islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Абул Баракот Насафий қаламига мансуб китоблар ва уларнинг илмий аҳамияти

Абул Баракот Насафий ҳижрий VII – VIII (мелодий XIII – XIV) асрларда яшаб ўтган Ислом оламидаги машҳур олимлардан бўлган. У зотнинг тафсир, усулул фиқҳ, фиқҳ ва ақоид фанларига оид кўплаб асарлари бизгача етиб келган. Ушбу асарлардан айримлари илм даргоҳларида ҳозиргача дарслик сифатида ўқитилиб келинмоқда. Яъни, у киши қолдирган илмий мерос ҳалигача аҳамияти ва қадрини йўқотмаган.
Имом Насафийнинг насаблари асарларда бир хил кўринишда келган. Манбаларда бу зотнинг насаблари Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафий экани баён қилинган.
Кунялари Абул Баракот, унвонлари Ҳофизиддин, нисбалари Насафий бўлган. Бу нисба Насаф шаҳрига берилган .
Абул Баракот Насафий Ийзаж номли шаҳарда туғилганлар . Туғилган йиллари тўғрисида манбаълардан аниқ маълумот топилмади. Лекин баъзи тадқиқотчилар , Имом Насафий Имом Муҳаммад ибн Абдуссаттор Кардарийнинг шогирди бўлгани сабабли, туғилган йилларини тахминан ҳижрий 610/1213.мелодий – 620/1223.м. – йиллар, деб ҳисоблаганлар. Чунки Имом Кардарий 642/1244.м. – йилда вафот этганлар. Демак, Имом Насафий ушбу устозларига 20 – 30 ёшлар ўртасида шогирд бўлган.
Абул Баракот Насафий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 710/1310.м. йил, Робиъул аввал ойининг, жума оқшомида Ийзаж шаҳрида вафот топган ва ўша ерда дафн этилган.
Имом Насафий ҳижрий VII/XIII м. аср охири ҳ. VIII/XIV м. асрнинг бошларида яшаганлар ва кўплаб атоқли олимлардан таълим олганлар. Натижада фиқҳ, усул, тафсир, луғат, ақида илмлари, фатво ва таълим беришда моҳир олим бўлиб етишганлар. У зот таълим олган устозларнинг машҳурларини санаб ўтамиз:
1. Имом Муҳаммад ибн Абдуссаттор Кардарий ;
2. Али ибн Муҳаммад ибн Али Ромис Бухорий ;
3. Бадриддин Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Абдулкарим Кардарий .
Имом Насафийнинг шогирдларига келадиган бўлсак, албатта, жуда кўп аҳли илмлар у кишидан фойда олганлар. Тарихчилар, шогирдлари ичида энг машҳури Имом Ҳусайн ибн Али Ҳажжож ибн Али, деб ёзишади. У киши Ҳисомиддин Сағноқий номи билан машҳур бўлган. Фиқҳ, наҳв ва жадал илмларида етук олим бўлган. Имом Насафий орқали Абул Муин Насафийнинг “Ат Тамҳид” китобини, Имом Марғинонийнинг “Ҳидоя” китобини ривоят қилган ва ҳар икки китобга шарҳ ёзган. Яна бир қанча китоблари машҳур. Ўрни келганда айтиш жоизки, Имом Насафийнинг шогирдлари ҳақидаги маълумотлар у зот ҳаётининг яхши ўрганилмаган қирраларидан биридир. Акс ҳолда бу ўринда кўплаб шогирдларининг номи зикр қилинган бўлар эди.
Имом Насафийдан бизга катта миқдордаги илмий мерос, кўплаб матнлар ва шарҳлар қолган. У зот тафсир, ақида, фиқҳ, усулул фиқҳ ва қироат йўналишларида кўплаб китоблар ёзган бўлиб, уларнинг машҳурлари қуйидагилардир:
1. “Ал Лаолий ал фахироҳ фи улумил ахироҳ”
Бу асар ҳақида баъзи китобларда ишоралар борлиги маълум холос.
2. “Мадорикут танзил ва ҳақоиқут таъвил”
“Тафсири Насафий” деб танилган ушбу тафсирлари муаллифнинг энг машҳур китобларидан бўлиб, уни “Кашшоф” ва “Тафсири Байзовий”дан мухтасар қилиб олганлар. Бу китобда Аҳли суннатнинг йўлини олға суриб, Кашшофда учрайдиган баъзи мўтазила эътиқодларини четга сурганлар. “Тафсири Насафий”да оятларнинг грамматик таҳлили, ўз ўрнида етти мутавотир қироатга ишоралар берилган. Балоғат фани қоидалари айтиб ўтилган. Баъзи ўринларда фиқҳий масалаларни ҳам баён қиладилар ва бу масалаларда Ҳанафий мазҳаби сўзларини таржиҳ қиладилар. Лекин фиқҳий масалаларга кўп ўрин бермайдилар. Исроилиётларни жуда кам ривоят қилганлар. Баъзисини келтириб, ҳужжати йўқлигини айтганлар. Қиссалар ва ҳадислар орасидаги баъзи хурофот ва тўқималарни айтиб ўтадилар.
3. “Канзуд дақоиқ”
Ҳанафий фиқҳида ёзилган китоб. Ўз ичига фиқҳий масалалар ва фатволарни олган. Бу китобга кўп олимлар эътибор қаратиб, шарҳлар ёзишган. Унга Имом Фахриддин Зайлаъий “Табйинул Ҳақоиқ”, Бадриддин Айний “Рамзул Ҳақоиқ”, Аллома Зайнулобидин Мисрий “Баҳрур роиқ фи шарҳи канзид дақоид” номли шарҳлар битишган.
4. “Ал Мусаффо”
Абу Ҳафс Умар Насафийнинг (ҳижрий 537/1142 м. йил вафот этган) “Мустасфо” номли китобига шарҳ. Китоб фиқҳий мавзуда бўлиб, масалалар батафсил шарҳланган. Китоб баъзи аҳли илмларнинг илтимосига биноан ёзилган.
5. “Ал Вофий”
Фиқҳга бағишланган бу китоб “Жомеъул кабир” ва “Жомеъус сағир”, ҳамда “Зиёдот” китобларидаги масалаларни қамраб олган. Қисқа муддатда ёзиб тугатганлар. Сўнгра унга ҳам шарҳ ёзиб, “Кофий деб ном қўйганлар.
6. “Манорул анвор”
Усулул фиқҳдаги машҳур китобларидан. У мухтасар, жамловчи ва фойдали матн ҳисобланади. Манорул анворга ҳам бирмунча шарҳлар ёзилган. Жумладан; Шужоъиддин Ҳибатуллоҳ ибн Аҳмад Туркистоний (ҳижрий 733/1332 м. йилда вафот этган) “Табсиратул асрор фи шарҳи манор”, Саъдуддин Абул Фазоил Деҳлавий “Ифозатул анвор фи Изоати усулил манор”, Мулла Жийвон ибн Абу Саид Сиддиқий (ҳижрий 1130/1717 м. йилда вафот этган) “Нурул Анвор” каби шарҳлар ёзишган.
7. “Кашфул асрор”
Бу китоб юқорида зикр қилинган Манорул анвор номли китобнинг шарҳидир. Яъни ўзлари ёзган китобга ўзлари шарҳ ёзганлар.
8. “Умдатул ақоид”
Бу асар китоб тўғрисида “Кашфуз зунун”да, калом илмининг муҳим асосларини ўз ичига олган мухтасар китоб, деб таъриф берилган. Яна бир қизиқ маълумот , 1843 йили Лондон шаҳрида шарқшунос Виллям Кюртн ташаббуси билан таҳқиқ қилинмасдан, “Умдату ақидати аҳлис суннати вал жамоати” номи билан чоп этилган.
Бу китобга бир қанча шарҳлар ёзилган. Уларнинг баъзилари қуйидагилардир:
А) “Ал Эътимод фил эътиқод”
Бу шарҳни Имом Насафийнинг ўзлари ёзганлар
Б) “Аз Зубда”
Жамолиддин Маҳмуд ибн Аҳмад Қавнавий қаламига мансуб шарҳ шундай аталган.
В) “Шарҳу Умдатил ақоид”
Шамсиддин Муҳаммад ибн Юсуф Қавнавийнинг шарҳи
Г) “Шарҳу Умдатил ақоид”
Шамсиддин Муҳаммад ибн Иброҳим Наскорийнинг шарҳи.
Д) “Шарҳу Умдатил ақоид”
Акмалиддин Бобартийнинг шарҳи.
И) “Ал Интиқоду фил эътиқод”
Аҳмад ибн Ағваз Донишманд Ақшаҳрий Ҳанафийнинг шарҳи.
Е) “Шарҳу Умдатил ақоид”
Исмоил ибн Судкин Абу Тоҳир Шамсиддинниг шарҳи.
Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, Имом Насафийнинг асарлари бугунги кунимизда ҳам аҳамиятини йўқотмаган. У зотнинг тафсир, усулул фиқҳ, фиқҳ фанларидан ёзган китоблари ислом университет ва институтларида ҳозирги кунимизда ҳам дарслик сифатида ўқитилаётгани, бунга яққол далилдир. Чунки у киши Аҳли сунна вал жамоа, хусусан Ҳанафий мазҳаби ҳимоячиси эдилар. Бугунги кунда ҳам Аҳли сунна вал жамоани ёт ғоя ва ақидалардан ҳимоя қилиш долзарблигича қолмоқда. Уламолар Имом Абул Баракот Насафий яшаган даврларда Мотуридия ақоиди тўғрисидаги асарлар кам бўлган ва бу бўшлиқни Абул Барокат Насафий ўзининг кенг қамровли, савияси баланд китоблари билан тўлдирган, дейдилар. Ушбу мақолада сўз юритилган айрим китоблар ва уларнинг шарҳлари ҳали етарлича ўрганилмаган. Бу эса ушбу асарлар устида илмий изланишлар олиб бориш лозимлигини тақозо қилиб турибди. Демак, ўқиб – ўрганишда давом этамиз…

Тошкент ислом институти 4 курс талабаси
Тоштемиров Ҳикматуллоҳ

20180cookie-checkАбул Баракот Насафий қаламига мансуб китоблар ва уларнинг илмий аҳамияти

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: