Мутавотир ҳадис ҳақида
«Ҳадис» сўзи луғатда «янги» деган маънони англатади. Истелоҳда эса: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга боғланган сўз, феъл, тақрир ва сифатдир».
Ҳадислар бизга етиб келиши жиҳатидан икки қисмга бўлинади:
- Мутавотир ҳадислар
- Оҳод ҳадислар
«Мутавотир» сўзининг луғавий маъноси:«кетма-кет келувчи», «пайдар-пай ёғувчи» бўлса, «Оҳод» сўзининг маъноси: «бирликлар» («аҳадун» – «якка», «бирлик», унинг кўплиги – «оҳод» – «бирликлар»)дир.
Оҳод ҳадис яна 3 қисимга бўлиниб, улар: 1. Машҳур ҳадис; 2. Азиз ҳадис; 3. Ғариб ҳадис.
Мутавотир ҳадисга уламолар шундай таъриф берганлар: «Ёлғонга келишиб олишлари мумкин бўлмаган даражада кўп ровийдан ривоят қилинган ҳадис мутавотирдир».
Яъни: мутавотир шундай ҳадиски, унинг санадидаги ҳар бир табақада жуда кўп ровий ривоят қилган. Ана шу ровийларнинг барчаси ривоят қилинган ҳадисни ўзгартиришга келишиб олишлари мумкинлигини ақл инкор этади.
Уламолар ҳадис мутавотир даражасида бўлиши учун унда тўртта шарт топилиши керак дейдилар:
1-шарт: Ҳадис жуда кўп ровийдан ривоят қилинган бўлиши керак. Бунда ровийларнинг энг ози қанча бўлиши борасида бир неча фикрлар бўлиб, уларнинг энг эътиборлиси ровийларнинг энг ками ўн киши бўлишидир.
2-шарт: Мана шу кўп ровий ҳадис санадининг барча табақасида топилиши керак. (Яъни: санаднинг ҳар бир табақасида ўнтадан кўп ровий ривоят қилган бўлиши керак)
3-шарт: Ровийларнинг ёлғонга келишиб олишлари мумкинлигини одат муҳол санаши керак.
4-шарт: Улар берган хабар ҳисга суянган бўлиши керак. Яъни: ҳадис «Эшитдик», «Кўрдик» деб ривоят қилинган бўлиши , «Ўйлашимизча» деган сўзлар билан ривоят қилинмаган бўлиши керак.
Мана шу шартларнинг барчаси топилган ҳадис мутавотир ҳадис ҳисобланади.
Мутавотир ҳадис зарурий илмни ифода этади. Яъни: у билан шундай ишончли илм ҳосил бўладики, инсон уни қатъиян тасдиқлаши лозим бўлади, ҳудди кўзи билан кўриб турган нарсасини тасдиқлагани каби. Чунки кўзи билан кўриб турган нарсасини ҳеч бир одам йўқ деб, инкор эта олмайди. Мутавотир хабар ҳам худди шу кабидир. Шунинг учун мутавотир ҳадисларнинг барчаси мақбул бўлиб, бу ҳақида баҳс қилишга ҳожат йўқ.
Мутавотир хабар икки қисмга бўлинади:
- Лафзий мутавотир – лафзи ҳам, маъноси ҳам мутавотир бўлган ҳадис. Мисол учун: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, ўзига дўзахдан бир ўрин тайёрлайверсин», деган ҳадислари етмишдан ортиқ саҳоба розияллоҳу анҳумлардан ривоят қилинган ва бошқа табақаларда ҳам шу каби кўпчилик ривоят қилган.
- Маънавий мутавотир – лафзи эмас, фақат маъносигина мутавотир бўлган ҳадис. Мисол учун: дуода қўлни кўтариш борасида юзга яқин ҳадис бўлиб, уларнинг барида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуода қўлларини кўтарганлари келтирилган, лекин унинг ҳолати ҳар хил. Улардаги ҳар бир ҳолар мутавотир эмас. Ҳадислар ўртасидаги боғлиқлик дуо вақтида қўлни кўтариш бўлиб, ҳамма кўринишлари эътиборидан мутавотирдир.
Ҳавз ҳақидаги ҳадис, маҳсига масҳ тортиш ҳақидаги ҳадис, намозда икки қўлни кўтариш ҳақидаги ҳадис ва шу каби мутавотир ҳадислар кўп бўлишига қарамай, оҳод ҳадислар жуда кўп эканлиги боис, оҳодга нисбатан мутавотир ҳадисларанчагина оздир.
Мутавотир ҳадислар борасида тасниф қилинган энг машҳур китоблар:
- Имом Суютий роҳматуллоҳи алайҳнинг :«ал-Азҳарул мутанасиро фил ахбарил мутаватиро» китоблари. Бу китоб бобларга тартиблангандир.
- Имом суютий роҳматуллоҳи алайҳнинг: «Қотфул азҳар» китоблари. Бу китоб юқоридаги китобнинг талҳийси (қисқартмаси)дир.
- Муҳаммад ибни Жаъфар Каттоний роҳматуллоҳи алайҳнинг:«Назмул мутанасир минал ҳадисил мутаватир» китоблари.
Аллоҳ таоло барчамизга ҳадис илмини ўрганиш ва унга амал қилишга тавфиқ берсин.
«Тайсири мусталаҳул ҳадис» китоби асосида
3-курс талабаси Нуриддин Турғунбоев