Куни кеча Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида институтнинг “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси томонидан Туркиянинг Абу Ҳанифа маъҳади устози, доктор Абдулқодир Муҳаммад Ҳусайн иштирокида “Абу Мансур Мотуридийнинг Аллоҳ таолонинг сифатлари борасидаги қарашлари ва мотуридия таълимотида ақлга бўлган эътибор” мавзуида ZOOM платформаси орқали видеоконференция бўлиб ўтди. Видеоконференцияда институтнинг устоз ва талабалари иштирок этдилар.
Абдулқодир Муҳаммад Ҳусайн 1971 йил Сурия Араб Республикасининг Маёдин шаҳрида зиёли оилада таваллуд топган. Отаси Муҳамммад Солиҳ Ҳусайн ҳам ўз даврининг етук даъватчи олими ҳисобланган. Она тарафдан насаби Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга бориб тақалади. Бошланғич таълимни отасидан олган. Ёшлигиданоқ Қуръони карим ва ҳадиси шарифларни ёдлашга қизиқиши катта эди. Отаси уни устози Абдулқодир Ийсонинг ҳузурига олиб боради.
Доктор Абдулқодир Муҳаммад Ҳусайн 1995 йил Дамашқ ва Мадина шаҳридаги Ислом жомеа (университет)ларида таҳсил олиб бакалавр даражасини қўлга киритган. 1997 йилда Дамашқ Ислом жомеасидага шариат факултетида ислом фиқҳи ва усулидан дарс бериш рухсатномасига эга бўлган ва шу йилнинг ўзидаёқ Қуръон илмлари қисмига декан вазифасига тайинланади. 2002 йилда магистрлик даражасини қўлга киритган. 2004 йилда эса “Қуръоний нассларнинг тафсирида қабул қилиш ва рад қилиш меъёрлари” мавзуида докторлик даражасига эришган.
Доктор Абдулқодир Муҳаммад Ҳусайн Абдулқодир Ийсо, Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий, Шайх Нуруддин Итр, Доктор Ваҳба Зуҳайлий, шайх Абдураззоқ Ҳалабий, шайх, доктор Абдулатиф Фарфур, Абдураҳмон Шоғурий ва Мустафо Буғо каби етук уламолардан, Ҳижозда Саъдуддин Мурод Ҳамавий, Муҳаммад Алий Мурод Ҳамавий, шайх Атийя Муҳаммад Солим ва шайх Саййид Муҳаммад Алавий Моликийлардан, Миср шаҳрида эса Миср диёри муфтийси Алий Жума, шайх, доктор Мустафо Имрон каби уламолардан таҳсил олган.
Доктор Абдулқодир Муҳаммад Ҳусайн Азҳари шарифда ҳанафий фиқҳи, ҳанафий усули, ақида ва фароиз илмларидан бир неча йил дарс берган. У зот Азҳари шарифда биринчи бўлиб дарс берган Шом диёри вакили ҳисобланади. Шунингдек, доктор Абдулқодир Муҳаммад Ҳусайн Дамашқ шаҳридаги Куфтару мажмуасидага шариат факультетида, исломий фатҳ маъҳади усулид дин қисмида ҳам дарс берган. Ҳозирда Туркиядаги Абу Ҳанифа маъҳадида ақида, ҳанафий фиқҳи ва усулидан талабаларга таълим бериб келмоқда.
Видеоконференцияда аввало, адашган фирқаларнинг Аллоҳ таолонинг сифатлари борасидаги қарашлари, ислом шариатида ақлга бўлган эътибор ҳақидаги фикрлари ҳақида сўз юритилди. Сўнг Аҳли сунна вал жамоа наздидаги Аллоҳ таолонинг сифатлари борасидаги эътиқод илмий далиллар асосида баён қилинди. Адашган фирқаларнинг бу борадаги қарашлари, тушунчаларининг нотўғри экани илмий асосда баён қилинди. Шунингдек, шариатда ақлнинг ўрни, хусусан Аҳли сунна вал жамоа ва адашган фирқаларнинг ақл борасидаги турли хил қарашлари баён қилинди.
Маълумки, ислом шариатида Қуръони карим ва ҳадиси шариф асосий мезон ҳисобланади. Шунингдек, Аҳли сунна вал жамоа наздида Аллоҳ таоло томонидан инсонга берилган ақл неъмати нарсаларни яхши ёки ёмонлигини билишда восита ҳисобланади. Инсон ақли воситасида ишларнинг тадбирини қилади. Динимиз ақлни ҳукмларни жорий қилишда бирламчи восита санамайди. Шунингдек, ақлга мутлақо йўл йўқ ҳам демайди. Демак, ақл нарсаларни яхши ёки ёмонлигини билишда восита ҳисобланади. Лекин, баъзи адашган тоифалар ақл нима нарсани яхши санаса ўша нарса яхши, нимани ёмон санаса ўша нарса ёмон, деб даъво қиладилар. Шунингдек, ақлни ҳукмларни жорий қилишда мутлақо алоқаси йўқ, дейдиган тоифалар ҳам бор.
Имом Мотурудий раҳматуллоҳи алайҳи: “Ақл юритишдан воз кечган халқнинг ақл юритишдан бошқа чораси йўқ”, дея таъкидлаганлар. Абу Мансур Мотурудий яратган калом мактаби ўзининг кўп қирралилиги, соҳаси кенглиги, илмийлиги, бидъатчиларга қарши муросасизлиги билан ажралиб туради. У шариат илмларидан ташқари ҳикмат, мантиқ ва бошқа фанларни ўзлаштирганилиги туфайли катта илмий иқтидорга ва маънавий салоҳиятга эга бўлиб, диний қарашлари фаосафий меъёрлар билан уйғунлашган эди. Мазкур услубга биноан, Мотурудийя мазҳабида ҳар бир ақидавий масала далиллаш ва мантиқий услуб асосида юритилади, мўътазилийлар ва ботинийлар далилларига қарши ҳам нақоий ва ҳам ақлий далиллардан фойдаланади.
Шунингдек, Аҳли сунна вал жамоа наздида Аллоҳ таолонинг исм ва сифатларининг бари азалий, бетимсолдир. Аллоҳ таоло Қуръони карим бундай марҳамат қилади:
Аллоҳ таоло: «Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, Унга ўша (исм)лар ила дуо қилинг», деган (Аъроф: 180-оят).
Аллоҳнинг барча исмлари гўзалдир. Мўмин-мусулмон банда Аллоҳга дуо қилганида, ўша гўзал исмлар ила дуо қилмоғи лозим.
Аллоҳ таоло яна: «У АллоҳХолиқ, Бариъ, Мусаввирдур. Барча гўзал исмлар Уникидир. Осмонлару ердаги барча нарсалар Уни поклаб ёд этадилар. Яна У Азиз ва Ҳакимдир», деган (Ҳашр сураси 24 оят).
Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг «ал-Фиқҳу ал-Акбар» номли китобларида қуйидагиларни айтадилар: «У зот ўз махлуқотларидан ҳеч нарсага ўхшамайди. У зотга Унинг махлуқотларидан ҳеч нарса ўхшамайди. У зотнинг сафатларининг барчаси махлуқларнинг сифатининг хилофидир. У зот бизнинг илмимизга ўхшамас илм билан билади. У зот бизнинг қудратимизга ўхшамас қудрат ила қодир бўлади. У зот бизнинг кўришимизга ўхшамас кўриш ила кўради. Аллоҳ таоло Қуръонда юз, қўл ва жонни зикр қилган бўлса, улар У зот учун кайфияти йўқ сифатлардир».
Имом Бухорийнинг шайхи Нуъайм ибн Ҳаммод ал-Хузоъий қуйидагиларни айтган:
«Ким Аллоҳни У зотнинг махлуқотларига ўхшатса, батаҳқиқ, кофир бўлади. Ким Аллоҳ Ўзини васф қилган нарсани инкор қилса, батаҳқиқ, кофир бўлади. Аллоҳ ва Узотнинг расули У зотни васф қилган нарсада ўхшатиш йўқ. Ким Аллоҳ таоло учун очиқ-ойдин оятлар ва саҳиҳ хабарларда келган нарсаларни Аллоҳнинг жалолига лойиқ равишда собит қилса ва Аллоҳдан нуқсонларни қайтарса, батаҳқиқ, ҳидоят йўлига юрган бўлади».
Хулоса қилиб айтганда, Аллоҳ таолонинг сифатларининг бари баркамол, бетимсол, азали ва абадийдир. Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда собит қилсин.
Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси
ўқитувчиси Абдуллоҳ Ғафуров