islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Мисрни маскан тутган туркийлар

Туркларнинг бир мақоли бор: “Икки яҳудий бирлашса ширкат қуради. Икки турк бирлашса давлат қуради” деган. Бу ҳаёт тажрибасида кўп маротаба кузатилган ҳақиқатдир.

Туркий миллатлар тарихига чуқур назар соладиган бўлсак, дунёнинг турли мамлакатларида, турли замонларда ҳукмронлик қилган Турк ҳақонлар, ўзларининг номларини тарих саҳифаларига ўчмас сатрлар билан битиб қўйганлигини кўрамиз. Мана шундай ҳукмдорлар қаторида Хуросонда Темурийлар давлатининг асосчиси Амир Темурни, Ҳиндистонда Бобурийлар давлатининг асосчиси Захириддин Муҳаммад Бобурни, Месопотамияда Салжуқийлар давлатининг ҳукмдори Султон Алп Арслонни ва Мисрда эса Тулунийлар давлатининг асосчиси Аҳмад ибн Тулун каби ўнлаб машҳур Турк ҳукмдорларни мисол қилиб келтиришимиз мумкин.

Шулардан бири, IX асрда Мисрда пайдо бўлган туркий ҳукмдорлар ҳисобланмиш Тулунийлар давлатининг юзага келиш тарихига эътибор қаратадиган бўлсак, аслида бу сулола қулликдан подшоҳлик мақомигача кўтарилганлигини кўрамиз. Бу сулоланинг бошқа ҳукмдорлардан фарқи ҳам шундаки, деярли барча ҳукмдорларга тахт отадан мерос қолган бўлса, бу сулола Мовароуннаҳрдан, аниқроғи Бухородан араб диёрига қул бўлиб кетиб, кейин ўзларининг саи ҳаракатлари билан ҳокимият тепасига кўтарилган. Тарихда бундай ҳодисалар нодир ва кам бўлган.

Ҳижрий 247 йили асли келиб чиқиши Бухоролик бўлган Аҳмад ибн Тулун, Мисрда Тулунийлар давлатига асос солди. унинг отаси Тулун Бухорода энди шаклланаётган Сомонийлар сулоласининг ҳукмдори Нуҳ ибн Асад Ас-Сомонийнинг қули бўлиб, хожасига сидқидилдан хизмат қилар эди. У даврда бутун ислом оламини Аббосий ҳукмдорларнинг еттинчи подшоси Халифа Маъмун бошқарган. Халифа Маъмун акаси Аминнинг подшоҳлик даврида Хуросонга волий бўлган. Кейинчалик отаси Хорун Ар-Рашиднинг тахтини акаси халифа Аминдан олганидан сўнг, ўзининг ўрнига, Хуросон волийси қилиб Ҳарсама ибн Аъюн исмли хос одамини тайин қилган. Ҳарсамага тобе бўлган Бухоро волийси Нуҳ ибн Асад Ас-Сомоний бевосита Халифа Маъмунга Бухородан турли совға саломлар юбориб эътиборини қозонди. Халифа Маъмун Нуҳ ибн Асад Ас-Сомонийнинг ўзига астойдил хизмат қилаётганини  кўргач, Ҳарсама вафот этганидан сўнг Хуросон волийлигини Нуҳга топширди. Бу эса Нуҳ ибн Асаднинг Маъмунга содиқлигини янада оширди, натижада халифа учун Боғдодга келадиган совға саломнинг миқдори кўпайиб кетди.

Халифа Маъмун замонида ислом оламида сиёсий вазият қалтис бир ҳолатга келиб қолди. Яъни, Аббосий ҳукмдорларга қарши араб ва форс қабилалар бирлашиб, уларни тахтдан ағдариш учун тез – тез қўзғолонлар уюштирар ва халқни Аббосий подшоҳларга қарши курашга чақирар эди. Шунинг учун Халифа Маъмун араб ва форслардан бўлган вазирлари, хазинабонлари ва ҳарбий қўмондонларининг ўзига нисбатан бир неча бор хиёнат қилганини кўргач, мутлақо ажам миллатлардан ўзига ишончли ҳарбий салоҳиятга эга бўлган ёрдамчи куч ташкил қилиш ҳақида ўйлаб қолди.

Ҳижрий 200 йили, милодийда эса 816 йили Халифа Маъмун бу фикрини Хуросон волийси Нуҳ ибн Асадга билдирганида, Нуҳ ибн Асад ўзининг энг бақувват, содиқ қули Тулун Ат-Туркийни қўшиб, Бухородан катта бир қуллар жамоасини Боғдодга, Халифа Маъмунга ҳадя сифатида юборди. Қулларнинг энг бақуувати бўлган Тулун Ат-Туркий, Халифа Маъмунга содиқ хизмат қилди. Унинг содиқлиги ва меҳрибонлиги билан бирга қувватли, кучли, жасур-мардлигини  кўрган Халифа Маъмун Тулунни махсус вазифага тайин қилди.

Тулуннинг қуллардан иборат жамоаси халифа Маъмуннинг энг ишончли кишиларига айланди. Айниқса Тулун халифанинг хос тансоқчиларининг бошлиғи хизматига тайин қилинган бўлиб, Маъмуннинг барча сиридан воқиф эди. Шунинг учун Тулун Халифанинг махфий равишда ташкил этилган ҳарбий қўшинига бошлиқ бўлди. Бу қўшин фақат ва фақат халифага бўйинсинар, ҳатто вазирларга ҳам таъсир қиладиган даражада кучли эди.

Тулун Ат-Туркий Боғдодга боргандан кейин ўзлари билан бирга халифага ҳадя қилинган “Ҳошим” (баъзи ривоятда Қосим деб келтирган) исмли қиз жорияга уйланди. Милодий 835 йил, 20 сентябрда (Ҳижрий 220 йили 23 рамозон кечаси) Тулуннинг аёли ўғил фарзанд туғди. Отаси Тулун унга “Аҳмад” деб исм қўйди.

Лекин тарихчи шайх Ибн Касир рахматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Албидая ван ниҳая” номли тарих китобида Шайх Ибн Халликон рахматуллоҳнинг Тулун Ат-Туркий ҳақидаги ривоятини келтиради. Ибн Халликон: “Аҳмад Тулуннинг ҳақиқий ўғли эмас, балки асраб олган ўғлидир” деб айтган. Хофиз ибн Асокир эса ўзининг “Тарихул ислам” китобида: “Аҳмад Тулуннинг “Ҳошим” исмли жориясидан туғилган фарзандидир” деб келтиради[1]. Тарихчи Салоҳиддин Софдий ўзининг “Алвафия бил вафият” номли китобида Тулун Ат-Туркийни Бухоронинг “Тоғозғоз” қабиласидан бўлган дейди. “Тоғозғоз” ўзбек тилида “Кўчманчи” деган маънони билдиради.

Нуҳ ибн Асад Тулуннинг жамоасидан кейин ҳам бир неча маротаба Боғдодга турклардан иборат қулларни халифа Маъмунга совға сифатида юборди.

Демак, кейинчалик, XIII асрда юзага келган “Мамлуклар” ҳукмронлигининг бошланишини мана шу қуллардан иборат Тулун ва унинг жамоаси бошлаб берган десак хато бўлмайди. Чунки бу давргача Боғдод ва бошқа араб диёрларига Турк миллатига мансуб қуллар олиб борилмаган.

Тулун ҳижрий 240 йили Боғдодда вафот этди. Шундан кейин Тулун Ат-Туркийнинг аёлига Мисрнинг ҳокими Бокбак Ат-Туркий деган киши уйланди. Шу сабаб Аҳмад ибн Тулуннинг оиласи Мисрга кетди. Аммо ўзи баъзи сиёсий вазиятлар сабабли Боғдодда  қолди. Бу пайтда Аббосий ҳукмдорларнинг ўнинчиси бўлган Халифа Жаъфар Ал-Мутаваккил тахтга ўтирган эди. Ундан олдинги халифа Мўътасим ва халифа Восиқ даврларида ҳам Тулун Ат-Туркий Аббосийларнинг энг ишончли кишиси бўлиб, махсус ҳарбий қўшинга бошлиқ бўлиб турди. Тулун Ат-Туркийнинг вафотидан кейин унинг вазифаси ўғли Аҳмад ибн Тулунга берилди. Халифа Мутаваккил жуда тақволи ва зоҳид подшоҳ бўлганлиги учун, бошқа подшоҳлардан кўра унинг ички ва ташқи душманлари кўпроқ эди.

Халифа Жаъфар Мутаваккил давлатнинг сиёсий майдонида таъсири ортиб бораётган мамлук Турклардан қутилиш учун ҳар хил кичик хатолар билан ҳам лавозимда ўтирган Туркларни лавозимидан бўшатиб, зиндонга ташлар, агар жиддий хатоси бор бўлса, уни қатл қилдириб, турклардан қутилиш чорасини излай бошлади. Буни сезган мамлук турклар халифанинг ўғли шахзода Мунтасирни отасига қарши қўйиб, охир оқибат шахзода Мунтасирга отасини қатл қилдирди.

Бу даврда Халифа Мутаваккил Аҳмад ибн Тулун ҳарбий қўшинга қўмондон қилиб, Шом ерларида Румларга қарши  жанг қилиш учун Тарсус шаҳрига юборган эди. Ёш саркарда Тарсусни Румлардан тортиб олганидан сўнг, халифа Мутаваккил уни Шомга волий қилиб тайинлади.

Милодий 861 (ҳижрий 247) йили Туркий мамлуклар халифа Мутаваккилни ўғлига қатл қилдирганидан сўнг, халифа Мунтасир билан маслаҳатлашиб, келажакда тахтга чиқиб қолса, халифа Мутаваккилни ўлдирган барча туркий мамлуклардан қасос олиши мумкин деган хавотир билан шахзода Мустаъинни хиёнаткорона ўлдиришга режа туздилар. Бу режани амалга ошириш учун Аҳмад ибн Тулунни танлашди. Унга ўзларининг шахзодани ўлдириш режасини айтиб: “Агар уни ўлдирсанг сени Восит шаҳрига волий қиламиз” деб ваъда қилишди. Аҳмад ибн Тулун эса: “Аллоҳга қасамки, менинг бўйнимда унга итоат этиш вожиб бўлган халифани ўлдиришимга Аллоҳ рози бўлмайди. Шундай экан, халифанинг болаларини ўлдиришга ҳеч қачон журъат қилмайман” деб бундан бош тортди. Натижада буларнинг сиридан воқиф бўлган шахзода Мустаъин ўзининг тадбирини олди ва бир йил ўтиб, тахтга ўтирди. Мана шу воқеа билан халифа Мустаъиннинг ишончини қозонган Аҳмад ибн Тулуннинг эътибори янада ошди ва халифа унга Шом билан бирга  Мисрга волий қилди. Шунда Аҳмад ибн Тулун: “Менга Турк мамлуклари Мустаъинни ўлдириш эвазига Восит шаҳрига волий бўлишни ваъда қилган эди. Мен эса ундан бош тортишим билан Аллоҳ менга Миср ва Шомга волий қилиш билан мукофатлади” деган эди[2].

Шу сабаб Аҳмад ибн Тулун Аббосийлар ҳукмронлигидан Мисрни ажратиб олди. Натижада мусулмон оламида мустақил давлат сифатида биринчи ажралиб чиққан давлат Тулунийлар давлати бўлди.
Ҳижрий 265 йили Аҳмад ибн Тулун Дамашқнинг волийси Аможур вафот этганидан сўнг Аҳмад ибн Тулун Мисрдан чиқиб, Дамашққа келди ва Аможурнинг ўғлини Дамашққа, отасининг ўрнига волий қилганидан сўнг қўшини билан Рамлага юрди. Уни бўйинсиндирганидан сўнг Ҳалабга қараб юрди. Ундан кейин Антокияга қараб қўшин тортиб борди. Антокияни бир ойча муддат қамал қилиб турганидан сўнг, уни ҳам ўзига бўйсиндириб, кейин Мисрга қайтди.

Хуллас шу билан Миср ва Шом ўлкасида Бухоролик ўзбек миллатига мансуб шахс тарихда “Тулуний давлати” деб ёдга олинадиган буюк бир ҳукмронликни тарихнинг зар варақларига битиб қўйди. Тулунийлар тарихи билан боғлиқ бошқа воқеаларни ҳам кейинги мақолаларимизда ёритиб борамиз.

4-курс талабаси

Аллаберган Аллаберганов

[1] Албидая ван ниҳоя 8880/13099.

[2] Имом Суютий “Ҳуснул Мухозорати фи ахбори Миср вал Қоҳира” номли асари 1 жуз. 199 б.

225400cookie-checkМисрни маскан тутган туркийлар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: