар. Нур ва зиёлари кўплигидан базўр икки ёноқларининг оқлигини кўрар эдим. У зотнинг “Сизлардан ким ҳар жума икки ман (икки килограм) нон ёки икки дирҳам садақа қилса, Аллоҳ таоло унинг ота-онасини қабрда азобламайди”, деганларини эшитдим”. Ушбу сўз қабр азобининг ҳақ эканига далил ва яна тирикларнинг қилган садақалари ва дуолари  маййитларга фойда беришига ҳам далилдир.

Абу Шакур ас-Солимий ал-Кешийнинг

“Ат-Тамҳид фи баёнит тавҳид” асари асосида

“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси

мудири С.Примов тайёрлади

19670cookie-check“Ат-Тамҳид фи баёнит тавҳид” асарида тавба ва паноҳ сўрашнинг баёни

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: